“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ЎЗБЕКНИНГ ЎР БОЛАСИ

Ёхуд қўйдан китобни афзал билган фермер ҳақида

Акмалхон ака билан китоб дўконида учрашиб қолдик. Қўлида бир даста китоб, хушнуд ҳолда чиқиб келаётган экан.

– Невараларни бир хурсанд дедим, қаранг қандай зўр асарларни олдим – сўрашарканмиз, у болаларча қувониб қўлидагиларни кўз-кўзлай бошлади.

… Бу одамнинг китобга ўчлигини азалдан биламан. Ҳатто у ҳақида китоб билан боғлиқ қизиқ ҳангомаларни ҳам эшитганман:

Хуллас бундан 20 йиллар олдин унинг уйига водийдан бир талай меҳмон келади. Улардан бири меҳмонхонадаги жавонларга дид билан терилган сара асарларга суқ билан боқиб баногоҳ мезбондан қорақалпоқнинг машҳур адиби Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Бахтсизлар” романини ўз шахсий кутубхонаси учун сўрайди.

Акмалхон ака бирдан безовталаниб қолади ва ўтирганларни ташқарига чорлайди-да тўғри ҳовли бурчагидаги қўрага бошлаб боради. Сўнгра бир талай қўйни кўрсатиб, меҳмонга сўраган китобининг ўрнига улардан ҳохлаган бирини олишини илтимос қилади…

Энг қизиғи меҳмонлар қайтар чоғда барчанинг ҳай-ҳайлашига қарамай каттагина қўйни машина юкхонасига солиб қўяди. Меҳмоннинг кўнгли ўксимасин дея шу ишни қилади-ю ўзини буткул хотиржам сезади. Зотан энг севган асарларидан бири ёнига қолганидан узоқ вақтгача қувониб юради.

Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Буюк-Тўра-Чек” фермер хўжалиги раҳбари Акмалхон Комилов шунақа одам. Ёши етмишни қоралаб қолган бўлсада йигитлардек тетик, қарашлари ўткир, серҳаракат, сермулоҳаза, шу билан бирга ўта қайсар бу инсон билан бундан ўн йиллар муқаддам танишганман. Касб-коринг қаламкаш бўлганидан сўнг ҳар хил тоифа, турли касб эгаларини кўраркансан киши. Лекин… лекин китобга бунчалик ўч фермерни ўтган йиллар мобайнида деярли бошқа учратмадим. Тўғриси, бу “кашфиётим”дан ҳали-ҳануз қувониб юраман. Акмалхон ака узоқ йиллар хўжалик, туман, вилоят ташкилотларида иқтисодчи бўлиб ишлади. 2003 йилда Сирдарё туманининг “Янги ҳаёт” сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидан 42 гектар ер олиб, фермер хўжалиги ташкил этди. Рафиқаси Патилахон, икки ўғил, икки қизини ёнига олиб ерга қаттиқ ёпишди. Қилинган меҳнатлар тезда ўз бўйини кўрсатиб, фермер хўжалиги дастлабки учинчи йилдаёқ муваффақиятга эришди.

Айни кунда “Буюк-Тўра-Чек” фермер хўжалиги нафақат туманда, балки вилоятда маълум ва машҳур, иқтисоди бақувват хўжаликлардан саналади. Биргина ўтаётган 2020 йилда 21 гектар ғалла ва 21 гектар ерда пахта етиштирилиб, шартнома режалари ошиғи билан бажарилди. Йил якунига кўра фермер хўжалиги 200 миллион сўм соф даромад қилди.

– Бизда деҳқоннинг қўлини ишдан деярли совутиб юборадиган, даласига боришдан юрагини безиллатиб қўядиган жудаям ёмон бир “анаъана” бор. Бу – миришкорга кўрсатма бериб, далага вақт-бевақт экин эктиришдир. Пўрим кийиниб, дала бошига келиб олиб, деҳқонга уни қил, буни қил деб дўқ урадиган “раҳбарчалар” ҳали-ҳануз учраб туради. Президент томонидан ўтказилган одилона ислоҳотлар туфайли фермернинг сараги саракка, пучаги пучакка ажратиб олинди. Энди далада ишлайдиган одам қолди. Бас шундай экан, бугуннинг фермерига пўписа қилиб кўрсатма бермай, амалий ёрдам берилса у ишини билиб қилаверади. Фермер ишласа ўзининг эртанги куни учун ҳам ишлайди, – деганди у аввалги суҳбатларимизнинг бирида.

Юқорида зикр этганимиз, китоб дўкони Гулистон шаҳрининг обод масканларидан бири – Алишер Навоий хиёбонида жойлашган. Ана шу файзиёб масканда фермер билан суҳбатимиз роса қўр олди.

– Биласизми – дейди у гап бошлаб, – туманимизда 8 минг гектарга 234 та фермер хўжалиги пахта, 10 минг гектарга 319 та фермер хўжалиги ғалла экади. 2020 йилда биргина пахтачиликдан туман деҳқонлари 31,5 млрд сўм соф даромад олишди. Бизнинг “Янги ҳаёт” СИУ да 24 та фермер хўжалиги мавжуд. 2020 йилда ҳудуд фермерлари пахтачиликдан 5 млрд сўм даромад қилишди. Президентга минг раҳмат, харид нархларининг оширилиши фермернинг иқтисодий томондан букилиб кетаёзган қаддини яна ростлашига имкон берди. Келгусида бир ишни қилмоқчиман. Аниқ биламан, ҳудуддаги фермерлар бунга бажонидил қўшилади. Қишлоқда китоб дўкони очилади! Гапнинг рости, шу ишнинг хат-ҳужжатини қилиш учун вилоят марказига келувдим.

– Очиғи, унинг бу ташаббуси кўнглимни чоғ қилиб юборди. Мен фермер билан суҳбат чоғида мавзуни унинг фермерлик фаолиятига буришга ҳарчанд уринмай, Акмалхон ака “ўз позицияси” да маҳкам туриб олиб, бугунги адабиёт – китобхонлик, газетхонлик ҳақида ўз мулоҳазаларини баён эта бошлади. Унинг гаплари бироз тўпори бўлсада, айни ҳақиқат эди.

– “Ўзбекнинг уйига қўноқ келса, албатта, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилинади. Бор топган-тутганини дастурхонга тўкади. Меҳмон ранжиб кетмасин дея энг сара таомлар тайёрлайди. Шунча қуюқ-суюқ тортилиб турган-да, уят бўлмасин дея анави савил “шайтон суви”дан ҳам камида бир шиша қўйилади. Энди ўйлаб кўринг, ўша шишага фалон минг сўмни аямаймиз. Агар ўшанча миқдордаги пулни боласи китоб сотиб олиши учун сўраса жеркиб берадиган оталар орамизда ҳалиям учрайди. Аслида меҳмоннинг олдига ароқ қўймаслик уят эмас, аксинча, қўйишнинг ўзи уят! Боласига охирги марта қачон китоб олиб берганини эслай олмасликнинг ўзи ота-она учун номус! Битта ароқнинг пулига бирэмас, камида учта болалар китобини сотиб олиш мумкин. Бугун китобни қиммат дея, аюҳаннос солиш вайсақиликдан бошқа нарса эмас! Яна бир гап. Бошқаларни билмадим-у, бироқ мен ва оила аъзоларим газета, журнал, китобни қўлда тутиб ўқишни афзал биламиз. Олимларнинг фикрича бирор нарсани мутолаа қилаётганингда, уни ҳатто бармоқларинг ҳам ҳис этиши лозим экан. Электрон газета, электрон китоб деганларига қарши эмасман. Лекин босма нашрни ўқиганга нима етсин. Инчунун, бола қўлига ҳақиқий китобни ушласа, унинг онгига, қалбига эзгулик чуқурроқ сингади. Китобни ҳис қилади. Ақлли қурилма деб аталмиш телефонга мукка тушиб олган бугуннинг боласини китоб орқали ундан бироз айириш вақти аллақачон келган.

– Фермернинг мулоҳазаларини тинглай туриб хаёлимда оғриқли ўйлар тинмай чарх ураверди! Сирдарё туманида ўн олтида СИУ бор. Бу – туманда 16 та катта қишлоқ бор дегани. Энг ачинарлиси ана шу қишлоқларнинг биронтасида на китоб дўкони, на кутубхона бор. Хўжакўрсинга ташкил этиб қўйилган 2 та қишлоқ кутубхонаси ҳатто қониқарли даражада ҳам ишламайди. Шундай бўлгач юқорида билдирилган фикримизда собит қолишга мажбурмиз!

Тўғри, туман марказида – шундоқ ҳокимлик биноси биқинида мўъжазгина китоб дўкони бор. Лекин 128 минг аҳоли яшайдиган туманга бу кўрсаткич умуман ярашмайди. Энг ёмони ота-она фарзандига китоб олиб бериш учун узоқ қишлоқдан туман марказига пул, вақт сарфлаб келишга мажбур бўлаётир. Вилоят ҳокимлигида маънавият-маърифат масалаларига доир йиғилиш бўлиб қолса, минбарга чиқиб олиб туманда бу борада олиб борилаётган “оламшумул” ишлар ҳақида тинмай сўзлаб, кўкрагига муштлайдиган Сирдарё туман ҳокимлигидаги мутасаддилар бу ҳақда бир ўйлаб кўришса ёмон бўлмасди.

Ўша куни Акмалхон Қодиров билан сўлим хиёбондаги гурунгимиз узоқ давом этди. Мен муштарийга унинг қишлоқ хўжалигидаги муваффақиятли фаолияти, ютуқларининг сири ҳақида сўзлаб бермоқчи эдим. Лекин суҳбат мавзуси фермерни доимо қизиқтирадиган, қолаверса ўзимни ҳам анчадан буён ўйлантириб юрган мавзу ва унинг оғриқли нуқталари томон ўзгариб кетди…

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Жамият” ижтимоий-сиёсий газетаси №20 (746) 2021 йил 13 май кунги сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!