“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

СИЗНИ ЖУДА СОҒИНДИК, ОТА…

Дадажон, сизни жуда соғиндим. Ҳаёт бўлганингизда 76 ёшингизни бирга нишонлаган бўлар эдик… Бугун сиз ҳақингизда эслагим, болалик хотираларимни қоғозга тушургим келди.

Баҳорни барчамиз совуқ кунлардан кейин орзиқиб кутамиз. Новдаларнинг уйғониши, офтобнинг иссиқ тафти гўёки совуқда музлаган қалбимизга ҳаётий кучни, нурни туҳфа этаётгандек бўлади. Оиламиз билан биз ҳам баҳорни ўзгача ҳаяжон билан кутиб олардик. Чунки у дадажонимнинг туғилган кунлари билан бизга байрамларни бошлаб келарди.

Еттинчи фарзанд бўлганим учунми, анча эркатой эдим. Ҳамиша ўғил болага ўхшаб, дадамнинг изларидан айрилмасдим. Машиналарини ювсалар ёнларида эдим, ҳовлида ишласалар, белкурагу кетмонга шерик бўлиб юраверардим. Балки шу сабаб, машиналарининг олд ўриндиғи ҳамиша меники бўлган. Қаерга борсалар бирга олиб юрардилар.

Дадам 8-синфдаликларида ота-оналаридан айрилган эканлар. Бобо-бувимизни кўрмаганмиз. Уларни холалари катта қилган экан. Бир-икки йил олдин у кишини кўришга бордик, қишлоққа. Кўзлари кўрмай, анча қариб қолган эканлар. Биласизми, бориб саломлашаётганимда кўрмаётган бўлсаларда, “Сен Наргизамисан”, дедилар менга. “Ҳа, бувижон, менман” десам, “Билардим келишингни, барибир Наргиза келади деб юргандим”, деганларида кўнглим тўлиб кетди. Оилада 8 фарзанд бўлсак-да, дадам билан кўп юрганим учун, улар мени яхши танишарди.

Шаҳарда туғилиб ўсган бўлсак-да, мактабимиз ва уйимизга борар йўлдан бошқасини билмасдик. Қаерга бормоқчи бўлсак, ҳамиша дадамиз машинада ўзлари олиб бориб келганлар. Тўққизинчи синфни тугатиб, лицейга кирганимда, ўсмирлар поликлиникаси бўларди шаҳарда, ўша ерга бир неча кун қатнашимга тўғри келган. Аммо боришни билмасдим. Дадам эринмасдан, менга йўлни ўргатиш мақсадида автобусда, бекатларни санаб, қандай боришни ўргатганлар.

Университетга кириш имтихонларида ҳам дадажоним менга ҳамроҳлик қилиб боргандилар. Уларнинг дуолари сабаб бўлса керак, давлат гранти асосида олийгоҳга қабул қилинганман. Ҳар гал Тошкентдан уйга қайтганимда, соғинчданми, меҳрданми, балки хурсандчиликдандир, кўзлари ёшланарди. Айниқса, оилавий тадбирларда, дастурхон устида сўз навбати менга келганда, шеър айтишимни сўрашарди. Дадажоним шеърларимни кўзлари ёшланиб тинглардилар…

2004 йил февраль ойининг охирлари эди.Дадажонимни,тоблари бўлмагани учун, Тошкентга олиб боришди. Келаётганлари ҳақидаги хабарни эшитиб, вокзалга ошиқдим. Кечикибман, дадам касал ҳолларида мени кўриш учун талабалар шаҳарчасига, ётоқхонага келган эканлар. Хуллас, бир-биримизни кўролмадик. Дарсларимиз тугаб, ётоқхонага қайтгач, қаердаликларини билиб, кўришга бордим. Аҳволлари яхши эмас экан, юрак қинидан чиққан деб ташхис қўйишган экан. Инфарктни оёқда ўтказиб юборибдилар. Ҳали шифохонага ётқизишмагани учун хоразмлик бир врач ўзи яшайдиган хонадонга олиб борибди. У ерда тиббиёт институти талаба ва шифокорлари яшар экан. Боришим билан қўлимга пул тутқаздилар:“Қизим, ҳаволар исиб қолди, ўзингга кўйлак ол”,– дедилар. Гап нимадалигини тушундим. Отамга йигитлар яшайдиган хонадонга шимда борганим ёқмаган эди. Ўша пулга олган кийимимни отамнинг сўнгги туҳфалари сифатида ҳали ҳам асраб олиб қўйганман…

8 март. Ўша кундаги хатойим учун ўзимни ҳеч қачон кечиролмайман. Бу менинг энг катта армоним. Дадамни шунчалар тез йўқотишимни билганимда, балки бу хатога йўл қўймас эдимми… Дадам ўша кунда мендан ёнларида қолишни сўрагандилар. Икки кишилик хонада иккита кроват ва ҳамроҳлар учун яна бир кичикўрин қўйилган эди. Дадамнинг ёнларида кекса отахон ётарди. Дадамга қараш учун келган поччам ҳам улар билан бирга эди. “Дадажон, қаерда ётаман, жой йўқ-ку”, – десам, “Мана,менинг ёнимда, ўзимнинг қизимсан-ку”, – деб ўзларининг бир кишилик кроватларига ишора қилдилар. “Кечқурун бирор нима керак бўлса, буларни уйғотолмайман-да”, – деб қўшиб қўйдилар. Қиз болалигимга бориб, қолишга унамадим…

14 апрель. Дадам касалхонадан чиқиб, Бухорога қайтгандилар. Уйдаги вазиятдан бехабар эдим. Узоқда, сиқилмасин, деб мендан кўп нарсани яширишарди.

Бир неча соат бозорда айлангач, кўнглимга ёқадиган ҳеч нарса топа олмай, ётоқхонага қайтдим. Ҳаволар анча исиган. Шкафни очдим.Ойнасини дераза ёнига олибқўйиб, кўйлак саралай бошладим. Бирдан шамол қўзғалди-ю, дераза рахида турган кўзгу ерга тушиб, чил-чил синди. Кўнглим шунчалар чўкиб кетдики, гўёки қалбимда нимадир узилгандек бўлди…

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, эшик тақиллаб, қўлимга телефон рақамлари ёзилган қоғозни тутқазишди. Қўнғироқ қилдим. Тоғаваччам уйга, Бухорога боришим кераклигини айтди. Хавотирим кучайди. Уйимизга қўнғироқ қилдим. Телефонни тоғам кўтардилар. Дадамнинг тоблари бўлмаётганлигини, мени сўраётганларини айтдилар. Бу гапга ишонмадим. Йиғлаб юбордим. Дадамдан айрилиб қолганимни ич-ичимдан ҳис қилдим. Аммо ишонгим келмасди. Кўз ёш тўкканча, нарсаларимни йиғиштириб, йўлга отландим.

15 апрель, тонгги соат тўртлардауйимизга етиб келдим. Кўчада фақат бизнинг хонадон чироқлари ёқилган. Дарвоза катта очилиб, икки ёнига ўриндиқлар қўйиб чиқилган. Бошида дўппи, эгнида чопону белида белбоғли кишилар ўтиришибди… Дарвозахонадаги манзара бундан ҳам қўрқинчли эди. Оппоқ докаларга ўранган аёллар, ким, ким эканлигини таниб бўлмайди. “Она, онажон” деб чақирардим-у, овозим чиқмасди. Дадажонимни, меҳрибоним, ягона суянчим, қалқонимни бир умрга йўқотиб қўйганимни англаб етдим.

Онам, аммам, опа-сингилларим йиғлаб кўришишди. Дадам ётган уйга олиб киришди. Мен худди туш кўраётгандек эдим. Ёнларига бордим, секингина юзларидан ўпдим, муздек аммо жуда нурли эди. Менга хайрлаш дейишди. Кўзимдан ёш чиқмасди. Ўша дамни эслаш мен учун жуда-жуда оғриқли.

Ўшанда 2-босқич талабаси эдим. Ҳаётнинг ҳар бир зарбаси, ҳар бир синови менга отамни эслатаверарди. Балки отам ёнимда бўлганларида бундай бўлмасмиди, деган ўй менга тинчлик бермасди. Ҳали ҳам шунақаман. Дадам ҳаёт бўлганларида эди, деган ўйлар билан яшаяпман. У кишини улғайганим сари янада кўпроқ соғиняпман.

Меҳрга тўла кўзларига, нурли юзларига термулгим, қалбларидаги меҳр тафтида тоблангим келяпти. Дийдор қиёматдалигини биламан. Ана шу илинж мени яшашга ўргатмоқда. Уларга муносиб фарзанд бўлишга ундамоқда.

Отам журналист бўлишимни, мен билан фахрланишни истардилар.Бугун остига “Рашидова” дея номлари қўшилиб мақолаларим чоп этилмоқда.

Бироқ буларни ўқиб қувонадиганим СИЗ йўқсиз ёнимда, ДАДАЖОН. Бир қизининг бахтидан хурсанд бўлаётиб ҳам, иккинчиси хато қилмаяптимикан, турмушнинг муштига бардоши етармикан, дея изтиробга тушаётган онажонимга Сизнинг юпанчингиз ва далдангиз етишмаяпти. Ожизгина елкасига ҳам оталикнинг, ҳам оналикнинг юкини кўтариш оғирлик қилса-да, мард туриб ўрнингизни билдирмасликка уринаётган онажонимга Сизнинг йўқлигингиз ҳар қадамда билиняпти…Ҳаммамизга билиняпти. Сизни жуда соғиндик, дадажон!

Наргиза ҚУВОНЧЕВА, “Бухоронома” мухбири

“Бухоронома”  газетаси 2021 йил 5 май 35-сони

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!