“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“ҚАНЧА ЧЕК ТЎЛАЙСИЗ?” ёхуд сотувчи ва

чекчининг гапи бир-бирига тўғри келмади

«Жиззах овози» газетасининг жорий йил 30 апрель сонида «Отанг бозор, онанг бозор» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда шаҳримизда жойлашган бозорлардаги шароитлар, санитария қоидаларига амал қилиниши, сотувчилардан ундириладиган чек тўловлари, ташқи реклама ва баннерларда йўл қўйилган имловий хатолар хусусида сўз юритилган эди.

Орадан маълум вақт ўтиб мазкур мақолада кўтарилган муаммолар юзасидан назорат тадбирлари олиб борилди. «Эски шаҳар» буюм бозори ва «Эски шаҳар» деҳқон бозори ҳудудларида шаҳар ҳокимлиги, шаҳар солиқ ва молия бўлимлари, шаҳар СЭОМ вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирларда  савдо қилувчи тадбиркорларнинг аксарияти карантин вақтида ҳам ниқобсиз эканлиги, айрим савдогарлар тадбиркорлик фаолиятини гувоҳномасиз олиб бораётганлиги (гувоҳнома олинган бўлиши мумкин, лекин назорат тадбири давомида тегишли ҳужжатлар тақдим этилмагач бошқа қандай хулосага келиш мумкин?) аниқланди. Шунингдек, ўрганишларда тўловларни пластик карталар орқали амалга ошириш борасида терминаллар ва назорат-касса машиналари билан таъминланганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Афсуски, ҳолат ачинарли. Якка тартибдаги кўплаб тадбиркорлар, жумладан, Г.Жўраева тегишли ҳужжатларини тақдим эта олмади, С.Қаххоров, Г.Ҳошимова тадбир давомида савдо терминали, А.Азимов, Д. Аширматов, А.ўсаров, Ў.Ҳазратқулова, «Карниз пласт» МЧЖ фаолият олиб борувчи савдо дўконларида назорат-касса машинаси йўқлиги маълум бўлди. Ачинарлиси шундаки, олди-сотди жараёнида харидорлар билан ўтказилган ижтимоий сўровнома натижаларидан маълум бўлдики, улар харид чеки талаб қилишни билишмайди. Устига устак дўконларда ёлланма ишчи сифатида ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган сотувчилар ҳам борлигига кўз юмиб бўлмайди.

Муаммо фақат бу эмас. 5-қатор орасидаги масофа торлигидан тиқилинч ҳосил бўлиши табиий. Боз устига йўлак оралиғига савдогарлар томонидан қўшимча равишда расталар ёйилиб, движоклар ҳам шу ердан жой олган. Бу биринчидан шундоқ ҳам тор йўлни янаям торайтирса, иккинчидан, ёнҚин хавфсизлигига мутлақо зиддир.

Шунингдек, тадбирда «Эски шаҳар» буюм бозори ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш объектларида санитария қоидаларига риоя этилиши ҳам кўздан кечирилди.

Тадбир давомида тадбиркорлар ҳам бозор шароитларидан нолиб қолишди. Айниқса, мазкур ҳудудда жазирама кунларда сув муаммоси юзага келаётганлиги яъни ҳудудда чиқарилган кранлар эҳтиёжни қондирмаётганлигини, йўлаклар орасидаги ариқчалар (агар шундай дейиш мумкин бўлса) эса майда чиқиндилар билан тўлиши етмаганидек, эътиборсизлик сабаб унга йиқилиб тушиш мумкинлигини билдиришди.

Назорат тадбирининг иккинчи куни «Эски шаҳар» деҳқон бозоридаги ҳолатлар ўрганилди. Мазкур жараёнда озиқ-овқат дўконлари сотувчиларининг тиббий кўрикдан ўтганлиги, маҳсулотларнинг яроқлилик муддати, гўшт ва сут маҳсулотларига бериладиган хулоса мавжудлиги диққат марказига қўйилди. Хусусан, «Чақмоқ» чорвачилик фермер хўжалиги маҳсулотларини сотувчи С.Бердимуродова, якка тартибдаги тадбиркор И.Очилов, А.Ҳотамов жараёнда тиббий дафтарчасини тақдим эта олмади, О.Мелиев қўл остида ишловчи Ш.Маҳмудовнинг эса ёлланма ишчи эканлиги ҳақида на буйруқ бор, на сотилаётган маҳсулотнинг тегишли хулосаси.

Энг ажабланарлиси, савдо расталарида фаолият юритаётган сотувчиларнинг қанча чек тўлашини сўраганимизда ҳар ким турлича миқдорни айтди. Боиси, сотилаётган товарга қараб чек тўланар экан. Қизиғи, канцелярия моллари сотувчи аёл ростини айтди-қўйди. Бозор маъмурияти ундан қоғоз, қалам, ручка каби моллар олгани сабабли аёл чек тўловидан озод экан.

«White hard line» хусусий корхонасига тегишли умумий овқатланиш объектидаги ишчилар эса тиббий кўрикдан ўтганликларини тасдиқлайдиган ҳужжатни кўрсата олишмади. «Xumayun Gъaniyev Servis» МЧЖга қарашли умумий овқатланиш объекти ишчиларида эса махсус форма кўзга ташланмади. Деярли барча озиқ-овқат дўконларида сотилаётган пишириқлар ўрамида яроқлилик муддати тугул, ишлаб чиқарилган сананинг ўзи кўрсатилмагани таажжубланарли. Сотувчилар эса бу ҳолатни «Бугун келган, ҳеч қайси фирма санасини ёзиб бермайди» деган баҳоналар билан изоҳлашди. Ваҳоланки, ишлаб чиқарувчи бунга жавобгардир. Шу ўринда Самарқанд, Тошкент ва Жиззах шаҳарларида ишлаб чиқарилаётган ўрамли (картон қути) пишириқларнинг тегишли саналари ёзилишини назоратга олишни мутасадди ташкилотлардан сўраб қоламиз. Ахир, ушбу маҳсулотлар бегона эмас, ўзимизнинг дастурхонимиздан жой олади-ку!

Марказий деҳқон бозорини барча «Кўк бозор» номи билан атайди. Назорат тадбирларининг сўнгги кунида мазкур ҳудуддаги савдо дўконлари, расталар, умумий овқатланиш объектларида санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилган ёки йўқлиги бўйича иш олиб борилди.

Бозор маъмуриятига қўшни хоналарда фаолият олиб бораётган гўзаллик салонлари, тикувчилик цехларида гарчанд 5-6 нафардан хотин-қизлар ишласада, уларнинг кўпчилиги ҳеч қандай ҳужжат тақдим эта олмади. Баъзилари ўз-ўзини банд қилганлик ҳақидаги гувоҳномани кўрсатиб, ёнидаги шерикларини мижоз ёки ўрганувчи сифатида таништирди. Ваҳоланки, вазият бунинг аксини кўрсатиб турибди. Хусусан, С.Утамуродова, Н.Сагдуллаева ўзи-ўзини банд қилган бўлса, Н.Соатова, М.Холмуродова, С.Эшбекова кабилар ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият юритаётганлиги аниқланди. Афсуски, гўзаллик салонларида хизмат кўрсатаётган аёлларнинг ҳеч бирида тиббий дафтарча мавжуд эмас, борларининг ҳам муддати ўтган.

Озиқ-овқат дўконларидаги ҳолат ҳам аъло даражада эмас. Биринчидан, дўконлар ташқарисигача маҳсулот тахлаб ташланганлигидан эшик олди торайиб қолган. Иккинчидан, жазирамага чиқариб қўйилган маҳсулотлар ичида асосан болалар учун мўлжалланган маккажўхори, бодроқ, хрустяшки кабилар ҳам бор. Хўш, жазирама қуёш тиғида турган мазкур маҳсулотларнинг сифати ҳақида нима дейиш мумкин? Боз устига якка тартибдаги тадбиркорлар А.Комилов, Ш.Райимжонов, Н.Ҳусанова, Ж.Йўлдошев, Г.Эргашева, Б.Баҳромов кабиларнинг тиббий дафтарчаси йўқлиги аниқланди. Биргина бу эмас, уларда терминал ва назорат-касса машиналари билан боғлиқ муаммолар ҳам қайд этилди. Кимдир янги НКМ учун тўлов қилиб, қачон берилишини кутаётганлигини айтса, бош-қа биров имконияти етмаётганлигини рўкач қилди, бошқаси эса яқинда очилганлиги сабабли ҳали мазкур апппаратларни олиб улгурмаганлигини таъкидлади.

«Лаззат-ибо-нур» хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш объектида эса кўз ўнгимизда мижозларга чек тақдим этилмади. Кўринадики, бу ҳолат биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас. Демак, мижозларга доимий равишда чек тақдим этилмай келинаётганлигига шубҳа йўқ. Шунингдек, «New brand products» МЧЖга қарашли иккита умумий овқатланиш объектларида 20дан ошиқ одам иш билан таъминланган. Бироқ уларнинг ҳеч бирида тиббий дафтарча мавжуд эмаслиги, терминал ва назорат-касса машиналари билан таъминланмаганлиги аниқланди.

Тадбир давомида якка тартибдаги тадбиркор Н.Камолова гувоҳномасини кўрсатган йигитча терминал қоғозини тақдим этгач, тушунмовчилик юзага келди. Ваҳоланки, Жиззахда рўйхатдан ўтган ва шу ерда фаолият юритаётган тадбиркорга тегишли терминал чекида Зуҳриддин Ишонч Барака номли бошқа тадбиркорлик субъекти ва Тошкент, Келес Огаҳий кўчаси 9-уй манзили кўрсатилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Расталар оралаб сотувчилардан сўраб, чек миқдори қанчалиги билан қизиқдик. Бу ерда ҳам турлича миқдорлар айтилди. Мева-чева сотаётган аёлдан чек қоғозини олиб, қанча тўлашини сўрадик: 12 000 сўм. Ваҳоланки, чекда 10 000 сўм ёзилган. Тушунмовчиликни бартараф этиш учун растага масъул чекчини чақиртириб, унга ҳам сотувчи аёлнинг ёнида шу савол билан мурожаат қилдик. Жавоб – 10 000 сўм. Шу ўринда савол туғилиши табиий: хўш, ким рост гапираяпти? Агар аёл ҳақиқатан ҳам чекда кўрсатилган суммани тўласа, унда 12 000 сўм деб айтишдан унга нима фойда? Хулосани ўзингиз чиқаринг. Зеро, бозор маъмурияти айнан чек тўлови масаласига жиддий эътибор қаратиб, ортиқча тўловлар олишга йўл қўймаслигини истардик. Ахир ҳар ким ҳам рўзғор тебратиш учун бозорга чиқади.

Назорат тадбирлари давомида аниқланган камчиликларда биз айнан тадбиркорни айбдор деб кўрсатишдан йироқмиз. Сабаби – «Қарс икки қўлдан чиқади». Ҳеч қандай ҳужжатсиз, тиббиёт дафтарчасисиз ва санитария-гигиена қоидаларига риоя этмай фаолият юритиш тадбиркорнинг айби бўлса, ушбу камчиликларни бартараф этишни назорат қилиш эса мутасадди ташкилотларнинг вазифаси. Шундай экан, 70 фоиз тадбиркорларнинг ҳужжатлари, терминал ва назорат-касса машиналари билан боғлиқ муаммоларига масъуллар ҳам беэътибор бўлмаслиги жоиздир. Ҳар ким ўз вазифасига масъулият билан ёндошса мавжуд камчилик ва муаммоларнинг имкон қадар тезроқ бартараф этилишига замин яратилади.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 22 май №16-17

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.5 / 5. Baholaganlar soni: 8

OAV nomi va parolini kiriting!