“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Ислоҳотлар ёзувчи нигоҳида

 

КИЧКИНА ШАҲАРНИНГ КАТТА ТАШВИШЛАРИ

Бисмиллоҳ, дегилу қўйгил қадам”

2020 йилнинг 31 октябрь санаси. Шанба. Эрталаб соат 9:00. Метронинг “Пахтакор” бекатидамиз. Кимгадир дам олиш, кимгадир иш куни. Тошкент вилояти Ахборот хизмати таклифи билан Олмалиқ шаҳрига медиа-турга отланганмиз. Журналистлар, тасвирчилар иккита микроавтобусга бўлиндик. “Қайдасан, Олмалиқ?” дея жўнадик. Бундай сафарлар аввалида Алишер Навоийнинг “Йўл ёмону яхшисидан ема ҳам, Бисмиллоҳ, дегилу қўйгил қадам”, сатрлари эсга тушади. Суҳбатдошларинг яхши бўлса, йўлнинг узоқлиги ҳам билинмайди. Ёшлар” телеканали “Давр” ахборий дастури мухбири Нодирбек Шамсиддин, “Севимли” телеканали “Замон” ахборий дастури мухбири Элёр Гўрўғлиев билан турли мавзуларда гурунглашиб борамиз. Орқа ўриндиқда Тошкент вилояти Ахборот хизмати мутахассиси Элбек Шойимов телефонда кимлар биландир гаплашиб, ташкилий ишларни ҳал қилиб кетяпти. Қизғин гурунг оғушида Олмалиқ шаҳрига ҳам етиб келганимизни билмай қолдик.

Очиқ матбуот анжумани

Олмалиқ шаҳри қишли-қировли кунларга тайёрми? Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали биносида шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов билан ўтказилган матбуот анжуманида бу саволга мутасаддилар жавоб беряпти. Зерикарли ҳисобот шаклида бошланган йиғинни ҳоким шартта бўлди-да, журналистлар ўзимизни мақташимизни эшитиш учун келмаган, дея анжуманни савол-жавоб тарзида давом эттиришни сўради. Элёр Гўрўғлиев мутасаддилардан ҳисоботларни электрон шаклни беришларини сўради. Шу билан ухлатадиган учрашув қизқин анжуманга айланди.

Йиғилишда айтилишича, Олмалиқ шаҳрида жами 674 та кўп қаватли уй-жой мавжуд экан. Шундан 355 тасига 37 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати ва 1 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатяпти. Аҳолининг ширкатлардан 7 милиард сўм муддати кечиктирилган қарзи бор. Ширкатлар банклардан 13 миллиард сўм қарз. Бу муаммо қандай бартараф этилади? Анжуманда асосий масала шу саволга жавоб топиш бўлди.

Шаҳардаги хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати тизими инқирозга учраган. Шу боис мутасаддилар Юнусобод туманида тажрибадан ўтказилаётган бошқарув сервис компанияларини Олмалиқда жорий қилишни мақсад қилибди. Хусусан, ширкатларда янги электрон тизим жорий қилинар экан. Яъни, хонадон эгаси қарздорлиги ё тўлаган пуллари қаерга кетаётганини телефони орқали билиб турармиш. Янги тизимда мажбурий бадал 1 квадрат метр жойга 800 сўм этиб белгиланибди. Ширкатлар уч тоифага ажратилган: оғир – қизил, ўрта – сариқ, яхши – яшил. Қизил тоифадаги шиткатлар бошқарув сервис компанияларига ўтказилади.

Оталиққа олинган бола

Матбуот анжумани тугагач, жойларга чиқиладиган бўлди. Ташқарига чиққанимиздан сўнг, шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов қўлида жилд кўтариб олган бир йигитчани бизга таништирди. Кўринишидан тиришқоқ йигитнинг қўллаб-қувватланишга эҳтиёжи бор экан. Ҳоким: “Мен бу болани оталиғимга олдим, ғамхўрлик қиламан, ўқишга киритаман, бундай айтсам, ўғил қилиб олдим. Ёшларни қўллаш керак, биз уларга бугун керакмиз, эртага улар бизга керак”, дейди унинг қўлини ушлаб. Ҳокимнинг халқпарварлигидан хурсанд бўлдик. Элёр Гўрўғлиев ота-болани билдирмасдан суратга олиб, телеграмдаги каналига бу ҳақда пост ҳам жойлаб қўяди.

Бошқарув сервис компанияси

“Олмалиқ коммунал сервис” бошқарув сервис компаниясига қарашли захира омборига борамиз. Оммавий ахборот воситалари ходимлари у ердаги қурилиш материаллари захираси билан танишади. Бу материаллар тўғридан тўғри заводдан олиб келингани боис арзон ва сифатли экан. Захира омбори БСКнинг ўз маблағи ҳисобига шакллантирилган. Сарфланган маблағ аҳолидан тушган пул ҳисобига қопланади. Маълумотларга кўра, 10 октябрь куни очилган компания ходимларга 1 500 000 сўмдан 2 500 000 сўмгача ойлик тўлаяпти экан. Унда ҳозирча 18 киши ишлаяпти. Демак, бир ойдан бери 18 оиланинг рўзғори бутланяпти.

“Халқ билан бўл, халқ ичинда бўл”

Бугун виждони бор, аҳоли ва ўзини ҳурмат қилган ҳокимлар халқ ичига кириб боряпти. Пресс-тур давомида ҳам бунга гувоҳ ҳам бўлдик.

Олмалиқ шаҳри Абдулла Қаҳҳор номидаги маҳалланинг 12-уйи ёнидамиз. Аҳоли ҳамда ҳоким, мутасаддилар юзлашди. Айтишларича, маҳаллага хизмат кўрсатувчи “Олмалиқ коммунал” ширкати яхши ишламаган. Натижада аҳолининг муаммолари йиғилиб қолган. Одамлар иссиқлик тизимига йил-ўн икки ой пул тўлаши, аммо уйлари уч ойгина исишини, айтяпти. Кимдир маҳаллада бекат ва стадион йўқлигини билдирди. Кимдир қайсидир кўп қаватли уй олдига даладан сув оқиб келишидан нолияпти. Яна биров иссиқсув-совуқсувчилар кўчани кавлаб, қазилган жойни ёпмасдан кетганидан ёзғирди.

Йиғилиб қолган муаммолар тортинмасдан айтилди. Ўзгариш қилиш мақсадида бугун “Олмалиқ коммунал” ширкати тугатилган ва энди маҳаллага “Олмалиқ коммунал сервис” БСК хизмат кўрсатади. Одамларнинг ҳоким ва оммавий ахборот воситалари ходимларига шикоятларини тўхтамасдан гапиришини кўриб ичимдан шундай ўй ўтди: “         Ишқилиб, янги тизим ўзини оқласин-да”.

Автобусдаги жиддий гурунг

– Стадион йўқ, деяпти бир киши, – дейди Тошкент вилояти ҳокими матбуот котиби Беҳзод Қобулов Теракли қишлоғига автобусда кетар эканмиз.

– Қанақа стадион? – сўрайди Олмалиқ шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов.

– Мана шу ерда, маҳаллада. Уч километр нарида 2 та стадион бор. Олмалиқда бундай муаммо йўқ-да, – жавоб қайтаради Беҳзод Қобулов.

– Ишонасизми, Олмалиқ шаҳрида 25 та кичик стадион бор, – дейди Қобил Ҳамдамов.

– Айнан мана шу ҳудудда борми? – кимдир савол ташлайди.

– Йўлнинг нарига бетига ўтамиз, бу томонда, мана, стадион, – дея қўли билан кўрсатади ҳоким.

– Лекин биргина стадион муаммоси айтилмаяпти-да, – эътироз билдиради “Ҳуррият” газетаси мухбири Абдулазиз Аҳмедов. – Йўлларнинг муаммоси кўтарилди. Сув муаммоси. “ЖЕК” умуман ишламайди, дейишяпти.

– Яхши-ку, савол кўтаргандан кейин ишлаймиз-да, – жавоб беради  Қобил Ҳамдамов. – Албатта ҳар битта камчилигини ўрганиб чиқишимиз керак. Дастур тайёрлашимиз керак. Манбасини аниқлашимиз керак. Аҳолига хизмат кўрсатиш соҳасини “ширкат” деймизми ё сервис компанияси, дея атаймизми, улар ўз ишларини тизимли йўлга қўймаса, иш олдинга силжимайди. Йиллар давомида қилинмаган ишлар бўлса, бир кунда қилиб бўладими? Ўн кунда қилиб бўладими? Керак бўлса, бир йилда ҳам қилиб бўлмайди? Биласизми, Олмалиқ шаҳрида сув йўқотиш даражаси 42 фоизни ташкил қилади. Бу жуда катта йўқотиш. Уни бартараф этиш учун нима қилишимиз керак? Биринчи навбатда қувурларни алмаштиришимиз керак. ХХ асрнинг 60-70-йилларида ётқизилган қувурлар бугунги кунда чириб бўлган.

– Сиз аввал вилоятда ҳам ишлагансиз-ку, шу масала нима учун аввал кўтарилмаган, бу ердан бунақа таклиф бормаганми? – қитмирлик қилиб ҳақли савол беради Элёр Гўрўғлиев.

– Таклифлар ҳар йили киритилади, ҳар йили дастур ишлаб чиқилади, – жавоб қайтаради Олмалиқ ҳокими. – Мана, мисол учун 2019 йилни гапирадиган бўлсам, муҳтарам юртбошимиз Тошкент вилояти учун қўшимча 300 миллианд сўм маблағ ажратди. Олмалиқ шаҳрини оладиган бўлсак, марказлашган ичимлик суви билан 100 фоиз таъминланган десак бўлади. Лекин Оққўрғон, Чиноз, Қуйи Чирчиқ туманларининг таъминланганлик даражаси, ишонасизми, 40-50 фоиз. Ажратилган маблағни манзилли йўналтирдик. Эвазига вилоятда марказдашган ичимлик суви билан таъминланганлик дарадаси 74 фоизга кўтарилди. Шунинг учун бу оғир ва катта пул талаб этиладиган масала. Битта шаҳарнинг бутун коммуникация тизимини алмаштираман десангиз, миллиард-миллиардлаб пул кетади. Шунинг учун бу муаммоларни бир йилда қилиб бераман, деб ваъда бера олмайман. Маҳаллий бюджетдан имкон даражасида маблағ ажратамиз ва қиламиз. Республика бюджетидан берилган маблағни эса манзилли ишлатамиз. Халқ биздан рози бўлиши керак. Рози бўлиш учун биз ишлашимиз керак. Етарли даражада ишладикми-ишламадикми, бунинг баҳосини халқ беради. Мен ўзимча ўзимга баҳо қўя олмайман-ку. Айтолмайман мен яхши ишладим деб. Олмалиққа ҳоким бўлиб келганимга икки ҳафта бўлди. Ишни энди ташкил қиляпман. Келажакда – олти ой, бир йилдан кейин халқ ишимга баҳони ўзи беради.

Теракли маҳалласига сув келади

Айтишларича, Теракли маҳалласининг Қоратоғ иккинчи даҳа ҳудудида шу пайтга қадар марказлашган ичимлик суви тизими бўлмаган. Бу ерда 20 га яқин оила яшайди. Улар сувни баҳорда булоқлардан ё сойдан ичиб келади. Йилнинг июн ойида булоқдаги, сойдаги сув тақа-тақ тўхтайди. Шундан сўнг одамлар қўлда челакларда сув ташишади, сувдонларни эшакаравага ортиб қўшни маҳаллаларга сувга боришади. Ҳар йили шу аҳвол.

Энди 5 чақирим жойга ичимлик суви қувури тортиляпти. Энди Теракли маҳалласининг Қоратоғ иккинчи даҳасига ҳам сув келади. Пресс-тур давомида журналистлар жараённи ўз кўзлари билан кўришди. Аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Маҳалла аҳли билан гурунглашаман, ичидан ўтаётганлари билан қизиқаман.

– Хурсандлигимиздан ўзимизга сиғмай кетяпмиз, – дейди Теракли маҳалласида яшовчи Анвар Қувондиқов. – Ёш болаларимиз ҳам меҳнатда, ҳар куни сув билан овора эди. Ювишгаям, чайишгаям, ҳамма нарсага, арава билан сув ташийди. Бошқа иложимиз йўқ. Техникаси бор одам техникада олиб келади. Йўқ одам айтганимдан пиёда. Мажбур бўлган пайтда иккита “баклажка”ни ҳам кўтариб бораверасиз-да сувга. Ҳаммага раҳмат!

Туман ҳокими маҳалла аҳли билан юзлашади. Ўзини Абдужаббор Абдуқодиров деб таништирган отахон муаммоларини бир-бир санай бошлайди:

– Шу ерда туғилиб, шу ерда катта бўлганмиз. Муаммомиз сув эди. У ҳам яқинда бўп қоладиган бўлди. Кейин маҳалла моллари учун жайлов жўқ. Мана бу томонимизни тўртта фермер эгаллаб олган, – дея қўли билан кунчиқар тарафдаги адирни кўрсатади отахон. – Бу тарафга ўткизайлик десак, бу ёқни ҳам яна битта фермер олган. Ё “доля”сини беришимиз керак, ё бошқа қилишимиз керак. Бирон гектарам бизга жой қолдирмаган. Пскент тумани ҳокимига неча маротаба хат билан бордик. Лекин ҳеч қанақа ўзгариш йўқ.

– Сизларнинг асосий даромадларингиз чорва-да? – сўрайди “Ёшлар” телеканали мухбири Нодирбек Шамсиддин. Отахон жавоб беради:

– Чорвачиликда. Бошқа қаёққа ҳам борамиз. Жер ҳақи – “налуг”и бўлса, “налуг”ини берамиз. Энди чорвамизни сотишга мажбур бўляппиз-да. Битта “пресс”ди 12 минг сўм минам уйга оп кеп берса. Фермер пичанни ўради, бойлайди, бизга сотади. Биз сотиб оламиз. Биз бориб ўрайиқ десак, бизга жўл бермайди. Улар қонуний фермерми, бошқами, уни ҳеч ким билмайди, борсак, битта қоғозни кўрсатади. Печати бор. Лекин давлат пойдаси тегадиган пермерлармасда улар. Бутун вилоятнинг молини олиб келиб боғади ўзлариям. Ҳашагини ўриб сотади. Шу. Ҳеч бало экилмайди. Далада сув йўқ. Ҳаммаси лалми. Бу адирлар Пскент ҳудудига киради. Лекин биз ҳамма тўловди Олмалиқ шаҳарга тўлаймиз. Газ, свет ва ҳамма нерсани.

Ҳоким муаммоларни ёзиб олишга отахондан изн сўрайди. Муаммоларни ҳоким ўринбосарларидан бири ёзиб олади.

– Пскент тумани ҳокими билан алоҳида гаплашаман бу масала бўйича, – дейди Қобил Ҳамдамов. – Силарга жавобини айтамиз.

– Шўндай бўсин, – дейди отахон. Муаммоларини гапиришда давом этгиси келиб Олмалиқ шаҳрига бориладиган йўлни кўрсатиб давом этади у: – Мина йўлимизнинг аҳволини қаранг. Ҳеч ким қарай демайди. Ҳеч бўмаса, ямаб беринглар, десагам қимайди.

– Бу йўл Тошкент вилоятининг 472-автойўли, – “Теракли” МФЙ раиси Умрқул Тўрақулов отахоннинг гапини тўлдиради. – Йўл Пскентга қарайди. Биз аввал “Олтин топкан” кони балансида бўлганмиз. Кон ёпилгач, сувни сувоқавага берди, светни “ГорСет”га берди, телефонни “Тоштелеком”га берди, 2000 йили Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан йўл Пскентга ўтказиб юборилган. Бу йўл Пскентга умуман керак эмас. Мен тўрт йилдан бери мана шу масалани кўтариб келаман. Ҳар йили 6-7 миллион сўм “лимит” ажратар экан бу йўлга. Бу йил 80 миллион сўм ажратишибди. 80 миллион бу йўлнинг “ремонти”га урвоқ ҳам бўлмас экан. Бултур ҳам, бу йил ҳам сайёр қабулга борганман шу масалани кўтариб. Бу муаммони фақат сенаторлар ҳал қилар экан.

– Буниям ёзиб олинг, – дейди Олмалиқ шаҳри ҳокими ўринбосарларидан бирига. – Биз ўрганиб чиқайлик. Ҳисоб-китоб қилайлик.

– Йўлнинг узунлиги қанча? – сўрайди кимдир. Раис жавоб қайтаради:

– 14 километр.

Оёғи ердан узилмаган ҳоким

14 километрлик уйдим-чуқур йўлни босиб Олмалиқ шаҳри марказига қайтамиз. Бизни Миллий технологик тадқиқотлар университетининг Олмалиқ шаҳридаги филиали биносида тушлик дастурхони кутиб турарди. Ҳоким ҳам биз билан қўшилиб дастурхон бошига ўтиради. Чойдан сўнг у оммавий ахборот воситалари ходимларига келгани учун миннатдорчилик билдиради. Битирадиган бошқа ишлари борлиги учун биздан узр сўраб хайрлашади. Биз эса Олмалиқ шаҳрини иссиқлик энергияси билан таъминлайдиган “Иссиқлик манбаи” МЧЖ иссиқлик марказини томоша қилгани борамиз.

Пресс-тур тамом бўлиб, уйга қайтар эканмиз, 2019 йилнинг 14-16 декабрь кунлари Корея Республикасига қилган сафарим давомида у ердаги ҳокимлар ҳақида эшитганларим эсимга тушади. У ёқларда ҳокимлар халқ измидан чиқмас экан. Чунки уларни халқ сайларкан-да. Агар уларнинг бирор ножўя хатти-ҳаракати кузатилса, халқ уларни ҳокимиятдан четлатар экан. Аниқроғи, қайта сайламас экан.

Бизда ҳам ҳокимлар халққа яқинлашаётганидан кўнглим бироз таскин топади. Олмалиқ шаҳар ҳокими журналистларнинг кўзича халққа берган ваъдаларининг устидан чиқишига ишонгим келади. Буни эса, унинг ўзи айтганидай, вақт кўрсатади. Кун келиб, бизда ҳам ҳокимлар сайланишига, ҳамма ҳокимларимиз халқнинг дарду ташвишлари билан яшай бошлашига умид боғлаб, ушбу мақоламга нуқта қўяман.

Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Мақола 2020 йил 14 ноябрда “Тошкент ҳақиқати” газетасида чоп этилган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 3.8 / 5. Baholaganlar soni: 10

OAV nomi va parolini kiriting!