“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ДЕПУТАТ ЖИНОЯТЧИЛАР ИЗИГА ТУШДИМИ?

Орамизда шундай кимсалар борки, улар ҳақида эшитганингда беихтиёр “гуруч курмаксиз бўлмас эканда” деб юборасан.

Кеча таҳририятимизга Парламент қуйи палатаси аъзоси – 24-Когон сайлов округидан сайланган депутат Умида Раҳмонова бир мактуб келтирди.

– Ушбу хат эгасининг ташвишли кунларидан шахсан хабардор бўлганим учун унга ёрдам бермоқчиман, – деди у.

Хат шундай бошланади:

“Мен Чориқулова Умида Шавкатовна 1991 йилнинг 1 августида Бухоро шаҳрида туғилганман. Ўзим иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб, шаҳардаги “Болалар уйи”да катта бўлганман. Айни пайтда Когон тумани, Хўжа Файз кўчасидаги 5 уйда яшайман. Бир нафар фарзандим бор. Дастлаб, вилоят ҳокимлиги томонидан берилган уй менга ҳадя сифатида расмийлаштирилган бўлса-да, кейинчалик унинг банк томонидан қурилганлиги айтилгач, ойлик тўловларини тўлаб боришга мажбур бўлдим. Ана шу тўловлардан қийналиб, 2019 йилнинг ноябрь ойида уйимга Камола исмли аёлни ижарага қўйдим. Уни менга Азиза исмли аёл тавсия қилган эди. Агар бошимга айнан ана шу аёллар ва уларнинг танишлари туфайли бугунгидек кўргуликлар тушишини билганимда, минбанд бу ишга қўл урмаган бўлардим.”

Хат шу зайлда давом этади.

Маълум бўлишича, хат муаллифининг уйига “яхшилаб” жойлашиб олган Камола бироз вақт ўтгач, бегона эркакларни эргаштириб кела бошлайди. Уй эгасининг эътирозларига эса коммунал тўловларни тўлаб бораётганлигини пеш қилади… Бу ҳолат такрорланавергач, Умида Чориқулова ижарачидан уйни бўшатиб қўйишни сўрайди. Ҳаммаси айнан шу талабдан кейин бошланади.

“2020 йилнинг 2 февраль куни Камоланинг танишлари – Замон, Сайёд, Тўймурод исмли шахслар мени кимсасиз чўлга олиб бориб, роса калтакладилар. Сўнгра… уйимга олиб келиб, аёвсиз зўрлашди!  Калтак ва зўрликлардан баданимда соғ жой қолмади. Хуллас, бу хўрликларга чидай олмай, ўз жонимга қасд қилмоқчи бўлганимда, яна машинага тиқишиб, тунги уч яримларда Лобарнинг уйига ташлаб кетишди. Баданимдаги оғриққа чидай олмай, эртаси куни эрталаб Бухоро шаҳар “тез тиббий ёрдам” марказига бордим. Шифокорлар аҳволимни кўриб, дарҳол ёрдам кўрсатишди, қўлимни гипслашди, сўнгра Бухоро шаҳар ИИБга расман хабар беришди.”

Хат билан таниша туриб, энди ҳақиқат қарор топади, зўравонлар қонун олдида жавоб беради, деган ўйга бориб, бироз шошилибмиз чоғи. Шундан кейин рўй берган воқеалар бизни том маънода ҳайратга солди, дейиш мумкин.

Гап шундаки, Бухоро шаҳар “тез тиббий ёрдам” марказидан 2020 йилнинг 3 февралида берилган хабарга биноан орадан 2 кун ўтиб (!), яъни 5 февралда жабрланувчи Умида Чориқулованинг шикоятномаси Бухоро шаҳар ИИБда рўйхатга олинади. Аммо мазкур мурожаат ҳанузгача қонуний ечимини топмайди. Буни шикоят муаллифининг қуйидаги сўзларидан ҳам билиш мумкин.

“Рўй берган ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси, 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлсада, негадир ҳужжатларга енгил тан жароҳати олган дея белгилаб қўйилди, холос. Шунинг учун ҳам мени зўрлаган, хўрлаган кимсалар ҳалигача очиқда юриб менга турли зуғумларни ўтказишмоқда. Уларнинг дастидан уйимга боролмай, турли жойларда яшириниб юрибман, боламни эса яхши одамларнинг қўлига бериб қўйишга мажбурман. Чунки унинг тақдиридан қўрқаман. Замон, Сайёд, Тўймуродларнинг қўлидан ҳар нарса келади.”

Ўша воқелардан кейин тўрт ойдан ошиқ вақт ўтаяптики, адолат қарор топганича йўқ. Умида Чориқулова халигача Бухорода ҳадик билан яшаяпти! Ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади: наҳотки Бухоро шаҳрида рўй берган ана шундай бедодликлардан ҳуқуқ-тартибот идоралари бехабар бўлсалар?!

Айнан ушбу мактуб муаллифи ҳамда унинг болаликдаги аянчли тақдири хусусида роппа роса тўрт йил олдин Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг “Диёр янгиликлари” дастурида махсус репортаж тайёрланган, ана шундан кейин унга Когон туманидан икки хонали уй совға қилинган эди. Бироқ… орадан бир ой ўтмасданоқ унга совға қилинган уйдаги барча мебель жиҳозлари ҳокимият вакиллари томонидан олиб кетилган ва алал оқибат ҳадя қилинган уйнинг кредит пуллар эвазига қурилганлиги унга “уқтирилиб” ойма-ой тўловларни тўлаб бориш У.Чориқулованинг зиммасига юкланган эди. Эътибор қилаяпсизми, ана шу қўштирноқ ичидаги ҳадя уйнинг кредит фоизлари, коммунал тўловлари қаҳрамонимизни не аҳволга солганини…

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмоновага жабрланган аёл зўравонларнинг биринчи қурбони эмаслигини айтган. Буларнинг бари уюштирилган сценарий бўйича олиб борилади. Умуман бу ҳолат шу даражада такомиллашганки, ҳаёт қийинчиликлари, рўзғор ташвишлари олдида қийналган аёллар, қизлар Лобар исмли аёлнинг иш топиб бериш ҳақидаги ваъдасига биноан унинг уйига боришади. Суҳбат асносида уларнинг сув ёки чойига билинтирмай дори томизилади. Ана шу дори таъсирида ўзидан кетган “иш изловчи” зўрланади ва видеога туширилади. Ўзига келгач, унга теле “томоша” кўрсатилиб, зиммасига турли иқтисодий талаблар қўйилади. Кўнмаганлар аёвсиз калтакланади, хўрланади. Шаҳло, Раъно каби яна уч нафар аёл худди шундай жабрдийдалар жумласидандир. Шу ўринда Умида Чориқуловага юқорида номлари келтирилган аёлларга қилинган зулм саҳналари кўрсатилиб, Бухоро шаҳар ИИБдан шикоятномасини қайтариб олиш талаб этилган…

«Бухоро шаҳрида бундай жиноий тўданинг борлиги қатор йиллардан бери маълум бўлсада, бироқ уларнинг мушугини ҳеч ким “пишт” дея олмайди.» Умида Чориқулованинг адолат ва ҳимоя истаб ёзган хати шу тахлит давом этаверади…

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 10 июнь, чоршанба №17-18 (1068) сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!