“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“МЕН ПРЕЗИДЕНТ БИЛАН УЧРАШДИМ”

 

Сардоба фожиаси туфайли Оқолтин туманининг “Шодлик” МФЙ ва унинг таркибига кирувчи қишлоқлардаги 860 та хонадон деярли яроқсиз ҳолатга келган. Айни пайтда бу ерда Тошкент, Самарқанд ва қашқадарёлик 3 мингдан зиёд қурувчи-усталар туну кун меҳнат қилиб, 400 га яқин хонадонни таъмирлашаяпти. Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов эса ўз оталиғидаги 132 та хонадон соҳибига ҳатто ноутбук ҳам совға қилибди.

 

Тошқин оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларининг 90 минг нафар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Юз берган ҳалокат 3 та тумандаги 2570 уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй, 70 та ижтимоий объект, 20 минг гектар экин майдони, 828 км. ҳажмдаги йўл билан бирга электр, газ, ичимлик суви тармоқларини ҳам буткул яроқсиз ҳолга келтирган. Ҳокимлик мутасаддиларининг таъкидлашларича, тез орада ҳар учала туманда 3 та массив барпо этилиб, 66 та беш қаватли уй қурилади. 2640 та хонадон калити жабрдийдаларга топширилади. Ҳар бир массивда мактаб, болалар боғчаси, шифохона сингари замонавий ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этилади. Энг муҳими, бу ерда 10 минг киши учун янги иш ўрни яратилади. Бунинг учун давлат бюджетидан 2 трлн. 143 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Амалга оширилаётган ишларни кузатиб, замона қаҳрамонлари ҳақида ёзишни ният қилган ижодкор дўстларимиз шу ерларга келиб, одамлар билан суҳбатлашсалар айни муддао бўларди, деган фикр ўтди хаёлимдан.

Шуларни ўйлаб туриб, тиниб-тинчимас депутат Айсулув Ўлжаевага кўзим тушиб қолди…

Ҳа адашмаган эканман, ўтаётган ҳафта Юртбошимиздан раҳмат эшитган “партизан депутат”нинг ўзи…

Газетамизнинг 13 май кунги сонида у ҳақда мақолам чиққанди.

Оёғида резина этик, уст-боши лой-тупроқ…

Ҳар доимгидек унинг жарангдор овози чор атрофга таралади.

Опа билан ҳорманг-бор бўлингдан кейин, Президент билан бўлган учрашув тафсилотлари ҳақида сўрадим.

– Биласизми, бу учрашув ҳаётимнинг энг унутилмас куни бўлиб қолса керак.

– Президентимиз навбатдаги ташрифлари чоғида Оқолтин туманида ҳам бўлиб, олиб борилаётган ишлар билавн танишдилар. Туман фаоллари, депутатлар, маҳаллий аҳоли билан самимий суҳбатлашдилар. Шулар қатори менга ҳам сўз берилди… Аммо ўшанда ҳаяжондан гапиролмай қолдим.

Шунда Шавкат Миромонович кулимсираганча исми-шарифим, ишим, оилам ҳақида сўрадилар. Бироз ўзимни тутиб олиб, касбим ўқитувчи, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Оқолтин туман Кенгашига депутатликка сайланганимни айта бошладим… Шунда: “Эй, партизан депутат” деганлари ҳали сизмисиз”, деб қолдилар. Шундан кейин  шу сарлавҳа билан “Миллий тикланиш” газетасида мен ҳақимда мақола чоп этилганини, бу эътирофдан руҳланиб, бир кучимга ўн куч қўшилганини гапириб бердим.

У киши кулимсираганича гапларимни эшитдиларда, ҳаммасидан хабарлари борлигини, мен ҳақимда ўқиб эшитганликларини айтдилар. Сўнгра тошқин юз берган кун ҳақида батафсил гапириб беришимни сўрадилар.

Мен тошқин хабарини эшитгач, одамларни огоҳлантириб, қўшни Сайхунобод туманига кўчиришга киришганлигимизни туман, вилоят раҳбарлари зудлик билан етиб келишганини, ҳудудга сув кира бошлаганида шалаббо ҳолатда икки кекса ногиронни вилоят ҳокимининг хизмат машинасига ўтқазиб, хавфсиз ҳудудга обориб қўйганимизгача гапириб бердим. Шундан кейин умидсизликка тушаётганимизда “Юртбошимизнинг шахсан ўзлари тўғон бошида эканлар”, деган хабарни эшитиб, йиғлаб юборганимни ҳам айтдим. Одамлар ўз Президентларига қаттиқ ишонишларини ва уни севишларини ҳам йиғламсираганимча айтдим у кишига.

Яна кенжатой набирам этагимдан тортиб, “Энди уйимиз бўлмайдими, буви?” деб сўраганини, уни бағримга босиб “Президент бобонг бор экан, албатта, ҳаммамизнинг уйимиз бўлади”, деб жавоб берганимни ҳам сўзлаб бердим.

Шунда Шавкат Миромонович тонгда неварани қучиб  уйғониш энг улкан бахт, дея жимиб қолдилар…

Ишонасизми, шу гаплардан кейин мен у кишининг кўзлари намланганини кўрдим. Бироздан сўнг Юртбошимиз менга қараб:

– Раҳмат сизга “партизан депутат”, энди сиз Тошкентда ишлашингиз керак.

У энди “генерал депутат” бўлиши лозим менимча. Шунга нима дейсизлар, – дея атрофга қарадилар.

Ҳамма қатори мен ҳам кутилмаган таклифдан гангиб қолдим. Сўнгра маҳалладошларимни яхши кўришим, шу боис уларни ташлаб кетолмаслигимни, шу ерда туриб ҳам Президент олиб бораётган ислоҳотларга ҳисса қўшишимни, қолаверса бу инсонийлик, депутатлик бурчим эканини айтганимда, Юртбошимизнинг юзига мамнуният қалқди ва қўлимни оҳиста ушлаб, гап қотдилар: “Ҳақиқатдан ҳам “партизан депутат” экансиз!”

Юртбошимизнинг ўша кунга учрашувда барчага қарата, сизларни ишли, уйли-жойли қилмагунимча кўнглим сира тинчимайди. Билиб қўйинглар, мен доимо сизлар билан биргаман деган гаплари ҳалигача қулоғим остида янграйди. Ўшанда ҳамма севинчдан чапак чалиб юборганди.

“Партизан депутат” билан ҳашар асносидаги суҳбатимиз анчагача давом этди. Қўлимиз ишда-ю, тилимиз гапда бўлгани учун ҳатто атрофга кеч тушганлигини ҳам сезмай қолибмиз.

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 3 июнь, чоршанба №16 (1066) – сони 4-бетда чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!