“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ХАЛҚНИНГ ДАРДИ БИЛАН ЯШАР ЭДИ

Журналистика соҳасининг фидойи инсонлари тўғрисида сўз кетганда, Акрам Иномов ҳаёти ва ижоди ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. У кишини нафақат Жиззах воҳасида, балки республиканинг барча ҳудудларида ҳам жуда яхши танишарди.

Акрам Иномов юртдошларини ягона эзгу мақсад йўлида эргаштира оладиган, эл-юртини жон дилидан севадиган фидоий ва айни пайтда бутун воҳанинг ҳурматига сазовор бўлган дилкаш инсон эди. Афсуски, камтаринлиги, ватанпарварлиги, юртга садоқати, ташкилотчилиги билан ўзининг алоҳида фуқаролик позициясига эга бўлган раҳбар – Акрам Иномов бугун орамизда йўқ. Журналист Илҳом Холматов томонидан тайёрланиб, вилоят телерадиокомпаниясида эфирга узатилган «Буни умр дерлар» кўрсатувининг навбатдаги сони воҳамиз журналистикасининг ривожига улкан ҳисса қўшган жонкуяр инсон Акрам Иномовнинг ҳаёт йўлига бағишланди.

Кўрсатув намойиш  қилинганидан кейин таҳририятимизга кўплаб қўнғироқлар бўлди, фикр-мулоҳазалар битилган хатлар келди. Қуйида улардан парчалар келтириб ўтишни лозим топдик.

Ўрол Ўрозбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

– Акрам Иномов ўз сиёсий позициясига эга, халқпарвар инсон эди. Касби тақозосигина эмас, балки инсонийлик жиҳатидан ҳам аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишга астойдил киришарди. Унинг ташаббуси билан ўтган йиллар давомида 18,5 минг аҳоли истиқомат қиладиган «Равот» қишлоғи, 10,4 минг аҳоли яшаётган «Қаҳрамон» қишлоғи, «Қулписар» маҳалласи тўлиқ газлаоштирилди ва ичимлик суви билан таъминланди «Қулама» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтган уч километрлик масофадаги марказий кўча асфальтланди.

Депутат сифатида у кўплаб одамларнинг оғирини енгил қилишни ўзининг энг олий мақсади деб биларди. Бевосита Акрам аканинг ташкилотчилиги туфайли Жиззах туманидаги «Сангзор» дарёси устидан Гандумтош қишлоғига ва Фориш туманига ўтувчи йўлда кўприк бунёд этилди.

Унинг ҳаракати билан Шароф Рашидов туманидаги «Зиёкор» ҚФЙ аҳолиси учун 2,5 километр масофада янгидан газ қувури тортиб келинди. Шу билан бирга у ҳар йили 10 дан зиёд кам таъминланган оилаларга ёрдам қўлини чўзиб келди.

Эркин Шермонов, Жиззах вилояти телерадиокомпанияси директори, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлинмаси раиси:

– Жиззахлик журналистларнинг устози Акрам Иномов жуда ўткир қалам соҳиби, теран дунёқараш эгаси эди. Ўзи раҳбарлик қилган «Жиззах овози» газетасининг саҳифаларида жуда кўплаб муаммоли, мулоҳазали таклифлар ўртага ташланди. Оқибатда Ғаллаорол туманидаги қаровсиз ҳолга келиб қолган сихатгоҳ ўрнида «Маржонсув» санаторийси, Жиззах шаҳридаги Етимтоғ ҳудудида «Истиқлол» болалар боғи, «Зиёкор» ҚФЙ ҳудудида «Жиззах» санаторийси, шаҳарда бўш ётган 86 гектар майдонда боғ-роғлар, «Ўрда экологик боғи» бунёд этилди. Шаҳардаги энг баланд фаввора бевосита унинг ташаббуси билан юзага келди. Шунингдек, бир неча йилдан буён қаровсиз ётган тоғ бағрида «Боғишамол» дам олиш оромгоҳи бунёд этилди.

Кўп йиллик самарали меҳнати учун Акрам ака вилоятимизда биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист фахрий унвони билан тақдирланган эди.

Журналист сифатида у кишидан кўп нарсани ўрганганмиз, ҳали ўрганадиганларимиз ҳам кўп эди. Фаолиятлари давомида яратиб кетган, «Жиззах овози» газетаси тарихидан сўзлайдиган музей эса бебаҳо мерос бўлиб қолди.

Улуғбек Адилов, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси бошлиғи:

– «Жиззах овози» газетаси вилоятда ўзининг алоҳида мавқеига эга бўлишида Акрам Иномовнинг ҳисса беқиёс. У киши газета саҳифаларида ранг-барангликни таъминлаш, долзарб ва мулоҳазага ундовчи, муаммо кўтарилган ва унга ечим бўладиган мақолалар беришга одатланган эди.  Газета ижодий жамоаси ҳар бир кўрик-танловларда мунтазам иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллашган ва бу давомийлик тусини олиб угурди. Газета Ўзбекистон босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг грантини ҳам қўлга киритган. Нафақат журналист, балки жасоратли, фидоий бу инсоннинг кўплаб шогирдлари айни пайтда республикамиздаги оммавий ахборот воситаларида фаолият кўрсатаяпти. Истиқлол йилларида у меҳнат қилаётган газетада бевосита Юртбошимизнинг Фармонига асосан 6 нафар газета ижодий ходими Давлатимизнинг мукофотларига сазовор бўлди.

Маъмура Юсупова, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ўамид Олимжон ва Зулфия ижод мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари:

– Ижодга қизиқишим ва уни рўёбга чиқаришда «Жиззах овози» газетаси, айниқса, устозим Акрам Иномовнинг улкан меҳнати бор. Дастлаб шеърларимни кўрсатиб, фикрларини билиш ниятида таҳририятга қадам қўйган бўлсам, кейинчалик публицистикага иштиёқим ортди. Секин-аста кичик хабар ва янгиликлар ёзишдан бошлаб матбуот соҳасига кирган бўлсам, кейин Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультетига ҳужжат топширдим. Ҳаётга теран кўз билан нигоҳ ташлашни, одамларнинг дард-у ғамини холисона ёритиб бериш, бир жумла билан улкан маъно-мазмун англатадиган мақолалар ёзишни шу инсондан ўрганганман. Ўз касбининг устаси, фидойи, элпарвар инсоннинг шогирди бўлиш ва ўткир қалам соҳибининг суҳбатини олишдек бахтга мушарраф бўлганимдан, тақдиримдан миннатдорман.

Акрам Иномов. У киши тўғрисида кўп ва хўп гапириш, эслаш мумкин. Бироқ шуни айтиш лозимки, «Жиззах овози» газетаси таҳририятига келганлар билади –  ижодкор ўзидан нафақат маънавий мерос, балки сархил мевали дарахтларга бой хушманзара боғ  қолдирди.  Ахир, айтишадику, «Яхшидан боғ қолади» деб. Мухтасар айтганда, Акрам Иномов ҳалол, виждони пок журналист эди ва одамлар ёдида доим шундайлигича эсланаверади.

Суҳбатдош: Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 13 февраль №3) 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!