“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЧАҚИРУВ ТУГМАСИ ЙЎҚ ЛИФТ ЁХУД

“МУАММО САБАБ ДЎКОНДА ЯШАШГА МАЖБУР БЎЛАЯПМАН”

Шаҳримизнинг қоқ марказида жойлашган «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 6 та 9 қаватли уйлар мавжуд. Мазкур бинолар ҳудудга ўзгача кўрк бағишлаб турибди. Бироқ бу жиҳат улардаги мавжуд камчиликлардан кўз юмиш кераклигини англатмайди.

1978-1980 йилларда қад ростлаган мазкур бинолар олдидан ўтган кишининг кўнгли беҳузур бўлиши табиий. Уйларнинг кириш йўлаклари олдида чиқиндилар учун махсус жой бўлиб, жазирама кунларда турли чиқиндиларнинг ҳиди ён-атрофга таралиши ҳудудда турли ҳашаротларнинг кўпайишига ҳам олиб келади. Ўз-ўзидан савол туғилади: «Наҳотки аҳоли учун ахлатларни махсус жойларга ташлаб келиш шунчалик қийин бўлса?» Албатта, ҳеч ким кириш-чиқиш эшиги олдида бадбўй ҳид ва нохуш манзара бўлишини истамайди. Бироқ бу ҳолатни бошқа бир муаммога ечим топмай туриб, бартараф этиб бўлмаслиги кўриниб қолади. Яъни бу уйларда истиқомат қилувчи аҳоли неча йилдирки, лифт ишламаслигидан азият чекади. 1, 2, 3, борингки, 4-қаватга ҳам пиёда чиқиш мумкин. Бироқ юқори қаватларда яшовчилар нима қилишади? Улар иш ёки ўқишга бориш учун кунига бир маротаба мажбурликдан тушиб чиқиши мумкин. Лекин бошқа эҳтиёж учун тушиб-чиқишнинг ҳар кимга малол келиши аниқ. Айниқса, ёш болали ёки имконияти чекланган кишилар учун бундан ортиқ машаққат бўлмаса керак.

Газетамизга мазкур кўп қаватли уйлардан бирида истиқомат қилувчи Мақсуда Рустамова ҳам айнан шу масалада мурожаат йўллаган эди. Масалани ўрганиш жараёнида ҳақли эътирозларга қулоқ тутдик.

Анора Бойбобоева маҳалладаги 2-кўп қаватли уйдаги хонадонлардан бирида истиқомат қилади. Аниқроғи, доимий рўйхатга қўйилган. Яшаш жойига келсак, у кўп қаватли уй олдига ўрнатилган енгил конструкцияли дўкончада ҳам савдо қилади, ҳам шу ерда яшайди.

–       Юқори 7-қаватга чиқиб тушиш учун саломатлигим тўғри келмайди, – дейди Анора Бойбобоева. – Тақдир тақозоси бир неча йиллар аввал ЙТЎга учраб, оёғим лат еган ва бугунги кунда шунинг жабрини чекаяпман. Шунинг учун қишнинг қаҳратони ва ёзнинг жазирамасида мана шу дўкончада яшашимга тўғри келаяпти. Фарзандларим ҳам доим ёнимда. Улар ҳам эрталаб иш ва ўқиш учун пастга тушишади, фақат тунаш учун уйга чиқишади.

Аёлнинг сўзларига кўра, ҳатто ювиниш ва ҳожатхона учун ҳам юқорига чиқишга қийналганлиги учун пулли ҳаммом ва ҳожатхонадан фойдаланади. Наҳотки, бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ўз уйида фаровон яшашига йўл бермайдиган камчиликларга кўз юмсак? А.Бойбобоева шу йўл билан муаммога ечим топилмагач, ундан қочган. Бироқ қолганлар ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўлишини кутиш шартми? Кўп қаватли бинолардаги лифтлар ҳолатини кўздан кечирар эканмиз, қизиқ ҳодисага дуч келдик. 5-кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида лифт чақирув тугмасининг ўзи йўқ. Таъмирлаш ишлари жараёнида чақирув тугмасининг ўрни ёпиб юборилганлиги кўриниб турибди. Тўғри-да, ишламаган лифт учун чақирув тугмасининг нима кераги бор?

–       Бир неча бор турли ташкилотлардан масъуллар келиб, у ёқ-бу ёқни кўрган бўлишди-ю, лекин ҳеч қандай натижа сезилмади, – дейди А.Бойбобоева. – Охири юқори турувчи ташкилотларга шикоят аризаси билан мурожаат қилмоқчилигимни эшитиб, икки-уч кун яна лифтларни текширган бўлишди, эскирган, яроқсиз аҳволга келиб қолган «запчасть»ларни олиб келиб, иш бошлаган бўлишди-ю, афсуски кўриб турганингиздек «Эски ҳаммом, эски тос».

Февраль ойининг бошида республика «Zo’r TV» телеканалида айнан мазкур муаммо тўғрисида лавҳа эфирга берилган эди. Лавҳада мутасадди ташкилот вакиллари икки ой муддатда муаммо бартараф этилиши тўғрисида фикр билдиришган эди. Бироқ, уч ой ўтса ҳамки, аҳвол ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда. Лифт муаммоси «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғинида ягона 9-қаватли уй аҳолисини ҳам қийнаб келмоқди. Мутасадди ташкилотларга савол билан юзланмоқчимиз: «Лифтларни соз ҳолатга келтириш учун нима тўсқинлик қилаяпти?»

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 29 май №18

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!