“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

СЕРДАРОМАД СОҲА ЯНАДА РИВОЖ ТОПАДИ

Қадимдан сурув-сурув қуй-эчкилар, мол ва йилқиларни кенг яйловларда боқиб кун кечирган қорақалпоқ халқи бугун ҳам бу шарафли касбни меҳр билан давом эттириб келмоқда.

Эндиликда Қорақалпоғистонда унумдорлиги паст ер участкалари танлов ва аукцион ўтказмасдан тақдим этилиши халқимизни қувонтирмоқда. Бу борадаги тегишли вазифалар давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўчимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгилаб берилди. Ҳужжатда, шунингдек, худудда яйлов ва пичанзорлардан самарали фойдаланиш ҳисобига аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган эхтиёжини таъминлаш даражасини яхшилаш ҳамда даромадини ошириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хам кўрсатиб ўтилган.

Табиат ҳеч бир худудни ўз неъматларидан бебаҳра қолдирмаган. Инсонларнинг вазифаси эса иқлим шароити ва аҳолининг талабига қараб бу неъматлардан оқилана фойдаланишни билишдир. Мутахассислар фикрича, Қорақалпоғистонда чорвачиликни кенг ривожлантириш учун шароит мавжуд. Аҳолининг меҳнат севарлиги, деҳқону, чорвадорларнинг омилкорлиги бу соҳада катта имконият яратади.

Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида республиканинг тўртта тумани аҳолисига ва тадбиркорларига яратилган шароит ва имтиёзлар қисқа вақт ичида ўзини тула оқлади, деб айтиш мумкин. Яъни, чорвачилик соҳасини ривожлантириш йўналишида умумий қиймати 490 млрд. сўмлик 236 та лойиҳа шакллантирилди ва 1582 та янги иш ўрни яратиш имконияти пайдо бўлди.

– Ўтган йили шу қарор асосида чорва ассоцациясини ташкил қилдик, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси чорвачилик ассоциацияси раиси Қутлимурод Панаев. Унинг дастлабки лойиҳасини Қўнғирот туманида бошладик. 12 та мол фермасида оилавий чорва кооперацияси тузилиб, ҳар бири ўзининг 100 та бош қорамолига эга. Шунингдек, сутни қайта ишлаш заводини қурмоқдамиз. Кооперациянинг ичида меҳмонхона, савдо дукони ва замонавий аукцион мол бозори мавжуд.

Бундан ташқари, Осиё тараққиёт банкининг 95,6 млрд. сўм кредит маблағлари ҳисобидан 94 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада четдан кўплаб наслли чорва моллари олиб келиниб, улар бош сони 12,5 мингтага, қуй-эчкилар сони 10,5 мингтага етди. Ваҳоланки, 2019 йилгача Қорақалпоғистонда бирорта ҳам наслли қорамол йўқ эди. Лойиҳалар доирасида жорий йил охиригача яна 1000 бош наслли қорамол олиб келинади.

-Тахтакўпир туманидаги қоракўлчилик-наслчилик илмий станцияси қуриб битказилди ва 1000 бошга яқин қоракўл сур қуйлари сотиб олиб келиниб боқилмоқда, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси «Чорва насл» маркази раҳбари Қучқорбой Пирназаров. -Шунингдек, Хўжайли туманида «Био мути» биофабрикаси очилди. Энди Қорақалпоғистонда 400 минг бошдан 600 минг бошгача молларни сунъий уруғлантириш учун уруғлар таёрланади. Бу эса уруғларни бошқа вилоятларга ҳам сотиш имкониятини беради.

Чорвачилик хўжаликларига ажратилган 40,2 минг гектар ерга озуқабоп экинлар, хусусан 13,3 минг гектарга беда, 17,8 минг гектарга маккажўхори, 7,9 минг гектарга оқжўхори, 1,3 минг гектарга хашаки лавлаги экилган.

-Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги қарори асосида Бўзатов туманида қиймати 54 млрд. сўмликдан ортиқ 46 та лойиҳа ишлаб чиқилган, -дейди Бўзатов туман ҳокими Маҳмуд Қайпанов. – Бугунги кунга қадар 10 млрд. сўмлик кредит маблағлари ўзлаштирилди. Туманимиздаги 4500 гектар ер шу лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилиб берилди.

Қарор асосида 4 та – Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида амалга оширилган ишлар натижаси бу тажрибани Қорақалпоғистоннинг бошқа худудларида ҳам тадбиқ этиш самарали бўлишини кўрсатди.

Ҳозираҳоли ва тадбиркорлар томонидан қорамолчилик бўйича 84 та, қўй-эчкичилик бўйича 5 та, балиқчилик бўйича 15 та, паррандачилик бўйича 15 та лойиҳа амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилган. Ана шундан келиб чиқиб, Президентимизнинг чорвачиликда бой тажрибани бошқа худудларга кенг жорий қилиш мақсадида қабул қилинган «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, аввал белгиланган имтиёзлар, яъни Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларидаги унумдорлиги паст ер майдонларини аукцион ўтказмасдан, комиссиянинг тавсиясига асосан ажратиш тартиби эндиликда Қорақалпоғистон Республикасининг бошқа туманларида ҳам татбиқ этилмоқда.

Бу, ўз навбатида, Қорақалпоғистонда наслли чорва молларининг кўпайиши, жун ва терини қайта ишлаш, юқори калорияли сут, қатиқ маҳсулотлари таёрлашда кенг имкониятлар эшигини очади.

-Қарорни барча сингари Нукус тумани халқи ҳам яхши кайфиятда кутиб олди. Чунки, бунгача туманимизтадбиркорлари хориждан 800 бошдан зиёд наслли мол олиб келиш режалаштирган бўлса, бугуннинг ўзида яна 4 та тадбиркор 400 бош мол олиб келиш истаги борлигини маълум қилди, -дейди Нукус тумани ҳокими Умрбой Уснаддинов.

Қарор талаблари асосида Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» оилавий чорвачилик кооперацияси, Бўзатов туманидаги «Бўзатов симменталь» ва «Агро бизнес Бўзатов», Муйноқ туманидаги «Муйноқ» чорвачилик кластери ҳамда Тахтакўпир туманидаги «Сейта» чорвачилик корхонаси томонидан 5,5 минг бош қорамолга мулжалланган 25 та чорвачилик комплексларини қуриш бошланиб, 2020 йилнинг охирига қадар тўлиқ ишга тўшириш мўлжалланмоқда. Шунингдек, қарорда Қорақалпоғистонда чорвачиликка ихтисослаштирилган тадбиркорлик субъектларига, ўларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопламагунча истисно тариқасида давлат жамғармаси кафиллигидан фойдаланишга рухсат берилмоқда. Бугунги кунда жамғарманинг конпенсация ва кафиллигидан фойдаланган 52 та тадбиркор четдан ушбу шартларда яна 862 бош молларни олиб келиш истагини билдирган.

Қорақалпоғистонда чорвачиликни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар амалий натижаларини кўрсатмоқда. Республиканинг 4 та туманида тўпланган бой тажрибанинг бошқа худудларга ҳам кенг тадбиқ этилиши эса янги иш ўринлари яратилишига, аҳолининг сифатли гўшт ва сут маҳсулотлари билан янада тўлиқ таъминланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Минажатдин ҚУТЛЫМУРАТОВ,«Янги Ўзбекистон» муҳбири.

«Янги Ўзбекистон» газетаси 2020 йил 7 июль, 124-сон.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!