“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

* Нуқтаи назар 

Ҳаёт –улуғ неъмат, шукр – унинг мезони

Ҳаёт– Аллоҳ томонидан берилган энг олий неъмат.Уни олишга ҳақли бўлган Зот ҳам ягона Аллоҳдир. Ўзга ҳеч кимнинг бунга ҳаққи йўқ. Ҳаттоки, ҳаёт неъмати берилган шахснинг ўзи ҳам ўз ҳаётига қасд қилишга ҳақли эмас. Муқаддас динимиз кўрсатмасига биноан, бировни ўлдириш қанчалик оғир гуноҳ бўлса, ўзини ўзи ўлдириш ҳам шунчалик оғир гуноҳдир.

Ҳаётда, оилада камчилик бўлиши табиий ҳол. Зеро, ҳаёт фақат ўйин-кулги, тўкин-сочинлик билан давом этмайди. Яхши-ёмон кунлар барчанинг насибасида бор. Шу боис борига шукр, йўғига сабр қилиш лозим бўлади. Бугун ҳаёт ғам-ташвишларидан қочиб, ўз жонига қасд қилиш кўйига тушганлар аслида ўзларининг икки дунёсини ҳам жаҳаннамга айлантираётганини билишармикан…

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Ким тоғдан ташлаб, ўзини ўзи ўлдирса, у жаҳаннам оташида абадул абад ўзини тоғдан ташлаб туради. Ким заҳар ичиб, ўзини ўзи ўлдирган бўлса, у жаҳаннам оташида заҳарни қўлида тутган ҳолида абадул абад (заҳар) ичиб туради. Ким ўзини темир нарса билан ўлдирган бўлса, жаҳаннам оташида (темир)ни қорнига санчиб туради”, деганлар.

Аллоҳ инъом этган тақдирга қарши чиқиб, унинг омонатига хиёнат қилган инсонга ҳаттоки жаноза намозининг ўқилмаслиги, аслида, ҳаёт ҳаққига ношукрлик қилган кишининг шу дунёдаги жазосидир.

124 нафар ўз жонига қасд қилган кишиларни бу ишни қилишга ундаган сабаблар ўрганилганда, уларнинг 19 нафари оилавий келишмовчилик, 5 нафари моддий етишмовчилик, 10 нафари руҳий хасталик ва 87 нафари турли сабабларга кўра ўлимни афзал билгани аёнлашди. Уларнинг 87 нафари ўзини осган, 13 нафари заҳарланиш, 1 нафари ўзини ёқиш ва 23 нафари бошқа усуллардан фойдаланган. Ёши бўйича таҳлил қилганда, 30 ёшгача бўлганлар 50 нафарни, 30 ёшдан катталар 53 нафарни, 60 ёшдан ошганлар 4 нафарни ташкил қилади.

Инсонга бу дунёда яшаш ҳуқуқи бир марта берилади. Бир марталик умрдан завқланиб яшаш ўрнига, уни зулматга айлантиришдан нима наф? Улар нафақат ўзининг, балки фарзандларининг, ён-атрофидаги яқинларининг ҳам ҳаётини шу зулмат сари етаклаётганини билишармикан?

Америкалик машҳур ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг ўз жонига қасд қилганини билсангиз керак. Унинг оиласида олдин ҳам, кейин ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кузатилган. Отаси, акаси, опаси ва набирасининг ҳаёти ҳам худди шундай фожиали якун топган. Аниқроқ айтадиган бўлсак, яқинларининг ўз жонига қасд қилиши оиланинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир ўтказар экан.

Бу каби фожиаларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга кўра, 2018 йил йилнинг 1 апрелидан бошлаб, ички ишлар органлари ўз жонига қасд қилинган ҳар бир ҳолат тўғрисида психиатрия хизмати муассасаларига зудлик билан хабар бериши,бу ҳолат қайта такрорланмаслиги ва давом этмаслиги учун соҳа мутахассислари, психологлар ёрдамида марҳумнинг яқинлари руҳий ҳолатидаги тушкунликни енгишга, бундай ҳолларда қарши иммунитет ҳосил қилишга кўмаклашиши белгилаб қўйилди.

Таниқли француз социологи Эмиль Дюркгейм “Ўз жонига қасд қилиш: социология этюди” деган китобида ўзини ўлдириш ҳолати нафақат оила аъзоларига, балки атрофдагиларга ҳам таъсир қилишини таъкидлаган. Ён-атрофимизда содир бўлаётган фожиалар аслида ўз жонига қасд қилишнинг юқумли таъсири натижасидир.

Бугунги ахборот глобаллашуви даврида матбуотдан кўра интернет имкониятлари кенгайиб бораётганлиги сир эмас. Ҳозирги кунда телеграм ва фейсбук тармоқларида дунёда рўй бераётган яхши ва ёмон воқеликлар ҳақида ўша заҳотиёқ хабар берилмоқда, лавҳалар намойиш этилмоқда. Ҳодисаларни бу тармоқларга жойлаштираётганлар, унинг жамиятга таъсири ва оқибатлари ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Қанча кўп “лайк” йиғса, қилган ишидан шунча хурсанд бўлиб, кейинги “оламшумул воқеа”ни излашга тушади. Иллат излаганга иллатдир дунё, деганларидек, унинг атрофида ўзига ўхшаган шов-шув изловчилар ҳам анчагина бўлади. Афсуски, интернет тармоғидаги бу каби ғайриинсоний хатти-ҳаракатларни чеклашнинг имкони бўлмаяпти.

Ҳар куни кимнингдир ўз норасидасини турли йўллар билан ўлдиргани, онасини, қўшнисини, ўзини ўлдириши ҳақидаги фожиаларни кўриш ва эшитишга, афсуски, кўникиб қолдик. Бу каби ҳолатлар иродаси суст, ақлдан кўра туйғуни устун қўядиган, иккиланишлар исканжасида қолган одамларга қанчалик таъсир қилишини тасаввур қилаверинг.

Ҳақли савол туғилади: биз нимани тарғиб қиляпмиз, кимга нимани ўргатяпмиз? Бугун ҳаёт ташвишларидан чарчаб, муаммосига ечим топа олмаётганларнинг қўлига сиртмоқни ўзимиз тутқазиб қўймаяпмизми?

Интернет саҳифаларига ноодатий селфи суратларини жойлаштириш ёки “кики” рақсига ўхшаш видеоларни олиш жараёнида ҳам қанчадан-қанча инсонларнинг вафот этаётганлигига гувоҳ бўляпмиз. Бу қилиқларни ёшлар, жумладан, болалар кўр-кўрона такрорлаётгани янада ачинарли.

Тарихга назар солайлик. 1978 йилда Венада метро очилган. Мазкур метро поезди остига ўзини ташлаб, жонига қасд қилган киши воқеаси маҳаллий оммавий ахборот воситаларида батафсил ёритган. Натижада айни шу кўринишда ўз жонига қасд қилувчилар сони кескин ортиб кетган.

Буларнинг барчаси ҳар биримиздан, айниқса, журналистика тармоқларида фаолият кўрсатаётган юртдошларимиздан воқеликни ёритишда холис ва эҳтиёткор бўлишни талаб этади. Холис ният билан у ёки бу воқеликни қаламга олишга чоғланган одам шов-шув ортидан қувмайди,юз берган ҳодисани бўртиб тасвирлашга эҳтиёж сезмайди. Зеро, мақсад эзгуликдан иборат бўлганда, масалага ибрат, миллий менталитетимиз нуқтаи назаридан ёндашилганда, ваҳима кўтариш “хасталиги” ўз-ўзидан чекинади.

Сабр ва шукр –инсоннинг чинакам зийнати. Ҳалол меҳнат ва эзгу ташвишлар билан яшаш инсонга бахт-саодат келтириши ва ҳаётга муҳаббат уйғотиши асрлар оша ўз тасдиғини топган. Шундай экан, Аллоҳ томонидан инъом этилган умрни хайрли амаллар билан безайлик. Токи, ўйламай йўл қўйилган хато ва ноўрин босилган қадамимиз сабаб, ортимиздан қоладиганларнинг боши эгилмасин, хонадонлардаги қувонч ўрнини қайғу эгалламасин.

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, “Бухоронома” мухбири

“Бухоронома”газетаси  2020 йил  24 август 58-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 2.3 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!