“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

“КИМКИ БИР КИШИНИ ҚУТҚАРСА, ДУНЁНИ АСРАБ ҚОЛИБДИ”

1942 йил. Полшадаги яҳудийлар шаҳарчаси. Краковдаги гетто. Иккинчи жаҳон урушида Германиянинг нацист генерал-губернатори томонидан ташкил этилган бешта асосий геттонинг бири. Иш учун яроқлилар йўқ қилинадиганлардан шу тарзда ажратиб олинган.

Кичкина ҳужрачада ўнлаб одам яшайди. Чексиз таъқиқлар. Жуҳудлар хусусий мулкчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган. Ишсизлик авж олган. Карл Маркс сингари саводли яҳудийларнинг чақачалик қадри йўқ. Олий маълумотинг ҳам бир пул. Ёзувчилик, муаллимлик, муҳандислик, созандалик кераксиз касб-ҳунар, тарих, адабиёт фанлари чиқитга чиққан. У ерда яшавчилардан бири айтганидай: “Гўё ибтидоий ифлос ҳаётга ўхшайди”.

Комендант Амон “гетто”ни икки қисмга ажратувчи кўчадан мошинада кетиб боради. Ўнг тараф “гетто “А”. У ерда малакали ишчилар, давлат хизматчилари жойлашган. Чап тараф “гетто “Б”. Бу томонда эса ортиқча ишчи кучи; кексалар, касаллар жуда кўп. Гетто ким учундир озодлик, ким учундир сўнгги манзил. Девор ортидаги хорлик.

“600 йил муқаддам вабо касали тарқалганида ушбу қора ажалнинг сабабчилари сифатида ҳамма ерда яҳудийлар айбландилар. Буюк Казимир деб ном олмиш кимса яҳудийлар Краковга келиб жойлашлари мумкинлигини эълон қилди. Улар шу ерга ўрнашдилар. Ўзларининг ашқолларини замбил ғалтакларда ташиб келдилар ва ушбу заминда қолиб кетдилар. Шу ерда насл тарқатдилар. Тижоратда, илм-фанда, маданиятда, санъатда, ҳар ерда ютуқларга эришдилар. Бу ҳудудга қўллари бўш ҳолда кириб келишган эди. Ҳеч нарсасиз. Бу ерда фаровонликка эришдилар. Яҳудийлар Кракови 600 йил давомида мавжуд бўлди. Буни мулоҳаза этиб кўринглар. Аммо бугун оқшомда ушбу 600 йиллик ўтмиш йўқлик сари йўл олади. Худди ҳеч қачон воқе бўлмаган каби”. Бу коминдант Амоннинг аскарларга дегани.

Қиш оқшоми. Совуқ. Гетто “Б” аёвсиз тинтув қилинади. Жамадонлар ташқарига итқитилади. Буюмлар кўчаларда сочилиб ётибди. Кексалар ва ҳужжати йўқлар итдай отиб ташланяпти. Одамнинг ҳайвонча қадри йўқ. Улар юк машинасида ўлимга жўнатилади.

Атрофда ўқлар учиб юрибди. Шунда Оскар Шиндлер тепаликдан туриб қизил палтоли қизалоқнинг қирғин ичидан ажралиб чиқиб уй ичкарисига кирганини кўради. Қизил палтоли қизалоқ уйдаги хонадонлардан бирига киради ва каравот тагига яширинади. Қизчанинг яширинаётганини кўриб, аёлим иккимизнинг хаёлимизга бирдан ўғлимизнинг шкаф ёнбошига яшириниши эсимизга тушиб кетди. Деярли бир хил ҳолат. Аммо икки ўхшашлик орасидаги вазият ер билан осмонча фарқ қилади. Худойим.

Пол ва каравот таги, печка, тумба, ҳатто “Ernst Bartholdt” номли пианино ичи ҳам одамлар билан лиқ тўла. Яшаш учун кураш. Овозингни чиқарсанг, ўласан. Аммо автоматда ҳамма-ҳаммаси илма-тешик қилинади.

Бутун музофотни ўлик босиб кетган. Одамлар бир соат бўлса ҳам тирик қолишга, яшашга ҳаракат қиляпти. Болалар нигоҳида қўрқув, ваҳима, яшашга бўлган умид, нажот, яна тушунуксиз аллақандай туйғулар.

Ишчилар лагери. Комендант ҳашаматли чорбоғда яшайди. Яҳудий қуллар оддий бостирмада. Комендант отининг эгари одамдан қиммат. У уйида журнал варақлаб яҳудий қизга тирноғини силлиқлатади, яҳудий болага ваннасини тозалатади, тозалай олмагач, отиб ташлайди. У энг яхши мусалласдан ичади, зотдор итлар боқади.  Хуллас, шоҳона ҳаёт.

Ҳисобга олувчилар томонидан касаллар соғлардан ажратиляпти. Овозкучайтиргичда аллақандай мусиқа янграмоқда. Нимжонлар, касаллар, ишга ярамайдиганлар аскарлар томонидан “пақ-пақ-пақ” қилиб отилади. Болалар ота-онасидан ажратиб қаергадир олиб кетилмоқда. Шунда уддабурон баъзи болаларнинг бир-иккитаси пол тагига, тош печка ичига беркинади. Битта жужуқча жонҳолатда ҳамма тирқишга бош суқиб кўради: барининг эгаси бор. Шунда бола нима қилади, биласизми? Ҳожатхонага сакрайди. Суюқ аҳлатга шолоп этиб тушгач, атрофга қараса, у ернинг ҳам ўз эгалари бор. “Нега бу ерга келдинг? Бу ер бизнинг жойимиз, йўқол”, дейди “хўжайин”лардан бири. Қандай даҳшат! Аммо ҳаёт учун кураш.

Шаҳарни босиб кетган ўликларни чеккароққа олиб бориб уюм-уюм қилиб ёқишади. Ҳатто кўмилганларни ҳам кавлаб олиб ўтга ташлашади. Атрофни таналарнинг куйганидан чиқадиган ҳид тутиб кетган. Кибор бошлиқларнинг эса бу исдан кўнгиллари айнийди ва бурунларига оппоқ рўмолчаларини ёпади. Шаҳарда эса кул аралаш қор ёғади. Оскар Шиндлер  ёқишга олиб кетилаётган “чиқит”лар орасидан ҳалиги қизил палтоли қизалоқнинг мурдасини кўриб қолади ва қаттиқ ўкинади.

Бу даҳшатли ҳикоя 2020 йилнинг 23 апрел оқшомида “Sevimli” телеканалидан кўрсатилган, режиссёр Стивен Спилбергнинг “Шиндлер рўйхати” номли тарихий драма филми сюжетининг айрим жойлари, холос. Ҳа, бу филм даҳшатлари. Аммо тарихий фактлар асосида ишланган картинаки бизни шунча ҳаяжонга, даҳшатга солар экан, аммо ўша қирғин ўчоғида бўлганимизда нима аҳволга тушардик. Фарзандларимиз ўша болаларнинг, хусусан, қизил палтоли ширин қизалоқнинг ўрнида бўлиб қолганида нима қилишар эди, нима қилар эдик? Буни ўйлашнинг ўзи даҳшат. Ҳа, иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мана шундай кулфатларни солди.

Таққос қиладиган бўлсак, бугун тожвирус пандемияси туфайли бизнинг карантинли кунларимиз иккинчи жаҳон уруши даврида жон сақлаш учун ҳар нарсага тайёр яҳудийлар ҳаёти, геттолардаги тақдирлар, умуман, бутун инсоният олдида аслида фожиа эмас. Худога шукур, бошпанамиз бор. Устимиз бут. Қорнимиз тўқ. Баъзиларимиз ўз ҳисобимиздан вақтинча таътилга чиққанмиз. Баъзиларимиз масофадан туриб оиламиз бағрида ишлаяпмиз. Кўп нарсаларни мулоҳаза қилиш учун айни фурсат. Бугун биз ҳам тожвирус билан жанг қиляпмиз. Аммо унинг оқибати одамлар иккинчи жаҳон уруши кўрган жабрдан анча енгилроқ.

Филм охирида немис саноат мутахассиси Оскар Шиндлер умр бўйи йиққан пулига 1100 яҳудийни коменданту бошқалардан сотиб олади ва ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, уларни корхона ишчилари сифатида Чехословакияга олиб чиқиб кетади. Уруш тугагач, халос этилганлар Шиндлер билан хайрлашаётиб, миннатдорлик рамзи сифатида унга узук совға қилади. Унда иброний тилидаги “Забур” ояти ёзилган эди: “Кимки бир кишини қутқарса, дунёни асраб қолибди”.

Бу оятни эшигач, Шиндлер афсусланади: “Мен янада кўпроқ одамни қутқаришим мумкин эди. Қанча пулимни маишатга сарфлаб юбордим. Бошқаларни ҳам асраб қолардим. Мошинам-чи? Унинг менга нима кераги бор эди. Уни сотсам, ўн кишининг ҳаётини сақлаб қолардим”.

Филм деярли оқ-қора тасвирларда ишланган. Ҳамма нарсалар, ҳамма одамлар оқ-қора рангда. Худди урушда ҳаёт йўқ деган мазмунда. Қизил палтоли қиз ва филм охиридаги тасвирларгина бўялган. Бу урушдан сўнг ҳаёт бошланганини билдирарди.

“Кимки бир кишини қутқарса, дунёни асраб қолибди”. Ҳа, биз ҳам бугун уйда ўтириб ўзимизни, демакки, дунёни асраб қолишимиз мумкин.

Фозил Фарҳод,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби, ёзувчи

 Мақола “Ҳуррият” газетасининг

2020 йил 27 май кунги сонида эълон қилинган.

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!