“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ВАҚТ БИЗ БИЛАН ҲИСОБЛАШМАЙДИ

Кимгадир меҳр беришнинг маълум вақти бўлмас экан. Кун келади ҳали улгураман десангиз янглишасиз. Жондан азиз бўлган падари бузрукворимни йўқотганимда 19 ёшли талаба эдим. Фарзандлик бурчи, уларнинг меҳрига тўйиш каби туйғулардан олисда, талабаликнинг жўшқин карвонида, орзулар осмонида кезардим. Бу йўқотишни қабул қилишга тайёр эмас эдим. Ҳаётимдан ранг йўқолиб, ўзимни орзулари саробга айлангандек ожиз ҳис қилардим. Аммо онам ва опа-сингилларимнинг меҳри ва эътибори туфайли ҳаётимга мазмун қайтди. Бундан тўғри хулоса қилолмадим шекилли, вақт мен билан ҳисоблашмади.  Икки йил олдин меҳрибон опажонимдан айрилдим. Бекорга опа-укани эт билан тирноққа ўхшатишмас экан. Ёш болалиман, йўлим узоқ, опам ҳали ёш бугун бўлмаса эртага бориб кўрарман деб, сингиллик бурчимни ҳам адо этолмадим. Сўнги пушаймон ўзингга душман деганларидек, чорасизман. Буларни бежизга айтиб бермадим, хохлаймизми йўқми кундалик турмушимизда бундай воқеалар бўлиши табиий. Йўқотганларимизни қайтаришнинг иложи йўқ. Аммо атрофимизда бизнинг меҳр ва эътиборимизга муҳтож бўлган яқинларимизнинг борлиги эса бахт.

“Одам табиатан қизиқ яратилган – бойлигини йўқотса хафа бўладию умри зое кетаётганига эса парво қилмайди” деган эди донолардан бири. Ҳа азизлар вақт ғанимат, умримиз фурсатлари қачон ақлимизни йиғиб оламиз, қачон фарзандлик, оналик ёки опа-укалик бурчларимизни бажаришга ўзимизда куч топишимизни кутиб турмайди. Келинг сизга яқинлариздан қизғониб, бой берган умрингиз фурсатларини бир эслатай.

Эсингиздами, онангизнинг бетоблигини эшитдингизу ишда бўлганингиз учун қўнғироқ қилиб ҳол аҳвол сўрадингиз холос. Ака ёки опангизнинг қийин аҳволга тушиб қолганидан хабарингиз бўлсада, ўзингиздан ортиб бир боролмадингиз, яна телефонда гаплашиб кўнглингиз таскин топди. Оилалиман, биринчи галда оилам ва фарзандларим ҳақида қайғуришим керакку деяпсизми? Аммо ўйлаб кўринг, куннинг асосий қисмини  ишда ўтказиб, уйга қайтганингизда куннинг бор йўғи уч-тўрт соати қолади. Хўш, шу вақтнинг қанчасини фарзандларингизга ажратяпсиз? Баъзида сиздан ниманидир сўрашга оғиз жуфтлаб турган болажонингизни  чарчаб келдим, овқат тайёрлаёпман дея жеркиб берган пайтларингиз кўп бўлади, шундай эмасми.

Тўғри кунимизнинг кўп вақтини ишда ўтказамиз. Аммо кўнгилда истак бўласа ҳамма ишга улгурса бўлади. Онангиз бетобми, майли жавоб сўраманг, лекин тушлик пайтида бирров кўриб келинг. Ахир айтишадику, меҳр кўзда деб. Баъзида ота-онамиз бизни эмас, ака ёки опамизни кўпроқ яхши кўради дея ўзимизча ранжиб ҳам юрамиз. Аслида эътиборсизлигимиз сабаб уларни қанчалар хафа қилиб қўяётганимизни бир ўйлаб кўрмаймиз. Балки улар ҳам меҳрибон фарзандини меҳр билан сийлаётгандир.

Бир онадан сўрашибди:

–Қайси фарзандингизни кўпроқ яхши кўрасиз?

–Тузалиб кетгунича беморини, сафардан қайтгунча олисдагисини, ўлгунимча ҳаммасини, – деб жавоб берган экан.

Худди шундай, опа-укаларимиз ҳам бизни ота-онамиздек, беғараз меҳр манбаимиздир. Ҳаёт ташвишларидан чарчаган кезларимиз улар билан суҳбатлашарканмиз болаликнинг беғубубор нафасини туямиз. Бизни ҳаётий манба билан таъминлаётган ҳам аслида ана шу яқинларимизнинг қайноқ меҳридир.

Энди бир ўйлаб кўринг. Кеча сиз жеркиб берган фарзандингиз ҳаётий кучни, меҳрни кимдан олади? Унинг ишонган, суянган ягона манбаи сиз эмасмидиз? Бугун жамиятда одамгарчилик, инсонийлик туйғуларининг йўқолиб кетаётганлигини кўп эшитамиз. Ёшлар эса ўзидан каттани ҳурмат қилмайдиган, андишасиз ва худбин бўлиб кетяпти деган гаплар тез-тез қулоғимизга чалинади. Аслида уларни одамови, ўзидан бошқани ўйламайдиган қилиб қўйган нарса эса ўша сиз билан биз фарзандимиздан қизғонган вақт, фурсатдир. Уларга керак пайтда вақт ажратмай, ўзимиздан ортмай худбинликни ўргатиб қўймаяпмизми? Қарс икки қўлдан чиқади. Бир қўлнинг уриниши беҳуда. Меҳрга тўла болаликни фарзандларимизга туҳфа қила олсаккина, эртага фарзандлар ардоғида бахтли қарилилик гаштини суришимиз мумкин бўлади. Хотиржам яшаш учун бугун бизга кўз тиккан адирларнинг улғайишига кўмаклашайлик, токи ортимиздан суянадиган тоғлар қолсин.

Азизларим, яқинларимиз ҳолидан хабар олиш учун, уларга меҳримизни изҳор қилиш учун маълум бир кунни ёки вақтни кутиб турмайлик. Ҳар бир фурсат ғаниматдир. Вақт биз билан ҳисоблашмайди. Шундай экан, мен буни шу ондан бошлашни лозим топдим ва сизга ҳам шуни илиндим.

Онажон мен сизни яхши кўраман!

Опа-сингилларим мен сизларни яхши кўраман!

Юрагимнинг парчалари қизалоқларим сизларни яхши кўраман!

Менга бу ҳаётнинг оқ-қораси танитган, ушбу қўлимдаги қаламга сеҳр билан сўзлар маржонини тизишни ўргатган устозларим мен сизларни яхши кўраман!

Атрофимдаги яхши инсонлар мен сизларни яхши кўраман!

Наргиза Қувончева,

“Хабарчи ” газетаси муҳаррири

“Хабарчи” газетаси 2020 йил 31 декабрь 24-сон

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!