“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МАНФУР ГЕББЕЛСНИНГ РЕЖАСИНИ БАРБОД ҚИЛГАН РАИМБЕРДИЕВГА СОВҒА КЕЛДИ

Кенгаш биносига кираётсам қаршимдан ЎзМТДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси Норбобо ака Соатов жилмайиб чиқиб келди.

– Гулистонга, Раимбердиевникига кетаяпмиз, борасизми, – деб қолдилар кутилмаганда. – Ота билан бир гурунглашиб келамиз…

Беихтиёр Гулистон туманининг Ўювли қишлоғида яшовчи уруш ва меҳнат фахрийси, донгдор пахтакор Холмирза Раимбердиев ёдимга тушди. Партиянинг вилоят, туман миқёсидаги тадбирларида фаол иштирок этадиган оқсоқолимиз ҳақида ўтган йили газетада очерк ҳам эълон қилгандим.

Яхши топиб гапиради деган машҳур ўзбек мақолининг “асл намоёндаси” Холмирза ота десак муболаға бўлмайди. Отахоннинг гапларини эшитиб, унинг 100 ёшни уриб қўйганига ишонгингиз ҳам келмайди.

Отахон билан бу галги суҳбатимиз уруш ҳақида бўлди…

– 1942 йилнинг 13 октябрида қўлимга чақирув қоғози беришди, – дея гап бошлади отахон. – Свердловскдаги ҳарбий полигонда тайёргарликдан ўтгач, бинойидек автоматчига айландим. 1943 йилнинг ёзида маршалл Рокоссовский қўмондонлигидаги 2-Белоруссия фронти 76-Черниговский дивизияси таркибида жангга кирдим. Дастлаб Орёл, кейин Смоленск шаҳарларини озод қилдик. Белоруссия пойтахти – Минскни эгаллашда эса душманнинг кескин қаршилигига дуч келдик. Фашистлар бу ерга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган экан. Бир неча бор уюштирилган зарбалар ҳам таъсир қилмади. Қайтанга шаҳарга баттар ёпишиб олишди. Охир-оқибат қўмондонликнинг қатъий буйруғи билан еру кўкдан ҳужум-штурм бошланди. Саноқсиз қурбонлар эвазига шаҳар босқинчилардан озод этилди-ю, аммо шаҳар чеккасидаги бир кўҳна бинони фашистлар зулукдек ёпишиб ҳимоя қилишди. Униям “тозалаганимиз”дан кейин эса ҳамма сир ошкор бўлди. Маълум бўлишича, фашистлар босиб олинган ерларда “ўлжага” олинган ва олиб кетишга улгурилмай қолган тарихий ашёлар, экспонатлар, тилла-кумуш буюмлар, қимматбаҳо картиналарни шу шаҳарга келтириб, бинонинг кенг, мўл ертўласига яширишган. Геббелснинг махфий кўрсатмасига биноан, бу ашёлар тездан Германияга жўнатилиш арафасида экан.

Иккита музей биносига ҳам сиғмайдиган хазина сақланаётган омборни айланаётиб, қора мато ташлаб қўйилган кичик бир “тоғча”ни кўриб қолдим. Очиб қарасам, аёлларнинг тилла тақинчоқлари ёнида одамларнинг оғзидан суғуриб олинган тилла тишлар уюмчаси турарди…

Бинонинг орқа томонига ўтгач, ҳамма даҳшатдан донг қотиб қолди. Не кўз билан кўрайликки, маҳаллий аҳолининг эркагу аёли ўлик ҳолда қалашиб ётар, мурдалар чирий бошлаганидан атрофни қўланса ҳид тутиб кетганди. Асирлардан бирининг айтишича, кичикроқ унвондаги немис офицерлари маҳаллий аҳоли орасидаги тилла тишлиларни, тилла тақинчоқли аёлларни шу ерга ҳайдаб келиб қамашар, ҳафталаб нон-сув бермай обдон силласини қуритишиб, кейин тишларини суғуриб олишар экан.

Ғазабдан ўзимни босолмай қолдим, кўз олдим қоронғилашиб кетди. Шундан кейин ташқарига чиқиб, асир олинган 19 нафар фашистнинг нақ пешанасига автоматдан ўт очдим…

Холмирза ота 1944 йилда Белоруссиянинг Кобрин шаҳрида оғир яраланди. Ғалабанинг дарагини госпиталда эшитди. Узоқ даволанишлардан кейин 1945 йилнинг август ойида қишлоғига қайтди. Қўлига кетмон олиб ер чопди, пахта экди. Республикада донгдор пахтакорлар қатори ном чиқарди. 2015 йилнинг ғалаба баҳорида Белоруссия Республикаси президенти Александр Лукашенко Холмирза Раимбердиевга шахсан табрикнома ва эсдалик медал, қимматбаҳо туҳфа йўллади.

2019 йили отахон пойтахтда ўтказилган Хотира ва қадрлаш байрами шодиёналарида Президент Мирзиёев билан қучоқ очиб кўришди. Шу билан бирга, юрт отасининг қўлидан анвойи совғалар олди. Ҳозирда Холмирза ота рафиқаси Рўзигул ая билан ўн фарзанднинг, 92 набиранинг қуршовида қарилик гаштини суряпти.

Хайрлашар эканмиз “икки ёш” данагидан кўра “мағизлар”ни хуш кўришларини айтиб роса кулишди. Биз эса уларга чин дилдан ҳавас қилдик.

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 9 сентябрдаги №33 (1083) –сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!