“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТАНГАНИНГ ИККИНЧИ ТОМОНИ

Тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш ва тарғиб қилиш ишларини амалга оширувчи илмий, илмий-маърифий муассасалар музейлар саналади. Ушбу масканларда моддий ва маънавий буюмлар, тасвирий асарлар, қўлёзмалар, нодир китоблар сақланади. Демак, музейларнинг тарбия ва маънавиятни юксалтиришдаги ўрни беқиёсдир.

Шаҳримиздаги 9-умумий ўрта таълим мактаби ҳақида сўз кетса, вужудимни ажиб ҳиссиёт эгаллайди. Чунки, айнан шу даргоҳда қўлимга илк маротаба қалам тутилган. «Турон» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу мактаб мўъжазгина бўлишига қарамай, умумий ўрта таълим мактаблари орасида ўз нуфузига эга. Буни мактаб педагогик жамоаси ва ўқувчиларининг эришаётган ютуқлари яққол намоён этади.

Маҳаллага йўли тушган одам билади. Мактабнинг ёнгинасида бир вақтлар ҳавас қиларли ва ўзгача кўринишга эга музей бор эди. Ҳайрон бўлманг, музей ҳозир ҳам бор. Лекин ундаги ҳашаматдан зарра йўқ. Афсуски, 1941-1945 йилларда ҳудуддан урушга кетиб, шаҳид бўлган аскарлар ёди акс этган экспонатлар сақланган масканнинг бугунги ҳолати жуда аянчли ва авария ҳолатида эканлигини бир қарашда англаш қийин эмас.

Боз устига бино мактабнинг ёнгинасида жойлашганлиги сабабли ота-оналар ва ўқитувчиларни хавотирга солиб келаётгани сир эмас.

– Бино олдидаги иккита ҳовуз бизни жуда ташвишлантиради, – дейди 9-умумий ўрта таълим мактаби директори ўринбосари Яҳё Ҳайдаров. – Биринчидан, ўқувчиларимиз эҳтиётсизлик сабаб чуқурга тушиб кетишса, жароҳат олмай қолмайди. Иккинчидан, мазкур ҳовузлар орасида бир-бирига ўтувчи қисқа ерости йўли бор. Бир неча ўқувчиларимизнинг шу ердан ўтганини кўриб, огоҳлантирганмиз. Бироқ доим ҳам уларнинг бу ерга кирмаслигини назорат қила олмаймиз, ахир.

Бино олдига яқинлашиб борган сари унинг бироз чўкканини пайқаш қийин эмас. Устига устак деворлардаги мармар тошлар тўкилиб бораётганлигини кўриб, кўнглимга хиралик қўнди. Ахир бир пайтлар мактабда нимаики байрам бўлса, шу музей биноси олдида катта тантана қилинарди, бино олдидаги майдон саҳна вазифасини бажарар, очиқ осмон остидаги куй-қўшиқлар эса ўзгача жаранг сочарди. Бугун эса шодиёна қилиш тугул, қаттиқроқ шовқин сабаб одамнинг устига девор қулагудек жойга қадам босишнинг ўзи ноўрин.

Буниси ҳали ҳолва экан. Бино ичига кириш учун эшикка яқинлашган киши ниятидан қайтиши турган гап. Ахир омонат турган эшикдан ҳаётни хавфга қўйиб ичкарига киришни ким ҳам истайди? Хайриятки, бошқа томондан ичкарига кириш эшиги, аниқроғи, эшикнинг ўрни бор экан. Гап шундаки, ёҚингарчилик туфайли ёғоч эшик чириб, жойидан узилиб тушган, унинг ўрнида эса деворларда йирик ёриқлар пайдо бўлган, шифтни-ку айтмаса ҳам бўлади. Ичкарида эса ачинарли манзара.

– Мазкур масканни обод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратаётганимизнинг ўзига хос сабаби бор, – дейди халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгаши депутати Абдулазиз Хўжаков. – Ахир давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маънавиятни юксалтириш, айниқса, ёшлар онгида маънавий бўшлиқ юзага келмаслиги учун  ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мазкур ҳудудни ободонлаштириш, бинони реконструкция қилиш 5 муҳим ташаббус доирасидаги амалий ишларнинг бир бўлаги бўлса ажаб эмас. Зеро, янгиланган бинода шаҳардаги мавжуд 29та умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун марказлаштирилган тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш ва ўқувчиларнинг ижодий ишлари кўргазмасини ташкил этишни режалаштираяпмиз. Шунингдек, бино олдидаги майдонга ўриндиқлар ўрнатилиб, маҳалла аҳли учун дам олиш маскани очилса, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Депутатнинг таъкидлашича, бу ерни сотиб олиб, дўкон, хусусий клиника қуриб ёки бошқа бир тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятида юрганлар ҳам йўқ эмас. Бу бир жиҳатдан яхшидек туюлиши мумкин. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам борки, ҳудудда ўқувчилар тўгаракларда шуғулланиши учун шароитлар яратилса, халқ манфаати учун фойдалироқ бўлмайдими?

Гап икки асрнинг шоҳиди бўлган музей биносининг бугун ва келгусидаги ҳолати ҳақида бораяпти. Бу мавзуга яна қайтамиз.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 10 апрель №9)

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!