“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

«Она» сўзини доимо бош ҳарфлар билан ёзайлик

 

218

11:20 / 06.03.2021

Инсон тириклигининг асосчиси бўлган Она ҳақида авваллари ҳам кўп ёзилган, бундан буён ҳам ёзилади. Улардан орттириб нима ҳам деймиз? Келинг, яхшиси бугун ҳарким ўз Онасига мурожаат қилсин. Ўз Онасини тарифласин, ўз Онасини улуғласин. Менимча, ёд бўлиб кетган баланд парвоз гаплардан шу афзал бўлса керак.

Бундан 33 йил аввал дунёга келиб, инсоният номли катта муҳитга қўшилиб, тириклик йўлига тушибман. Менинг  чирқираган овозим  бирга тенг туғилган бошқа гўдаклардан фарқ этмагани  билан  Онам учун гоҳ гуркираган савлатли, ғоҳ сивизғи товушидек овозли, ёқимли эди. Чунки у ўзидан аввал ҳеч бир Она дунёга келтирмаган ажойиб бир ўғлонни дунёга келтирган эди-да!

Менимча, ҳар бир Она фарзанд кўрган пайтида худди шуни тасаввур қилса керак…

Халқимизда «ўзи бўлган Ўзгабой» деган гап бор. Бунга ҳозирда ҳар ким ҳар хил маъно бериб келмоқда. Менинг фикримча, бу ибора дастлаб Онанинг қадр-қимматига етмаган номард фарзандга тегишли бўлса керак.

Таниқли қорақалпоқ публицисти А.Халмуратовнинг «Онамнинг  оқ сути» деган новелласини ўқиганим эсимда. Унда Она билан фарзанднинг, оддийлик билан буюкликнинг, ёвузлик билан нозикликнинг ғаройиб сиймоси гавдаланган. Буни айтишимдан мақсадим, новелладаги сўз юритилган Онанинг айрим ҳаракатлари менинг Онамга жуда ҳам ўхшаб кетар эди.

Мен 4 ёшгача бешикда ётганман. Унинг айтган аллалари қулоғимга сингиб кетган:

Айнанайин ой бола,

Шопқиллаб юрган той бола,

Шу бизнинг Русландек,

Бўла олади қай бола?!

Йигитлик ёшига етган шу кунлари кўпроқ ўйланадиган бўлиб қолдим.

Мен онам ўйлаганидек инсон бўла олдимми? «Оқшом оқ бешикни олиб ёнига…» деб шоирлар айтганидек тун уйқусини тўрт бўлган бир оқшомига тураманми? Тай-тай босган қадамларимга, сўнг ишдан чарчаб келганида олдига шопқиллаб чиққанимга, сумкамни орқалаб, ўзим тенгдош болаларга қўшилиб мактабга борганимга, олган дастлабки «5» баҳомга қувонгани кўз олдимда. Вақтида буларнинг ҳеч бирига аҳамият бермаганман. Бўйим ўсгани сайин унинг кўнгли ҳам ўсганини, умидлари фақат фарзандлари эканлигини қайдан билибман?

Газетада чоп этилган дастлабки мақоламни кўзларига суртиб, такрор-такрор ўқиб, укаларимнинг қўли тегмайдиган жойга авайлаб асрагани бор.

Яна да сўнг… сўнг… сўнг… Сизни яна қанчалик қувонтирган эканман Онажон?!

Сизнинг меҳрингизни, эркалатишларингизни ҳалигача соғиниб тураман.

Ҳамма ҳам Онадан туғилган. Онанинг оқ сути билан камол топган. Меҳр-шавқат, кечиримлилик, сабр тоқатлилик, мардлик тўйғулари оналарнинг қалбида қанақа қилиб жойлашиб турганига ҳайрон қоласан киши.

Эй, биродар. Онанг олдидаги қарзимни уздим дейиш бекор гап. Ҳар бир олган ғаниматли даминг учун унинг олдида бир умр қарздорсан.

Дунёдаги тирикликнинг яратувчиси бўлган, улуғларнинг улуғи Она сўзини доимо бош ҳарфлар билан ёзайлик!

Руслан АРЗИЕВ,

Навоий давлат кончилик институти Нукус  

филиали матбуот котиби, журналист.

ЎзА

Манба: http://uza.uz/posts/246904

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.7 / 5. Baholaganlar soni: 3

OAV nomi va parolini kiriting!