“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МЕҲРИДАРЁ ШИФОКОР

Аёл – нозик хилқат, кўнгли эса унданда но­зик бўлса-да, унинг иродаси, сабр-бардошига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Аёл истаса, меҳри, ширин сўзи билан дунёларни обод қилиши, тошдан санъат асари яратиши мумкин.

Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини баҳшида этади.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси, Тиббиёт бўлими поликлиникасида қарийиб 20 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган Муҳайёхон Дадахўжаевани ана шундай аёллардан бири десак, асло муболаға бўлмайди.

Ширинсўз, касбига фидойи, меҳнатсевар, қалби пок, барча инсонларга яхшилик илинадиган, ҳеч кимдан ўз ёрдамини аямайдиган Муҳайёхон опа ҳақида фақат илиқ гаплар айтиш мумкин.

Муҳайё Дадахўжаева сама­рали фаолияти, қолаверса, қатор юксак инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида алоҳида ҳурмат-эътибор қозонган.

Олий даргоҳни муваффақиятли тамомлагач, Муҳайёхон опа дастлаб вилоят Перинатал марказида иш бошлаган. Йиллар давомида тажриба орттирди, устозларидан касб сирларини пухта эгаллашга ҳаракат қилди. Кейинчалик у вилоят Ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими поликлиникасига ишга ўтди. Айни пайтда у ультратовуш диагностика шифокори вазифасида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

Фаолияти давомида опа ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади, айниқса, жонкуяр, очиқкўнгил ва самимийлиги би­лан шифо излаб келувчиларга ҳушнудлик улашади.

Муҳайёхон опа ўз касбининг фидойи ва етук мутахассиси бўлиш билан бирга, оилада меҳрибон она, севикли рафиқа, оқила уй бекаси, набираларининг меҳрибон бувиси сифатида ҳам кўпларга ибрат бўла олади. Оиласининг тинчлиги, фарзанд ва набираларининг камоли унга ҳамиша куч ва шижоат бағишлади.

Ўзининг ибратли ишлари билан бутун жамоага намуна бўлиб келаётган Муҳайёхон опани шогирдлари, вилоятимиз Ички ишлар тизимидаги барча опа-сингилларимиз номидан Наврўзи олам билан муборакбод этаман. Оиласи, фарзандлари бахтига омон бўлсин, эл-юрт равнақи йўлида олиб бора­ётган ишларида ҳамиша омад ёр бўлсин.

Зулхумор Акбарова,

Асака тумани ИИБ ҲПБ

Профилактика инспектори, лейтенант

«Iqbol» газетаси 2021 йил, 19 март

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 4

OAV nomi va parolini kiriting!