“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Янги   Ўзбекистон

       ЯШАРАЁТГАН    ГАЗЛИ

Қум барханлари оралаб Газли шаҳрига кириб борамиз. Айтишларича бу жойда илк бор газ борлигини аниқлаган киши корейс миллатли ЛИ исмли киши  бўлган экан. Номига газ сўзи қўшилиб Газли бўлиб кетган.
Шаҳарчада яшаётган 6100 нафар аҳолининг кўпмиллатлилиги ҳам  шундан. Бу жой дўстлик шаҳарчаси ҳам  деб юритилади.
Ўзининг «қора олтин» и билан республикамиз иқтисодига муносиб ҳисса қўшаётган газлиликлар ўз яшаш жойларини яратувчанликлари билан ҳам обод гўшага айлантирмоқдалар.
Тадбиркор Насим Ботировнинг «Газлинақлпарранда» оилавий корхонасида беш йилдан бери товуқ парваришланиб, тухум ва парҳез гўшт топширилади.
Айни пайтда ҳам 2,5 мингта товуқлар  гўштга топширилишга тайёр бўлса, 2,5 мингта жўжа янгидан  келтирилибди. Оила аъзолари Моҳигул Болтаева, Жаҳонгир Ботиров, Ойгул Болтаевалар ҳар бир жўжани болани парваришлаган каби ардоқлайдилар.
Қумликлар орасида биттагина кўчат ўстириш ҳам машаққат. Лекин тадбиркор Камолиддин Самандаров эса 67 сотихли замонавий иссиқхонасида  қиш кунларида  ҳам яшиллик оламини яратгани, помидорларнинг ғарқ пишиб тургани мўъжизадир.
–Янги йил байрамида оловкорлар дастурхонини безаймиз,–дейди оила бекаси Ҳалима Самандарова.
Бу оила  аъзолари яна 50 бош қорамолни ҳам парваришламоқдалар, Очган ошхоналарида миллий таомлар тайёрлаб ҳамшаҳарларини хушнуд этишяпти.
Излаган имкон топади.
Шаҳарчанинг Ўқитувчилар кўчаси, 22-уйида ногиронлар
Сирожиддин Жўраев ва Фазолат Жўраевалар истиқомат қилади. Иккиси ҳам гапириш ва эшитиш қобилиятидан мосуво. Лекин уч фарзандлари–Моҳигул, Моҳинабону, Сардорбеклар кўмагида новвойхона очишибди. Газлиликларни ширмой нон билан таъминлайдилар.
Шаҳарда яқиндагина қурилиб ишга тушган 210 ўринли мактабгача таълим ташкилотига кириб борарканмиз яна ҳайратланамиз. Ҳатто марказий шаҳарларда ҳам учрамайдиган услубда қурилган боғча ҳам чинакамига мдъжиза!
–Икки фарзандим шу даргоҳда қатнайди, рус, инглиз, қозоқ тилларида олиб борилаётган машғулотларда вақт топиб ўзимиз ҳам қатнашамиз. Зўр!–дейди Лазиз Эргашев.
МТТ даги яшил бурчакда анвойи гуллар, кўчатлар қаторида Лимон пишибди!
Бежиримгина иссиқхонада кичкинтойлар табиат сабоқларини ўтадилар.
–Олдинги биномизда ёмғир ёғса чакка ўтавериб, тоғора қўйишдан безиб кетгандик. Янги маскан Газлининг кўрки,–дейди биз билан суҳбатда боғча мудираси Наргиз Жалолова.
Ҳақиқатан ҳам Газли яшармоқда. Шаҳар ҳокими Шерали Пўлатов янги йўллар очилгани, тоза ичимлик суви келтирилгани, кўп қаватли уйларнинг том қисми янгиланиб, олд қисми обод бўлаётгани хусусида тўлиб тошиб гапиради. Яна ўнлаб янги иш ўринлари ҳам яратилмоқда.
Ромитандан юз чақирим олисдаги, оловкорлар маскани Газли шаҳридан янги сурур ва ғурур ила қайтамиз.
Бу жойлар жаннатмакон масканга айланмоғи шубҳасиз!

 Махфират   АТОЕВА, журналист.

2020 йил, 8 – декабрь, «Бухоронома» газетаси.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!