“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ТЎППОНЧА ДЕПУТАТ

“Биз сиз билан бу борада аввал ҳам гаплашганмиз, ваъдангизни-да обдон эшитганмиз  лекин ҳалигача натижа йўқ, агар 20 кун ичида муаммо ҳал этилмаса масалангизни Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясига киритамиз. Бу қўрқитиш ёки пўписа эмас. Чунки қўрқадиган ёшдан сиз ўтгансиз, қўрқитадиганидан мен аллақачонлар ўтиб бўлганман! Инсоф билан ўйлайлик ахир, эртага одамларнинг кўзига қандай қараймиз?!”

Марварид Эсоновна шундай дея телефон трубкасини жойига қўяркан менга узрҳоҳлик билан боқди-да ҳолатга ойдинлик кирита бошлади.

– Вилоят қурилиш бош бошқармасининг бошлиғи билан гаплашдим ҳозир. Гап шундаки Сардоба туманининг Пахтакор МФЙ Олтин водий кўчасида яшовчи аҳоли менга хат билан мурожаат қилиб, “Обод маҳалла” дастури бўйича МФЙдаги икки қаватли уйлар таъмирланганлигини лекин барча ишлар қўл учида бажарилганлигини баён этишганди. Аҳволни тўлиқ ўрганиб чиқиб очиғи тепа сочим тикка бўлди. Негаки лойиҳадаги ишларнинг ярмиям қилинмаган, ҳамма иш ўлда-жўлда аҳволда қолиб кетган. Масалан, лойиҳада кўрсатилган уйларнинг кириш жойларига темир эшиклар ўрнатилмаган, йўлаклар асфальтланмаган, тоза ичимлик суви тармоқларини улаш ишлари охиригача етказилмаган, уйларнинг балкон қисмидаги поллар алмаштирилмаган ва ҳоказо… Миллионлаб пул эса вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан “Бахт-СИТИ” деб номланмиш фирма ҳисоб рақамига ўтказиб берилган. Жаноб фирма раҳбари эса юқоридаги номаъқулчиликларни қилиб, пулни чўнтакка уриб жуфтакни ростлаган. Бунга масъул вилоят қурилиш бош бошқармаси раҳбари А.Худойназаров эса негадир жим. Мен бу ҳақда олдин ҳам у билан яккама-якка гаплашганман. Ваъдасини ҳам олганман. Бироқ ҳалигача натижа йўқ. Очиғи мана шунақа раҳбарлар одамнинг асабиниям, ғазабиниям қўзғайди. Гапнинг дангали бундайлар билан сира муроса қилолмайман!

… Сирдарёга ишга бириктирилганимдан сўнг вилоятнинг барча туманларида бўлдим. Одамлар билан суҳбатлашдим. Партиянинг вилоят, туман Кенгашларида бўлиб фаоллар, депутатлар фаолияти билан ҳам танишдим. Айниқса Сардоба туманида бўлганимда партиянинг туман кенгаши раисиҚурбон Ўтаев қизиқ бир гапни айтиб қолди: – Хоҳласангиз сизни тўппонча депутат билан таништираман. Қизиқсиниб турганимни кўриб шоша-пиша сўзларига изоҳ  бера бошлади.

– Биласизми, бизда бир депутат бор. Тумандаги 18-умумтаълим мактабига қатор йиллардан буён директорлик қилади. Ўзиям энг фаол депутатларимиздан. Туманимизнинг фахри у. Лекин бир одати бор. Жуда чўрткесар муросасозликни, кўзбўямачиликни ўлгудек ёмон кўради. Ўз ишини вақтида қилмаганни, ваъдасини бажармаганнни тўғри гапи – ҳақ сўзи билан “отиб қўя қолади”. Ва лекин айтганини қилмай, қилдирмай ҳам қўймайди. Шунданми маҳаллий халқ унга тўппонча деб лақаб қўйиб олган. Туман тугул вилоятдаги катта-катта корхона, ташкилот, идора раҳбарлари ҳам у билан ўйлашиб гаплашади. Тўппонча отилиб кетмасин дейишса керак-да ўзининг гапи ўзига наша қилиб раис баралла кулиб юборди.

Қурбон Ўтаев билан бўлган ана шу суҳбатдан сўнг менда бу депутат билан суҳбатлашиш истаги пайдо бўлди. Сардоба туманига қилинган навбатдаги сафар чоғида бунга муваффақ бўлдим – “тўппонча депутат” – Марварид Кенжаева билан у раҳбарлик қилаётган серфайз илм даргоҳида суҳбатлашдик…

– Раҳматли отам – Эсон Кенжаев ўз умрини чўлни ўзлаштиришга сарфлади. Қатор йиллар собиқ Янгиобод МФЙга раислик қилди, халқ хизматида бўлди. Тўғриси у жуда ҳақиқатгўй инсон эди. Адолатсизликни кўрса сира чидаб туролмасди. Ҳақиқат учун охиригача курашарди. Шу боисданми биз беш фарзанднинг барчамиз бу хислатдан бебаҳра қолмаганмиз. Ахир олманинг тагига олма тушади деган нақл борку! Марварид Кенжаева – Эсон ота ва Мўйсина онанинг иккинчи фарзанди. Аслида ота-она учун фарзанднинг бари тенг, баробар. Уларнинг катта-кичиги бўлиши мумкин бироқ яхши-ёмони бўлмайди. Лекин Эсон ота Марваридга айрича меҳр қўйганди.

“- Шу қизнинг кўзидан ҳам, сўзидан ҳам, товонидан ҳам ўт чақнайди-да, кўрасан бу ҳали одамларнинг оғирини енгиллатадиган, хизматини қиладиган улуғ инсон бўлади,” – дерди ота гоҳ-гоҳида рафиқасига.

– Улуғ одам бўлмай кетсин, – нолирди она, қачон қарасанг кап-катта қиз ўғил болалар билан тўп тепгани-тепган, стадиондан бери келмайди, камига ўспиринлар билан кураш тушишига бало борми, шилинмаган жойи йўқ, бунинг устига ўлгудек тили заҳар, бир гапни адашиб хато айтиб қўйсанг, юзинг кўзинг демай чақиб олади-да дарров тўғирлаб қўяди, ота бўлиб бундай тергасангиз бўлмайдими? – гинахон оҳангда сўзларди она – Ота ҳам эса бу дийдиёларга кулимсираб қўя қоларди

Отанинг дуолари вожиб бўлдими ҳайтовур, Марварид 1990 йилда Сардоба туманидаги Беруний номли 5-ўрта мактабни олтин медал билан битирди ва шу йилиёқ Гулистон Давлат Университетининг тарих факультети талабасига айланди. 1995 йилда Олий даргоҳни тамомлаб ўз туманига қайтди ва аввал 15-умумтаълим мактабида кейинроқ 18-умумтаълим мактабида ўқувчиларга тарих фанидан сабоқ берди. Ўз вазифасига ўта масъулият билан ёндошиши, тўғрисўзлиги, ишни қатъий тартиб асосида олиб бориши жамоага хуш келиб уни 1999 йилда директор ўринбосарлигига, 2011 йилда мактаб директорлигига сайлашди. Ҳа, Эсон ота айтмоқчи у халқнинг хизматини қиладиган, оғирини  енгиллатадиган инсон бўлди. Бунда Ўзбекистон Миллий тикланиш Демократик партиясининг ҳам ўрни беқиёс бўлди. Чунки у 2015 йилда мазкур партиядан туман кенгаши депутати, 2018 йилдаХалқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши депутатлигига сайланди. Янаям аниқроғи халқ унга ишонч билдирди. Элнинг ишончидан улуғроқ мукофот йўқлигини Марварид Кенжаева дил-дилидан ҳали-ҳануз чуқур ҳис қилади. Шунинг учун тиним билмайди, елиб югуради. Дарвоқе, у 2019 йилдан буён ЎзМТДП депутатлик гуруҳи раҳбари вазифасини ҳам сидқидилдан адо этиб келаётир.

– Ҳозиргина вилоят марказидан келиб турувдим, – дейди опа – бу гал бир неча кўзбўямачиларни қаттиқроқ “туртиш”га тўғри келди. Туманнинг Ҳамид Олимжон ва Бахмал МФЙлари аҳолиси тоза ичимлик сувидан қийналишмоқда. Бу муаммога ечим излаб не-не казо-казоларнинг эшигини қоқмадим дейсиз. Алал-оқибат ушбу ҳудудларни тоза ичимлик суви билан таъминлашвилоятнинг Инвестиция дастурига киритилди. Тўғри, сув тармоғи МФЙларнинг баъзи кўчаларига тортилди ҳам. Лекин ҳали-ҳануз сувдан дарак йўқ. Яқинда 2019 йилда Инвестиция дастури доирасида вилоятда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумот билан танишиб ҳушимни йўқотаёздим. Не кўз билан кўрайки, ҳар иккала МФЙ ҳам қоғозда тоза ичимлик суви билан “аллақачонлар таъминланган”, бунинг учун қарийб 5 млрд. сўм маблағ сарфланган экан. “Tunnel Construction and Progekt” номли МЧЖ бу “улуғвор” ишларни бажарган эмиш. Қоним қайнаб, тўғри вилоятга бордим ва ўша кўзбўямачи фирма раҳбари Шерзод Ҳасановни топиб томоғидан ғиппа бўғдим. Охир-оқибат шу ҳафта охиригача ҳамма ишни батамом якунлаб, сув чиқариб берадиган бўлишди…

Марварид Кенжаевани Ўзбекистон Темир йўллари АЖ бошқаруви раиси Ҳ.Ҳосилов ҳам жуда “яхши билади”. Чунки депутат шахсан унга Ховос транспорт касб-ҳунар коллежини битирган ва лекин ҳозирда ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 6 нафар фарзандини Ховос темир йўл корхонасига ишга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб пайдар-пай хатлар ёзди. Жаноб Ҳ.Ҳосиловдан садо чиқмагач ЎзМТДП партия гуруҳи сўровини-да унинг номига йўллади. Бу галги расмий мурожаатни ғаладонига ташлаб қўйса вазият чигаллашишини бу Кенжаева деганлари барибир ишнинг охиригача етмай қўймаслигиниҳис қилган раҳбарнинг биргина қўнғироғи 6 нафар ёш йигитни ишли қилди-қўйди!

Сардоба тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи З.Турдиева ҳам тепса-тебранмас раҳбарлар сафига қачон қўшилиб қолганлигини, шу боис мудом мудраб юришини ўзиям билмаса керак. Ана шу “мудраш”дан уни М.Кенжаева халос қилди. Яъни туманнинг Бирлашган МФЙдаги Қизилой ва Сафдор кўчаларига асфальт ётқизишдаги ўзига хос ташвиш, елиб югуришлар З.Турдиевани карахтликдан буткул қутқарди. Алалоқибат нафақат икки кўча балки МФЙнинг барча кўчалари туман йўл хўжалиги бўлими билан ҳамкорликда тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, йўл четлари ободонлаштирилди.

– Эътибор қилсангиз, муҳтарам юртбошимиз ҳар бир йиғинда адолат ва ҳақиқат сўзларини жудаям кўп ишлатадилар. Халқ биздан рози бўлсин дея бот-бот такрорлайдилар. Бу бежизга эмас. Ахир дунёга келгандан сўнг ортимиздан недир қолдириб кетишимиз керак-ку. Аниқ биламан инсоннинг ортидан фақат ва фақат қилган эзгу ишларигина қолади.

Президентнинг видеоселектордаги нутқини тинглаб якунида чапак чалиб, чиққач билганича иш тутадиган раҳбарлар ҳам ҳали-ҳануз орамизда учрайди. Шундай бўлгач, бунақа калондимоғ корчалонларни “осмондан тушириб” қўйишга кўпинча тўғри келиб қолаяпти. Ва шундай қилаяпмиз ҳам. Чунки биз янги Ўзбекистонни қуриш учун кураш даврида яшаяпмиз – опа билан хайрлашар чоғимда у кўзларидан ўт чақнаб шу сўзларни айтди…

Абдуғаффор Омонбоев, журналист

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 16 декабрь №49 (1099) сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!