“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“МИКРОКРЕДИТБАНК” ЎЗ МИЖОЗЛАРИНИ ШУ ТАРИҚА ТУЗОҚҚА ТУШИРЯПТИМИ?

Элёр Носиров Сирдарё вилоятидаги кўплаб идоралар эшигини тақиллатди… Кейин Республика Бош прокурори, Марказий банк раҳбари-ю Олий Суд раисигача ёрдам сўраб, хатлар ёзди. Бироқ мурожаатлар ўрганиш учун вилоятга қайтарилаверди.

– Гулистон шаҳридаги “Истиқлол” МФЙда оилам билан истиқомат қиламан, – дейди Э.Носиров. – Қарамоғимда кеккса ота-онам, рафиқам ва вояга етмаган фарзандим бор. Ўзим тикув машиналари устасиман. Лекин бу йўналишда иш топилмагани боис одамларнинг кундалик юмушларини бажариб, рўзғор тебратаман. Оилада мендан бошқа ҳеч ким ишламайди…

2019 йилнинг 7 март куни Президентимизнинг “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан руҳланиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга аҳд қилдим. Турмуш ўртоғим Мадинахон Носированинг касби тикувчи бўлгани учун тикувчилик цехи очмоқчи бўлдик. Иккинчи сектор раҳбари Ж.Васиев ва МФЙ раиси И.Юлдашевларнинг амалий кўмаги билан “Ҳар бир оила тадбиркор” Давлат дастури доирасида имтиёзли кредит олиш учун вилоят “Микрокредитбанк”ига тавсиянома олдик. Шундан кейин тўпланган ҳужжатлар билан банкка бордим. Маъмурлар ҳужжатлар билан танишиб, йиллик 8 фоиз устама тўлаш шарти билан 3 йил муддатга менга 16.100.000 сўм, рафиқамга эса 13.900.000 сўм жами 30.000 000 сўм ажратадиган бўлишди. Ишимиз юришганидан хурсанд бўлиб, банкдан чиқиб кетаётсак, Дилмурод исмли банк ходими ёнимизга келиб, ўзларида тикув дастгоҳлари бўйича таъминотчи борлигини, шу боис маблағни унинг ҳисоб рақамига ўтказиб беришларини, қолган барча ишни таъминтчи бажаришини айтиб, таъминотчининг телефон рақамини берди. Тез орада фирма раҳбари ҳам банкка етиб келди. Ўзини “FRESH BUZNESS SALES” МЧЖ вакили деб таништириган йигит Аъзам Мусурмонқулов экан. Кейин у бизга Боёвут туманида ҳам хусусий фирмаси борлигини, олинаётган кредит маблағининг 10 фоизини ўзида олиб қолиб, қолган 27.000.000 сўмни менга нақд пул шаклида беришини, чунки банк раҳбарларига “узатмаса” умуман иши битмаслигини тушунтирди. Ҳа, дарвоқе, у гап орасида, менга бериладиган пулга ўзим бозордан тикув дастгоҳлари сотиб олиб, уйимга ўрнатишим мумкинлигини ҳам уқтирди. Бу гаплардан кейин кредитсиз қолиб кетишдан чўчиб, ноилож шартларига рози бўлдим…

Маълум бўлишича, ўша кунга “келишув”дан кейин 2019 йилнинг 10 июнь куни “Микрокредитбанк” АТБ Сирдарё вилоят филиали Амалиёт бўлими томонидан Э.Носиров ва унинг рафиқасига 579-сонли кредит шартномасига асосан 30.000.000 сўм маблағ ажратилади. Бундан икки кун олдин – 8 июнь куни эса таъминотчи МЧЖ раҳбари Аъзам Мусурмонқулов ва Элёр Носиров, Мадина Носировалар ўртасида 171, 172-сонли шартномалар имзоланади. Унга мувофиқ, 48, 49-сонли қалбаки юк хатлари ҳам расмийлаштирилиб, банкка тақдим этилади. Аъзам Мусурмонқулов бечора эр хотинни шундай аврайдики, натижада улар қоғозда бору амалда йўқ тикув дастгоҳларини олдим дея сохта юк хатларига имзо ҳам қўйиб юборадилар. Алалхусус 10 июнь куниёқ 30.000.000 сўм маблағ банк томонидан таъминотчи МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб юборилган эди.

– Шундан кейин МЧЖ раҳбари йўқ бўлиб кетди. Уни бир ой излаб-излаб ахийри топдим, – дейди Э.Носиров. – Узоқ давом этган “мулоқотимиз”дан кейин у менга 20.000.000 сўм пул бериб, қолган 7.000.000 сўмни икки кунда келтириб беришга ваъда берди. Гарчи ич-ичимдан пушаймон бўлсамда бозорга бориб эскироқ бўлсада тикув машиналарини сотиб олдим. Бироқ энди хомашё сотиб олишга пул йўқ эди. Аъзам Мусурмонқулов эса…

Хуллас Элёр ва Мадина Носировалар маблағ йўқлиги боис режалаштириган ишларини давом эттира олмай қимматли вақтларини йўқотадилар.

2019 йилнинг 10 октябрь куни эса “Микрокредитбанк” вилоят бошқармаси маъмурияти Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси орқали 4/SR-01-2888 рақамли даъво ариза билан Гулистон туманлараро судига мурожаат қилиб, Элёр Носировга нисбатан кредит қарздорлиги ва унга ҳисобланган фоизларни муддатидан олдин ундиришни сўрайди.

2019 йилнинг 11 ноябрь куни судья Д.Жўраева раислигида кўриб чиқилган даъво ариза тўлиқ қаноатлантирилиб, жавобгар Элёр Носировдан 16.216.511 сўм асосий қарз, 648.801 сўм давлат божи ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори имзоланди.

Аммо ушбу масалани ўрганиш чоғи баъзи ҳужжатларни кўриб, ёқа ушламаслик мумкин эмас. Сабаби, ФИБ Гулистон туманлараро судига вилоят Савдо-саноат палатаси томонидан “Микрокредитбанк” манфаатида 2019 йилнинг 10 октябрида даъво ариза киритилгани ҳолда бу иш 2019 йилнинг 3 октябрь куни иш юритувига қабул қилинган!!! Янаям аниқроғи ҳали йўқ даъво ариза судда 60-26-1-сон билан бир ҳафта олдин рўйхатга олинган.

Элёр Носировнинг таъкидлашича, бўлиб ўтган суд жараёнида у судья Д.Жўраевага масала моҳиятини, таъминотчи МЧЖ раҳбари Аъзам Мусурмонқуловнинг найранглари боис шундай аҳволга тушиб қолганини тушунтиришга уринган. Бироқ судья унинг мулоҳазаларини инобатга олмаган.

Шу ўринда ушбу иш Республика Ҳакамлик судлари Ассоциацияси Сирдарё вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик судида ҳам кўриб чиқилганини айтиш жоиз. Чунки Э.Носиров бу идорага ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилган. Вилоят ҳакамлик судининг 2019 йил 21 августидаги 12/1-19-07-сонли ҳал қилув қарорига мувофиқ, таъминотчи МЧЖ раҳбари Аъзам Мусурмонқуловдан Элёр ва Мадина Носировалар фойдасига 10.000.000 сўм асосий қарзни ундириш белгиланган.

– Ҳакамлик суди қарорини ижрога қаратиб беришларини сўраб, жавобгар яшовчи манзилга – ФИБ Боёвут туманлараро судига борсам, судья З.Файзиева бунақа ишлар судда кўрилмаслигини айтди, – дейди Э.Носиров. – Ноилож ФИБ вилоят суди раҳбарига учрашдим. Унинг аралашувидан сўнг З.Файзиева мени яна қабул қилиб, 28 сентябрь куни келишимни айтди. Айтилган куни борсам, тўнини бутунлай тескари кийиб олибди. Энг қизиғи, кредитдан мақсадсиз фойдаланган экансиз, Гулистон туманлараро судида сизга нисбатан “Микрокредитбанк”нинг даъво аризаси бор экан, шу боис “Сизга ижро варақаси берилмайди”, дея ўдағайлаб берди.

Ана энди муаммонинг айни қизиган “палласи”га эътибор қаратайлик: юқорида таъкидлаганимиздек, Савдо-саноат палатаси “Микрокредитбанк” манфаатида 2019 йилнинг 10 октябрида ФИБ Гулистон туманлараро судига даъво ариза киритган бўлса-ю, қандай қилиб 28 сентябрда, яъни роппа-роса 12 кун олдин судья З.Файзиева бундан хабар топди экан?! Ёки унинг малакаси, “башоратчилиги” шу даражада такомиллашиб кетганидан судга яқин келажакда киритиладиган даъволарни олдиндан кўра олишдек ноёб қобилият шаклланганмикан?!

Эътибор беринг: ФИБ Гулистон туманлараро судида вилоят Савдо-саноат палатаси томонидан вилоят “Микрокредитбанк” манфаатидаги Э.Носировга нисбатан ҳали ёзилмаган даъво ариза бир ҳафта олдин “пайдо бўлиб” қолса, ФИБ Боёвут туманлараро судьяси эса худди юқоридаги даъвонинг судга киритилишини 12 кун олдин башорат қилиб турса… Бу ҳар қандай одамни кўз илғамас ҳилқатларга етакламайдими?!

Сирдарё вилоят Ҳакамлик суди етакчи мутахассиси Шуҳрат Деҳқоновнинг таъкидлашича, ФИБ Боёвут туманлараро суди ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини қувватлаб, 2020 йил 1 февралда ижрога қаратган. Бироқ Мажбурий ижро бюроси Боёвут туман бўлими томонидан ижро ҳаракатлари негадир пайсалга солинмоқда.

Биз фақат юқоридаги муаммони ўрганиш чоғида ўзимиз гувоҳ бўлган далиллар, ҳужжатлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда фикр юритдик.

Хулоса шуки, юқоридагидек ҳолат сабаб тадбиркорлик остонасига қадам қўйиш ниятидаги бир ёш оиланинг шашти сўнган. Аввал у банк биносидан чиқмай туриб, алданди. Кейин билмаган, танимаган одамга ишонди, сохта ҳужжатларга қўл қўйди. Ўша пайтда на банк, на Савдо-саноат палатаси, эй, болапақир, ҳолинг нима кечяпти, кредит олган эдинг, дея унинг жонига оро кирмадилар. Аксинча, томошабинга айланишди. Очиғини айтиш керак, кредит олиб, бирон иш бошламоқчи бўлганлар яқин-яқингача юқоридагидек “сирли ўйинлар”ни ҳар қадамда кўрганлар. Аммо гапиришга юраклари дов бермаган. Оқибатда эса яхши ният, яхши ўй билан катта йўлга чиқмоқчи бўлган кишиларнинг биргина тижорат банкига, адолат дея кўксига муштлаётган судьяларга эмас, бутун бир жамиятга бўлган ишончи сўнган.

Э.Носировни ҳам ҳеч бир иккиланишларсиз ана шундай омади чопмаганлар қаторига қўшиш мумкин.

Аммо бизнингча, ҳали ҳам юқорида қайд этилган хатони тузатиш, бир ёш оилага эса йўқотган ишончини қайтариб бериш мумкин.

Ўйлаймизки, Сирдарё вилояти прокуратурасининг адолатли ходимлари ушбу “иш”ни чуқурроқ таҳлил этсалар, ким аслида хатога йўл қўйгани маълум бўлармиди?!

Абдуғаффор Омонбоев, журналист

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 24 июнь, чоршанба №20 (1070) сони, 5- бетда чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!