“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЭЪТИБОРДАН ЧЕТДАГИ БОЛАЛАР БОҒЧАСИ

Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади. ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол қилиб тарбиялаш, вояга етказишда таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс. Шу туфайли таълим масканларида жаҳон стандарти талабларига мос келадиган шароитларни яратиш, тизимга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бугуннинг долзарб вазифаларидан саналади.

Узлуксиз таълимнинг бош бўғини ҳисобланадиган мактабгача таълим соҳасида қатор ислоҳотлар амалга оширилиб, ижобий ўзгаришлар бўй кўрсатаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Ахир, болалар боғчаси кичкинтойларга илк билимларни берувчи маскан эканлиги барчага аён.

Шаҳримиздаги «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 20-мактабгача таълим ташкилоти 1970 йилларда барпо этилган. Чиройли панжара тўсиқлар билан ўралган, боғчага олиб борадиган йўл асфальт қилинган, дарвозадан кирганингизда ҳовлининг маълум қисмига брусчатка терилган.

Ташқаридан қараганда, барчаси бинойидагидек. Бироқ, ичкарига кириб синчиклаб қарасангиз, аҳволни тушуниб етасиз. 60 ўринга мўлжалланган муассасада 41 нафар болажонларга таълим-тарбия бериб келинмоқда. Жиззах шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти вакиллари билан таълим масканига борганимизда 2 та гуруҳдаги болажонлар сони 20 нафардан ошганини кузатдик.

– Бугунги кунгача рўйхатга 41 нафар тарбияланувчиларимиз киритилган эди, бироқ бинонинг таъмирталаб аҳволдалиги ота-оналарнинг фарзандларини бошқа мактабгача таълим ташкилотларига олишига сабаб бўлди, – дея вазиятни изоҳлади мудира Марям Мамадиёрова.

Ҳақиқатан ҳам боғча ҳудудини кўздан кечирар эканмиз, ота-оналарнинг нақадар тўғри йўл тутганлигига гувоҳ бўламиз. Ахир ким ҳам жигарбанди деворлари нураб, шифтлари кўчиб, авария ҳолатига келиб қолган, полдаги ёғочлари синиб, оёқ босишга қўрқадиган, ҳашаротлар дераза ромларини кемириб ташлаган, қулаб тушадиган, хона бурчаклари моғорлаб, ўпирилиб тушаётган боғчада тарбияланишини истайди?! Мазкур мактабгача таълим ташкилотига фарзандини бераётганлар бу ҳолатдан бехабар дейсизми? Йўқ, афсуски, улар мажбур. Имкони ва шароити бор оилалар эса болаларини бошқа муассасаларга ўтказиб улгуришган. Бироқ шуни айтиб ўтиш лозимки, боғчанинг иситиш тизими яхши, гуруҳ хоналаридаги ҳарорат ҳам мўътадил.

Боғча шароитларини ўрганар эканмиз, ошхонага назар ташладик. Қаерда кўргансиз, раковинадан стол сифатида фойдаланилганини? Нима ҳам дердик, стол етишмагандан кейин кўрар кўзга қилинган, сув чиқмайдиган раковиналар муаммони вақтинчалик бартараф этишга хизмат қилаётган бўлса, бу мазкур таълим ташкилоти жамоасининг йўқни бор қилаётганидан далолат. Мавжуд бир донагина столнинг қўлбола усулда ясалганидан кейин шароитни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Боғча ҳовлисининг бир бурчагида ётган эски дераза ромлари, эшик ва шиферларига кўзимиз тушди. М.Мамадиёрова мазкур буюмлар капитал таъмирлашга тушган бошқа мактабгача таълим ташкилотларидан олиб келинганини, аранг турган муассаса шароитларини бироз бўлса-да яхшилаб, уларни алмаштиришга уринаётганлигини айтганида рўпарамизда жонкуяр раҳбар турганлигини англадик. Ваҳоланки, шундай раҳбарлар ҳам борки, юқорига мурожаат қилади, тамом. Јачонки муаммо ҳал қилиб берилса, ишлайди, бўлмаса йўқ. Раҳбар таъкидлаганидек, бу ишни улар болажонлар учун ҳам, ўзлари учун амалга оширишмоқда, Ахир, улар ҳам яхши шароитларда ишлашни исташади. Бино таъмирлаб берилса, тарбияланувчилар сони ҳам кўпаяди, маҳалла аҳолиси ҳам яқинда жойлашган боғча қолиб, бошқа ҳудуддаги муассасага фарзандларини беришмайди.

– Бир неча маротаба юқори турувчи ташкилотларга, ҳокимликларга мурожаат қилдим, – дейди МТТ мудираси Марям Мамадиёрова. – Бироқ деярли барчасидан бир хил мазмундаги жавоб хатларини олдим. Жавобларда  таълим ташкилотимиз таъмир талаб эканлиги ва  таъмирлаш ишлари 2022 йил давлат дастурига киритилиши бўйича таклиф берилиши айтилган.

Шу ўринда савол туғилади: биринчидан, 2022 йил давлат дастурига 20-мактабгача таълим ташкилотини киритиш бўйича таклиф берилса, бу таклиф ҳали қабул қилинадими, йўқми? Таклиф маъқулланган тақдирда ҳам яна бир йил болалар бундай шароитда қандай тарбияланади? Кунлар исий бошлади, болалар боғчаси ҳовлисида эса жисмоний ўйинлар учун шароит йўқ. Хўш, бундай вазиятда нима қилиш мумкин?

Иккинчидан, нима учун мутасадди ташкилотлар шу вақтгача жим туришди ёки улар вазиятдан бехабарми?

Учинчидан, агар мутасаддилар хабардор бўлса-ю, бу ҳолат узоқ йиллар кутишни талаб этса, яна қанча сабр қилиш мумкин? Наҳотки, бошқа ҳомийлик ва хайрия манбалари ҳисобидан муаммога ечим топишнинг ҳаракатини қилишнинг иложи бўлмаса?

«Излаган имкон топар», дейди доно халқимиз. Умид қиламизки, мазкур масалага мутасадди ташкилотлар эътиборини қаратади. Яқин кунларда 20-мактабгача таълим ташкилотида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилганлиги ҳақида хушхабар эшитамиз.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 13 март  №5

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 5

OAV nomi va parolini kiriting!