“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

АРМОНГА АЙЛАНГАН ИЗҲОР

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида истиқомат қилаётган Баҳромбой Яманқуловнинг дилида машъум уруш қолдирган доғ, армонли хотиралар 75 йилдирки уни сира тинч қўймайди… тунларда ҳам малъун фашист билан олишиб чиқади.

Баҳромбой ота билан ҳамсуҳбат бўлгач, бунга амин бўлдим.

Уни 1942 йилнинг ёзида ҳарбий хизматга чақиришди. Гўзал Форишнинг Чақир-Чуқур қишлоғидаги ададсиз адирларда буғдой ўриб, хирмон янчиб юрган йигит шу тариқа қўлидаги ўроғини милтиққа алмаштирганида эндигина 18 ёшни қаршилаган эди.

-1942 йилнинг сентябрида Шимолий Кавказ фронтининг пиёда қўшинлари сафида илк марта жангга кирдим. Уруш одам боласининг қадри шунчалар топталишига, хор бўлишига сабаб бўлишини ўшанда билганман, – дейди отахон. – Фашист деганлари самолётда тепангдан, замбаракда рўпарангдан ўт сочиб, қуролдошларингни тинмай ер тишлатаверса ғазабланиб, окопдан чиқиб жангга отилганингни сезмай ҳам қоларкансан.

Шимолий Кавказ фронтидаги жанглардан бирида Б.Яманқулов биқинидан яраланди. Госпиталдан чиққач, уни Украина фронтига йўллашди.

-1944 йилнинг 6 сентябрида Севастополда немис фашистларининг 122 минг кишилик қўшинини тор-мор этиб асир олдик. Ўшанда 180-дивизияда генерал Батутин қўмондонлиги остида жанг қилардим. Шу тариқа Қрим буткул озод этилди.

1945 йилнинг 6 май куни Берлинни ишғол этиш чоғида қаттиқ яраландим. Мина портлашидан сўнг баданимда соғ жойим қолмаган, ўнг қўл ва ўнг оёғим суяклари майдаланиб кетганди. Докторлар қўл ва оёғимни кесишга чоғланаётганларида бор кучимни йиғиб бақирдим: Яхшиси отиб ташлай қолинглар! Хуллас ўшанда оёқ-қўлимни кесишмади. Бироқ ҳамма ёғимни гипслаб, чандиб боғлаб ташлашди. Мени парваришлаш учун алоҳида ҳамшира бириктирилди. Ишонсизми, одам бир жойда муттасил ётаверганидан сўнг бадани йиринглаб кетаркан. Ўзиям бир йил тўшакда қимирламай ётдим. Ўша ҳамшира – рус қизи Катя мени қарийб бир ярим йил парваришлади. Одам боласининг сабр матонатига ўшанда таҳсин ўқиганман.

1947 йилнинг бошларида буткул тузалиб юра бошлаганимда бизни бирдан машиналарга чиқаришди. Энг алам қиладигани на бир докторга, на меҳрибон ҳамшира Катяга раҳмат айта олдим. Бизга ҳатто хайрлашиш ҳам насиб этмади. Очиғи бунга имкон беришмади.

Ўзбекистонга қайтдим. Оиламни Форишдан кўчириб келдим. Ўша даврларда қўриқ ерлар ўзлаштирилаётган эди. Янги тузилган колхозда ҳисобчи бўлиб ишлай бошладим.

Аммо… аммо узоқ йиллар ўша фидоий ҳамширани изладим. Уни дараклаб ёзмаган жойим қолмади. Ахир унга қилган одамийлиги учун ўз ташаккуримни айтишим шарт эди-да! Буни қарангки, 2013 йилга келиб, уни Санкт-Петербургдан топдим. Қанот чиқаргудек бўлиб, топилган манзилга борсам… барибир кечикибман, Катя бир ҳафтагина бурун оламдан ўтган экан. Унга раҳмат айтиш менга бир умрлик армон бўлиб қолди. Менга ҳам доим азоб берадиган, шу билан бирга мудом тинчлик бермайдиган уруш хотираларидан бири мана шу – Баҳромбой ота бир нуқтага тикилиб, ўй суриб қолди.

Мен отахоннинг сўзларини бўлмай эшитдим. Саволлар беришга журъат қилолмадим. У билан хўшлашиб чиқарканман бўғзимга бир нарса тиқилгандек бўлди. Ва, беихтиёр Баҳромбой отанинг айтганларини такрорладим: номинг ўчсин уруш!

Абдуғаффор Омонбоев, журналист.

“Миллий тикланиш” газетасининг 2020 йил 23 июль №24 (1074) сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!