“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“АДЛИЯ САЙИЛЛАРИ” БАЙРАМОНА РУҲДА ЎТКАЗИЛДИ

Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда қонунийликни мустаҳкамлаш ҳар бир давлат органлари ва ташкилотларининг устувор вазифаси бўлиб, бу борада адлия органлари ва муассасаларининг ўрни беқиёсдир.

Шу мақсадда  Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да аҳолини қизиқарли бўлган ҳуқуқий маълумотлардан хабардор қилиш, уларни ижтимоий фаол бўлишга чорлаш, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш мақсадида барча ҳудудларда “Адлия сайиллари” тарғибот тадбирлари кенг миқёсда ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 30 март куни Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази” қошидаги “Фавворалар майдони”да кўтаринки руҳда ўтказилди.

“Фуқаролар давлат органларига эмас, давлат органлари фуқароларга хизмат қилиши керак!” шиори остида ташкил этилиб, унда вилоят даражасидаги барча давлат органлари ва ташкилотлари мутахассислари томонидан фуқароларнинг муаммолари эшитилди, уларни ҳал этиш бўйича тегишли ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, сайёр давлат хизматлари, нотариал ҳаракатлар ва ФХДЁ ҳаракатларини амалга оширишга, оилавий низолар ва ажримларни, ишсизлик ва жиноятчиликни олдини олиш каби кўплаб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларга қабул қилинаётган қонунлар ва уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ҳақида тушунтиришлар бериш мақсадида ҳар бир давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан кўргазмали тарғибот материаллари билан жиҳозланган тегишли «Ҳуқуқий ахборот бурчаклари» ташкил этилди.

Жумладан, вилоят юридик техникуми ўқувчиларидан иборат “Адолат қанотлари” клуби аъзолари томонидан тақдимот қилинган “Street law” лойиҳаси доирасида ёшлар ва аёлларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, меҳнат соҳасидаги муносабатлар, меҳнат мигранлари ва имконияти чекланган шахсларга қонунчиликда берилган имтиёзлар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақалар олиш тартиби, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ва микроқарзлар олиш тартиби, коммунал соҳадаги муносабатлар, алимент, уй-жой олиш ва ер ажратилиши тартиби, порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, талон-тарож каби жиноятларнинг салбий оқибатларини намоён этишга қаратилган.

Шунингдек, халқимиз, жумладан, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ҳуқуқга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида оила, уй-жой, ер, солиқ, банк, тадбиркорликка оид, меҳнат, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоя, таълим, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва бошқа ҳаётий муҳим масалалар бўйича тайёрланган 300 та ҳуқуқий қўлланмалар, 1000 дан ортиқ флаер, буклетлар, Адлия вазирлигининг “Telegram” мессенжеридаги ҳуқуқий маълумотларни тезкор етказувчи “Huquqiy axborot” канали, “Advice” ҳуқуқий портали ҳамда “Lexuz” сайти ва бошқа ижтимоий тармоқлар тўғрисидаги 200 дан ортиқ тарғибот материаллари тадбирда ташриф буюрган фуқароларга тарқатилди.

Тадбир давомида таниқли санъат усталари ва эстрада хонандаларининг чиқишлари ҳамда вилоят  мусиқали драма театри жамоасининг коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг салбий оқибатларига бағишланган саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Сайлга ташриф буюрган фуқаролар ўртасида “Ҳуқуқингизни биласизми?” шиори остида викторина ўтказилиб, совриндорлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирга жалб қилинган барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, солиқ, банк ва бошқа идоралар ходимлари ўз фаолиятини тарғиб қилишга ҳамда аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган кўргазмалари материаллар билан иштирок этишиб, амалдаги қонун ҳужжатлари ва уларда белгиланган имтиёзлар, шунингдек мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда мутасадди ташкилотлар томонидан сайёр қабуллар ташкил этилиб, аҳолининг бир қатор масалалари жойида ҳал этилди.

Жумладан, Адлия ходимлари ва “Мадад” ННТ ҳудудий бюро ходимлари томонидан ташриф буюрувчиларга меҳнат, уй-жой, моддий ёрдам, тадбиркорлик масалалари бўйича 55 нафар,  шаҳар ҳудудида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан 31 нафар,  ФХДЁ бўлими ходимлари томонидан никоҳни қайд этиш, туғилганлик ҳолатини қайд этиш бўйича 22 нафар фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, тегишли ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 15 та сайёр нотариал ҳаракатлар қайд этилди, давлат хизматлари марказлари томонидан 11 та сайёр давлат хизматлари кўрсатилди.

Шунингдек, аҳолини иш билан таъминлаш ва имконияти чекланган шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят бандлик бош бошқармаси ва Ногиронлар жамияти вилоят бўлими томонидан “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси ва “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида имконияти чекланган шахслар томонидан яратилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Ярмарка давомида жами 28 нафар фуқаро иш билан таъминланди ва 50 дан зиёд фуқароларга соҳа мутахассислари томонидан меҳнат қонунчилиги бўйича тушунчалар берилди.

Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида кураш, ўзбек жанг санъати, таеквондо, пенчак-силат, стол тенниси каби спорт турлари бўйича мусобақа ва кўргазмали чиқишлар ташкил этилганлиги тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Ёшлар иштирокида кечган “Беш ташаббус – беш имконият!” шиори остидаги тадбирлар, жумладан  “Заковат” интеллектуал ўйини йиғилганлар эътиборини тортди

Тадбир якунида вилоятда ҳуқуқий тарғибот соҳасида фаоллик кўрсатиб келаётган  ҳамкор ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакилларига ташкилотчиларнинг “Ташаккурнома”си ва эсдалик совғалари топширилди.

Наргиза Қувончева, “Бухоронома” мухбири

“Бухоронома” газетаси 2021 йил 3 апрель 26-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!