“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Раҳбарнинг ёмон туши

Ҳар куни бир янгиси тайинланавериб, туман аҳолисиниг ярми ҳокимга, корхонани ярми директорга ўринбосар бўлди. Раҳбар ўринбосару маслаҳатчиларининг аниқ сонини билмайдиган, юзидан танимайдиган даражага келди. Бу хатто раҳбарнинг тушига кириб чиқадиган бўлди.
Кун бўйи чарчаб, ярим тундан ошганда оёқ узатади шўрлик. Кўзини юмди дегунича ҳар тарафдан ўринбосарлар мўрималаҳдек келаверади. Бири ёшлар бўйича, бири қариялар, бири эркаклар бўйича, яна бири аёллар. Ҳаммасидан ўтиб тушгани, охирги пайтлар бир болача кўп ўралашадиган бўлиб қолди. “Кимсан”, деса, “болалар бўйича ўринбосарингизман”, дейди.
Ҳар не бўлса ҳам меҳрибон аллоҳ раҳбар ёнига кўзлари ичига ботган, ранги докадек оппоқ бир нашаванд келиб, “гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ўринбосарингман”, яқинда ҳайит олдидан оқланиб келган яна биттаси “қотиллика қарши кураш бўйича ўринбосарингман”, дейишидан асрасинда.
Ўзи ажрашиш масалалари бўйича ўринбосарнинг топиб келадиган масалалари жондан ўтди.
Шу ҳаёллар устидан уйқу ғолиб келади. Аммо мавзу тушда давом қилади:
Ярим яланғоч бир шарманда нозлана-нозлана, минг ишва билан галстугини ўзига тортади. Димоғига ўткир атир ва упа элик ҳиди урилгандай бўлади. Қопдек бўлиб кетган лаблари билан нақ қулоғи тагига келиб, фоҳишаликка қарши кураш бўйича ўринбосарингмааан, дейди.
Ҳаяжон ва қўрқувдан сакраб ўриндан туради.
Бош тарафига хотини қўйиб қўйган идишдаги сувдан ҳўплаб, бироз ўзига келади.
Ташқарига чиқиб, лабига сигарета қистиради.
Яна ҳаёл: кунда-кунора бирон танишининг ўринбосари нимадир масалага аралашиб, қанчадир олаётганида қўлга тушаяпти. Икки ўртада ҳалол ва виждонли, бечорагина раҳбар шаънига кааатта доғ тушяпти. “Қўйнимда илон сақлаб юрган эканман”, деган гап бекоргамас, шекилли?
Эээээҳҳҳ, ҳалол бўлиш нақадар оғир. Аммо эпласа бўлади: эртагаёқ ўринбосарлар бўйича ўринбосар лавозимни жорий қиламан.
Унинг вазифаси, ўринбосарларнинг босар-тусарини тўғрилаб юришдан иборат бўлади.
Унга ҳам хизмат уйи, отнинг калласини бўйни билан ҳисоблаганга тенг маош, 390 миллиондан ошмайдиган мошина қилиб берамиз, арзийдиган харажат, ҳарна бир соат, тинчгина ухлайман.
Ҳар саҳар, қийналиб уйғонишдан қутулсам бўлди.

Алишер Равшан

«XXI ASR» газетаси, 2021 йил, 20 май

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!