“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЧАЛА ҚОЛГАН ПОЙДЕВОР

Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Соҳага доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланиб, устувор вазифалар илгари сурилиши эса Юртбошимизнинг «Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади» деган таъкидининг ёрқин ифодаси, десак муболаға бўлмайди.

Хусусан, таълим тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, жамиятда ўқитувчи ва педагог ходимлар нуфузини ошириш, уларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш лозим. Айниқса, ўқувчиларга зарур шароитларни яратиш, мактаб биноларининг талаб даражасида бўлиши ҳам назардан четда қолмаяпти. Республиканинг чекка ҳудудларидаги умумтаълим мактаблари ҳам реконструкция қилиниб, қайта таъмирдан чиқарилаётгани, янги мактаб бинолари барпо этилиб ўқувчилар ихтиёрига топширилаётгани ҳам бор гап. Бироқ танганинг иккинчи томони бўлганидек, айрим умумий ўрта таълим мактабларини кўриб, беихтиёр «Усти ялтироқ, ичи қалтироқ» ибораси хаёлга келади.

Шаҳримиздаги 7-умумий ўрта таълим мактабини вилоятимизда яхши билишади. Мактаб директори Эргаш Жабборов педагог кадрларни ўз устида тинимсиз ишлаб, дарсларни янги замонавий усуллардан фойдаланган ҳолда ўтиши тарафдори. ҳамкасбларидан ҳам доим шуни талаб қилади.

– Таълим сифатини ошириш учун энг аввало, зарур шароитларни яратиш даркор, – дейди Эргаш Жабборов. – Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти яхши бўлса, ноқулай об-ҳаво шароитларида электр энергияси ўчиб қолмаса, дарслар самарадорлиги таъминланади.

Таълим масканига ташриф буюрган кишига дастлаб ҳаммаси бинойидек туюлади, ҳеч қандай камчиликни сезмайди. Бироқ мактаб ҳовлисига чиқиб, бир бурчакда жойлашган, олдига шағал тўкилган ҳожатхонага кўз тушгач, …

Март ойининг сўнгги шанба ва якшанбасида ёғиб ўтган ёмғир республикамизнинг барча ҳудудларида турли ташвишларни келтириб чиқарди. 7-умумий ўрта таълим мактабининг шундоқ ҳам нураб турган ҳожатхонаси зарар кўрмай қолмади. Мактаб маъмурияти томонидан амаллаб,таъмирлаб келинаётган шифтдан сув ўтди, деворлардаги ёриқлар янада катталашди, эркаклар ҳожатхонаси томондаги деворнинг пастки қисми ўпирилиб тушди.

Қизиқ томони шундаки, 2019 йилда эски ҳожатхонанинг ёнгинасидан янгиси учун пойдевор қилинган, бироқ шу иш ҳам чала қолган. Мактаб маъмуриятининг маълум қилишича, қурилишни «Қулама ҳамкор» масъулияти чекланган жамияти бошлаган-у охирига етказмаган. Сабаби мазкур пойдевор стандартларга жавоб бермаган ҳамда моддий жиҳатдан муаммо юзага келган.

– Жорий йил бошида 7-умумий ўрта таълим мактабини жорий таъмирлаш учун 250 миллион сўм ажратилди, – дейди шаҳар халқ таълим бўлими мудири Ғофур Рустамов. – Шунингдек, айнан ҳожатхоналари стандартларга жавоб бермайдиган 7 та мактабга янги ҳожатхоналар қуриш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 2 миллиард пул ажратилиши режалаштирилган.

7-умумий ўрта таълим мактаби негизида жорий йилда физикага ихтисослаштирилган мактаб очилиши кўзда тутилган. Бу эса таълим масканида жаҳон стандартлари талабларига мос шароитларни яратишни талаб этади. Умид қиламизки, нафақат 2019 йилда 7-умумий ўрта таълим мактабида қурилиши бошланиб, чала қолган, балки бошқа мактаблардаги ҳожатхоналар муаммоси ҳам тез орада бартараф этилади.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 3 апрель №7-8

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!