“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

АДИБЛАР ХИЁБОНИ – ҚУТЛУҒ ДАРСХОНА

Ҳали бутун рўйи жаҳон шеър бўлажак,

Фақат бекор билиб ором қучоғини –

Бу дунёни сирга кўмиб яшаш керак,

Қалбга санчиб шеъриятнинг пичоғини!

Адиблар хиёбонига келган киши, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим ёзганидай, бутун оламнинг шеърга, адабиётга айланганига гувоҳ бўлади. Бу ерда ижод қадрланди. Сўзга ҳурмат кўрсатилди. Улуғ ёзувчи-шоирлар хотираси улуғланди. Ўзбек адабиётининг устунлари қад кўтарди. Ўзбекистонлик шоирлар бир давра бўлишди. Энг юқорида эса сўз мулкининг султони Алишер Навоий уларга боқиб турибди. Гўё адабиётдан сабоқ бераётгандай.

Адиблар хиёбони бугун нафақат юртимиздаги, балки дунёдаги энг гўзал, сўлим, чиройли масканлардан бири бўлди, десак гапимизни ҳеч ким ёлғонга йўймаса керак. Бу ерга келган кишининг вужуди сокинлашади, руҳи тиниқлашади, улуғлар билан руҳан юзлашади, бир қадар юксалади. Маърифат масканига келган киши нафақат ёзувчи-шоирларнинг ҳайкалларини томоша қилиши, балки ўриндиқда ўтириб, мириқиб китоб ўқиши, дам олиши, қушларнинг сайрашини тинглаши мумкин.

Хиёбонда йигирма беш нафар истеъдодли адибга ўн уч нафар қўли гул ҳайкалтарошнинг асрларга таътигулик санъат асарлари ўрнатилди. Мир Алишер Навоий (муаллифлар Нодари Бандзеладзе, Эйнулла Алиев, Василий Дягтерёв), Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бронза (муаллиф Равшан Миртожиев), Огаҳий (муаллиф Илҳом Жабборов), Бердақ (муаллиф Баҳром Норбоев), Муқимий (муаллиф Жасвант Анназаров), Фурқат (муаллиф Тўлаган Тожихўжаев), Абдулла Қодирий (муаллиф Баҳром Норбоев), Чўлпон (муаллиф Ўрол Яхшиликов), Абдулла Авлоний (муаллиф Баҳром Норбоев), Беҳбудийнинг гипс (муаллиф Оллоберган Оллаберганов), Ҳамид Олимжон (муаллиф Яков Шапиро) ва Зулфиянинг бронза (муаллиф Равшан Миртожиев), Ойбек (муаллиф Равшан Миртожиев), Ғафур Ғулом (муаллиф Равшан Миртожиев), Абдулла Қаҳҳор (муаллиф Баҳром Норбоев), Саид Аҳмад ва Саида Зуннунова мис (муаллиф Равшан Миртожиев), Ибройим Юсупов (муаллиф Тўлаган Тожихўжаев), Тўлепберген Қайипбергенов (муаллиф Улуғбек Отаназаров), Александр Файнбергнинг гипс (муаллиф Улуғбек Усмонов), Мақсуд Шайхзода (муаллиф Жасвант Анназаров), Эркин Воҳидов (муаллиф Жасвант Анназаров), Абдулла Орипов (муаллиф Баҳром Норбоев), Озод Шарофиддинов (муаллиф Баҳром Норбоев), Муҳаммад Юсуфнинг бронзадан (муаллиф Оллоберган Оллаберганов) ишланган ҳайкаллари Адиблар хиёбонининг кўркига айланди.

Адиблар хиёбони дастлаб ташкил этилганида у ерда Навоий ва ХХ аср замонавий ўзбек адабиёти вакилларигагина ҳайкаллар ўрнатилганди. Гўё бунда ўзбек адабиётининг орадаги бир неча асри йўқ бўлиб қолган эди. Бугун эса ўша жарлик, кемтиклик тўлдирилди. Яъни, Бобур, Огаҳий, Фурқат, Муқумий сингари мумтоз шоирларимизга, шунингдек, халқни ўйғонишга, маърифатли бўлишга чорлаган ва шу учун ҳам қатағон қилинган, таъқиқу тазйиқларга учраган Абдулла Қодирий, Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдулла Авлонийга ҳам ҳайкаллар ўрнатилди.

Адабиёт эътибордан юксалади. Рағбатдан куч олади, ривожланади. Тарихга назар солинг. Саркарда ва сиёсатчи – соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида юксак эътибор туфайли маданият, илм-фан қатори адабиёт ҳам ривожланди. Туркий тил ва адабиёт юксак чўққига чиқди. Ўнлаб улуғ шоирлар камол топди, юзлаб бебаҳо асарлар ёзилди. Ишонаман, бугунги адабиётга бўлаётган эътибор ҳам яқин орада ўз мевасини беради.

20 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонини очиб берди. Давлат раҳбари хиёбонда ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар билан бўлган учрашувда: “Адабиёт халқнинг юраги, элнинг маънавияти”, деди. Биз – Ўзбекистон ёзувчи-шоирлари халқимизнинг мана шу юрагини, миллатимизнинг маънавиятини, замон қаҳрамонларининг портретини, ўзбек халқининг қиёфасию кўнглидаги изтиробларини бадиий тил орқали кўрсатиб беришимиз лозим.

Тўғри, юртимизда ижодкорларнинг асарлари доимий равишда чоп этиляпти. Аммо энди уларнинг ижоди бор бўй-басти билан дунёга олиб чиқиш кераклиги таъкидланди. Алишер Навоий, Мирзо Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Усмон Азим сингари дунё ёзувчи-шоирлари билан бемалол бўйлаша оладиган ижодкорларимизнинг асарлари энди фақат таржимонларнинг шахсий ташаббуси ва қизиқиши билангина эмас, балки Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ва бошқа хорижий тилли олий ўқув юртлари билан биргаликда профессионал тарзда хорижий тилларга ўгирилади.

Бугун Адиблар хиёбонига келсангиз, боғ аллақачон қутлуғ дарсхонага, адабиёт, маърифат ва маданият масканига айланган. Ҳар бир адиб ҳайкални муайян олий ўқув юртига бириктирилди. Бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда, адиблар ижодини ўрганиш бўйича тақдимотлар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Қайси олий ўқув юртининг ўқитувчилари билан гаплашманг, улар нафақат хиёбондаги муайян адиб ҳайкалига масъул, балки ўша адиблар ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли умр йўллари ҳақида китоблар ва фильмлар яратиш, янги асарлар ёзишни ўз олдига мақсад қилган. Масалан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси, санъатшуносик бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ёқубовнинг айтишича, олий ўқув юрти жамоаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодий мероси, шеъриятида ифодаланган мавзу, умуминсоний ғояларни янада чуқур тадқиқ қилиш, халқимиз, айниқса, ёшларимиз орасида кенг ёйиш, шоир шеъриятида акс этган ватанпарварлик ва миллат бирдамлиги ғоялари руҳида талаба ёшларни тарбиялаш ҳамда улар қалбида адабиёт орқали ватанпарварлик туйғуларини шакллантириш вазифаси мақсад қилиб қўйилган. Айниқса, театр ва кино санъатининг имкониятларидан фойдаланган ҳолда Муҳаммад Юсуф ижоди, унинг ҳар бир йўналиши ва ғоялари ҳақида бадиий ва ҳужжатли филмлар суратга олиш бу вазифаларни бажаришнинг асосий йўналиши ҳисобланади.

Бугун Адиблар хиёбони одамлар билан гавжум. Куни кеча телевидение учун материаллар тайёрлаш учун у ерда бўлганимизда, бир отахон набиралари билан боғни айланиб юрган экан. Улар Абдулла Қодирий ҳайкали олдига келгач, набиралардан бири ҳайкал тагкурсисидаги ёзувларни ўқиди: “Абдулла Қодирий”. Болани саволга тутдим: “Абдулла Қодирий ким бўлган?” Бобо набирага ўргатди: “Романчилик мактабининг асосчиси”. Бобонинг сабоғига қўшимча қилдим: “Ўзбек романчилик мактабининг асосчиси”.

Мана, Адиблар хиёбони нима учун қурилди? Халқимизга бу дарсхона нима учун керак? Халқ, келажак эгалари ўз қаҳрамонларини таниши керак. Кейинги йилларда маърифатпарварлар ижодини ўрганишга, уларнинг ҳаёти ҳақида ёзилаётган бадиий асарлар, яратилаётган бадиий ва ҳужжатли филмлар туфайли бугун халқимиз узилиб қолган ўтмиши билан юзлашмоқда, тарих билан алоқани тиклаяпти. Бу эса Ўзекистоннинг, ўзбек миллатининг янада юксалишига, дунё тамаддунида қайтаттан ўрин эгаллашида катта рол ўйнайди.

Адиблар хиёбонида қардош қароқалпоқ шоири Бердақ, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қайипбергенов ҳамда  Ўзбекистон халқ шоири Александр Файнбергга ҳам ҳайкаллар ўрнатилгани, ўзбек халқи адабиётда ҳам ниҳоятда бағрикенг эканини яна бир бор исботлади.

Бугун интернет замони. Айниқса, ёшлар электрон адабиётлардан кўпроқ фойдаланишни исташади. Лекин миллий адабиётимиз хазинаси интернетда кенг кўламда жойлаштирилмаган. Масалан, бугун ўзбек адибларининг асарлари зарур бўлганда интернетда асосий мукаммал манба сифатида мурожаат қиладиганимиз – ziyouz.uz, ziyouz.com интернет порталлари ҳам журналист Даврон Тожиалиевнинг шахсий ташаббуси билан 2002 йилда ташкил этилган. Қаранг, булар ҳам бир ё икки йиллик меҳнат эмас. 18 йиллик машаққат.

Ўша учрашувда Президентимиз “Адиблар хиёбони” деб номланган интернет портали ташкил этиш таклифини билдирди. Унда мумтоз ва замонавий асарларнинг электрон нусхалари, ёзувчи-шоир, адабиётшуносларнинг маҳорат сабоқлари жамланади. Портал ўзбек (лотин ва кирилча), инглиз ва рус тилларида фаолият кўрсатса, ундан хорижлик адабиётсуярлар ва адабиётчилар ҳам бемалол  фойдаланади. Бунинг учун эса портални профессонал тарзда яратиш, ўзбек адабиёти хазиналари жамланган асосий манбага айлантириш керак бўлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари ва юртимизнинг навқирон ёзувчиси сифатида ушбу портални ташкил қилишда бир қанча таклифларни бермоқчиман.

Портал сарлавҳасига Алишер Навоийнинг: “Турк назмида чу мен тортиб алам, Айладим ул мамлакатни якқалам” мисраси ё бошқа адибнинг адабиётга оид бирор таъсирли сўзини ёзиш керак бўлади. Сўз порталнинг ташриф қоғозига айланиши зарур.

Портал ташкилотчиларидан бири саналган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, аввало, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда нашриётлар билан ҳамкорликда иш олиб бориб, ўзбек халқ оғзаки ижоди асарлари ва китобларининг “ворд” ва “пдф” форматдаги нусхаларини электронлаштириш керак. Шунингдек, нашриётлар ва Ўзбекистондаги жами ёзувчи-шоирларнинг ўзлари ё оила аъзолари, ё бўлмаса, адабий меросхўрларидан адибларнинг шеър, достон, драма, фожиа, ҳикоя, қисса, роман сингари жанрларда ёзилган асарлари, китоблари матнининг, сўнг бу асарларнинг, китобларнинг бошқа тилларга таржима қилинган нусхаларининг “ворд” ва “пдф” шаклдаги электрон омборини яратиши керак бўлади.

Порталда Ўзбекистон ва дунё адабий жараёнида кечаётган янгиликлар билан бойитиладиган “Адабий жараён” ёки “Янгиликлар”, ўзбек халқ оғзаки ижоди – эртак, достон, лапар, латифа, лоф ва бошқа жанрлардаги асарларни ўзида жамлаган “Ўзбек халқ оғзаки ижоди” ёки “Фольклор”, ўзбек шоирларининг асарлари ва таржимаи ҳоли алифбо ё туғилган йили тартибида бериладиган “Ўзбек шеърияти антологияси”, ўзбек ёзувчиларининг насрий асарлари – ҳикоя, қисса, роман ва бошқа жанрдаги асарлари алифбо ёки туғилган йили кетма-кетлигида тартибланадиган “Ўзбек насри антологияси” бўлимларини яратиш зарур.

Шунингдек, жаҳон адабиётидан ўзбек тилига, ўзбек адабиётидан жаҳон тилларига ўгирилган асарлар эълон қилинадиган “Таржима”, мумтоз ва замонавий адабиёт намуналаридан шарҳлар, адабий асарлар таҳлили бериладиган “Таҳлил” ёки “Тадқиқот”, асар қаҳрамонлари ҳақида батафсил маълумотлар бериладиган “Адабий қаҳрамонлар”, ёзувчи-шоирларимизнинг сайтлари, фейсбукдаги саҳифалари ва телеграм каналларининг ҳаволалари жойлаштириладиган “Адибларнинг блоглари”, “Sharq yulduzi” ва “Звезда Востока”, “Yoshlik”, “Амударё”, “Jahon adabiyoti”, “Tafakkur”, “Guliston”, “Saodat”, “Yosh Kuch”, “Ijod olami” сингари адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-фалсафий, маънавий-маърифий журналлар, “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati”, “Kitob dunyosi”, “Adabiyot ziyosi” сингари адабий-бадиий газеталарнинг янги ҳар бир сони, уларнинг узоқ йиллик архивлари “пдф” форматда, матбуотда эълон қилинган адабий-бадиий мавзудаги материалларнинг электрон нусхалари бериб бориладиган “Матбуот”, янги чоп этилган китоблар ҳақида хабарлар, мақолалар эълон этиладиган “Янги китоблар”, нашриётлар томонидан чоп этилган китоблар етказиб бериладиган ва электрон тарзда сотиладиган “Китоб дўкони” сингари бўлимларни ташкил этиш керак бўлади.

Шунингдек, порталда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг “Биринчи китобим” лойиҳаси ва умуман, ёш адибларнинг илк тўпламларининг электрон ва “пдф” форматдаги нусхалари бериладиган “Биринчи китобим” бўлимини ҳам яратиш керак бўлади. Бунда фақат китобнинг ўзини шунчаки жойлаб қўймасдан, муаллифларнинг сифатли сурати ва ёнида у ҳақдаги маълумот келтирилади. Китоблар ҳақидаги мақолалар ҳам шу ерга жойланади. Балки буни йиллар кетма-кетлигида ташкил этиш керакдир. Ёшларга берилаётган эътибор айнан шу бўлимда кўриниши керак.

“Ижод мактаблари” бўлимини ҳам ташкил қилмоқ жоиз. Бу бўлимда юртимиздаги ижод мактаблари ўқитувчию ўқувчиларининг шеъру ҳикоялари, мақолалари, бадиалари, ўқув масканлари ҳаётига оид янгиликлар, у ерларда ўтаётган адабий тўгараклар, суҳбатлар, гурунглар, тадбирлар ҳақида хабарлар бериб борилади.

Юртимиз бўйлаб ўтаётган адабий тадбирларда туширилган энг сара суратлар ва уларнинг ўтмиши ҳақида изоҳлар, адибларнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган, қизиқарли тарихга эга суратлари бериб бориладиган “Ойнак” (фотогалерея) бўлимини ҳам яратиш айни муддао.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси телеканаллари, “Ўзбеккино” миллий агентлиги архивидаги адабий-бадиий материалларни порталга жойлаш лозим. Хусусан, “O‘zbekiston” телеканалининг адабий суҳбатлар тарзидаги “Турчироқ” ва “Ташриф”, “O‘zbekiston 24” телеканалида адабий-бадиий тадбирларга оид эфирга узатилган лавҳалар, шарҳлар, 2018 йили бир муддат эфирга кетган “Ijodiy portret”, “Madaniyat va Ma’rifat” телеканалининг “Oddiy haqiqatlar”, “She’r sehri”, “She’riyat kechasi”, “Uyga qaytib”, “Meni o‘zgartirgan asar”, “Ijodiy uchrashuv”, “Sevimli” телеканалининг “Eslab-eslab…”, “UzReport” телеканалининг “Bitmas xazina” сингари адабий кўрсатувлари, адабий суҳбатлари, адиблар ё уларнинг асарлар тўғрисидаги кўрсатувлари, ҳужжатли фильмлари, бадиий фильмларидан иборат  “Видеогалерия” бўлимини яратиш керак.

“Аудиогалерия” бўлимида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси радиоканаллари архивида сақланаётган – ёзувчи-шоирларимизнинг нодир овозлари ёзиб олинган эшиттиришлар, уларнинг ўқиган шеърлари, улар билан бўлган суҳбатлар жойлаштирилади.

“Нигоҳ” бўлимида ёзувчи-шоирларимизнинг Бадиий академия тизимидаги галериялар, шахсий коллекцияларда сақланаётган, рассомларнинг ижодхоналарида яратилган портрети ва адабий қаҳрамонлар акс этган картиналарнинг фото нусхаларини олиниб, жойлаштирилади.

Портал аудиторияси чекланмайди. Масалан, болажонлар учун вақти-вақти билан танловлар ташкил этиб бориш имкониятини ҳам йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Асарлар ё мақолаларга изоҳ қолдириш ёки муносабат билдиришнинг янги шаклларини яратиш зарур. Бунда масалан биз ҳозир телеграм ё фейсбукда фойдаланадиган “лайк”ларни “қойил”, “тилим лол”, “тасанно”, “офарин”, “гап йўқ”, “бўлади”, “яхши эмас”, “ёмон” сингари адабий ифодаларга ўгирса бўлади.

Кун ҳикмати тарзида адиблар ҳикматидан порталнинг бош саҳифасида бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш керак. Бунда асосан ижодкорларнинг туғилган куни, нечадир йиллигини нишонлаш каби мезонларга ҳам эътибор қаратилади. Ёки шароитдан ҳам кели чиқиш мумкин, масалан, пандемия шароитида портал фойдаланувчиларини қўрқувдан халос этувчи, уларга мотивация берувчи, руҳлантирувчи афоризмлардан келтирилади.

Хусусан, адибларнинг туғилган кун саналари арафасида порталда табриклар, уларнинг асарларидан парчалар, улар ё асарлари ҳақида мақолаларни бериб боришни тизимли йўлга қўйиш лозим. Яъни ушбу сана арафасида туғилгани куни нишонланаётган адибнинг сурати ва у ҳақдаги маълумотлар бир неча кун биринчи саҳифада чиқиб туради.

“Сабоқлар” бўлимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг устоз ёзувчи-шоирлар иштирокидаги “Маҳорат дарслари”, шунингдек, ёш шоирларнинг “Онажоним – шеърият”, ёш ёзувчиларнинг “Умид”, ёш таржимонларнинг “Дилкўприк”, ёш адабиётшуносларнинг “Ёш мунаққидлар” сингари тўгаракларининг сабоқларини онлайн ёки ёзиб олиб порталга жойлаб бориш керак.

“Китоб ва кино” бўлимини ҳам очиб, унда фильмларга айланган асарлар ҳақида мақолалар, ўша филмларнинг ўзини жойлаб бориш лозим бўлади.

Буларнинг бари учун эса профессионал жамоа ва салмоқли маблағ керак бўлади. Назаримда, бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

Китоб ўқиган, миллатнинг улуғларини, устунларини билган, буюкларини таниган халқнинг келажаги ҳам, албатта, буюк бўлади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топишда, уларни эзгуликлар сари бошлашда адабиётнинг кучидан фойдаланишни мақсад қилган мамлакатнинг ҳам эртаси порлоқ. Таъбир жоиз бўлса, айтиш мумкинки, Адиблар хиёбонида сўзга кўрсатилган бундай эҳтиром бугун ўзбек адабиётининг янги даврига тамал тоши қўйилганини билдиради. Энди ёзувчи-шоирларнинг ҳам мақсадлари юксалади. Энг асосий иш: жаҳон адабиётига бўйлашадиган асарлар яратиш. Бундан кўзланган оқил муддаони эса маърифатпарвар Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон бир аср таридан туриб айтиб кетган эди: адабиёт яшаса, миллат яшайди.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати раҳбари, ёзувчи

Мақола 2020 йил 27 ноябрь куни “Халқ сўзи” газетасида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!