“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“БУЗОҚ”НИНГ ЮГУРГАНИ СОМОНХОНАГАЧА…

Таҳририятга Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24-Когон сайлов округидан депутатликка сайланган Умида Раҳмонова келиб, газетанинг 10 июнь сонида чоп этилган “Депутат жиноячилар изидан тушдими?” сарлавҳали мақола юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Эсингизда бўлса мақолада бухоролик Умида Чориқуловнинг аянчли тақдири хусусида сўз юритилган, унинг ҳадик тўла мактубини эса Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова келтириб берганини маълум қилгандик.

– Мақола эълон қилинганидан кейин Когондан кўплаб қўнғироқлар бўлди. Ҳатто, баъзилар “Наҳотки Бухорода шундай бедодликлар юз бераётган бўлса?”, дея таажжубландилар ҳам. Мени энг ажаблантиргани яқинда телеграм тармоғи орқали Когондан йўлланган ушбу аудиоёзув бўлди. – Депутатимиз шундай дея қўлидаги телефон тугмасини босди…

– Унда мақоламиз қаҳрамони Умида Чориқулованинг қонуний вакили – Моҳигул Қобилова билан когонлик Азиза Раҳматованинг ўзаро мулоқоти ёзилган эди.

– Мен Азиза Раҳматова 1988 йилнинг 26 декабрида Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида туғилганман. II гуруҳ ногирониман. Тўғриси, Умида Чориқулованинг матбуот орқали бор гапни рўй-рост айтганини эшитиб, кимдир ва қачондир Когонда бўлаётган қонунбузарликларни юрак ютиб гапириши керак эдида, деган фикрга бордим. Умиданинг юраги бор экан шундан хурсандман.

Ўзим ҳам мақолада номлари келтирилган Замон, Сайёд ва уларнинг шериклари қурбониман! Чунки улар ҳам мени номусимга тегишиб, видео тасвирга олишган. Сўнгра ижтимоий тармоққа жойлаш ёки жисмонан йўқ қилиб юборишларини айтишгач, уларнинг чизган чизиғидан чиқмай яшадим. Аммо улар мени зўрлашганидан кейин “телетомоша”ни ота-онам ва акаларимга кўрсатишди. Мен эса номусимга чидай олмай, уйдан кетдим. Ҳозир ижарада яшаяпман. Биласизми, Замон, Сайёд, Нодир, Ҳаким ва Каримлар “эътиборли зот”лардан саналишади. Замоннинг Шаҳлонинг номусига тегиб, зўрлаганига ўзим гувоҳ бўлганман. Чунки шаҳар ИИБ паспорт столига иш юзасидан борган Шаҳлони Замон “отдел”дан зўрлаб олиб чиқди, мени эса бозордан чиқаётган пайтимда машиналарига миндиришди-да, чўлга олиб боришди. Хуллас, Шаҳлони ўша ерда…

Умида Чорқулова эса 4 йилдан буён Замон ва унинг шерикларига ногиронлик нафақасидан “доля” бериб келади. Устига-устак ҳокимлик томонидан берилган уйнинг калити Замонда туради. Шунинг учун ҳам бечора ўз уйига киролмай, бир неча марта Когон шаҳридаги паркда ётиб юрганига гувоҳ бўлганман. Хуллас Замон шу уйни ўзиники қилиб олмоқчи!

Аммо бу гапларни Бухородаги бирон-бир ҳуқуқ тартибот идорасига бориб айтолмайман. Чунки жонимга қасд қилишларидан қўрқаман. Ички ишлар бўлими ходимлари мени зўравонлардан зарур пайтда ҳимоя қила олишларига эса ишонмайман!

Умида Чориқулова калтакланиб зўрланганидан кейин мени ҳам Когон шаҳар ИИБга чақиришди. Ишонасизми, қўрққанимдан терговчига лом-мим дея олмадим.

Агар ушбу гапларимдан сўнг мен йўқолиб қолсам ёки жисмонан йўқ қилинсам аниқ айта оламан, бу Замон Шариповнинг иши бўлади!

Бир нарсани ҳеч тушунмайман, мен ва У.Чориқулова ногирон бўлсак, нафақага кун кечирсак, Замон бошлиқ зўравонлар бизнинг нимамиздан пул ундиришади?!”

Газетамизнинг  10 июнь сонида чоп этилган мақолага “Умида Чориқулованинг адолат ва ҳимоя истаб ёзган хати шу тахлитда давом этаверади”, дея нуқта қўйгандик.

Афсуски когонлик Азиза Раҳматованинг куйиб-ёниб гапиришлари ҳам шу тахлитда давом этаверади дея мақолани якунлашга мажбур бўлдик. Чунки ҳозирча жабрдийда ва хўрланганларнинг ҳимоячиси йўқ…

Таҳририятдан: Ҳурматли, газетхон! Эътибор қаратган бўлсангиз, ушбу чиқишлар орқали қатъий хулоса чиқармаяпмиз. Чунки бирон бир фуқаронинг айбдор ёки айбдор эмаслигини фақат суд белгилайди. Аммо ОАВга берилган ҳуқуқ ва ваколатлар доирасида Олий мажлис қонунчилик Палатаси депутати Умида Раҳмонова томонидан таҳририятга тақдим этилган навбатдаги ҳужжатни ошкор қилдик.

Шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: нега жабрдийдалар Бухоро вилоятидаги ҳуқуқ тартибот идораларига эмас, айнан Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати ёхуд депутат орқали журналистларга мурожаат қилишаяпти?! Ишончимиз комилки, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари мақолада келтирилган маълумотлар асосида ўз хулосаларини чиқарадилар.

Агар чиндан ҳам мурожаатчилар ҳақ бўлиб чиқсалар, Бухорода кўплаб фуқароларга зуғум ўтказган бу гуруҳ қонун олдида жавоб беради. Зеро, биз ҳуқуқий-демократик давлатда яшаяпмиз. Буни англамаганларнинг югургани эса сомонхонагача, холос.

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 8 июль №22 (1072) – сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!