“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМАЛАР МАРКАЗИДА 

Илгари ҳар бир буюк шахснинг ортида аёл бор, дейиларди. Аммо бугунги кун психологалари, аслида, ҳар бир бахтли ва муваффақиятга эришган аёл ортида ҳақиқий эркак туради, деган тушунчаларни илгари суришмоқда. Хўш, бу қанчалик ҳақиқатга яқин. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган матбуот анжуманида бу саволларга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Матбуот анжуманида вилоят ҳокимлиги соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар, бандлик бошқармалари бошлиқлари бошлиқлари, олий ўқув юртлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар иштирок этдилар. Анжуманни вилоят ҳокими ўринбосари Йўлдош Жумаев ва сенатор Абера Ҳусеновалар олиб боришди.Тадбирда вилоятда гендер тенгликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифалар доирасида белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берилди.

Матбуот анжуманида вилоятда 2000 дан ортиқ хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида фаолият юритаётгани, шунингдек,  бугунги кунда 24 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, 38 нафар “Маҳалла ифтихори”, 30 нафар “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланган аёллар турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётганлиги тўғрисида маълумот берилди. Фаол хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида “Аёллар клуби” фаолияти йўлга қўйилган.

2019 йил декабрь ойида Парламентга ва маҳаллий Кенгашларга ўтказилган сайлов натижаларига кўра вилоятда Олий Мажлис ҳамда маҳаллий кенгашларга 117 нафар аёллар депутатликка сайланган бўлса, шундан, 3 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, 19 нафари вилоят, 98 нафар аёл туман халқ депутатлари Кенгашига сайланган.

Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва ҳудудий бўлимлари томонидан хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, карантин даврида бўш вақтини сермазмун ўтказиш мақсадида мактабгача таълим массасалари тарбияланувчилари ўртасида “Бувижоним либослари” кўрик танлови ҳамда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим тизими талаба-қизлари ўртасида “Мен ўзбек қизиман” мавзусида онлайн кўрик танловлар ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июндаги “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 402-сонли қарорига асосан вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан 836 нафар хотин-қизларга давлат грантига эга бўлиш учун тавсияномалар берилган. Уларнинг 24 нафари олий ўқув юртларига  қабул қилинган.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида вилоятда туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари орқали Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан жами 720617,6 минг сўм миқдорида субсидиялар берилиб, 529 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланган.

Вилоят “Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази” томонидан 1331 нафар хотин-қизлар касб ва ҳунарга ўқитилиб,  Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳисобидан 6 миллиард 136 миллион сўм пул ажратилган бўлиб, хотин-қизларнинг 75 та лойиҳасига 2 миллиард 299 миллион сўм ресурслар берилган.

Вилоятда 6 та зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолият кўрсатмоқда. Мазкур марказларга жорий йилнинг ўтган даврида 410 нафар оилада зўравонликка учраган фуқаролар мурожаат қилган. Шундан, 374 нафари хотин-қизлар, 8 нафар эркакларни ташкил қилади. Марказларга мурожаат қилган фуқароларнинг 69 нафарига ҳуқуқий, 188 нафарига психологик, 6 нафарига тиббий, 2 нафарига ҳимоя ордери, 89 нафарига моддий  ёрдам кўрсатилган, 3 нафари касбга йўналтириган.

Ҳозирги вақтга қадар ички ишлар органлари томонидан 563 та  ҳолатда хотин-қизларга ҳимоя ордери расмийлаштириб берилган. Ҳудудлар кесимида ҳимоя ордери сўраб қилинган мурожаатларнинг энг кўпи Бухоро шаҳрида 118 та, энг кам мурожаат Қоракўл туманида 11 та кайд этилган.  Шундан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 303 таси руҳий, 195 таси эса жисмоний, 54 таси тазйиқ 7 таси иқтисодий, 4 таси жинсий зўравонликдир. Бу ҳақда вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими бошлиғи, подполковник  Дилфуза Шаропова маълумот берди.

Юқоридаги рақамлар ва кўрсаткичларнинг ўзи ҳали мамлакатимизда аёл ва эркак муносабатларини тартибга солиш, уларнинг жамиятдаги ўрни борасида қилинадиган ишларимиз анчагина эканлигини кўрсатмоқда.

Бугун жамиятнинг ҳар бир жабҳасида аёлларнинг ўрни мустаҳкамланиб, эркаклар билан уларнинг имкониятлари тенглаштирилиб, мавқейлари оширилаётгани қувонарли, албатта. Аммо, менталитемиздаги аёлнинг оилада, фарзандлар тарбиясидаги ўрни бўлакча, эканлигини ҳам унутмаганимиз маъқул, назаримда. Майли, аёлга раҳбарлик лавозимини беришсин, ҳеч бир эркакдан бу вазифасини қолишмай бажариши мумкин. Айниқса ўзбек аёллари давлат ишини ҳам оила юмушини ҳам намунали тарзда бажаришиб келаётганини гувоҳи бўляпмиз. Гендер тенгликни таъминлаймиз деганда, эркакнинг юмушини аёлларга олиб берилишини эмас, аёлнинг ҳам эркаклардек давлат аҳамиятига молик тадбирларни уддалашини, жамиятдаги ўрнини оширишни назарда тутган бўлишларига шубҳа, йўқ. Баъзида, қулоғимизга қайсидир аёлнинг, одам савдоси қурбони бўлгани, ёки пул топиш илинжида нопок йўлларга кириб қолгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоғимизга чалиниб қолади. Аёл ҳеч қачон бошида турмуш ўртоғи рўзғорини тебратиб ўтирса, кўчадан, турли нопок йўллар билан пул топмаса керак. Баъзида аёлнинг жамиятдаги ўрнини эркакларга тенглаштириш эмас, эркакларнинг оиладаги ролини мустаҳкамлаш, уларда эрлик, оталик, оила бошлиғи сифатидаги масъулиятларини ошириш керакмикан, деб ўйлаб қоласан киши. Бу борада аёллар бегуноҳ дейишдан, йироқман. Қуш уясида кўрганини қилади. Аввало, оилада, айниқса қизлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қилиш ҳар бир инсоннинг фуқаролик бурчи саналиши даркор.

Тадбир сўнгида оммавий ахборот воситалари вакиллари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди. Бир анжуман ёки тадбир билан бу каби масъулиятли вазифа ва муаммолар ҳал бўлмайди. Балки ҳар ойда бир маротаба худди шундай анжуманлар ўтказилиб, мулоҳаза алмашишга келишиб олинди. Бахтли оила яратиш учун аввало аёл ҳам, эркак ҳам ана шу бахтни қалбан ҳис қилмоғи ва шу мақсад йўлида бирлашмоғи мақсадга мувофиқ, назаримда.

Наргиза Қувончева,

“Хабарчи” газетаси муҳаррири

“Хабарчи” газетаси 2020 йил 26 ноябрь 18-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!