“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

 

ОДАМБОЗОР

ОДАМБОЗОР

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни.
 
Она бир эшакли ўткинчига кафтларини узатди.
— Мана шу қизалоқни олиб кетинг, катта бўлса, эшигингизни супуради! — деди.
— Бир ҳовуч кепакка бераман, бир ҳовучгина! Ўткинчи ўзини эшитмасликка олди…
…Она ўнг гапирмади — чап гапирди: — Ўчир, бозори касод! Ўчир, зоғора нон! …
 
Тоғай Мурод,
«Бу дунёда ўлиб бўлмайди»

Огоҳлантириб қўяй:

Бу гаплар пандемия шароитида ва оддий ҳаётда ҳам боласини соғиниб, бағрига босишдан ҳаёт роҳатини туядиганларга эмас.

Бу гаплар ота-онаси, яқинлари, жигарбандларига қилинган ҳар бир яхшилик эҳсон қадар ҳикматли эканига имон келтирувчилар учун эмас.

Бу гаплар асло, инсон ҳаётини борича севгучи, уни дилдан ҳурмат қилувчилар учун эмас…

Огоҳлантираман:

Бу гаплар боласига қараб, унга ўзича нарх бичадиганларга!

Бу гаплар фарзанди пулини хаёлан нималарга сарф қилиш ҳақида ўйлайдиганларга!

Бу гаплар кимнидир қулликка сотишдан олган «қисим»ни қисматига вақтинча безак қилиб, тилла тақаётганларга, «тирик товар»лар ортидан келган ўткинчи ҳашамат соҳиб ва соҳибаларига!

* * *

Тасаввур қилмаймиз(чунки бу ҳар секундда қаердадир бўлаётган жараён), туғруқхона. Олам оғриғини танида ҳис этиб, минг машаққат билан, сабр билан, ирода билан она чақалоғини дунёга келтирди.

Чақалоқ доя қўлида.

Доя учун чақалоқ, юрист учун ҳуқуқий субъект, ота учун бола, она учун жигарпора, опаларига ука ёки сингил, ўзидан кейингилари учун ака ёки опа ва ҳ…

Нақадар чиройли, бахтга лиммо-лим, ҳамма хурсанд.

Энди шу кўринишни булғаймиз, ҳа, ўқишда адашмадингиз: булғаймиз.

Чунки миллион афсусу надоматлар бўлсинки, доя қўлидаги чақалоқ – бир қатлам учун «товар», фойда манбаи, жарағ-журуғ пул, ишрат учун таъминот…

Яна бир тоифа ёддан чиқмасин: билмай, эҳтиётсизлик оқибатида «туғиб қўйганлар». «Заказга» туғиб берганлар ва «оилавий шароит»ни ҳисобга олиб, боласини бозорга солувчилар.

Нақадар жирканч, қабиҳ, мудҳиш, ҳамма ўзиникини ҳисоблаш билан банд.

Гап қуруқ бўлмасин
Ишонинг, бу маълумотларни қасддан танлаб, олмадим, шунчаки қидирув тизимида «фарзандини сотди», деган сўзларни киритиб, исталганича топиш мумкин уларни, афсуски. Бир маълумотда 2019 йил август ойига қадар ватанимизда 23 та шундай ҳолат кузатилганига ҳам кўзим тушди. Бу рақам йил охиригача қанча бўлдию, бу йил бошидан қанча? Очиғи саволга жавоб топиб, ўзимни ҳам сизни ҳам бузилган таъбингизни баттар қилишни истамадим.

Гапларимни аввалида Тоғай Муроддан эслаганим вазиятда қаҳатчилик эл ичра кезиб, қурбонларини аямай териб кетган эди. Одамлар боласини боқа олмагани учун бир бурда нонга алмашиб, кимнингдир қўлида бўлса ҳам фарзанди яшаб қолишидан умид қилганлар.

Бугунчи, бугунги қайси қолипга бола сотишу, одам пуллашни солиб бўлади?

Одамлар нима дейди, оламда нима гап?

Инсоният олди ойга етди, ундан ошди, орти эса, оёғи ҳамон жоҳилиятда, ботқоқда. Тўғри, қулдорлик даври, деймиз, «феодалим» ҳам деб қўйишади, аммо ҳозир у босқичларни тарих токчасига қўйиб қўйган бўлсак, бу ёқда оққан дарё оқиб ётибди.

Биз ҳаёт фаровонлиги, демократик тамойиллар амалда, кун сайин ривожланаяпмиз, деб турган паллада, 2019 йил давомида 94 та ҳолатда одам савдо қилиб, АҚШнинг йиллик ҳисоботида турибмиз. Адолат учун айтиш керак, бу ҳам яхшиланиб бораётган натижа экани инобатга олиниб, Ўзбекистон шаънига илиқ гаплар ҳам бўлди. Ҳатто давлатимиз ташаббуси бутун минтақага ижобий таъсир қилаётгани алқаб ўтилди. Буларнинг бари умумий рейтингдаги ўрнимизга ҳам сезиларли таъсир қилган.

Бу йил йигирманчи бор эълон қилинган ҳисоботда келтирилишича, дунё миқёсида 25 млн.дан ортиқ ИНСОН одам савдоси қурбони бўлиб, бундан азият чекмоқда, «Современные формы рабства» (қулликни замонавий шакли) деб қўйишаркан буни.

Қарийб Ўзбекистондек келадиган давлат аҳолисига тенг инсонлар: шунча ҳуқуқ, шунча фарзанд, шунча ака, ука, қариндош ҳатто ҳаёлини истаганича сура олмайди, тасаввур қилаяпсизми? Истаган пайтида ўз-қўлини юва олмайди, сув ича олмайди, (қўпол бўлса ҳам) ҳожатга бора олмайди, дам ола билмайди, таом емайди, кулмайди. Тасаввур қиляпсизми, буларнинг бари шунчаки оддий, аммо 25 миллион инсон шу оддийликдан ҳам узиб қўйилган. Кулфат ва шармандаликни каттаси шуки, уларни бу аҳволга солганлар ҳам инсон. Бўри, айиқ, шоқол эмас, инсон. Мана нима учун инсоният оёғи ҳамон балчиқда, нега офату, бало-қазо даф бўлмайди.

Балонинг боши шу

Фалокат етагида доим яна бир фалокат юради. Одамбозор ҳам бир неча «шилтабозор»ларга йўл очар экан.
Меҳнат эксплуатацияси, мажбурий меҳнат.
Хонаки қуллик.
Қарз қуллиги.
Болалар савдоси: болалар порноси, жангчи болалар…
Жиноий ҳаракатлардаги мажбурий иштирок.
Ҳарбий ҳаракатларда мажбурий иштирок.
Инсон тана аъзолари савдоси.
Наркотрафик.
Фоҳишабозлик, болалар ва катталар порносаноати.

Бу турларнинг охиргисидаги очиқлик учун узр, аммо бошқа номи йўқ. Уларнинг ҳар бири ҳақида йиллаб гапириш мумкин. Индамаймиз, ўзингиз ҳам кам билмайсиз, шундай эмасми?

Биз ҳали, СПИД ва бошқа юқумли касалликларни эсламаганда шунча жиноий йўналишлар боши экан одам савдоси.

Мана кулфатлар инсоният бошига нега ёғмоқда, ачинарлиси, аламлиси, синовлар дарс бўлмаётгани. Юқоридаги хабарларда айтилган воқеалар ҳатто карантин пайтида кузатилганига йиғлаймизми, нима қиламиз?

Боласини сотган аёл, опаммисиз, синглимми?

Болангиз шу бозорларини қайси бирида қурбон бўлишини ҳам айтинг!

Тасаввур бой, бугун сотилган гўдак келажагини ҳар ким ўзи хаёл қилиб кўрса бўлади. Фақатгина бунинг учун бироз раҳмсиз бўлиш керак.

Сўнгги сўз демадим, бу тугамайди

Қачонки, инсоният инсон сотишдан оладиган даромад йиллик 7-12 миллирд АҚШ долларидан кечмас экан…

Кечадими?

Пок-покиза туғилган, жаннат ҳиди уфуриб турган гўдакка қараб, уни пуллаш, қул қилиш, ҳатто ҳаёлидан айириш ҳақида ўйлай оласизми?

Шунга ҳам етган бор, етмаган бор, фарзанд яратганни энг олий неъмати!

Аслида ҳаётнинг ўзи – неъмат.

Ҳар лаҳза, ҳар қадамда кимнингдир бу ҳаёт билан видолашаётгани ҳақида хабар тутиб кетди.

Ким кафолат бера олади кейинги нафасга?

Шу палла ҳам нафси йўлида ёмонликдан тийилмай, ўғлини, қизини бозорда пуллаётган, уларни олиб сотаётганлар, халқ ва давлат ризқига чанг солаётганлар ҳам, Сиз фойдангиз томоғингиздан ўтишига қанчалик ишонмоқдасиз, ишончни қаердан олиш мумкин?

Нега ҳамма COVID-19 билан бўлиб турган паллада бу мавзуга ёпишди деманг, 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни. Бу бола сотганлар, одам олиб сотадиганлар учун байрамми-йўқми билмайман, аммо инсоният юзидаги қора доғлардан бирига қараш куни, бир тўхташ, ўйлаш, фикр, хулоса қилиш куни.

Яна айтаман, қаҳатчиликда йўқчиликдан бола сотилди, бугун тўқчиликдан бўлиб қолгани ва эртанги кунга жавоб йўқлиги(аслида доим шундай)да ҳам бозорини қизитаётгани аламли.

Ёздиму, аммо ўйлаб қолдим, хавотирим бор, одамбозорни савдогарлари ЎзАни ўқирмикин? Ўқиса, буни ўзлари учун табрик деб қабул қилмасмикин?

Алишер РАВШАНОВ,
журналист
ЎзА, 23.07.2020

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!