“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

БОЁВУТДАН ЧИҚҚАН АЛИБЕК”

Навбатдаги машғулот бошлангач, нуфузли бир идорадан таклиф этилган нотиқ минбарга чиқиб, расмий тилда маъруза қила кетди. Шу пайт кутилмаганда қорачадан келган, озғингина, ўта мулоҳазакорлиги юз кўзларидан кўриниб турган бир йигит сўз сўраб қолди…

Изн берилгач, ЎзМТДП Боёвут туман кенгаши депутати Алибек Аманлиқов эканини айтиб, машғулотни расмиятчиликларсиз, содда тилда, даврадагилар билан фикрлашган ҳолда ўтказишни таклиф этди. Залга бироз жимлик чўкди. Аммо депутатнинг таклифи кўпчиликка маъқул келганди…

Ўшанда Алибек Аманлиқов билан суҳбатлашиш истаги пайдо бўлганди менда.

Алибек Аманлиқов – Боёвут фарзанди, у Усмон Юсупов номидаги 40-ўрта мактабни битиргач, Тошкент халқ хўжалиги институтига ўқишга кирди. Иқтисодчи малакасини олгач, туман ташкилотларида турли вазифаларда меҳнат қилди. Ҳалол хизмати, элга айрича меҳри боис назарга тушди. 2005 йилда эса Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сафига кирди. Партия ғояларидан ўзгача таъсирланган қаҳрамонимиз тез орада туман фаолларидан бирига ҳам айланди. Ва, кўп ўтмай одамлар мушкулини осон, оғирини енгиллатаётган партиядошларга ўрнак бўла бошлади.

Шунинг учун ҳам бу йилги сайловларда “Ижодкор” ва “Маънавият” МФЙлар аҳолиси унинг номзодини ёқлаб овоз бердилар. Шу тариқа Алибек Аманлиқов 3-Ижодкор сайлов округидан халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутатлигига сайланди.

– Депутат ваъда бердими, уни албатта бажариши шарт. Янги Ўзбекистон депутатининг шиори шундай бўлиши керак, – дейди Алибек ака. – Зотан бунга амал қилмасак назардан қолиш ҳеч гапмас.

Партия Боёвут туман кенгаши Замира Сатторқулова берган ҳужжатлар билан танишиб, депутатнинг сўз ва иш бирлигига нечоғлик амал қилиши билан қизиқдим.

“Ижодкор” ва “Маънавият” тумандаги энг катта маҳаллалардан бўлиб, уларда қарийб 13 минг аҳоли яшайди. Таъкидлаш жоиз, узоқ йиллардан бери маҳаллаларда талайгина муаммолар йиғилиб қолган.

Хусусан, “Ижодкор” маҳалласида собиқ иттифоқ давридан қолган, қаровсиз 140 ўринли болалар боғчаси бор эди. Давлат ёрдами билан ушбу маскан таъмирланиб, 250 ўринли боғчага айлантирилди. Турган гапки, унга педагог-тарбиячилар зарур. Ана шунда депутат туман мактабгача таълим бўлими мудираси Барно Холмухаммедовадан энг аввало, ҳудуддаги ишсиз, лекин дипломи бор мутахассисларни суҳбат асосида ишга жойлаштиришни сўради.  Натижада 18 нафар хотин-қиз болалар боғчасига ишга қабул қилинди.

– “Маънавият” МФЙ ҳудудида 9700 нафар аҳоли яшасада, ҳалигача бу ерда боғча йўқ, – дейди Алибек ака. – Йиғинда эса 1 гектардан ошиқ бўш ер бор. Шу ерда 300 ўринли боғча қурмоқчимиз. Ҳозиргача мутасаддиларга мурожаат хатлари ҳам жўнатдик. Боғча қурилса одамлар болаларини узоққа етаклаб юрмайди. Қолаверса, МФЙда хотин-қизлар учун камда 60 та янги иш ўрни яратилади.

Замира Сатторқулова тақдим этган ҳужжатлар орасида депутатнинг туман Халқ таълими бўлими раҳбари Эркин Қўлдошевга киритган депутатлик сўрови нусхаси ҳам бор экан.

“Маънавият” МФЙ ҳудудида 2009 йили қурилган 52-умумтаълим мактаби 250 ўринга мўлжалланган бўлсада, айни пайтда бу ерда 660 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Юзага келган ҳолатдан келиб чиқиб, зудлик билан қўшимча мактаб биноси қурилиши зарур.”

Депутатнинг мазкур сўровидан кейин вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан 360 ўринли янги мактаб биноси қурилиши 2020 йилги давлат дастурига киритилди. Бундан хабар топган маҳалла аҳли ўз депутатларини роса дуо қилдилар. Одамларни 11 йилдан буён қийнаб келаётган муаммо шу тариқа ўз ечимини топди.

Туман газлаштириш идораси раҳбари Ўткир Мирзаев “Ижодкор” маҳалласининг Юртпарвар кўчасидан деярли ҳар куни ўтади. Шу боис, кўчанинг қаерида қандай чуқур борлиги унга ўзи ёқтирган машҳур ҳофизнинг қўшиғидек ёд бўлиб кетган. Лекин у узоқ вақт негадир аҳоли истеъмоли учун тортилган газ қувурининг 1200 метр қисми ер устидан ер остига тушиб чирий бошлаганини “кўрмади”. Занг туфайли емирилган қувурнинг баъзи жойларидан сизиб чиқаётган газ ҳиди ҳам газлаштириш идораси “доҳий”сининг димоғини безовта қилмади. Ушбу ҳолат бўйича ҳам маҳалла аҳли депутатга арзи-ҳол қилди. Ўз навбатида А.Аманлиқов депутатлик сўрови билан идора раҳбарини “безовта” қилгач, деярли хароба аҳволга келиб қолган қувурлар ер устига чиқарилиб, тўлиқ таъмирланди…

Боёвут – Сирдарё вилоятининг залворли юкини кўтариб турган туманлардан бири. Шунинг учун унинг номи республика миқёсидаги нуфузли йиғинларда ўзгача ҳурмат билан эътироф этилади. Ана шу мўътабар эътирофнинг оқланишида фидоий боёвутликлар қатори Алибек Аманлиқовнинг ҳам салмоқли ҳиссаси борлигига мақоламизни якунлаётиб тўлиқ амин бўлдик…

Абдуғаффор Омонбоев, журналист. Сирдарё вилояти.

«Миллий тикланиш» газетасининг 2020 йил 8 июль, чоршанба №22 (1072) –сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!