“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЙЎЛ КИМНИКИ?

   Ишдан сўнг чарчоқни чиқариш учун шаҳар кўчаларини бироз пиёда сайр қилиш соғлиғимиз учун жуда фойдали. Шу мақсадда кечки пайт оёқ чигилини ёзиш учун ипак йўлидек чўзилиб кетган пиёдалар йўлагига ўтиб олдим. Ҳар қадамда янги қурилаётган иншоотларни, ободонлаштириш хизмати ходимлари томонидан йўл ёқасига экилган гулларни, буталган дарахтзорлар-у ўти бир текис қилиб ўриб қўйилган майдонларни томоша қилиб кетарканман, чинакамига яшариб, янгиланиб бораётган масканда эканлигимни ҳис қилдим.

Афсуски, таъбни хира қиладиган манзаралар ҳам йўқ эмас. Пиёдалар йўлагининг баъзи қисмлари чўкиб кетгани ва четларидаги тошларнинг сочилиб ётиши, энг ёмони, ҳафталар ўтса ҳамки бу ҳолатнинг ўзгармаслиги ачинарли ҳол. Тўғрироғи, йўлакнинг таъмирталаб бўлиб қолгани ҳеч кимни қизиқтирмайди ҳам, бунинг учун масъулларнинг ўзи йўқдек, гўё. Шу хаёл-лар билан «Ором» бозорига яқинлашиб қолганимни пайқамай қолибман. Эътиборим шундай манзарага тушдики, беҳос «У ёқ–бу ёғи чўккан бўлса ҳам кенг, текис йўлакдан юриб нолиганинг учун ҳам ана сенга «совға»! Энди юришга йўл топиб кўр-чи», дедим ўзимга ўзим. «Эски шаҳар» савдо комплексига кетишдаги хўжалик моллари савдо дўконларининг маҳсулотлари йўл ёқасини шу қадар эгаллаб олганки, у ердан ўтиб олиш учун лабиринт ичидан чиқиш йўлини қидиргандек юришга тўғри келади. Бир томонга ванна, Қалтак, эшик ромлари ва пластмасса бакларигача хилма-хил қилиб бетартиб, пиёдаларнинг ҳаракати умуман ҳисобга олинмасдан териб ташланган бўлса, оёқ остида резина шланг, тахта-ю шунга ўхшаш нарсалар тўлиб ётибди. Дўкон эгалари шу қадар лоқайдки, фикру хаёли фақат маҳсулотини сотиш бўлганидан пиёдаларнинг қатновига ноқулайлик туғдиришаётганини ўйлашмайди ҳам. Акс ҳолда сал бўлсада бу ерда тартиб сезилган бўларди. Биз-ку ёшмиз, бир амаллаб йўлимизни топиб, ҳатлаб бўлса ҳам текис йўлга ўтиб олармиз, аммо ёши улуғ отахон ва онахон вазият тақозоси билан шу йўлдан ўтса-ю, бирон темир-терсакми, пластмассагами қоқилиб, йиқилса-чи? Кимлар учундир бу гапим ортиқча ваҳимадек туйилар. Бироқ, тартиб бўлмаган ҳар қандай жойда муаммо келиб чиқаверади. Барака ҳам қочади.

Айтганча, шаҳримиздаги «Янги Зебо» савдо марказининг атрофидан хотиржам ўтиб кўрганмисиз?

Одамлар қатнайдиган йўл чети машиналар тураргоҳига айланиб улгурган. Куннинг тиғиз пайтлари пиёдалар оқими машиналар қатновига уланиб кетиб, пиёда ҳам, ҳайдовчи ҳам норози кайфиятини яшириб ўтирмайди. Яқин вақтларгача мазкур йўлдан фақат пиёдалар йўлаги сифатида фойдаланилган. Бироқ бугунга келиб бу ҳақда фикр билдириш мушкул. Ахир фақат пиёдалар йўлаги десак, машиналар ҳам ҳаракатланади. Фақат автоуловлар учун десак, пиёдалар йўлнинг қатнов қисмига чиқишига тўғри келади. Мутасадди ташкилотлардан ушбу муаммога жиддий эътибор қаратишини сўраб қолардик. Зеро, ушбу ҳудуддан ўзимиз, фарзандларимиз ҳаракатланади.

Ўрни келганда айтиш лозимки, газетамизнинг 2021 йил 30 апрель сонида чоп этилган «Отанг бозор, онанг бозор» сарлавҳали мақолада шу каби муаммоларга эътибор қаратган эдик. Афсуски, орадан ўтган икки ҳафта мобайнида бозор масъуллари томонидан кўтарилган муаммоларни ҳал қилиш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилмади. Энг ачинарлиси, бозор ҳудудларида ўрнатилган ташқи реклама ва баннерлардаги имловий хатоларни тузатиш ҳам назоратга олинмаган. Мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини  ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори ижросини таъминлашга лоқайдлик билан қарашмоқда. Мазкур хатолар ёш авлод онгида нотўғри тушунча шаклланишига туртки бўлмайдими?

Биз яна бир бор мутасадди ташкилотларга мурожаат қиламиз – давлат тилига беэътибор бўлмайлик! Зеро, тил – миллатимизнинг бойлиги. Унинг софлигини сақлаш ҳар биримизнинг улкан масъулият ва мажбуриятимиздир.

Шаҳноза МАНСУРОВА

(“Жиззах овози” газетаси, 2021 йил 13 май №15)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 7

OAV nomi va parolini kiriting!