“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

КОМПЛАЕНС-НАЗОРАТ – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ МУҲИМ ҚАДАМ!

Ишонч, садоқат, адолат ва интизом.

Давлат равнақи, фуқаролар турмушининг фаровонлиги қонунларга итоатнинг қай даражада боғлиқлигидан келиб чиқсак, юқорида санаб ўтилган тамойиллар ана шу боғлиқликнинг муҳим мезонлари экани янада ойдинлашади.

Содда қилиб айтганда, юртнинг ҳар бир фуқароси ўзини ишончли ҳис этиши, юртдошлар ва она ватанга садоқатли бўлиши, бу йўлда қатъий интизомга сўзсиз риоя қилиши адолат мезонларининг қай даражада устуворлигига боғлиқдир. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон коррупцияга қарши курашишда комплекс ёндашувга интилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар натижасида, мамлакатимиз узоқ муддатли ижобий динамикани намойиш этувчи 16 та давлат қаторида эътироф этила бошланди. “Transparency International” халқаро ташкилотининг коррупцияга оид индекси бўйича, 2010 йилдан бери Ўзбекистон ҳар йили ўз мавқеини тадрижий равишда яхшилаб келмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон 25 балл билан 180 давлат ичида 153-ўринда қайд этилган бўлса, 2010 йилда 16 балл билан 172-ўринда эди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар эса, давлат миқёсида ҳам, нодавлат ташкилотлари, қўйингки ҳар бир фуқаро ҳаёти мисолида давом этмоқда. Албатта, мазкур жараёнда натижавийликка эришишда юртдошларимизнинг ҳуқуқий маданияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Бунинг учун эса, зарур шароит, мустаҳкам ҳуқуқий база талаб этилади.

Жиддий муаммонинг жиддий ечими

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”. Президентнинг бу муаммога омма эътиборини қаратаётгани давлат сиёсатида коррупцияга барҳам бериш масаласи нечоғлиқ устувор эканига далолат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони қабул қилингани бунинг амалий тасдиғидир. Хужжат билан қатор ислоҳотларни тизимли равишда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Хусусан, 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизими (“комплаенс-назорат”) ни босқичма-босқич жорий этиш вазифаси қатъий белгиланган. Хорижий амалиёт таҳлили бозор иқтисодиёти қонунларга асосланган мамлакатларда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат ва хусусий сектор иштирокчиларининг халқаро стандартлар, қонун ҳужжатлари ва бошқа замонавий усулларга мувофиқ самарали фаолият юритишини таъминловчи муҳим воситалардан бири ўз таркибида коррупцияга қарши курашиш комплаенс назорат (compliance control) тизимини ташкил этиш эканини кўрсатади. Зеро мазкур ёндашув давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро стандартлар, қонун ва бошқа меъёрий ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ ташкил этувчи, коррупция хавф-хатарлари, манфаатлар тўқнашувини ўз вақтида аниқлаш ва чек қўйиш, қонун бузилиши ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар беришни ўзида мужассам этган профилактик тизимдир.

Мақсад аниқ, шаффофлик орқали адолат!

АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” тизимида мазкур Фармон ижроси доирасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги фаолиятни самарали ва таъсирли восита ҳамда усуллар асосида мунтазам ташкил қилиш мақсадида, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар доимий равишда, алоҳида режа асосида ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жумладан, банк ва унинг ҳудудий тузилмаларида Коррупцияга қарши курашиш “комплаенс назорат” тизимини жорий этиш юзасидан 2020 йил 8 октябрь куни Бошқарув раисининг 728-сонли буйруғи асосида Бош банк ходимларидан иборат яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича комиссия тузилди. Унинг асосий вазифаси, банк ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини ҳамда соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ўрганиб чиқишдан иборат бўлиб, шу асосда тизимдаги мавжуд коррупцион  ҳолатлар ва уларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳамда муаммоларини аниқлашдан иборат.

Амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, халқаро ташкилотлар тавсияларига мувофиқ сиёсат, ички тартиблар ва бошқа норматив хужжатларни такомиллаштириш, зарур ҳолларда янги хужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳам комиссия аъзоларининг муҳим вазифалари сирасига киради. Бу борада қатор лойиҳалар ҳам тайёрланди ва таклиф сифатида банк раҳбариятига киритилган. Уларни яна такомиллаштиришга қаратилган муҳокамалар олиб борилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ишларни янада самарали ташкил этиш мақсадида, банк Бошқарувининг тегишли қарори асосида 2020 йил 1 декабрь куни банкнинг Ички назорат бошқармаси қайта ташкил қилиниб, Ички ва комплаенс назорати бошқармаси ва унинг таркибида “комплаенс назорат” бўлими ташкил қилинди. Бугунги кунда бўлим томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, кўрилган чоралар натижасида, АТБ “Қишлоқ қурилиш банк”да тасдиқланган Одоб-ахлоқ қоидалари коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларига тўлиқ мувофиқлаштирилди. Банк кенгашининг 2021 йил 18 февраль кунги 14-сонли қарорига асосан, Коррупцияга қарши курашиш сиёсати қабул қилинган. Янги таҳрирдаги Одоб-ахлоқ қоидалари банк Бошқарувнинг 2021 йил 29 мартдаги №8-сонли қарори асосида тасдиқланиб, 1 апрелдан кучга кирди.

Ўз навбатида, қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисида хабар бериш бўйича тартиб ва регламентлар, хизмат жараёнида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ҳамда бу ҳолатда ходимнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш бўйича тартиб ишлаб чиқилди.

Коррупция ҳолатлари мавжуд бўлиши мумкин бўлган ёки бундай ҳаракатларга уриниш имконияти бор жиҳатлар таҳлил қилиниб, қатор хужжатлар қайта кўриб чиқилди. Булар жумласига мувофиқлаштирувчи органлар билан самарали ҳамкорлик қилиш, хизмат сири ёки махфийлик қоидаларига риоя қилиш, давлат хариди бўйича тартиб ва доимий мониторинг олиб бориш низоми ишлаб чиқилиб, амалга киритилди. Эндиликда мазкур жараёнларда аниқ қоида ва нормалар амал қилади. Уларга амал қилмаслик ёки қабул қилинган қоидаларни четлаб ўтишга уринишлар ўз вақтида аниқланиб, тегишли чоралар кўрилиши ушбу хужжатларнинг амалий аҳамияти юқори бўлганини кўрсатмоқда.

Банкда ишга жойлашиш жараёни шаффоф ва амалдаги қонун талаблари асосида ташкил қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда, айни пайтда бўлим томонидан хизматга қабул қилишда номзодларни текшириш бўйича йўриқномалар ёки ишга қабул қилиш жараёнини тартибга солувчи ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ишлари давом эттирилмоқда.

Банк тизимида коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг яна бир шакли, ходимлар учун тегишли мавзуларда мунтазам равишда семинар-тренинглар ўтказиб турилишидир. Зотан коррупцияга қарши курашда ҳар қандай ёндашув ўз натижасини бериши табиийдир. Уларнинг энг самаралиси эса, касбий салоҳияти билан бир қаторда, ҳуқуқий билимлари ҳам юқори бўлган, миллий қонунчилик ва мижозларга ҳурмат руҳида фаолият олиб борадиган ходимларни тайёрлашдир.

Ушбу масала банк тизимида алоҳида эътиборга олинган.

Алишер Равшанов,

Банк ахборот хизмати бош мутахассиси

«Банк ахборотномаси» газетаси, 2021 йил, 12 май

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!