“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ФАРМАЦЕВТ РЕЦЕПТНИ ЎҚИЙ ОЛМАДИ

Фарзандларимиз касал бўлмасин. Уларнинг қўлига тикон кирса, ота-оналар қанчалик азоб чекишини изоҳлаш шарт эмас.

Қизимнинг тоби қочиб, кечки пайт вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига бордим. Шифокор кўригидан чиқиб, касалхона атрофидаги дорихонага айтилган дориларни олиш учун кирдим. Ёшгина йигитча рецептни ўқишга қийналди шекилли, телефонда ким биландир гаплашиб, унга телеграмм мессенжери орқали расм жўнатди ва дорилар номини сўраб олди. Ҳайрон қолганим – рецептда йўқ номлар қулоғимга чалинди. Фармацевт телефонни қўй-гач, елиб-югуриб рецептдаги барча дориларни келтира бошлади. Ҳисоб-китоб чоғига келганда, уни тўхтатдим:

– Рецептда парацетамол ёзилмаган-ку, тушунмасангиз, ўзимдан сўранг.

Боиси, шифокор тавсия қилган дориларини қандай ичишни номма-ном айтиб, ёзиб берган эди. Навбат кутиб турган икки киши ҳам бу ҳолатдан ҳайрон қолганини яшириб ўтирмади.

– Яна бизга ҳам бошқа дориларни бериб юборма, – дея кесатиб қўйди улардан бири. Ахир, бундай ҳолатга тушиб, тавсия этилган дори воситаси ўрнига бошқасини олиб кетганлар орамизда йўқ эмас, назаримда.

Дорихонадан чиқар эканман, ўйланиб қолдим: «Бу соҳада ишлаш учун ҳеч бўлмаганда тиббиёт коллежининг фармацевтика йўналишида ўқиган бўлиши керак эмасми? Ваҳоланки, ушбу йўналишда таълим олган кадр шифокор рецептини ўқий олиши шарт».

Ёши улуғ фармацевт аёлни танийман. Жиддий бўлмаган касалликларни уйда ўзи даволашни одат қилган, шифокор кўригига боришни истамайдиган кишилар келса, уларнинг гап-сўзига қараб дориларни тавсия қилади. Ҳатто ўзим ҳам баъзида шу фармацевт аёлдан маслаҳат олган вақтлар бўлган. Шукурки, уларнинг тавсиялари натижа бериб, саломатлигимни тиклаб олганман. Ўз касбига меҳри баланд ва соҳасини пухта эгаллаган мана шундай инсонларни кўриб хурсанд бўласан киши. Зеро, улар жамият ривожига ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Афсуски, шолининг соясида курмак ҳам сув ичгани каби ўз касбининг усталари қаторида қўл учида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Юқоридаги ҳолатда фармацевт йигитни ёш, тажрибасиз дейишимиз мумкин, бироқ инсон саломатлигига оид масала – дори-дармон савдосида бундай хато нохуш ҳолатларга олиб келмаслигига ким кафолат беради?

Ўрни келганда айтиш лозимки, дори-дармон хусусида сўз борганда, кўпчилик шифокорларнинг дори ишлаб чиқарувчи ва савдо қилувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаши, кўрикка борилганда мутахассислар айнан маълум бир фирманинг дори воситаларини ёзиб беришидан нолийди. Аҳолининг ҳақли эътирозларини инкор этмоқчи эмасмиз. Ҳақиқатан ҳам шифокорлар маълум бир фирма ёки дорихоналар билан келишган ҳолда беморларга рецепт ёзиб беради, сотилган доридан эса фойда олиши ҳам бор гап.

Бугун биз шифокорларнинг бу хатти-ҳаракатини қоралаш ниятида эмасмиз. Лекин мутасадди ташкилотлардан мазкур ҳолатларни назоратга олишини, айниқса, юқорида таъкидланганидек, дорихоналарда фаолият юритаётган фармацевт кадрларнинг салоҳиятига холисона баҳо берган ҳолда чора-тадбирлар кўришини сўраб қолардик. Зеро, инсон ҳаёти, саломатлиги – бебаҳо неъмат, унга ҳар қандай йўл билан дахл қилиш эса жиноятдан ўзга нарса эмас.

Гавҳар ЙЎлдош қизи

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 13 февраль №3) 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!