“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БИР КЕЛИБ, КЕТИНГ ЮНУСОБОД КЎЧАСИГА

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларидан кўнгил яйрайди. Айниқса, йўлсозлик соҳасини ривожлантириш, йўлларни халқаро талаблар даражасига етказиш борасида сезиларли ишлар қилинаяпти.

Бироқ шаҳримиз ҳудудидаги ички йўлларнинг аҳволини кўриб, чекка туман-у қишлоқлардаги йўллар, кўчалар ҳақида гапиришга ҳам ҳожат йўқлигини англайди киши.

Шаҳримизнинг «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғини билан Шароф Рашидов туманидаги Учтепа даҳасини боғловчи 4-автобус йўналишининг бир қисми «Қалия» маҳалла фуқаролар йиғинидаги Юнусобод кўчасидан ўтади. Бу йўлдан ўтганлар яхши билишади: мазкур масофада гўё автобус ғалвир, йўловчилар эса худди ғалвирга тушгандек ҳис қилишади ўзларини. Йўловчилар ҳам бир кунда бир-икки маротаба ўтар бу йўлдан, аммо шу йўналишда қатнайдиган автобус ҳайдовчилари-чи? Уларнинг жонига тўзим берсин.

Охирги йилларда юртимиздаги об-ҳаво инжиқликлари йўллардаги камчиликларни яққол намоён этаяпти. Айниқса, кучли ёмғирдан сўнг йиғиладиган кўлмакчалар мавжуд чуқурларнинг янаям кенгайиб боришига сабаб бўлаяпти. Бу эса ўз-ўзидан ҳаракатланишда қийинчиликлар уйғотиши аниқ.

Бу ҳақда кўп гапирмоқчи эмасмиз, шунчаки мутасадди ташкилотлар мазкур муаммога эътибор қаратиб, уни ҳал этишга жиддий ёндошса ёмон бўлмасди.

Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА

(«Жиззах овози» газетаси, 2021 йил 30 январь №2) 

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!