“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

КОРРУПЦИЯНИ ЙЎҚОТА ОЛАМИЗМИ?

 

ҲАЛОЛ БЎЛСА ОТАЛАР, БУЮК БЎЛАР БОЛАЛАР

Биринчи мақола

Ҳақиқатдан унган ривоят      

         Яқинда шундай ривоят эшитдим. Мазмунини ҳикоя қиламан. Бир киши катта заминдорнинг қўлида боғбон бўлиб ишлайди. Заминдор куз кунларининг бирида мевалари ғарқ пишган боғига амалдорлар, бойлар, ҳудуднинг кўзга кўринган, энг номдор одамларини чорлайди. Меҳмонлар жам бўлгач, мезбон боғбонни чақиради-да, энг сара узумлардан келтиришни буюради. Боғбон энг чиройли, энг сара узумларни узиб келади. Мева меҳмонларга тортилади. Узумлар нордонроқ чиқади. Мезбон боғбонни чақиради-да, узум ғўрроқ экан, дея тағин узум олиб келишини буюради. Боғбон яна бир бор узум келтиради. Буниси биринчисидан-да кўркам, биринчисидан-да рангдор, биринчисидан-да сархил эди. Меҳмонлар олдига тортилган узум яна тахир чиқади. Бундан заминдор мулзам тортади. Бой боғбонни четга чақиради-да: “Мен шаҳарнинг энг обрўли одамларини боғимга чорладим. Сенга энг яхши узумлардан олиб кел, десам ҳам икки бора тахир узум олиб келдинг, менда қасдинг борми?” дея жеркийди. Шунда боғбон жавоб беради: “Ҳожам, мен ҳақиқатан ҳам боғдаги энг сара узумларни териб келтирдим, лекин мен буларнинг тахир ё ширинлигидан хабарсизман. Чунки менга боғни парвариш қил деб тайинлагансиз. Ундан тот деб айтмагансиз”.

Ғоят таъсирли-а? Бу ҳалол инсон ким бўлган деб ўйлайсиз? Айтилишича, у Имом ал-Бухорийнинг отаси шайх Исмоил ибн Иброҳим эди.  Бу бир ривоят. Аммо манбаларда ҳам қайд этилишича, Исмоил ўта тақводор, парҳезкор, художўй, ҳалол инсон бўлган. Буни Аҳмад ибн Ҳафс шундай хотирлайди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Исмоил жон бераётганда олдига кирдим. У: “Молу давлатим ичига шубҳадан бирор дирҳам ёки динор аралашганини билмайман”, деди. Шунда ўзимни амалларим кўзимга жуда арзимас бўлиб кўриниб кетди”.

Бу сўзлар ривоятга илмий асос. Отаси ўзи ишлаётган боғдаги узумни тотиб кўрмайдиган даражада ҳалол бўлгани учун ҳам фарзанди буюк олим, муҳаддислар султони, яъни ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи бўлиб етишди. Модомики бу ҳақиқат экан, коррупциялашган мамлакатни ҳалол давлатга айлантириш учун ҳам эл ичида шайх Исмоилдай ҳалол инсонларни кўпайтириш зарур бўлади.

Наҳот бўлолмаймиз Сингапурчалик?

Қолаверса, ҳалол мамлакатни биргина ислоҳотчи инсон ҳам қура олади. Масалан, 1965-2011-йилларда Сингапурда Бош Вазир, Оқсоқол (катта) Вазир, Вазир-устоз бўлиб ишлаган, улкан мамлакатдан ажралиб чиққан қашшоқ, коррупциялашган шаҳар-давлатни эллик йил ичида ривожланган ва замонавий давлатга айлантирган инсон Ли Куан Ю фикримизга исботдир. У бу йиллар ичида тўзиб кетган колонияни жуда бой мегаполисга айлантирди, мамлакатни иқтисодий ривожлантирди, экологиясини тозалади, молия, банк, таълим тизимини ўзгартирди, коррупцияга қарши кескин курашди. У коррупцияга қарши шу қадар кескин курашдики, ҳатто унинг устидан ғалаба қозониш учун айб иш қилиб қўйган дўстлари ва қариндошларини ҳам турмага тиқишдан тап тортмади. Натижада бугунга келиб, жаҳонда коррупцияни қабул қилиш индекси бўйича мамлакат 6-7-ўринга кўтарилди.

Наҳотки, табиий бойликларга, инсон ресурсларига бой бўлган Ўзбекистон табиий бойликлари йўқ, аҳолиси оз бўлган Сингапурчалик бўла олмаса?

Бизни ўраб турган олам – коррупция

Энди ўзимизга назар ташлайман. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Aкмал Бурҳонов “Газета.uz”га берган интервьюсида айтишича, мамлакатимизда ўтган икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс коррупциявий жиноятларни содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бош прокурор 2 йилда коррупциявий жиноятлар оқибатида етказилган зарар 2 триллион сўмдан ошганини айтди. Эътибор қилинг! 142 нафар вафот этган фуқаролар номига пенсия расмийлаштирилган. Маданият вазирлигида 12 миллиард сўм бюджет маблағи ўмарилган. 2020 йилнинг ўтган ярим йиллигида соғлиқни сақлаш тизимида 285та ҳолатда 14 млрд. сўм маблағнинг ноқонуний ўзлаштирилиши ва мақсадсиз сарфланиши ҳолларига йўл қўйилган. Мактабгача таълими вазирлиги тизими ташкилотлари томонидан жами 48,3 млрд. сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилган. 300дан ортиқ сохта ҳарбий тавсиянома аниқланган. Ўтган икки йилда 371 миллиард сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинган, халқ таълими вазирлиги томонидан 2,8 млрд сўм мақсадсиз сарфланган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2,6 млрд сўм ўзлаштирилиб юборилган. Ўҳ-ҳў! Шунинг учун ҳам биз коррупцияни қабул қилиш индексида 180та давлат орасида 158-ўриндамиз-да. Яна ўҳ-ҳў!

“Ўҳ-ҳў”ларимиз жудаям кўп. Бизнинг жамият одамлари бешикдан то қабргача минглаб коррупция ҳолатига дуч келишини ўйлайман. Туғуруқхона, боғча, мактаб, олий ўқув юрти, банк, нотариус, касалхона, ФҲДЁ, гўрков ва ҳоказо.

Майда коррупция занжири

Ҳаётимда учраган биргина мисолни такрор бўлса ҳам ҳикоя қилай. 2018 йилнинг октябрь ойида Эргашев номидаги 4-сон шаҳар клиник шифохонасида фарзандли бўлдим. Болам туғилишидан аввал акушер гинеколог хотин “Келишиб оламизми?” деди. Унга 100 минг сўм “суюнчи” бердим. У: “Биринчи болага “ставка” 300 минг сўм, майли, сиз 250 минг бера қолинг!”, деди. Бошқа пул бермадим. Буям кичик бўлса-да коррупция. Боламни туғуруқхонадан олиб чиқиб кетишим учун кўнгилли сифатида қон топширишим ёки 40 минг сўм пул беришим кераклигини айтишди. “Мажбурий кўнгилли” бўлиб “Қон препаратлари” деган жойга бориб, 450 грамм қон топширдим. Бу коррупция эмас деб айтинг-чи? Қўлимга қон топширганим тўғрисида қоғоз беришди. Уни клиникага обордим. Қоғозни дўхтир менга фарзандим ўша ерда туғилгани ҳақидаги маълумотномага алмаштириб берди. Уни олиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олиш учун Яшнобод туман ФҲДЁ бўлимига бордим. У ерда мендан гувоҳнома учун кассада “36 минг 500 сўм” олишди. Чек беришмади. Сўраб олдим. Аслида чекда хизматнинг давлат нархи “30 409 сўм 50 тийин” ёзилган эди. Яъни, бу гувоҳнома ўша йилдаги энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида эканини кейин билдим. Ўшанда кассир қизга: “Бу ерда 30 409 сўм ёзилган, аммо сиз мендан нега 36 500 сўм олдингиз?” деганимда у “30”даги “0”ни “6” эканини исботлашга роса уринганди. Майли, 6 минг сўм арзимас пулдир, аммо барибир бу коррупция.

Эътибор қилинг, фарзанд туғилганидан то гувоҳнома олгунингизгача коррупция занжир бўлиб кетган.

Коррупциядан йиғилган пулга мактаб қурса бўлади

Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда 768520 бола туғилган. Тасаввур қилинг, уларнинг ҳаммасининг ота-онасидан кассир қизлар тахминан 6000 сўмдан олиб қолган бўлса, бу пул қанча бўлади? Калкуляторни ишга соламан: 4611120000 сўм. Бу оз пулми? Бу пулга битта мактаб қурса бўлади-ку! Мисол учун Жондор туманида 2020 йил фойдаланишга топшириган 2-сонли Болалар-ўсмирлар спорт мактаби маҳаллий бюджет томонидан 4.2 миллиард сўмга қурилган. Чуст тумани Садача маҳалласи ҳудудидаги 216 ўринга мўлжалланган 76-умумий ўрта таълим мактаби эса 4 миллиард 500 миллион сўм давлат маблағи эвазига барпо этилган. Майли, ҳар бир туғилган боланинг ота-онасидан 6000 сўмдан йиғиб, йилиги биттадан мактаб қурайлик, ўша пулни одамлар рози бўлиб ташлаб кетади.

Таққослагим келади. Интернет титкилайман. Сингапурликлар фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани уйда зарур шаклларни тўлдириб, тегишли органларга электрон почта орқали юбориш орқали олишар экан. Ҳукуматнинг бундай хизматларни Интернет орқали тақдим этиши одатий тарз сифатида қабул қилинади. Қизиғи, агар фуқаро ушбу хизматларни олиш учун муассасага шахсан келса, у ҳолда ушбу муассасага алоҳида эҳтиёжсиз келгани учун унга жарима солинар экан. Бизда эса эндиликда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани давлат хизматлари марказидан олиш мумкин. Нархи базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 фоизи. Яъни бугунги кунда бу 39 370, 5 сўм бўлади.

Ишдан ҳайдаш билан иш битадими?

2018 йил туғуруқ жараёнидаги коррупция занжирини ўғлимга мактуб тарзида фейсбукда “пост” қилиб ёздим. Мақоланинг мингдан ортиқ киши ўқиб “лайк” босди. Гинеколог аёл ишдан ҳайдалди. Бундан хурсанд бўлмадим, албатта. Чунки бу йўл билан коррупцияга қарши курашиб бўлмасди. Шундан кейин мамлакатда гинекологларнинг “суюнчи” олиши камайиб қолдими? Албатта, йўқ.

2020 йилнинг 8 октябрь куни “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатуви орқали эфирга узатилган видеотасвир ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлди. Унда Фурқат тумани туғруқхонасидаги айрим ходимларнинг “суюнчи” пули талашиб жанжаллашгани акс этган. Орадан бир неча кун ўтгач, телеграму фейсбукда туман ҳокими Дилмурод Солиевнинг туғуруқхона ходимларига бақириб, “оғиз йиртган” видеоси ҳам тарқалди. 1 ноябрь куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати бу ҳолатга расмий муносабат берди. Унда айтилишича, 2020 йилнинг 20 октябрь куни Фурқат тумани касаба уюшмаси қўмита раиси бошчилигида ўтказилган йиғилиш қарорига мувофиқ бирлашманинг буйруғи чиқарилиб, туғруқ бўлимининг ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида ротация (ўрин алмаштириш) ўтказилган, туғруқ бўлими бошлиғи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниб, ўрнига янги бўлим бошлиғи тайинланган, туғруқхона хўжалик бекаси бетоблиги сабабли соғлиги тикланганидан сўнг у билан тузилган меҳнат шартномасини беқор қилиш масаласи кўриб чиқиладиган бўлган, туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи ҳам эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнида янги раҳбар иш бошлаган. Бўлди, шу билан гўё муаммо “ҳал” бўлди, коррупция “йўқотилди”. У уч йил ўқиган ҳамширалар, етти йил ўқиган дўхтирлар қаерга боради энди? Шу ҳақида кимдир ўйлаб кўрдими?

Дўхтирлар қачон 1000 доллар ойлик олади?

Бу коррупцияга қарши курашишда одилона ечиммикан? Ишдан бўшатиш билан иш битадими? Икки йил олдин ёзилган мактубда мен дўхтир ва ҳамширалар ойлиги камлигидан улар беморларнинг қўлига қарайдиган бўлиб қолганини ёзгандим. Бугун ҳам шу фикрдаман. Оқ ҳалатлиларнинг ойлигини меҳнатига яраша ошириш зарур.

Куни кеча оммавий ахборот воситаларида дўхтирларнинг ойлиги 1000 доллар бўлармиш деган гап-сўз тарқади. Ўқиб-кўрсам, Президент 20 ноябрь куни пойтахтда ишлаётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашувда шифокорлар ҳам 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклиги ҳақида айтган экан. Бу, албатта, ният. Авалло, бунинг амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш керак. Бу ёғига мутасаддилар бош қотиришлари лозим бўлади. Эҳтимол янги тайинланган соғлиқни сақлаш вазири буни амалга оширар.

2020 йилнинг 9 ойида Соғлиқни сақлаш вазирлигида  57 нафар мансабдор шахс коррупция жинояти бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. Бу рақамлар тиббиёт тизими ислоҳотга муҳтож эканини кўрсатади. Вазирлик олдида катта муаммо турибди.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола 2021 йил 21 январь куни “Ишонч” газетасида эълон қилинган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!