“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Веб-форум

БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИГА ЭРИШИШ БУГУНГИ ВА ЭРТАНГИ ЁШЛАРГА БОҒЛИҚ

Президентимиз ташаббуси билан 12 август — Халқаро ёшлар кунида “Ёшлар—2020: глобал бирдамлик, барқарор ривожланиш ва  инсон ҳуқуқлари” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми  ўз ишини бошлади.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган табригини Олий Мажлис Сенати раиси  Танзила Норбоева ўқиб эшиттирди.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича  Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги жамоаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Фридрих Эберт фонди томонидан ташкил этилди. Ёшлар ҳуқуқларини тарғиб қилишнинг долзарб масалаларига бағишланган мазкур форум коронавирус пандемияси туфайли илк бор ёшларга мос ахборот технологияларини қўллаган ҳолда онлайн тарзда ўтказилди. Самарқанд форумининг икки кунлик дастурида 50 дан ортиқ маъруза қилиниши режалаштирилган. Хусусан, 15 та мамлакатдан 40 нафар халқаро маърузачи ва 10 нафар миллий маърузачи сўзга чиқади. Форум ишида БМТ, ЕХҲТ, Европа Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Африка Иттифоқи тизимидаги ёшлар тузилмалари раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро, минтақавий ва миллий институтлар, жаҳон ёшлар ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, олимлар ва экспертлар,  Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёшлар ишлари бўйича агентлик, шунингдек, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 40 дан зиёд ёшлар ташкилоти вакиллари иштирок этмоқда.

Самарқанд форумининг биринчи ялпи мажлисида ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Сессияда дастлаб ёшлар ҳуқуқлари соҳасидаги мавжуд халқаро-ҳуқуқий воситалар ва механизмлар кўриб чиқилди.

Шунингдек, халқаро анжуман иштирокчилари Президентимизнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган муҳим ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенция лойиҳасини муҳокама қилдилар. Мазкур конвенция том маънодаги янги ҳужжат бўлиб, унда ёшларнинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган. Шу билан бирга, конвенцияда “ёшлар сиёсати” тушунчаси моҳиятига, ҳаётнинг турли соҳа ва тармоқлари, давлат ва хусусий сектор, нодавлат ташкилотларнинг ёшларга қаратилган фаол фаолиятига доир сиёсатига кенг ўрин берилган. Навқирон авлоднинг ҳозирги замонда дунё миқёсида эътироф этилиши зарур бўлган ҳуқуқлари ўз аксини топган мазкур том маънодаги янги ҳужжатнинг муҳокамаси Самарқанд форумининг энг муҳим воқеаларидан бири ҳисобланади. Чунки ушбу соҳада мажбурий мазмунга эга муайян халқаро ҳужжат ҳалигача қабул қилинмаган. Бу эса ёшларга оид давлат сиёсатининг замонавий қонунчилик базасини шакллантиришни мураккаблаштирмоқда.

Шунингдек, аҳолининг ёшлар қисмига кимлар мансублигини аниқлаш бўйича халқаро мезонларни ишлаб чиқиш зарурияти мавжуд. Шу маънода, ёшлар салоҳиятини муносиб баҳолаш имконини берадиган ушбу конвенция келгусида ёш авлод ҳаётига доир кўплаб йўналишларнинг янада шиддатли ривожланиши учун хизмат қилиши шубҳасиз. Бу ҳақда сўз борганда, парламент тизимида ёшларнинг роли ҳалигача муносиб қадрланмаётганини мисол сифатида келтириш мумкин. Бугунги кунда дунё миқёсида 30 ёшгача бўлган парламент аъзолари 2,2 фоиздан ҳам озроқни ташкил этишининг ўзи ҳам буни яққол тасдиқлайди. Бу рақам Қонунчилик палатасида 6 фоизни ташкил этади. Шунга қарамай, парламентларнинг озчиликдан иборат ана шу навқирон аъзолари кўплаб масалалар бўйича ўз қарашларига эга. Улар ўзларининг мустақил ёндашувлари асосида зарур қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда аҳолининг катта қисмини ташкил этувчи ёшларнинг ишончини қозониб келмоқда. Янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг давлат ёшлар сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш, ёш авлодни ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва ҳуқуқий ислоҳотларга кенг жалб этиш, уларга мамлакатимизнинг бугуни ва эртанги куни билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар ижросини ишониб топшириш борасидаги тажрибаси дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. Хусусан, Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари тузилди, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Шунингдек, “Ўзбекистон ёшлари — 2025” концепцияси ишлаб чиқилмоқда, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолашнинг ягона мезонлари, ёшлар сиёсатини баҳолашнинг миллий индекси жорий этилмоқда.

Самарқанд форуми иштирокчилари мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги тажрибасига катта қизиқиш билдирди ва юқори баҳолади. Шу нуқтаи назардан, Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенциянинг БМТ томонидан олий даражада қабул қилиниши бутун дунёда давлатларнинг ёшлар муаммоларига эътиборини жалб этишига кучли турки беради. Муҳими, махсус конвенция ёшларга уларнинг ривожланиш мақсадларини янада жадаллаштиришга қаратилган янги босқичдаги ҳуқуқларни тақдим этади. — “БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ” ташаббуси доирасида ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган бу галги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми бевосита ёшлар ҳуқуқлари масаласига бағишлангани билан аҳамиятлидир, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов. — Форум якунлари бўйича Самарқанд резолюцияси қабул қилинади. Шунингдек, Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция лойиҳаси БМТ низомий тузилмаларига ва инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий қўмиталарига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Анжуман ишида 15 дан ортиқ халқаро ва минтақавий ташкилот раҳбарлари ва ёшлар вакилларининг маърузалари тингланди. Иштирокчилар Самарқанд форумининг бевосита ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Президентига йўллаган самимий тилаклари учун  миннатдорлик билдирди. Самарқанд форумнинг биринчи куни очиқ ва амалий мунозаралар руҳида ўтди.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 152 (152), 2020 йил 13 август, пайшанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 5 / 5. Baholaganlar soni: 1

OAV nomi va parolini kiriting!