“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“МАШИНАНГИЗНИ СОЯДА ҚОЛДИРИНГ”

Бир неча кун олдин ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар Вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ҳайдовчиларга куннинг иссиқ пайтида автомашиналарини очиқ жойларда қолдирмаслик ҳақидаги мурожаати эълон қилинди. Мурожаатда айтилишича, қуёш тиҚида қолдирилган машина ичидаги ҳарорат 50-60 градусгача кўтарилиши мумкин. Машина салонидаги юқори ҳарорат эса ўз-ўзидан хавотирли ҳолатларнинг келиб чиқишига замин яратади.

Бугун шаҳримизни айланар экансиз, кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан фахрга тўлади киши. Ахир кўркам ва замонавий кўринишга эга биноларнинг қад ростлаётгани вилоятимиз маркази – Жиззах шаҳрининг кўркига кўрк қўшаётгани шубҳасиз. Бироқ, алоҳида таъкидлаш жоизки, бу жиҳат мавжуд камчиликларни ёпиб кета олмайди. Айниқса, йўл бўйлаб автомашиналарнинг турнақаторини кўриб, бир жиҳатдан хурсанд бўлади киши. Бу омил аҳоли турмуш даражасининг ошиб бораётганлигидан далолат. Иккинчи томондан, кўча юзидаги автомобилларнинг сафи ҳаракатланиб келаётган бошқа автоуловларга халақит бермаслигига кўз юмиб бўлмайди. Бу билан биз шаҳримиз ҳудудида автотураргоҳлар мавжуд эмас, дейишдан йироқмиз. Лекин, автотураргоҳлар учун эҳтиёж ортиб бораётгани бор гап. Айниқса, «Зебо» савдо маркази, деҳқон ва буюм бозорлари, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали, Жиззах Давлат педагогика институти, «Кимёгар» эҳтиёт қисмлар бозори  олдидаги ҳолатни таърифлашга тил ожиз. Бу ҳақда жуда кўп гапирилган, аммо вазият ҳали ҳамон ўзгаришсиз қолмоқда.

Энди танганинг бошқа томонига назар ташлайлик. Вилоят ҳокимлиги, «Жиззах» марказий деҳқон бозори, Жиззах шаҳар Давлат хизматлари маркази, Ўзбекистон Миллий банки вилоят бўлими ҳамда «Сайилжой» кўчасидаги автотураргоҳларда юқоридаги мурожаатда кўрсатилганидек соя-салқинни топишнинг иложи йўқ. Шунисига ҳам шукр. Ҳар ҳолда борар манзилда автомашинани қўйишга жой бор-ку! Ахир машинани соя-салқинда қолдираман деб, эртага «суюнчи хати»ни олишга кимнинг кўзи учиб турибди? Бироқ «Эски шаҳар» деҳқон бозори олдидаги автотураргоҳни қандай аташни билмадик. Сабаби у ерда харидорларнинг эмас, балки туманларга қатновчи киракашларнинг автомашиналари жой олади. Боз устига «пятак»нинг ҳолати ачинарли. Ёз кунлари чанг, тупроқ, ёғингарчилик кунларида эса лой. ўйдим-чуқурларни-ку айтмаса ҳам бўлаверади.

Шу ўринда хорижий давлатларда барпо этилган санъат даражасидаги автотураргоҳлар ҳақида бир оз тўхталиб ўтайлик.

Германия Республикасининг Вольфсбург шаҳрида бир неча йиллар аввал Volkswagen Autostadt номли офис, ишлаб чиқариш корхоналари, кўнгилочар масканлардан иборат индустриал парк ташкил этилди. Ҳудуднинг энг эътиборли биноси сифатида ҳар бирининг баландлиги 48 метрлик бўлган (16 қават) иккита автотураргоҳ эътироф этилди. Мазкур минораларга автомобиллар махсус лифтлар орқали жойлаштирилиши эса ҳайратни янада ошириши табиий.

Маями ҳам дунёдаги энг ғайриоддий автотураргоҳи билан тилларга тушган шаҳардир. 1111 Lincoln Road деб номланган замонавий архитектуранинг нодир намунаси учун 70 миллион доллар сарфланган.

Santa Monica Civic Center Parking Structure – дунёдаги энг ёрқин ва ранг-баранг автотураргоҳ саналади. Бино ташқи томондан рангдор панеллар билан безатилган бўлиб, тунда ажойиб кўринишга эга бўлади.

Мюнстер шаҳридаги ойнаванд автотураргоҳ ташқи кўринишдан замонавий офис ёки кўнгилочар савдо марказига ўхшаб кетади. Аслида эса 7 қаватдан иборат Parkhaus Engelenschanze автотураргоҳи 360 машинага мўлжалланган бўлиб, бино ичидан манзарали дарахтлар билан бойитилган қишки боғ ҳам жой олган.

Энг ғаройиб кўринишга эга автотураргоҳлардан яна бири Англияда жойлашган Charles Street ҳисобланади. Иншоот қуёш нури ва ёруғлик билан яхши таъминланиши учун аралаш бурчак панеллардан фойдаланилган.

Жаҳон мамлакатларидаги мазкур иншоотларни кўриб ҳавасингиз келади, албатта. Аммо Ўзбекистон шароитида ҳам автотураргоҳлар муаммосини ҳал қилса бўлади. Гарчи кўп қаватли автотураргоҳларни қуриш кўп маблаҚ ва вақт талаб этса-да, муаммони бартараф этишдаги энг самарали усулдир. Шунингдек, айрим хорижий мамлакатларда янги қад ростлайдган ҳар қандай жамоат биноси ёки кўп қаватли уйлар тагидан ерости тураргоҳларини қуриш мажбурий этиб белгиланган. Бугунга келиб бизда ҳам мазкур турдаги бинолар мавжуд. Бироқ, уларни барпо этишдан олдин ҳудуднинг тупроқ таркиби, зилзилага бардошлилиги ҳисобга олиниши шарт. Бу эса мутахассислардан улкан билим, салоҳият ва масъулият талаб қилиши шубҳасиз.

Шу ўринда айтиш лозимки, даниялик таниқли архитектор Ян Гейл Ўзбекистонга ташрифи чоғида шаҳарсозлик архитектурасида атроф-муҳит мусаффолигини асраш ва аҳоли учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганди. Келгусида яшил майдонларни кўпайтириш, пиёдалар ва велосипед йўлаклари қуришни тавсия этганди. Бугунга келиб мутахассиснинг фикрлари нақадар ўринли эканлигини англаб етаяпмиз.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 13 май №15

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 39

OAV nomi va parolini kiriting!