“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

*Байрам йўқламасида: Қоровулбозор тумани

САНОАТ ТУМАНИНИНГ ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛЛАРИ

Инвестицион лойиҳалар самараси

Мамлакатимизда сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция жалб қилиш ва бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, иссиқхоначилик фаолияти бўйича амалга оширилаётган ишларнинг салмоғи ортиб бормоқда.

Тумандаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Турон банк” АТБ томонидан 50 гектар майдонда лойиҳа қиймати 79 миллиард сўм бўлган, барча қулайликларга эга (газ, электр энергияси, сув), лимончиликка ихтисослаштирилган иссиқхона (лимонария) ташкил этилади. Унда ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун 50 сотихдан ер майдони ажратилиши кўзда тутилган.

Бунда “Турон банк” АТБ томонидан тақдим этиладиган 18 фоизли имтиёзли кредитнинг 9 фоизи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қоплаб берилади. Ушбу лойиҳа жорий йил 1 октябрига қадар тўлиқ амалга оширилиб, тадбиркорлик субъектларига топширилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида 350 та доимий иш ўрни яратилади.

Қоровулбозор анорлари жаҳон бозорига чиқади

Бугун мамлакатлар ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. “АБС Қоровулбозор” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, хорижий инвестор Н.Ниаматуллоҳ томонидан “Жарқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида анор етиштириш бўйича йўлга қўйилаётган лойиҳа мазкур йўналишдаги навбатдаги ташаббуслардан биридир.

Лойиҳанинг умумий қиймати 125 минг долларга тенг бўлиб, маҳсулотнинг 80 фоизини экспортга, 20 фоизини ички бозорларга йўналтириш ҳамда 15 нафар фуқаронинг бандлиги таъминлаш кўзда тутилган.

Инвесторнинг таъкидлашича, етиштириладиган анор тури фақатгина Афғонистон ҳамда Яман давлатларида мавжуд бўлиб, экспортбоп турлардан бири саналади.

Фаррух “Шуҳрат”ли бўлди

Туманда ёш тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Ўз навбатида, улар томонидан ҳудуд ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришга йўналтирилган йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Ана шундай лойиҳа таъсисчиларидан бири, ёш тадбиркор Фаррух Бекмурзаев қиймати 1 миллион 650 минг доллар бўлган “Паррандачилик кластери”ни ташкил этиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Ҳозирда ушбу лойиҳанинг 4 та объектида қурилиш ишлари ниҳоясига етмоқда. Унда 250 мингга яқин парранда жойлаштирилиши кўзда тутилган. Лойиҳа тўлиқ қувватда ишга тушгандан сўнг, 100 га яқин янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Фаррух, ёш бўлишига қарамасдан, вилоят Кенгаши депутати. У ўзи сайланган округ аҳолиси турмуш шароитларидан доимо хабардор. Айниқса, пандемия шароитида даромад манбаидан ажралиб қолган аҳолини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда ўз тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.

Бугунги кунда Фаррух Бекмурзаев раҳбарлик қилаётган “Қоровулбозор нур обод” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги ишлаб чиқариш объектларида юзлаб қоровулбозорликлар фойдали меҳнат билан шуғулланиб, оила моддий таъминотига эга бўлишмоқда.

Ёш тадбиркорнинг бу каби ташаббуслари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. Жорий йил Мустақиллик байрами арафасида у Президентимиз Фармонига кўра, “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.

Давр билан ҳамнафас фермер

Ўтган давр мобайнида қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш бўйича босқичма-босқич ислоҳотлар амалга оширилди.

Давлатимиз томонидан олиб борилган оқилона сиёсат мевасини “Бўзачи” МФЙ ҳудудидаги Воҳид Икромов раҳбарлик қилаётган “Замир Омон” фермер хўжалиги мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Хўжаликка қарашли ернинг 52 гектарида дон, 27 гектарида эса пахта етиштирилиши белгиланган. Омилкорлик билан иш юритаётган фермер қўшимча даромад олиш мақсадида ғалладан бўшаган майдоннинг 7 гектарида кечки пахта, 45 гектарида эса кунгабоқар парвариш қилмоқда.

Фермер хўжалиги кўп тармоқли бўлиб, бу ерда етиштирилган кунгабоқар маҳсулотлари қайта ишланади. Ундан ўсимлик ёғи ҳамда чорва моллари учун озуқа маҳсулотлари олиш режалаштирилган. Шу мақсадда фермер Хитой Халқ Республикасидан 62 минг долларлик ишлаб чиқариш линиясини сотиб олиш ҳаракатида.

Фермер 2019 йилда кредит ва ўз маблағлари ҳисобидан 920 миллион сўмга 50 бош наслли молларни сотиб олган эди. Жорий йилда эса сотиб олинган 85 та наслли ҳамда маҳаллий моллар ҳисобига улар сони 239 тага етказилди. Тадбиркор чорваларидан олинган сут ҳажми 500-600 литрга тенг бўлиб, ҳозирда маҳсулот Бухоро шаҳридаги сутни қайта ишлаш корхоналарига етказиб берилмоқда. Эндиликда тадбиркор сутни қайта ишлаш цехини ишга тушириш ҳаракатида.

– Биз бу даражага осонликча эришмадик. Бу, аввало, мустақиллигимиз шарофатидан. Давлатимиз раҳбари томонидан бизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик бизни астойдил меҳнат қилишга, изланишга, ҳаракатга чорламоқда, – дейди Воҳид Икромов.

Ёш спортчиларга ғамхўрлик

Мамлакатнинг тараққиёт йўли, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор билан чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий  ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш бўйича туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида 2075890640 сўмлик  қурилиш-монтаж ишлари “TAYANCH QURILISH SERVIS” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Тез орада мактаб жойлашган мажмуа тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилади.

Гигант корхона истиқболлари

Мустақилликнинг илк йилларида мамлакатимиз тараққиёти кўп жиҳатдан ёқилғи-энергетика комплекси ривожига боғлиқ бўлиб қолган эди. Ана шундай мураккаб шароитда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг барпо этилиши республикамиз тарихида муҳим воқеага айланди.

Йиллар давомида заводда ишлаб чиқариладиган нефть маҳсулотларининг турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг сифатини халқаро стандартлар талаби даражасига етказишга қаратилган дастурлар доимий равишда жорий этиб келинди. Натижада 2003-2004 йилларда юқори октанли этилланмаган АИ-80, АИ-91 ва АИ-95 маркали автомобиль бензинлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2006-2008 йилларда эса маҳсулотнинг сифат кўрсаткичларини яхшилаш мақсадида экологик хавфсиз ЭКО дизель ёқилғисининг ёзги ҳамда қишки русумлари ишлаб чиқарила бошланди.

2008 йилдан бошлаб лак-бўёқ корхоналари учун зарур ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури”га асосан С4-135/220 русумли углеводород эритгичи ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

2007-2009 йилларда янги турдаги маҳсулот – “Боинг” ва “Аэробус” турдаги ҳаво лайнерлари учун мос ёқилғи ҳисобланадиган “Джет А-1” русумли ёқилғи ишлаб чиқариш бўйича ишлар амалга оширилиб, цехлар шунга мос равишда модернизация қилинди, “Джет А-1” русумли авиация ёқилғисини сақлашга мўлжалланган сиғимлар тайёрланди. Завод марказий таҳлилхонаси халқаро стандартлар бўйича синов ишларини амалга оширишга мўлжалланган замонавий таҳлил жиҳозлари ва асбоблари билан таъминланди. Натижада 2009 йилнинг август ойидан бошлаб заводда “Джет А-1” русумли авиация ёқилғисини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бугунги кунда “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий акционерлик компанияси ушбу ёқилғи билан барқарор таъминлаб келинмоқда.

2011 йилда заводга қабул қилинадиган углеводород хомашёсининг вагон-цистерналардан тўкиб олиш жараёнини мукаммаллаштириш ва тезлаштириш мақсадида янги темир йўл эстакадаси ишга туширилди.

Бугун заводда Ўзбекистон истеъмолчилари учун  автомобиль бензинлари, авиация ёқилғиси, дизель ёқилғиси, углеводород эритгичи, мазут, суюлтирилган газ, олтингугурт каби 15 дан кўп стратегик муҳим ёқилғи турлари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш билан завод ёқилғи-энергетика тармоғининг ривожланишига муносиб улуш қўшиб келмоқда.

Завод тўртта стандарт бўйича халқаро сертификатга эга. Жорий йил март ойида корхона Ўзбекистон тарихида биринчи марта Евро-4 ва Евро-5 синфидаги экологик тоза ва юқори сифатли дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришни бошлади. “Евро-4” ва “Евро-5” дизель ёқилғиси маҳсулотларининг мувофиқлик сертификатига эга бўлди.

Корхонанинг барқарор ишлаши ва ривожланиши кўп жиҳатдан унда фаолият юритаётган ходимларнинг касбий маҳоратига боғлиқ. Заводда ишлаб келаётган 846 нафар ёш ишчи-ходимлар (30 ёшга тўлмаган) учун кўплаб имкониятлар яратилган.

Корхонанинг асосий ишлаб чиқариш фаолияти нефть ва газни қайта ишлашга ихтисослашган бўлиб, республикамиздаги бир қатор олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг техникавий йўналишдаги мутахассисликлар битирувчилари бу ерда ишлаб чиқариш амалиётини ўтамоқда. Тошкент кимё-технология институти, Тошкент давлат техника университети, Губкин номидаги Россия нефть ва газ университети Тошкент филиали, Бухоро муҳандислик-технологиялар институти, шунингдек, Бухоро нефть ва газ саноати, Қоровулбозор саноат-транспорт коллежлари шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда заводда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 28 сентябрда қабул қилинган “2016-2020 йилларда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотлари сифатини жаҳон талаблари даражасига етказиш мақсадида технологик қурилмаларни модернизация қилиш ва қайта дастурлаш ишлари олиб борилмоқда.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, “Бухоронома” мухбири

“Бухоронома” газетаси 2020 йил 12 сентябрь 64-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 2

OAV nomi va parolini kiriting!