“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

* Сарҳисоб 

Халқ таълими: фаолият, натижалар, режалар

 

Мамлакатимизда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли барча соҳалар қатори таълим тизимига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмайдиган, жаҳон майдонларида ўзбек номини муносиб ҳимоя қила оладиган ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялашдек буюк мақсадни юзага чиқариш йўлида улкан қадамлар ташланаётганига бугун ҳар биримиз гувоҳмиз.

Айниқса, халқ таълими муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ўқитувчилар обрў-нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар янги босқичга кўтарилди.

Хўш, бу борада вилоятимизда қандай ишлар амалга оширилди? Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза МУСТАФАЕВА билан суҳбатимиз шу ҳақда бўлди.

– Халқ таълими бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият бошлаганингизга кўп бўлгани йўқ. Аммо тизимда шу қисқа фурсатда анчагина ўзгаришлар қилганингиз ҳақида эшитяпмиз. Келинг, бугун Сиз билан ана шу ҳақда, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида суҳбатлашсак.

– Бугун мамлакатимизнинг қай бир соҳасини олиб қарамайлик, улкан ўзгаришлар, янгиланишларга юз тутаётганига гувоҳ бўламиз. Хусусан, халқ таълими тизимида кейинги 4 йил ичида салмоғи ўн йилликларга тенг туб бурилишлар қилинди. Айни пайтда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга киришилгани таҳсинга лойиқ. Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон, “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг имзоланганлиги тизимда муҳим тарихий воқеа бўлди. Мазкур ҳужжатларда таълимда мавжуд муаммоларнинг ечимлари аниқ кўрсатилган бўлиб, улар яқин беш йил ичида ўз натижасини кўрсатадиган, мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартиришга асос бўладиган қудратли манба бўлиб хизмат қилишига асло шубҳа йўқ.

– Ҳар бир соҳанинг истиқболи унда фаолият юритаётган малакали ходимлар меҳнатига боғлиқ, албатта. Халқ таълими тизимидаги педагог ходимлар ва уларнинг билим, салоҳияти ҳақида маълумот берсангиз?

– Вилоятда 536 та умумтаълим мактаби мавжуд. Уларда 329 минг 787 нафар ўқувчи таҳсил олиб, ўқув жараёнини 28 минг 575 нафар педагог олиб бормоқда.

Таълим сифати ва самарадорлиги ушбу жараённи олиб борувчи педагогнинг салоҳиятига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Шу боис ҳам таълим муассасаларини салоҳиятли педагог кадрлар билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Вилоятдаги 28575 нафар педагог ходимнинг 26145 нафари, яъни 91,5 фоизи олий, 116 нафари (0,40 %) тугалланмаган олий, 2314 нафари, яъни 8,1 фоизи ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар. Ўқитувчиларнинг 1017 нафари (3,6 %) олий тоифали, 4194 нафари (14,5 %) биринчи тоифали, 7012 нафари (30,8 %) иккинчи тоифали, 14622 нафари 51,1 %) мутахассис тоифали ўқитувчилар.

Ўтган  йилларга нисбатан олий маълумотли ўқитувчилар 1377 нафарга ошди. 374 нафар ўқитувчи олий ўқув юртларининг махсус сиртқи бўлимларига кириши ҳисобидан вилоятда ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар сони камайди. Шунингдек, олий тоифали ўқитувчилар 8 нафарга, 1-тоифали ўқитувчилар 50 нафарга, 2-тоифали ўқитувчилар 1780 нафарга ошди.

Берилаётган имкониятлар туфайли вилоят халқ таълими тизимида эркак ўқитувчиларнинг сони 2020 йилда 2016 йилга нисбатан 1612 нафарга ошиб, 7099 нафарга етди. Бу кўрсаткич умумий ўқитувчилар сонига нисбатан 24,8 фоизни ташкил этмоқда.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига қарашли таълим муассасаларида 85 нафар педагог кадрга эҳтиёж мавжуд. Вакант иш ўринларни тўлдириш бўйича ҳудудий халқ таълими бўлими мудирлари томонидан иш олиб борилмоқда. Барча таълим муассасалари томонидан ҳар ойда мавжуд эҳтиёжлар бўйича Ish mehnat.uz сайти орқали маълумот бериб борилади.

Вилоятдаги олий таълим муассасаларининг педагогика йўналишларида ўқиётган маҳаллий ёшларни ишга жалб қилиш бўйича олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жорий йилда 1692 нафар олий таълим муассасалари битирувчилари таълим муассасаларига иш сўраб мурожаат қилган.

Вилоятдаги мактаблар бугунги кун талабига жавоб берадими? Уларда ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш ишлари қай даражада олиб борилмоқда?

– Таъкидлаш лозим, кейинги йилларда умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Қурилишлар сони деярли 50 фоизга, реконструкция қилинган ва мукаммал таъмирланган мактаблар сони 25 фоизга, спорт заллари сони 20 фоизга ошди.

Биргина жорий йилда Инвестиция дастури ва инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган маблағлар доирасида 19 та объектда 84,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари учун маҳаллий бюджетдан 19,2 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш доирасида 155 та муассасада жорий таъмирлаш, 49 та таълим муассасасида 128 дона энергия тежамкор иситиш қозонлари ўрнатиш ишлари якунланди. Куз-қиш мавсумига тайёрлаш доирасида 6 минг 734 тонна ёки 100 фоиз кўмир (брикет) маҳсулотлари мактабларга етказиб берилди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан қўшимча равишда яна 579 тонна кўмир олиб берилди.

– Бугун мамлакат даражасида Қоракўл халқаро математика мактаби эътироф этилаётгани қувонарли. Республиканинг барча ҳудудларидан Тўхтамурод Жумаев яратган мактаб тажрибасини ўрганиш учун келаётганларнинг кети узилмаётгани ҳам айни ҳақиқат. Вилоятимиздаги ихтисослаштирилган мактаблар тўғрисида тўлиқроқ маълумот берсангиз. 

– Бугун бир нарсани фахр билан айтишимиз жоиз, Бухоро вилояти таълими мамлакатда етакчи ўринга эга. Хусусан, Қоракўл халқаро математика мактаби қатор йиллардан буён халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларидаги ютуқлари билан Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Сўнгги уч йилда мазкур мактаб ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида 20 та олтин, 9 та кумуш ва 9 та бронза медални қўлга киритишди. Дарҳақиқат, бугун Қоракўл халқаро математика мактаби нафақат вилоятда, балки бутун республикамизда ўқувчиларга чуқур билим бериш бўйича “Маҳорат мактаби” вазифасини ўтамоқда.

2020  йил 7 майда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, 2020-2023 йиллар мобайнида ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш режалаштирилган. Бухоро вилоятида ҳам 4 та ҳудудда, яъни Когон шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Жондор туманидаги 49-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, Олот туманидаги 17- ҳамда Пешкў туманидаги 31-умумий ўрта таълим мактаблари негизида математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди. Бу мактаблар белгиланган тартибда туман (шаҳар)лар ҳокимлари томонидан оталиққа олиниб, моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Айни пайтда малакали кадрлар билан таъминланган мазкур илм масканлари ўз фаолиятини бошлади.  Математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган бу умумтаълим мактабларига ҳам Қоракўл халқаро математика мактаби таянч мактаб сифатида белгиланган.

Шунингдек, Президентимиз томонидан жорий йилнинг 12 августида “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, республиканинг ҳар бир ҳудудида босқичма-босқич кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 14 та таянч ихтисослаштирилган мактаб, туман (шаҳар)ларда кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 150 та мактаб ташкил этилиши кўзда тутилган. Вилоятимизда ҳам кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та мактаб – Ромитан туманидаги 11-,  Қоракўл туманидаги 43- ва Жондор туманидаги 2-ИДУМлар ўз фаолиятини бошлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 ноябрдаги “Бухоро заминида етишиб чиққан зиёли аждодларимизнинг илмий мерослари, ушбу заминнинг бой тарихини инобатга олган ҳолда, келажакда етук олим ва зиёлиларни етиштиришга пойдевор бўлувчи мактаб таълимининг “Бухоро тажрибаси”ни жорий этиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган йўл харитаси”га асосан, бобокалонимиз, бутун дунё тан олган буюк табиб, аллома таваллуд топган замин – Пешкў туманида табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш ҳам белгиланган эди. Айни пайтда тумандаги 4-умумий ўрта таълим мактаби негизида ана шундай ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этилди.

2021 йилдан Бухоро шаҳридаги 7-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби негизида информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб фаолият бошлайди. Мазкур мактаб Бухоро давлат университети, Тошкент давлат техника университети қошидаги Ўзбек-Япон ёшлар инновацион маркази, “UNICON.UZ фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази” ДУК, “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” ДМ томонидан оталиққа олинган бўлиб, айни пайтда муассасани жиҳозлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш борасида қизғин иш олиб борилмоқда.

Бу хатти-ҳаракатлар замирида келажагимиз эгалари бўлган фарзандларимизни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш ва мамлакатимиз тараққиётини юқори чўққиларга кўтариш мақсади мужассам, албатта.

– Вилоятимизда битирувчиларни олий таълимга жалб этиш ва бандлигини таъминлаш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

– Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга инсонлар бўлиб етишишини таъминлаш борасида улкан имкониятлар яратилган. “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун мамлакатимизнинг ушбу йўналишдаги асосий тамойилларини белгилаб бериб, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб  тарбиялаш, истеъдодини юзага чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашда муҳим  ўрин тутмоқда.

Айни пайтда олдимизда турган муҳим вазифалардан бири – мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйган битирувчиларимизнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларига эга бўлишларига кўмаклашишдир. 2019-2020 ўқув йилида вилоятимиздаги 533 та умумтаълим муассасаларида таҳсил олган ўқувчиларнинг 25413 нафари 11-синфни тамомлади. Уларнинг 19349 нафари олий ўқув юртларида, 1194 нафари коллеж ва техникумларда ўқиш истагина билдиришган. Қолган 4868 нафар битирувчиларимиз айни пайтда маҳаллий ҳокимликлар кўмагида иш билан таъминланмоқда. Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, аъло баҳолари ва намунали хулқи учун 446 нафар битирувчи олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланди.

Битирувчиларнинг олийгоҳларга кириш кўрсаткичлари бўйича ўтган ўқув йилида вилоятимиз юқори натижани қайд этган эди. Жорий йилда ҳам Бухоро вилояти рейтингда ўтган йилги ўрнини сақлаб қолди. Жорий йилда битирувчиларимиздан 5508 нафари турли ОТМлар талабасига айланди. Бу битирувчиларнинг 21,7 фоизини ташкил этмоқда. Натижаларимиз салмоғини янада кўтариш мақсадида ОТМ–МАКТАБ ҳамкорлик лойиҳаси асосида битирувчилари олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича паст натижага эришган вилоятдаги 20 та умумтаълим мактаби олий таълим муассасаларига бириктирилди.

– Тўғри, ёш авлод учун сарфланган сармоя, кўрсатилган эътибор, албатта, келажакда ўз самарасини беради. 2020 йил якунланиб бормоқда, бугун фахр билан халқ таълими тизимидаги яна қандай ютуқларни эътироф эта оласиз?

– Сўнгги йилларда ёшларни ҳар томонлама етук, билимли, маънавий жиҳатдан баркамол қилиб тарбиялаш, уларнинг истеъдодларини қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказиб келинаётган фан олимпиадаларининг республика ва халқаро босқичларида ўқувчиларимиз фаол иштирок этмоқда. Хусусан, якунланган ўқув йилида ҳам улар қатор ютуқларни қўлга киритишди.

Жумладан, Озарбайжоннинг Боку шаҳрида 14-16 ёшдаги ўсмирлар ўртасида ўтказилган III Халқаро интеграциялашган фан олимпиадасида бухоролик ўқувчилар ҳам иштирок этиб, совринли натижаларни қайд этдилар. Қоракўл халқаро математика мактаби 8-синф ўқувчиси Анвар Раҳматов кумуш, 10-синф ўқувчиси Севара Остонова бронза медалга сазовор бўлди, 8-синф ўқувчиси Тўймурод Қодиров эса фаол иштироки учун фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

Қозоғистон Республикаси Олма-ота шаҳрида математика, физика ва информатика фанларидан бўлиб ўтган 16-Халқаро Жаутиков (IZHO) олимпиадасида Пешкў туманидаги 18-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев кумуш,  Ғиждувон туманидаги 5-ИДУМ 10-синф ўқувчиси Диёрбек Толибов бронза медаль соҳиби бўлишди.

Жорий йилда онлайн тарзда ўтган 54-Халқаро Менделеев олимпиадасида  Бухоро шаҳридаги 35-мактабнинг 10-синф ўқувчиси Собиров Фирдавс ва Жондор туманидаги 49-ИДУМ 11-синф ўқувчиси Акобир Нарзуллаевлар бронза медалларини қўлга киритишди. Бу икки иқтидорли ўқувчи 52-Халқаро кимё олимпиадасида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси таркибида муносиб иштирок этишди. Натижаларга кўра, Фирдавс Собиров бронза медалиги сазовор бўлди, Акобир Нарзуллаев эса фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Яна бир ютуғимизни алоҳида эътироф этишни жоиз топган бўлардим. 2019-2020 ўқув йилида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси томонидан умумтаълим муассасалари рейтингини аниқлаш доирасида ўтказилган назорат ишлари ва сўровномалар натижаларига кўра, Бухоро вилояти умумтаълим муассасалари энг юқори кўрсаткични қўлга киритди.

– 2020 йил анча оғир йил келгани барчага аён. Пандемия мактаб таълимининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлди. Аммо тез фурсатларда фарзандларимизни таълимдан узиб қўймаслик учун онлайн дарслар ўтилиши йўлга қўйилди. Мактаб ўқитувчиларига кўрсатилган услубий ёрдамлар, онлайн дарслар ташкил этиш ишлари қай тарзда амалга оширилди?

– 2019-2020 ўқув йилида таълим-тарбия жараёни, асосан, онлайн тарзда олиб борилди. Пандемия даврида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Online maktab”ни назорат қилиш учун халқ таълими бошқармаси ва туман, шаҳарлар халқ таълими бўлими методистлари томонидан ижтимоий тармоқларда ташкил этилган гуруҳлар орқали каскад усулида онлайн дарслар мунтазам назорат қилиб борилди. Вилоят халқ таълими бошқармаси ташаббуси билан ҳам 1-11-синфлар кесимида ўзбек ва рус тилларида 22 та телеграм канали ташкил этилди. Мазкур телеграм каналлари ўқув йили мобайнида ўқувчиларнинг ўқув дастуридаги мавзуларни осон ўзлаштиришлари ва билим олишларида яқин кўмакчи бўлди. Бу жараёнга вилоятдаги энг илғор, ижодкор ва маҳоратли ўқитувчиларнинг қарийб 200 нафари жалб этилди. Улар томонидан кўплаб қизиқарли видео ва аудиоёзувлар, видеороликлар, слайд-тақдимотлар, тест топшириқлари, бошқотирмалар ҳавола этилди. Турли мавзулардаги интеллектуал мусобақалар, кичик олимпиадалар ҳамда викториналарнинг ташкил этилганлиги ҳам машғулотларнинг самарали бўлишини таъминлади.

Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, педагог ходимлар касбий компетентлигини такомиллаштириш, ўқитувчиларнинг назарий билимларини ривожлантириш мақсадида вилоятда барча фанлар йўналишида 165 та таянч мактаб ташкил этилган бўлиб, уларда 300 га яқин тренер-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда. Таянч мактаблар фаолиятини оммалаштириш мақсадида жорий йилда 9 та ўқув-амалий семинар ташкил этилди ва методистлар томонидан 12 та методик тавсия, 42 та намунали дарс ишланмаси, тест топшириқлари намуналари, 85 та дарс тақдимоти ишлаб чиқилди. Жорий ўқув йилида 25 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси вилоятда, 9 нафар педагог ходимнинг иш тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди.

– 2020 йил якунларини сарҳисоб қиларкан эмиз, табиийки, келадиган янги йил учун ҳам қатор режаларни тузиб оламиз. Юқоридаги ижобий ўзгаришларни давом эттириш билан бирга, вилоят халқ таълими тизимида яна қандай ишларни амалга ошириш режалаштириляпти?

– “Замонавий мактаб” талаблари асосида 45 та таълим муассасасида янги қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш олиб бориш масаласини 2022-2024 йиллар Инвестиция дастурига киритиш;

– 2020-2022 йиллар давомида вилоятдаги ҳожатхоналари таъмирталаб бўлган 303 та мактабда, шунингдек, янгидан қурилиши лозим бўлган мактабларда кўп маблағ талаб этмайдиган янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, бунда лойиҳа ечими ихчам ва замонавий бўлган энерготежамкор контейнерлардан фойдаланган ҳолда бу ишларни амалга ошириш чораларини кўриш;

– вилоятдаги умумтаълим муассасаларининг кенг полосали Интернет тармоғига уланишини жадаллаштириш;

– барча умумтаълим муассасаларини Халқ таълими вазирлигининг ягона корпоратив тармоғига улашни таъминлаш. Бунда мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасаларининг ўқув синфлари ва кутубхоналарида WI-FI зоналарини ташкил этиш харажатларини молиялаштиришни марказлашган республика бюджетида назарда тутиш;

– вилоят ҳокимлиги  билан биргаликда 2021 йилдан бошлаб вилоятнинг туристик салоҳиятини ҳисобга олиб ҳамда ички имкониятлардан келиб чиқиб,  11-синф битирувчиларини иш билан таъминлаш масалаларида омил бўла оладиган таълим туризми лойиҳасини жорий этиш чораларини кўриш;

– 2021 йилда ўтказилиши режалаштирилаётган Халқаро тадқиқотларда ўқувчиларнинг муносиб тарзда иштирокини таъминлаш ва юқори натижаларга эришишдек эзгу ният ва режаларимиз бор.

Эртанги кунимиз эгалари, юртимиз келажаги бўлган ёш авлодни тарбиялаш, таълим олиши учун яратилаётган бу имкониятлар, меҳнатлар, албатта, юрт тақдирида, истиқболида ўз самарасини кўрсатишига шубҳа йўқ. Президентимиз айтганларидек, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам – бу илм-фан, таълим ва тарбия.

– Самимий суҳбат учун ташаккур. Келгусидаги фаолиятингизга омад ва муваффақиятлар тилаймиз.

“Бухоронома” мухбири

Наргиза ҚУВОНЧЕВА суҳбатлашди

“Бухоронома” газетаси 2020 йил 14 декабрь 95-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!