“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

ПАРИЗОДИМ, СЕНИ ИЗЛАБ ТОҒЛАРГА БОРДИМ…

Гўрўғлини сўраб шивирлаган ёзувчи

Қарашлар эврилиши

Ўйласам, бу қораламани ёзишга узоқ чоғланибман. Атайлаб эмас, кўнгил йўл бермабди, ҳали фикрлар пишиб етилмаган, мулоҳазалар узуқ-юлуқ эди-да аввалига. Орада ёзмасликка ҳам қарор қилдим. Бироқ бирор адабиётчи ё киночи асар ҳақида ичимдаги гапни тўлиғича айтолмагач, фикрлар кемтиклигидан ҳамон минг истиҳола билан қўлимга қалам олдим.

Киноқиссани картинадан аввал ўқиганим учунми, филмни илк бор кинозалдан кўриб чиққанимда дилим анча хуфтон бўлди. Асарни ўқигач, тасаввуримда пайдо бўлган инсон қиёфасидаги самовий фаришта филмда ердаги ташвишларга қоришиб яшаётган оддий одамга айланиб қолганди. Шу таассурот таъсирида юрганим учун филм ҳақида фикр сўраб радиога чақиришганида уни боплаб танқид қилганим ҳам рост. Ҳозир ўша интервю воқеасини эсласам, кулгим қистайди. Лекин филмни кейинчалик қайта-қайта кўришим натижасида дастлабки таассуротим бироз ўзгарди. Бу филмнинг фестиваллардан қўша-қўша мукофотларни олиб келиши билан боғлиқ эмас асло. Бунинг сабаби оддий: фаришта режиссёр томонидан моддийлаштириб – ерлаштириб қўйилган эса-да, адабий асос – сценарийнинг бақувватлиги картинага устун бўлиб турарди, маҳоратли актёрлар ижроси ўша устунни мустаҳкамларди, мусиқанинг кучи эса филмга жозибадорлик бахш этарди. Шунга қарамай, келажакда бу асарни моҳирлик билан қайта экранлаштирадиган, Паризодни ҳақиқий фаришта қиёфасида гавдалантира оладиган режиссёрнинг туғилишига бўлган умиддан ҳеч қачон воз кечмайман.

Шу ўринда яна бир гап. Киноқиссанинг номи “Фаришта”, лекин асар кадрга “Паризод” номи билан муҳрланди. Бу тўғри ўзгартириш. Негаки, ҳаётда кимдир қизига Фаришта исмини қўйганини эшитмаганмиз, аммо Паризод исми халқ орасида учрайди. Шу маънода асар матнда “Фаришта” номини бемалол кўрата олади, лекин экран буни кўтара олмаслиги мумкин эди. Шунингдек, асардаги Бозор кал кинода Бозор девга айлантирилган. Бу ҳақда филм режиссёри Аюш Шаҳобиддиновдан сўраганирмизда: “Эркин Аъзамдан “асарнинг мифологик асоси борми?” деб сўраганимда ёзувчи Бозор кални Бозор девга айлантириб берди”, деб жавоб берганди. Бу режиссёр ва ёзувчининг ниҳоятда тўғри қарари эди. Бунинг нега тўғри эканини қуйида изоҳлаб ўтаман.

Бечоранинг чораси

Кимсасиз қишлоқда, қоронғулик қарида Бозор дев (Тоҳир Саидов) чангалидан омон қолиш учун инграниб, оғир қисматни бошдан кечираётган вужудни нозик оёқлари ила кўтариб чопқиллаётган Паризод (Зарина Низомиддинова) гўё тақдирдан қочмоқчидай, шўр пешонасига битилган аччиқ ёзиқни четлаб ўтмоқчидай. Тўғри-да, жамоли ой деса ойдек Пари келиб-келиб қандайдир тентак, худобехабар бир баттол Бозор девга насиб этсинми бўлмаса? Бунинг устига мифологиямизда ҳам девлар париларни севсаларда, лекин ҳеч қачон уларга чанг солмаган ахир. Достонлардаям Кўҳиқофда Эрам боғида яшаган Париларни ғайритабиий кучлар – девлар қўриқлашган, холос. Парилар идеал қаҳрамонга – етук инсонга, масалан, Гўрўғлига илгаридан «белгиланган», «аталган» бўлсалар-да, улар машаққат, куч, ақл, фаросат, тадбиркорлик билан қўлга киритилган, висолига етишилган. Шу маънода, боя айтганимдай, Эркин Аъзам асарда салбий қаҳрамонини бошида “хато қилиб” Бозор кал атаган бўлса-да, кадрда бу хатосини тушуниб, “кал”ни “дев”га айлантиргани бу асар қийматини янада оширган, киноқиссадаги мифологик асосни жойига қайтарган.

Паризоднинг ёлғизлиги бошқа жувонлар – эри урушга кетган ё вафот этган аёлларнинг ёлғизлигига сира ўхшамас. У ёлғизларнинг ёлғизи, танхоларнинг танхоси. Майлийди, урушгами ё узоқроқ сафаргами кетган бирор кутгани бўлса. Чунки ундай маҳал умид бўлади одамда. Йўқ, афсуски, тақдир қаҳрамонимизни ёлғизлик қамчиси билан аёвсиз – юрак-бағри эзилгунча калтаклаган, пешонасига аччиқдан аччиқ қисматдан бошқасини битмаган.

“Худо урган бу шўрлик” тўй кечаси чимилдиққа кириб-кирмай қайлиғидан ажралса-да, жувонмарг куёвига қайнотасиникида бир-икки вақт мотам тутиб ўтиргач, кейин “касофат, шумоёқ” деган насаҳ билан қувилса-да, ёлғиз момосидан бўлак ҳеч кими йўқ, аммо момо ҳам ўтган кузакда қазо қилиб, ҳайҳотдек чорбоғда бир боши билан қолса-да, кечалари Бозор девдан қочиб эшикни ичкаридан тамбалаб, саҳаргача дағ-дағ титраб чиқса-да”, паймонаси тўлмади ва пешонасига қандайдир бетайин Бозор девга ем бўлиш битилмаганини исботлаш учун “эшик-деразасини қўлидан келганча михлаб ташлаб”, тугунини қўлтиқлаганча Пари қишлоқдан бош олиб, “қаёққа йўл оганиниям, энди нима қимоқчилигиниям ўзи билмаган ҳолда” чорасизликда чора, йўлсизликда йўл ахтарган ғарибу бенаво кимса сингари янги қисмат қидириб йўлга чиқади.

Тақдир учрашуви

Бу пайт пешонасига эл корига ярашдан бошқаси битилмаган, яккақўл онаси билан ёлғиз яшаётган, тўйини ўтказиш учун “бирор жойга бориб уч-тўрт танга ишлаб келиш”ни ният қилган қўли калта йигит – эҳтимол, бақувват, тоғни талқон қиладиган аждодларидан фарқ қилувчи, бугунги замон эврилишлари олдида ожиз қолган замонавий Гўрўғли – Жонибек (Самиддин Лутфуллаев) одатдаги юмуши билан, Эшон бобони уколлаб уйига қайтаётганди. “Йўлингизда фаришталар ҳамроҳ бўлсин!” деган эшон ака – Шамсиддинхон (Рустам Аҳмедов)нинг дуоси ҳамда ярим йўлда бузилган мотоцикл кажавасида кўрилган туш ижобат бўлиб Жонибекка аччиқ қисматдан қочган ҳалиги Пари ҳамроҳ бўлади. Жонибек уни уловга солиб ўз қишлоғига олиб жўнар экан бирининг қидираётган, иккинчисининг ҳали англанмаган янги тақдирлари бошланади.

Саргардонлик

Қаерга оборишни билмаган Жонибек Парини ўй уйига бошлаб келади-ю, бошига бало орттириб олади. Қишлоқдошлар гап-сўзи, унаштириб қўйилган қайлиғи Ойтуман (Шаҳло Тимирова)нинг айниб қолиши уни чигал вазиятга солиб қўяди. Бу орада Парига “эр” ҳам топила қолади. Оиланинг тўнғич фарзанди Салима (Лола Элтоева)нинг таклифи билан Жонибек Парини Расул муаллим (Бахтиёр Қосимов)га элтиб беради. Ҳовлисидаги гулзор ичида бармоғига қадалган атиргул тиконидан азоб чекаётган Паризодга эҳтирос билан қараётган Расул муаллимни “қариб қуйилмаган сассиқ чол” дея сўккинг келади. Бироқ унинг қилган ишидан ўзи уялиб “астоҳфуруллоҳ, астоҳфуруллоҳ” дея калима қайтариши ва “тўғриси, биз унга муносиб келмаймиз” дея унга муносиброқ – ёшроқ куёв ахтаришини кўрганингда муаллим кўзингга бамисоли фаришта, ёинки, пайғамбарсифат одам бўлиб кўринади.

Паризод “муносиб куёв”га ҳам насиб этмайди. “Янги куёв”нинг акаси Эргашқул (Фарҳод Худойбердиев)нинг “Борига-барака, қилиб ўқиб ташлайвермайсизми, мулла ака!” мазмунидаги ялинишига қарамай, никоҳ ўқиётиб нафаси ичига қайтиб кетган мулла (Омон Шоимов) дарвозадан чиқар экан шу пайтгача ўқиган никоҳлари бирор дафа заха емаганини, “бу заифанинг бир балоси бор”лигини айтиб, иймонига қарши бормай ортига қайтади. “Бозор бўлган” ҳамда беникоҳ хотинни уйида сақлашни ўзига ор билган Абдурашид (Толиб Мўминов) уч нафар етим боласининг зорланишларига ҳам қарамай уни Жонибекнинг ҳовлисига қайтариб олиб бориб ташлайди. Бу орада Парининг довруғи бутун қишлоққа ёйилиб улгуради, ҳатто хабар қўшни қилшоқдаги Исмат бойвачча (Беҳзод Муҳаммадкаримов)нинг қулоғигача етиб боради ва у Жонибекнинг уйидаги “қушча”га харидор бўлиб бир даста пул қўлтиқлаганча “Парини мотоциклга солиб ҳовлима-ҳовли олиб юрадиган” деган ном орттирган йигит ҳузурига келади. Тақдирнинг синовлари олдида ожиз қолган, ихтиёрини янги қисмат ҳукмига топширган Паризоднинг Исмат бойваччага жазман бўлишга кўнмай бошқа иложи йўқ эди.

Қўли юпқа, бироқ Исмат бойваччанинг ҳаром пулини олишга ғурури йўл қўймаётган ҳалол ва пок йигит – Жонибекдан бошқаси муносиб бўлмаган бу гўзал ҳилқат худди оловдан омон чиққан каби қўли истаган ерига етадиган Исмат бойваччанинг чангалидан ҳам бокиралигича чиқади. Худо сақлайман деса, шунча бўлади-да!

Одамлар, о, дамлар

Бироқ бу сақловлар қалб кўзи ҳали тўла очилмаган Жонибекка ҳеч кор қилмайди. Қаёқдан ҳам кор қилсин. Гулдай қиз – Ойтуманни қўйиб, тоғ ошиб келган, эр кўрган бир “бенаво”га уйлансинми энди: “Одамлар нима дейди ахир?”

Бироқ ўша гап-сўзга ўч одамларнинг ҳаётида салбий томонга бўлаётган эврилишлар, замоннинг ғалати янги тутумлари филмда ёзувчи томонидан бир неча бор уқтирилган:

Тугал хола (Дилором Каримова) ховлию боғини чинни қилиб қўйган Парини қизига оғзидан бол томиб мақтаётиб айтади: “Тавба, шу замонда ҳам шундай қизлардан қолган экан-да, а, Зиёда?!”

“Мўйсафид отасига ёш хотин қидирадиган тушунган қиз” – Салима (Нафиса Тошматова) хотинидан кўнгли совиган, туғилган ҳовлисида пайдо бўлган Парига бир қарашда ошиқу беқарор бўлган шаҳарлик укаси Шавкат (Насрулло Нуров) билан отасининг уйига ўз оёғи билан келган, борадиган жойи, сўрайдиган одами йўқ ўгай онаси ҳақида гурунг қилаётиб одамлардан зорланади: “Тўғри – ёш, ёшроқ. Дадамнинг ўзлариям унамай турибдилар – уволмиш, гуноҳ бўлармиш! Лекин мосроғини қайдан топардинг, ука? Бу замоннинг бевасига ҳам қирғин келган. Ё бойроғини кўзлайди бари, ё ёшроғини!”

Расул муаллим ахтарилган “янги куёв”нинг акаси Эргашқул билан унинг дўкони ёнида гаплашаётиб одамларнинг ўзгарганига ишора қилади: “ – У ёқ-бу ёқдан бирор бева-бечорани ҳам кўрмабсизлар-да? – Униси ҳам бўлди, ака. Бултур денг, анов чимзорлик бир туғмас хотинни олиб келувдик. Беш-олти ой юриб, кетиб қолди. Бўйида бўлганмиш, қаранг! Тағин ўша – ўн йилдан зиёд бирга яшаган эриникига борса-я! “Ўзимни бир синаб кўрмоқчи эдим”, дермиш мочағар”. – Ё пирим-эй! – дейди Расул муаллим ёқа жуфтлаб. – Замонасиям чархпалак бўлиб кетди-ёв, а, Эргашқул?”

Рамзлар тилга кирганда

Шу ерда ғалати парадоксга бошимиз урилади. Ҳаётнинг муқаддас тутумларини бузиб, ана шундай оламжаҳон ўзгаришлар қилишга улгурган одамларнинг басир қалби Парининг ҳилват бир тоғу тошдаги турган-битгани эзгуликка йўғрилган пажмурда, аммо яшаш умидидаги муштдеккина ғариб кўнглини пайқашга ожиз! Қайтага уни “бозор кўрган” хотинга чиқариб ўтирибди. Қалби басир бу одамлар Жонибекни исён қилишга-да ҳеч қачон йўл қўймасди? Тўғрироғи, бахтни тақдир қўш-қўллаб бериб турса-да, замоннинг аллатовур чиркин тутумларини парчалашга Жонибекнинг ўзи асло журъат қилолмасди, гарчи қисмат унга бу ҳақда бир неча бор рамзлар тилида гапирган бўлса-да. Шамсиддинхон аканинг дуоси ва кўрган тушидан кейин бу Пари йўлида бекорга учрамагани, никоҳ ўқиётган мулланинг нафаси ичига қайтиб кетгани, Парининг фалакка мунгли муножати – рақси билан Исмат бойваччанинг ўтакасини ёргани, қудаларнинг фотиҳани бузмоқчи бўлгани сингари воқеаларнинг ҳар бири Жонибекка ишора берарди. Аммо энди жудаям кеч бўлганди, ўйлаб кўриш-да душвор эди. Жонибек уни ўзи қўш-қўллаб Исмат бойваччага ўйнашликка олиб бориб бўлганди. Парини бойвачча дарвозасига ташлаб кетар экан, ожиза қиз “мени нима қилаяпсан, кимларга ташлаб кетаяпсан” дегандай Жонибекка илтижоли кўзлари билан нажотзорона ўгирилиб қарайди. Ўзини айбдор ҳис қилган йигит эса бу нигоҳларга дош беролмай кўзларини бошқа ёққа олиб қочади. Шу ўринда нигоҳлар сўзлашуви мусиқа таъсирида юракка шу қадар кириб борадики, буни ҳар қанча сўз билан ҳам ифодалаш мушкул…

Шу ўринда яна бир рамз эътиборимиз тортди. Жонибекнинг унаштирилган қайлиғининг исмига диққат қилинг: “Ойтуман! Ҳам ой, ҳам туман-а!” Аслида бу қиз Жонибекка муносиб эмаслиги ушбу исм замирида яширилган эди.

Филм кулминациясида янги қисмат ахтариб йўлга чиққан, аммо тақдир тугул бир чимдим бахт ҳам тополмаган Паризод алал-оқибатда барибир замоннинг одамларига қўшилиб айний бошлаган, Кўҳиқофда Эрам боғида яшаган инсофли аждодларидан батамом фарқ қилувчи Бозор девга ем бўлиши кераклиги ойдинлашиб қолади. Жонибекнинг мотоцикли тепаликдан пастга қараб қулагач, кажавасидаги қўлбола тайёрланган курси – Пари рамзидаги “тахт”нинг у ер-бу ери синади. Бу синиқ “тахт”ни шу атрофда тимирскиланиб юрган Бозор дев Жонибекдан сўрайди. “Соғ жойи қомаган-у, уни нима қизасиз?” деган йигитга дев “Кер-рак” дея дағал жавоб беради ва “тахт”ни ўзи билан олиб кетади, нарироққа бориб унда бироз ўтиради-да, Парининг қишлоққа қайтиб келганини кўриб, хурсандчилигидан “тахт”ни жарга улоқтиради. “Тахт” парча-парча бўлади. Бу парчаланиш – Парининг дев қўлида қурбон бўлишига ишора эди.

Драматик ечим

Бироқ Паризод фалакнинг бундай шармандали ёзиғига рози эмас. Шунда унинг олдида ягона чора қолади: сиртмоқ! Бу Паризоднинг ўзига ҳусну малоҳат бергану бироқ шунга муносиб тақдир ато этмаган фалакка сўнгги – даҳшатли исёни эди.

Ўз жонига қасд қилишни биз диний қарашларга кўра доим қоралаб келамиз. Аммо қисмат олдида бошқа чораси қолмаган Паризоднинг ҳолини қоралашга тил бормайди, бу шўрпешона ожизани муҳаббатини деб бир маромда бораётган оиласи – гулдай фарзандию ҳиссиз бўлса-да, бошидаги эридан воз кечиб, ҳам жамиятнинг қаҳру ғазабига учраган, ҳам қидирган муҳаббати шунча қурбонликларга арзимаслигини кеч англаган Анна Каренинани тушунган сингари тушунамиз, холос.

Эркаклардан ижозат ва маъзур сўраган ҳолда жайдарича, яъники, эркакча хулоса ясасак. Аёл ҳилқатининг қисмати биз эркакларникидан анча аччиқроқ, беҳад аянчлироқ. Негаки уларнинг ярим тақдири эркаклар қўлида, эрлар зиммасида. Ёзувчи айтганидай, аёлларнинг энг ёмони учун ҳам биз эркаклар айбдормиз, аслида. Шундай экан, Паризоднинг ўз жонга қасд қилишининг гуноҳи, тавони биз – тажаввузкор, бироқ худобехабар Бозор девлару хато қилганини кеч англайдиган қўли юпқа, аммо ҳалол ва виждонли Жонибекларнинг гарданида…

Филм сўнггида ёзувчининг рамзий маънодаги фалсафий хулосаси – қилган хатоси учун Парини топган ва йўқотган ўша харсанг тош устида азоб чекиб ўтирган, дейлик замонавий Гўрўғли қиёфасидаги Жонибек ўрнида тағин Пари пайдо бўлиши – томошабинни фикрлашга чорлайди. Шу ўринда биз қуйидагича икки ечим ясадик: бири – Жонибек қилган хатоси учун қисмат олдида ўлпон тўлаши – ўзи ҳам кўркам ҳилқатнинг кўрксиз кечмишини бошидан кечириши учун тақдир томонидан Парига айлантирилиши бўлса, бошқаси – ёзувчининг ҳаётда бундай Парилар ҳали борлигини, уларни асраш эса мард ва жўмард Гўрўғлилар қўлида эканини ўқувчи – томошабин қулоғига хавотирли шивирлашидир.

Фозил ФАРҲОД

Эскартма: Филм номи: “Паризод”,

сценарий муаллифи: Эркин Аъзам,

постановкачи режиссёр: Аюб Шаҳобиддинов.

Мақола “Саодат” журналининг 2020 йил 6-7-сонида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!