“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Асрларни ортда қолдирган йил, ёхуд  ўзбек журналистикасидаги янгиланиш

“Ҳар қандай мураккаб шароитда ҳам адолат тамойилига, ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолиш, одамларни қийнаётган камчилик ва муаммоларни дадиллик билан кўтариб чиқиш, уларни бартараф этиш учун жамоатчилик фикрини шакллантиришга, аввало, сизлар каби маънавий жасорат эгаларигина қодир бўлади.”

Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг оммавий ахборот воситалари ходимларига қарата айтган ушбу фикрлари ҳар бир журналистда ушбу соҳани танлагани учун мамнунлик ва қалбида ғурур туйғусини жўш урдирган бўлса ажабмас. Бу каби эътироф ва самимий фикрларни мамлакат раҳбари тилида жарангланишини узоқ йиллар мобайнида кутмадикми? Кутдик, чиндан ҳам кутдик.

Ортга бир назар

Биз билган, биз қадрлаган Абдулла Қодирийлар, Абдулла Авлонийлар, Чўлпону Фитратлар ҳақиқатни айтгани ва ёзгани учун қатл этилмадими? Қанчадан-қанча қалами ўткир журналистларимиз мустақилликдан олдин ҳам, кейин ҳам жамият юзига кўзгу тутгани учун ўз юртидан бадарға қилинмадими? Булар тарих, уни ўзгартириб бўлмайди. 1992 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Унинг 67-моддасида оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.
Цензурага йўл қўйилмайди, дея белгилаб қўйилган бўлсада, ҳар қадамда цензура билан тўқнашавердик. Ҳаттоки, барча мутасадди органлар эшиклари биз учун ёпилди. Ёш, ўз мустақил фикри, ғоя ва тафаккури теран ёш журналист ходимлар редакция ва телерадиокомпаниялар эшигидан қувилгани ҳам сир эмас. Қўлига журналистик дипломини олган ёшлар ўз ҳудудига қайтганида иш тополмай соҳасини ўзгартиргани, қайта тайёрловдан ўтиб ўқитувчилик қилгани ҳам анчагина эди. Аммо мамалакатда мажбурий обунага чек қўйилиши билан газета ва журналларда қисқартиришлар қилинишига тўғри келди. Буни қарангки, яна журналистлар орасида ишсизлар сони ортди.

Янгиланиш чорраҳасида

Сўнги уч йил республикамизда барча соҳаларда улкан ислоҳотлар ўтказилди. Халқ таълими, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт тармоқлари фаолиятида қатор имтиёзлар жорий этилди. Ўз-ўзидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам соҳада янги бир бурилиш, ўзгариш бўлишидан умидвор эди. 2019 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 4151-сонли қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан Агентликнинг Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган эканлиги белгилаб берилди. Бу эса оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қулувчи ягона давлат орган яратилганлигини кўрсатди.

Шу ойнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4366-сонли қарори қабул қилинди. Мазкур қарорда барча вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда ахборот хизматлари штатлари ташкил этилиб, ушбу вазифага фақатгина журналист маълумотига эга кадрлар қабул қилиниши белгилаб қўйилди. Қанчадан-қанча журналист ходимлар ўқитувчиликни қўйиб ўз севган соҳасида фаолият юритиши учун ахборот хизмати раҳбари вазифаларига қабул қилинди. Ана энди журналистлар жамиятда яна ўз ўрнини топа бошлади. Чунки ушбу қарорда ҳар бир ваколатли орган, вазирлик ва маҳаллий ҳокимликлар бўладими, барчаси оммавий ахборот воситаларида кўтарилган ҳар бир танқидий ва таҳлилий чиқишларга ўзининг расмий муносабатини билдириши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Биргина Агентликнинг Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасида 48 киши маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва хўжалик органлари ахборот хизмати вазифасига тайинланиши учун суҳбатдан ўтказилди. Уларнинг 35 нафари аттестациядан ўтказилди. Бугунги кунга қадар ушбу ахборот хизматлари томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалалар юзасида 400 дан ортиқ расмий муносабатлар тайёрланиб эълон қилинди. Вилоятда бўлаётган ҳар бир ўзгариш ва янгиланишдан хабардор бўлиш учун, у вилоят марказидами ёки энг чекка туман, қишлоқдами узоққа қатнашига ҳожат қолмади. Чунки ҳар бир ҳудуддаги ахборот хизмати раҳбари дарҳол ушбу хабарни ўзининг ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида эълон қила бошлади. Ҳаттоки, мамлакатимизнинг исталган ҳудудида бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳам Агентлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва ахборот хизматлари ёрдамида ўша заҳоти кенг оммага етказилмоқда. Айниқса, мамлакатда пандемия элон қилинганидан то бугунги кунга қадар аҳолини тўғри ва аниқ, холис ахборот билан таъминлашда ахборот хизматлари оммавий ахборот воситалари билан жипсликда фаолият юритишди. Балким, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, соғлиқни сақлаш ходимлари фаолияти сингари журналистлар фаолияти кўзга кўринмагандир. Аммо аҳолининг хотиржамлиги, уларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, ваҳима ва шов-шувга берилмасликлари учун оммавий ахборот воситалари асосий ва муҳим вазифани бажарганлари ҳақиқат.

Эркин Вохидов ўзинг “Қалб” шеърида таъкидлаганидек, инсон қалбини меҳваридан чиқармоқ учун атом жанги эмас бир сўз кифоя. Журналистлар айнан сўз марваридидан шодалар тўқиб, инсонлар кўнглига таскин, хотиржамлик бағишлайдиган, лозим ўринларда аҳоли ва унинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун жамиятдаги муаммо ва камчиликларни мутасаддиларга етказувчи кўзгу вазифасини бажаришлари ҳам бор гап.

Муаммодан юз ўгириб бўлмайди

Аммо шу ўринда ОАВ фаолияти тўлиқ ислоҳ қилинди дея олмаймиз. Чунки, газета ва журналлар фаолиятида муаммолардан юз ўгириб бўлмайди. Айниқса маҳаллий ҳокимликлар муассислигидаги газеталар фаолияти оғриқли нуқталигича қолмоқда. Аммо бу борада қарор лойиҳаси тайёрланиб тасдиқланиш арафасида эканидан хабаримиз бор. Сабаби лойиҳа билан танишиб бир қатор журналистлар томонидан қўшимча таклифлар билдирилганди. Аммо ушбу таклифлар қай даражада қабул қилинганини билмасакда, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида барчамиз учун хайрли бўлган, газета ва журналларимиз фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган янги қарор қабул қилинишидан умидвормиз.

Қутлов

Жонкуяр ва фидокор журналистлар, қадрли ҳамкасблар сизлар яқинлашиб келаётган касб байрамингиз билан чин кўнглимдан табриклайман. Ҳамиша сўзингиз кескир, қаламингиз ўткир бўлсин. Сиз жамият юзига тутаётган кўзгу ҳамиша оламга эзгулик ва яхшиликларни таратаверсин. Байрамингиз муборак бўлсин!

Наргиза Қувончева, журналист

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бухоро вилоят бошқармаси бош мутахассиси

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан 2021 йилда чоп этилган “Умид ёғдуси” китобида  140-143 бетлар

“Бухоронома” газетаси  2020 йил 27 июнь 43-44- сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 4.2 / 5. Baholaganlar soni: 10

OAV nomi va parolini kiriting!