“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“ОТАНГ БОЗОР, ОНАНГ БОЗОР”

Юрт бой бўлса, бозор ҳам тўкин бўлади. Шукурки, бугун савдо расталарида йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Ўаттоки, қаҳратон қиш кунларида ҳам сархил мева-чевалар, барра кўкатлардан тортиб ноёб маҳсулотларгача топилади. Уларнинг нарх-навоси ҳам ҳамёнбоп. Хуллас, харидор кўнгли тортган ва излаган нарсани бозордан албатта топа олади.

Шаҳримиздаги «Жиззах» марказий деҳқон бозори, «Галантерея люкс савдо» МЧЖга қарашли савдо мажмуаси, «Эски шаҳар» деҳқон бозори ҳамда «Эски шаҳар» буюм бозори халқимиз учун хизмат қилиб келаяпти. Мазкур савдо мажмуаларида аҳолининг савдо-сотиқ ишларини амалга ошириши учун деярли барча шароитлар яратилган. Айниқса, пандемия шароитида бозорлар ҳудудига кириш-чиқиш жойлари алоҳида назоратга олиниб, дезинфекция ишларининг мунтазам олиб борилганлиги таҳсинга сазовор. Бироқ айни кунларда республикамиз бўйлаб коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолати ошиб бораётганини ҳисобга олсак, бозор дарвозалари олдида тана ҳароратини ўлчаб киритиш, антисептик воситалар билан таъминланиш ҳолати қониқарсиз эканлигини яширишга не ҳожат? Боз устига фуқароларнинг бозор ҳудудида ниқобсиз юришини қандай баҳолаш мумкин? Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 ав-густдаги «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бозор инфратузилмаси, ҳудудларни ободонлаштириш ва жиҳозлашга қўйиладиган талаблари билан айниқса аҳамиятлидир. Қарорга мувофиқ, бозор расталари ва савдо ўринларининг жойлашиши харидорларнинг бозорда эркин юришини ҳамда савдо расталари ва жойларига бемалол боришини таъминлаши керак. Айнан шу жиҳатга эътибор қаратсак, шаҳримиз ҳудудидаги бозорларда ушбу тартибга амал қилинмаётганлиги бор гап. Савдо дўконлари олдига чиқарилган қўшимча жойлар эса дўконга кириш тугул қатор ораларида ҳаракатланишга халақит беради.

Бозорлар ҳудудида санитария-эпидемиология назорати, тиббий пункт, давлат ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси ёки давлат ветеринария хизматлари органларининг таянч пунктларини жойлаштириш учун хоналар (мол гўшти ва ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда) ажратилган бўлиши даркор. Бироқ мазкур хоналар мавжудлигини бозордаги бирор харидордан сўрасангиз айтиб бера олиши ёки кўрсатишига кўзингиз етадими? Ваҳоланки, улар сизга «Шундай хоналар борми ўзи?» тарзидаги савол назари билан боқмаса?  Харидорларни-ку қўя турайлик, ҳатто айрим сотувчилар ҳам бу турдаги хоналар бозорнинг қаерида жойлашганлигидан бехабарлигини инкор этиб бўлмайди.

Шуни ҳам қайд этиш керакки, сотувчилар кунлик чек тўлови, солиқ ва ижара ҳақи (агар дўкон савдогарнинг ўзига тегишли бўлмаса) тўлаб боришади. Дўкон олдидаги жой ҳам дўкондорлар томонидан ижарага берилиши бор гап. Ёйма расталарда савдо қилувчи сотувчилар ҳам чек тўлаши табиий. Боз устига айрим сотувчилар чек тўловларининг қиммматлигидан ҳам шикоят қилишди. Шунингдек, сотувчилар кунлик чек тўлови миқдори текшириш келганда камайтириб айтилишидан норозилигини ҳам яшириб ўтиришмади.

Шу ўринда савол туғилади: биринчидан, аслида чек тўлови қанча ва амалиётда савдогарлардан неча сўм чек тўлови ундирилаяпти? Иккинчидан, қонуний расталарда савдо қилувчи сотувчилардан олинган йиғимлар кирим қилинар, лекин ёйма расталардаги сотувчилардан йиҚилган тўловчилар-чи? Улар кимнинг киссасини қаппайтиради? Биз имкон даражасида бозорлардаги муаммолар ҳақида мулоҳаза юритдик. ўйлаймизки, мутасадди ташкилотлар қисқа фурсатда мазкур муаммолар юзасидан назорат ўрнатишади.

Муаммолар фақат бу эмас. Бозорлардаги савдо дўконлари номлари, ташқи реклама баннерларидаги имло хатоларини айтмаса ҳам бўлади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ишлар амалга оширилганлиги ҳозирга қадар кўзга ташланмади. Афсуски, мазкур имловий хатолар кичик, майда ёзувлар эмас, барчага узоқдан кўриниб турувчи йирик ҳарфлар билан битилган.

Ана шунақа гаплар. Бозорларнинг қиёфасини бугунги кун талабига мослаштириш ҳақида айтилаяпти ва ёзилаяпти. Бироқ ўзгариш тошбақа юришини ёдга солаяпти. Бу аҳволга чек қўядиган мард топилмаяпти ҳисоби.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 30 апрель №12

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 6

OAV nomi va parolini kiriting!