“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

МАҚСАД ХАЛҚНИ РОЗИ ҚИЛИШ

Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқнинг муаммоларини эшитиб, уларга ечим топиш, имкони бўлса, жойида ҳал этиш тизимли йўлга қўйилади. Давлат идоралари вакилларининг худудларда бўлиб, аҳоли учун сайёр қабуллар ташкил этиши Президентимиз кўп бора таъкидлаётган халқни рози қилиш йўлидаги самарали қадамдир. Қабулдан рози бўлиб кетиш, аҳоли муаммоларининг қонуний ва адолатли ҳал этилиши халқнинг мамлакатмиздаги бугунги ислоҳотларга ишончини орттирияпти.

Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усманов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманларида оммавий қабуллар ўтказилмоқда.

Тадбирларда Президент админстрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Мактабгача таълим ва бошқа вазирликлар, мутасадди идора, ташкилотлар ҳамда ҳудудий секторлар раҳбарлари иштирок этмоқда.

Оммавий қабулга келиб тушган мурожатлар асосан газ, сув, электр энергияси таъминоти, йўлларни таъмирлаш, бандлик, таълим, тадбиркорлик ва кредит масалалари бўйича бўляпти.

Тадбирнинг дастлабки куни Нукус шаҳри ва Нукус тумани фуқаролари қабул қилинди. Сайёр қабулда 393 нафар фуқаро411 масала бўйича мурожаат этди. Шундан 132 таси жойида ижобий ҳал қилинди, 81 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилди. 168 мурожаатнинг ижроси назоратга олинди.

– Бугунги кунда фуқаролар йиғинимиз аҳолисини қийнаб келаётган муаммолардан бири ичимлик сув масаласидир, -дейди Нукус тумани «Кердер» овул фуқаролар йиғинида яшовчи Т.Ережепов. – Ушбу мурожаатим тегишли соҳа раҳбарлари томонидан кўриб чиқилди ва Осиё тараққиёт банкининг молявий кўмагида амалга оширилаётган лойиҳа асосида келгуси йилда овулимизга ичимлик сув тармоғи тортиладиган бўлди.

– Ички ишлар идораларида хизмат қилиш болаликдан орзуим эди, дейди Нукус шаҳрилик Ж.Муратбаев. – Оммавий қабулда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги масъул ходимларига ушбу масалада муражаат этдим ва Нукус шаҳри Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўлимига профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимига ишга қабул қилинадиган бўлдим. Бундан жудаям хурсандман.

– Бундан икки йил олдин автоҳалокатга учраганман, иккинчи гуруҳ ногирониман, -дейди Нукус шаҳрининг 27 кичик туманида истиқомат қилувчи фуқаро Роза Қайпназарова. –Оёғимни яна операция қилиш учун 6 миллион сўм маблағ керак эди. Шу масалада масъулларга мурожаат қилдим. Қорақалпоғистон Республикаси транспорт вазирлиги Тошкент шаҳрига бориб келиш йўл ҳаражатларимни кўтаришни, Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса даволаниш учун бепул ордер беришни зиммасига олди. Ушбу сайёр қабуллар ёрдамга муҳтож мен каби фуқароларга катта ёрдам бермоқда.

-Жорий йил Нукус давлат педагогика институтининг математика факультетини тугатдим, дейди биз билан суҳбат чоғида Бийбигул Юсупбаева. – Сайёр қабулга келаётганимда иш топиш масаласи бунча тез ечим топади, деб уйламагандим. Мени шаҳримиздаги 46-умумтаълим мактабига ўз мутахассислигим бўйича ишга қабул қилишди. Бундан жуда қувондим. Ташкилотчиларга катта раҳмат.

Тахиатош туманида ташкил этилган саёр қабулга Тахиатош, Хўжайли ва Шуманай туманиларидан келган 309 фуқаронинг 326 та муаммоси кўриб чиқилди.

Тахиатош тумани «Халқлар дўстлиги» маҳалласида истиқомат қилувчи Жангил Тастаева мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида қилинаётган ижобий ишлардан мамнун эканиини айтди. Қорақалпоғистонда, хусусан, Орол денгизининг ўрнида, Мўйноқ шаҳрида амалга оширилаётган ислоҳатлар учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Тумандаги оилавий ётоқхонада истиқомат қиладиган Гуласен Тошееванинг ичимлик сув масаласидаги мурожаати ижобий ечим топди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси масъуллари бир кунда 21 ариза қабул қилишди ва бу аризаларнинг барчаси назорат тартибида кўриб чиқиладиган бўлди. Тахитош тумани «Нурли келажак» маҳалла фуқаролар йиғинидаяшовчи Бахит Боданова 2014 йили уйида юз берган ёнғин натижасида қизи билан ёнғин ичида қолиб кетади ва биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолади. Бугун Бахит опа тиббий ёрдамга муҳтож. Прокуратурага қилган мурожаатидан сўнгу Тошкент шаҳридаги хусусий клиникада даволанадиган бўлди. Шунингдек, унга газ плитаси ҳам совға қилинди.

Сайёр қабул давомида Тахиатош тумани «Найман» овул фуқаролар йиғини аҳолисининг ичимлик сув бўйича мурожаати жойига бориб ўрганилди. Ҳудуддаги «Найман кўл» овулидаги 80 та оилада 300 нафарданзиёд киши истиқомат қилади. Бу ердаги аҳоли 30 йилдан буён сувни узоқдан ташиб келади. Уша куннинг ўзида овулга 2,5 километр масофадан ичимлик сув олиб келиш учун қувурларни тортиш ишларига киришилди. Демак, яқин кунлардабу муаммо ечим топади.

Тахиатош тумани «Жайҳун» маҳалла фуқаролар йиғинида электр таъминотида учраётган муаммолар ҳам жойига чиқиб ўрганилди.

– Мурожаатимиздан сўнг, шу куннинг ўзида 140 та оиланинг янгидан қураётган иморатлари учун янги трансформатор ва темир-бетон устунлар ўрнатилиб берилди, -дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Нодирбой Зияуов. – Электр тармоқлари ходимларига катта раҳмат.

Ишчи гуруҳ томонидан ўтказилаётган сайёр қабул Бўзатов туманида давом этди. Унда Кегайли ва Бўзатов туманлари аҳолисининг мурожаатлари кўриб чиқилди. Фуқаролар карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўзларини қийнаб келаётган масалаларни тегишли ташкилот вакилларига баён қилди.

– Ёлғиз ўғлим касал бўлганлиги боис, шу жойга келиб мурожаат қилмоқдаман. Ўзим донор бўлиб, ўғлимга буйрагимни бермоқчиман. Бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёрдам берадиган бўлди, -дейди Бийбируза Қабилбекова. –Ҳомийлар ёрдамида ўғлимнинг ҳисобига 35 миллион сўм маблағ ўтказилди. Шунингдек, Тошкент шаҳрига бориб-келиш ҳаражатига маҳаллий ҳокимлик ёрдам берадиган бўлди. Ўғлим тузалиб кетса, шунинг ўзи менга катта давлат. Барчагакатта раҳмат.

«Эркиндарё» овул фуқаролар йиғини ҳудудида 1000 га яқин фуқаролар истиқомат қилади, -дейди нуроний Қудайберган Тилеулиев. – Ҳудудимиз фуқаролари номидан оилавий поликлиника ёнидан ижтимоий дорихона очиб бериш масаласида мурожаат қилган эдим. Мурожаатим ижобий ҳал этиладиган бўлди. Шунингдек, ўзимнинг соғлиғимни тиклаш учун санаторийга бориб даволаниш масалига ҳам қониқарли жавоб олдим.

Тумандаги «Куксув» овул фуқаролар йиғинида истиқомат қиладиган ёш тадбиркор Азамат Қалмуратов давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан  фойдаланишни мақсад қилган. У «Қалмурат бажбан» фермер хўжалигида ёшларни иш билан банд қилиб келмоқда. Чорва комплексини кенгайтириш ва чет давлатлардан наслдор молларни олиб келишни режалаштириб, банкдан кредит олмоқчи. Халқ банк вакиллари томонидан шу жойнинг ўзида масаласи ўрганилиб чиқилиб, 2 миллиард сўм кредит ажратилиши ҳал этилди. Шунингдек, узоқ муддатли кредитни қайтариш муддати имтиёз тариқасида 5 йилдан 7 йилга узайтириладиган бўлди.

Ўтказилган сайёр қабул давомида жами 99 мурожаат келиб тушган бўлса, ўларнинг 36 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. 17 мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат бериш орқали ечим топилди. Қолган мурожаатлар эса тегишли ташкилот вакилларига юклатилиб, Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинди. Халқнинг дардини эшитиб, унинг ечимини топишни мақсад қилган сайёр қабуллар Қорақалпоғистон Республикаси туманларида давомэтмоқда.

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,«Янги Ўзбекистон» муҳбири.

«Янги Ўзбекистон» газетаси 2020 йил 15сентябрь, 176-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!