“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЖАСОРАТГА ЙЎҒРИЛГАН УМР

Хуршид Давронинг буюк ватанпарвар шайх Нажмиддин Кубро ҳақидаги “Шаҳидлар шоҳи” номли тарихий-маърифий қиссасини ҳар сафар варақлаганимда  илк бор ўқиб чиққандек ҳаяжоним ортади. Қордек соқоли кўксини қоплаган улуғ шайх Гурганж қалъаси мудофаасига қўлда найза, қўйнига қайроқтошлар солиб қуролланган ҳолда майдонда тўпланган халойиққа қарата шундай сўзларни дейди: “Ўлим йўли муборак йўлдур. Ватан учун ўлим топмоқ эса муқаддас одатдур. Худойим элчиси  ўз ҳадисларида: “Ватан сарҳадини бир кун ҳимоя қилмоқ олтмиш йиллик нафл ибодатидан ортиқроқдур”, демишлар. Илло ўлимимиз бошқаларга ибрат бўлсин”.

Қаҳрамонликни  энг ноёб неъмат билган, ўз халқи, ўз уйи, фарзандларини, юртини ҳимоя қилишни буюк саодат билган, ислом олами улуғ алломасининг ватанпарварлиги ва улар кўрсатган жасорат бугун ҳар бир ўзбек ўғлонларининг қон-қонига сингган, десак янглишмаган бўламиз. Ватанимиз мустақиллиги, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш йўлида жонини фидо қилган мард ва жасур йигитлар хотираси, уларнинг ҳаёт йўли бугун улғаяётган ёш авлод учун ибрат мактабидир.

Уларнинг орасида вобкентлик биринчи ҳарбий учувчи майор Абдукарим Ҳамроев ҳам бор эди. А. Ҳамроев 1969 йил 7 январда Вобкент туманида туғилган. У болалигидан учувчилар ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи кинофильмларни кўришни, учувчилар образи акс этган бадиий китобларни ўқишни яхши кўрган. Болаликдаги ҳавас ва иштиёқ туфайли  мактабни тамомлаб, Харьков шаҳридаги учувчилар тайёрлаш олий ҳарбий билим юртида ўқиган. Учувчи бўлиш, поёнсиз осмонда қудратли техникани бошқариш учун одамда билим ва маҳорат билан биргаликда қўрқмас юрак ҳам керак бўлади. Абдукарим акада ана шу хислатларнинг бари мужассам эди. Илк хизмат фаолиятини Барнаулдаги олий учувчилар билим юртида инструкторликдан бошлаган А. Ҳамроев мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бор шижоатини унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, Она Ватанимиз сарҳадларини ҳар қандай ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга, эл-юрт осойишталигини таъминлашга қаратди.

Миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш ва тинчликни таъминлаш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатгани учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра 1995 йилда “Жасорат” медали, 1999 йилда II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган.

Ватанининг чин фарзанди майор Абдукарим Ҳамроев 2000 йил 6 июнда хизмат бурчини бажариш чоғида авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган.

Умрининг сўнгигача ўз  юртига содиқлик, мардлик ва жасурликнинг энг юксак намунасини кўрсатган А. Ҳамроев билан нафақат ота-онаси, яқинлари, балки туман аҳли ҳам ҳақли равишда фахрланади.

–Акамда олийжаноб инсонда бўлиши керак бўлган барча фазилатлар бор эди, – деди Салим ака Ҳамроев акаси ҳақида хотирлаб – Оилада 7 фарзанд бўлганмиз. Аммо Абдукарим акам ўзининг соддадиллиги, самимий ва оқкўнгиллиги билан ҳаммадан ажралиб турарди. Ундаги шижоат ва меҳнатсеварликни отамиз барчамизга ўрнак қилиб кўрсатардилар. Чунки акамнинг қўлидан келмайдиган юмушнинг ўзи йўқ эди. У доимо томорқода ҳам, уйни, рўзғор буюмларини таъмирлашда ҳам дадамнинг ўнг қўллари эди. Ҳамиша уларга ўхшашга ҳаракат қилардим. Болалигимизда акам тайёрлаб берган самалётчалар севимли ўйинчоғимиз саналарди. Ёшликдаги ҳавасни ҳаётининг мазмунига айлантирган акамдаги қатъият ва шижоатни бугун унинг фарзандларида кўриш мумкин. Жияним Анварни ҳарбий либосда кўрганимизда акамни кўргандек бўламиз. У ҳам ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдек шарафли  ва масъулиятли касб соҳиби. Шаҳноза эса тилшунослик йўналишида таҳсил олган бўлсада, доимо самалётда борт кузатувчиси бўлиб ишлашни хохлайди.

Абдукарим Ҳамроев сингари ўз сўзи ва ўз ўрнига эга ғурури тоғдай баланд, ор-номусли, виждонли, адолатпарвар мард йигитлар хотираси яқинлари, ҳамкасблари ва юртдошлари қалбида мангу яшашига ишонаман. Зеро, Ватан ва унинг истиқболи учун тикилган жонлар мангуликка зарҳал ҳарфлар билан битилгай. Уларнинг матонати, жасорати, мардлигидан  таралган нур миллатимизнинг шони ва шарафи бўлиб порлайверади.

Наргиза Қувончева, “Хабарчи” газетаси муҳаррири

“Хабарчи” газетаси 2021 йил 6 май 18-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!