“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

РАИС  ҚОНУНДАН ҲАМ ЗЎРМИ?

Республика Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири диққатига.

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида яшовчи Муяссар Пардаева мана етти ойдирки ҳақиқат излаб сарсон-саргардон бўлиб юрибди. У адолат юзага чиқишига умид боғлаб даставвал вилоят ҳокимлиги мутасаддиларига сўнгра Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вилоят бошқармаси раҳбари Ўлмас Мадаминовга, бошқарманинг туман бўлими бошлиғи Алишер Ибодуллаевга, Оқолтин тумани ҳокими Дилмурод Фозиловга бир неча бор ёзма ва оғзаки равишда мурожаат қилди. Бироқ унинг бу таваллолари бамисли қудуққа тушган игннадек изсиз кетди. Янаям аниқроғи уни тинглайдиган бирон масъул Сирдарё вилоятида топилмади ва… ва ҳануз топилмаяпти!

“Мен 2017 йилдан буён тумандаги Алишер Навоий номли МФЙда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис вазифасида ишлаб келаётгандим. Тўғриси ўз ишимни жуда севардим. Шу боис ишлаб чарчамасдим. Бироқ МФЙга Абдусаттор Ғайбуллаев раис бўлиб сайлангач, очиғи менга кун бермай қўйди. Ҳар бир ишимдан камчилик топиб камситадиган одат чиқарди. Аввалбошда ҳеч нарсага тушунмадим. Кейин… кейин билсам унинг нияти буткул бошқа аниқроғи менинг ўрнимга ўзининг эски ҳамтовоғи Норинисо Юлдашевани қўйиш экан. Алал оқибат бунга эришди ҳам! А.Ғайбуллаев ва Н.Юлдашевалар олдин ҳам ҳудди шу МФЙда бирга ишлаб, содир этган жиноятлари учун суднинг қора курсисига бирга ўтиришган. Аниқ айтадиган бўлсам Н.Юлдашева 2 марта, А.Ғайбуллаев эса оз эмас, кўп эмас 4 марта бу курсини “ишғол қилган”! “Шундай одамларнинг қўлида хор бўлганлигим учун гоҳида хўрлигим келади. Умуман бу каби инсонлар бундай шарафли вазифаларда ишлаши мумкинми деган савол дилимни ўртаб юборади.”

Куюнчаклик билан битилган мактуб шу зайлда давом этаверади. Ундан маълум бўлишича Оқолтин тумани ҳокими Д.Фозиловнинг 2020 йил 7 мартдаги 06-2/08-345 сонли огоҳлантириш хати МФЙ раиси А.Ғайбуллаевга роса қўл келган ва у бундан жуда унумли фойдаланган. Бу ҳақда кейинроқ батафсил сўз юритамиз.

Хуллас ҳоким ўз огоҳлантириш хатида тумандаги 12 та МФЙда фаолият юритаётган хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассисларни (бундан кейин хотин-қизлар бўйича мутахассис – муаллиф) штат бирлиги қисқариши боис тез орада ишдан бўшатилишини маълум қилганди.

Бунга президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори, худди шу санада имзоланган “Жамиятда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асос қилиб олинди. Бироқ Фармонга мувофиқ хотин-қизлар бўйича мутахассис лавозими ўрнида МФЙнинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари (бундан кейин хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосар – муаллиф) штат бирлиги жорий этилди.

Дарҳақиқат, президентнинг юқорида номлари зикр этилган қарор ва фармонлари ижроси юзасиданбарча жойларда бўлганидек Сирдарё вилоятида қолаверса Оқолтин туманида ҳам қатор хайрли ишлар амалга оширилди. Даставвал маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳарлардаги бўлимлари ташкил этилди. Соҳага етук, ўз ишининг жонкуярлари жалб этилди. Натижада вилоятдаги МФЙлар фаолиятида сезиларли жонланиш сезилди. Вилоят ҳуқуқ тартибот идораларида самарали фаолият юритган Ўлмас Мадаминовнинг соҳага раҳбар этиб тайинланиши бу ижобий силжишларнинг асосий мезони бўлаётганлигини бугун вилоятда кўпчилик эътироф этаётганлигида бор гап. Бироқ… бироқ Муяссар Пардаеванинг ушбу бошқарма бошлиғига йўллаган пайдар-пай мурожаатлари умуман эътиборсиз қолдирилаётганлиги очиғи бизни чуқур таассуф ва таажжубга солди!

“Мен М.Пардаевани қатор йиллардан буён биламан. Ўз касбига, оиласига содиқ, фидойи аёл. У МФЙда ишлаган даврида бирор хотин-қиз арз-дод қилиб ҳокимлик эшигини тақиллатмади. Раҳбариятни ишдан чалғитмади. Вақтини ўғирламади. Чунки у ҳар қандай чигал муаммони мустақил еча олади. Энг асосийси одамлар билан муомала қилишни билади. Унинг ишдан бўшатилганлиги, ноқонуний сайлов қурбони бўлгани масаласига келсак бу муаммони фақат ва фақат бошлиғимиз А.Ибодуллаевгина еча олади” – дейди биз билан суҳбатда туман Маҳалла ва оиални қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Насиба Алтмишева. Қўлимизда туман ҳокимлиги мутасаддиларига, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи Ў.Мадаминовга А.Навоий номли МФЙда яшовчлар томонидан йўлланган 100 дан ошиқ имзо қўйилганфикрномалар, арзномалар нусхалари турибди. Уларда МФЙ аҳли, туман ИИБ ходимлари ҳатто тумандаги маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам М.Пардаевани МФЙга қайтариш лозимлиги ҳақида жон куйдириб баён этишган. Бироқ, бу мурожаатномалар ҳануз қоғозда қолиб кетмоқда. Чунки вилоят ва тумандаги бирон-бир раҳбар улар билан батафсил танишиб чиқиб, муаммоли масалага қонуний баҳо беришни ўзига эп кўрмаяпти!!!

Пардаеванинг арзномасини ўрганиш чоғида қўлга киритилган баъзи ҳужжатлар билан таниша туриб ёқа ушлаб қолаёздик…

Хуллас А.Ғайбуллаев 2019 йилда МФЙга раис бўлиб келгач ўз ёнига эски  қадрдонларини йиғиш пайига тушди. Шу боис 2020 йилнинг 30 апрелида шошилинч равишда йиғилиш ўтказди ва унда кенгаш аъзоларининг ўнга яқини иштирок этди. Асосий мақсад МФЙ раисининг ўринбосарларини сайлаш эди. Агар 2020 йил 19 сонли йиғилиш баённомасига таяниб сўз юритилса мазкур йиғинда МФЙ раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари сайланди. Хусусан М.Пардаева, Н.Юлдашева, А. Раҳмоновалар раиснинг оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлигига номзод этиб кўрсатилди. Раис ўша йиғиндаги нутқида 3 чи номзод Ашурхон Раҳмонова ўз номзодини қайтариб олганлиги учун қолган 2 нафар номзодга яширин тарзда овоз бериш лозимлигини баён қилди.

Биз мақолани тайёрлаш жараёнида Ашурхон Раҳмонова билан телефон орқали боғланиб, нима сабабдан 30 апрелдаги раис ўринбосарлиги учун бўлиб ўтган сайловда ўз номзодини қайтариб олганлиги ҳақида суриштирдик. А.Раҳмонова бу саволимиздан сўнг ҳангу-манг бўлиб қолди ва ҳеч қандай йиғилишдан хабари йўқлигини, аксинча номзоди қўйилганлиги боис сайловга чақиришларини ҳануз кутиб юрганлигини асабий ҳолда баён қила кетди. Яна бир ажабланарли томони Давлат махсус комиссияси томонидан коронавирус пандемияси туфайли бутун республикада қатъий карантин эълон қилинган, жойларда оммавий тадбирлар, йиғин-йиғилишларга буткул чек қўйилган ҳатто давлат миқёсидаги вазирлик ва идоралар ҳам масофавий ишлаш тизимига ўтган бир паллада Оқолтин туманининг А.Навоий номли МФЙ раиси А.Ғайбуллаев анчайин катта йиғилиш ўтказганлиги “тескари таҳсин”га молик масала эканлигини  алоҳида таъкидлаш жоиз! Бунисиям майли, ушбу сайловда “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари қўпол тарзда бузилди, яъни раис ўринбосарлигига сайловлар яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Алал-оқибат раис жаноблари мақсадига эришди. Яширин овоз бериш йўли билан Н.Юлдашева ўринбосарликка сайланди. Ваҳоланки мазкур Қонуннинг 17-моддасида “Фуқаролар йиғини Кенгашининг қарорлари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади” дея битиб қўйилган!

Қолаверса буни 2020 йилнинг 14 октябрида ФИБ Оқолтин туманлараро судида судья Ўткир Абдураҳмонов томонидан имзоланган ҳал қилув қарори ҳам тасдиқлайди.

Дарвоқе, М.Пардаева вилоят туман мутасаддиларидан амалий кўмак уёқда турсин бирон жўяли жавоб ҳам ололмагач ФИБ Оқолтин туманлараро судига МФЙ Кенгашининг 2020 йил 30 апрелдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, ўз иш жойига тикланишини сўраб ариза билан мурожаат қилганди. Алалхусус унинг даъволари қисман қаноатлантирилиб, МФЙ Кенгашининг 2020 йил 30 апрелдаги Н.Юлдашевани раис ўринбосарлигига сайлаш, умуман шу санада қабул қилинган Кенгаш қарори ҳақиқий эмас деб топилди!

– Тумандаги 12 та МФЙда фаолият юритган хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассисларнинг 11 нафари жойлардаги Кенгашларда ўтказилган сайловлар ва уларнинг тегишли қарорларига мувофиқ МФЙ раисларининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимларига сайланди. Аниқроғи уларнинг ҳеч бири ишсиз ҳолда кўчага ташлаб қўйилмади. Бироқ А.Ғайбуллаев М.Пардаеванинг сайланишига тиш тирноғи билан қарши бўлаётир – дейди суҳбатни давом эттираркан Насиба Алтмишева.

Гапнинг очиғи юз берган ҳолатлар, раис ўринбосарлиги учун шошма-шошарлик билан ўтказилган чала-чулпа сайловлар ва уларнинг натижалари бизда анчайин шубҳа уйғотди. Эътибор қилинг, А.Ғайбуллаев ўринбосарларни тасдиқлаш ҳақидаги Кенгаш қарорини 2020 йилнинг 30 апрелида имзоламоқда. Худди шу куннинг ўзидаёқ Юлдашева Норинисони раис ўринбосари лавозимига тасдиқлаш ҳақида 19-сонлиқарорини тасдиқлаётир.

Бироқ Оқолтин туман ҳокимининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий аҳлоқий қадриятларни мусаҳкамлаш бўйича мутахассисларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги 132- Ғ сонли Фармойиши 2020 йилнинг 7 майида имзоланмоқда. Яъни роппа-роса 7 кун олдин МФЙ раиси отни жадал қамчилаб хотин қизлар масалалари бўйича ўринбосар лавозимига сайлов ўтказмоқда. Аслида бунинг акси ўлароқ туман ҳокимининг фармойишидан сўнггина жойларда сайловлар ташкил этилиши, бунга мазкур ҳужжатнинг асос қилиб олиниши тегишли қонун ҳужжатларида аниқ кўрсатиб ўтилган!

Биз юқорида 2020 йилнинг 14 октябрида ФИБ Оқолтин туманлараро суди томонидан А.Навоий номли МФЙнинг 30 апрелдаги Кенгаш қарори ҳақиқий эмас деб топилганлигини қайд этиб ўтгандик. Ана шундан сўнгА.Ғайбуллаев яна бир “янгилик”ка қўл урди, яъни2020 йилнинг 4 ноябр куни МФЙ Кенгашининг йиғилишини чақирди ва биргина Норинисо Юлдашеванинг номзодини хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарликка тасдиқлаш учун йиғилганларга “нутқ ирод қилди.”

Амалдаги қонунчиликка биноан эса камида 2 нафар номзод кенгаш аъзоларига таништирилиши лозим эди!

“2018 йилдан буён Кенгаш аъзосиман. А.Навоий номли МФЙ ҳудудидаги 3- мактабда қатор йиллардан буён раҳбарлик қиламан. Шу боис катта-кичик йиғинларда қатнашиб тураман. Лекин умрим бино бўлиб, бунақа шошилинч йиғилишни кўрмаганман. Сабаби 4 ноябрь куни МФЙ раиси А.Ғайбуллаев мактабга келиб йиғилиш бўлишини айтди ва шоша-пиша уёқ-буёққа қўнғироқ қилиб 8 нафар кенгаш аъзосини иш жойларидан ҳатто уйларидан ҳам чақиртириб олди. Сўнгра Н.Юлдашева деган аёлни кўрсатиб, шу киши менинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарим бўлади, қўл кўтариб тасдиқлаб беринглар деди. Мен унга номзод битта эмас, бир нечта бўлиши лозимлигини айтганимда у қўл силтади. Ноилож айтганига кўниб қўл кўтардик” – дейди биз билан суҳбатда 3-умумтаълим мактаби директори Насиба Суюнова.

Кенгашнинг яна бир аъзоси Бахтиёр Сиддиқовнинг таъкидлашича, уни уйидан раис зудлик билан суратга тушиш учун чақиртириб олган.

“Келсам сайлов бўлаётган экан. А.Ғайбуллаевнинг кўрсатмасига биноан биргина номзод Н.Юлдашевага овоз беришга мажбур бўлдик. Қўлингни кўтар дейишди, кўтардик. Дарҳақиқат сураткаш расмга олди ва бу суратлар ҳокимликка керак дейишди… Очиғи ҳеч нарсага тушунмадим.”

МФЙ кенгаши аъзоларидан яна бири Ботир Мадиновнинг таъкидлашича, раис А.Ғайбуллаев ҳали бирон марта аъзоларга қилинган ва қилинажак ишлар тўғрисида ҳисобот бермаган. Улар билан маслаҳатлашмаган. Шундай бўлгач, бунақа “срочний” сайловларни ўтказиш унга чикора – дейди Б.Мадинов.

“Республика Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш тадбирлари тўғрисида”ги ПФ 5938 сонли Фармони иловасида эски тартибда тасдиқланган Кенгаш янги ташкил этилган вазирлик юрисдикциясига ўтганидан сўнг қонун талабига кўра қайта тасдиқланиши ва шундан кейингина қарор қабул қилиш ваколатига эга бўлишлиги қатъий белгилаб қўйилган. Лекин Оқолтин туманининг А.Навоий номли МФЙда бу нормаларга умуман амал қилинмаган. Кенгаш таркиби Фармонга биноан қайта тасдиқланмаган. Бас, шундай экан, эски тартибдаги Кенгашнинг 19 сонли қарори ҳеч қандай қонуний кучга эга эмас” – дейди саволларимизга жавобан қатор йиллар прокуратура ва адлия тизимида фаолият юритган кекса юрист Мардали Маҳмудов.

Биз мақолани тайёрлаш жараёнида Оқолтин туман ҳокими Д.Фозиловга бир неча бор сим қоқдик. Мақсадимиз – унинг бу борадаги фикрларини билиш эди. Бироқ кетма-кет қилинган қўнғироқлар жонига тегди шекилли ҳоким жаноблари телефонни ўчириб қўйишни афзал билдилар. Туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А.Ибодуллаев эса мавжуд ҳолатни умуман шарҳлаб беролмади. Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Ў.Мадаминовнинг ўзи тугул телефон рақамини топиш биз учун жуда душвор масала бўлиб қолаверди.

… М.Пардаева эса ҳали ҳам ҳақиқат қарор топишига умид қилиб юрибди…

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2021 йил 13 январь, чоршанба №2 (1104) сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!