“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Бандлик

ХАВФСИЗ, ТАРТИБЛИ ВА ҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТИЗИМИ ТУБДАН ЎЗГАРДИ

Сўнгги йилларда хорижда ишлаётган юртдошларимиз ва оиласини қўллабқувватлаш мақсадида жорий қилинган имтиёзлар кўламини кенгайтириш, чет элларда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини йўлга қўйиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Қайд этиш жоизки, ички меҳнат бозорига ҳар йили ўртача 600-700 мингга яқин янги ишчи кучи кириб келиши Ўзбекистоннинг ташқи меҳнат бозоридаги фаол иштирокини таъминламоқда. Иқтисодиёт тармоқларини ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар натижасида йилига 500 мингтача иш ўрни яратилмоқда. Шунинг учун, ташқи меҳнат миграцияси орқали қарийб 200 минг кишининг бандлигини таъминлашга тўғри келади. Соҳа мутахассисларининг таъкидлашича, бу табиий жараён, барча ривожланаётган давлатлар шундай босқичдан ўтган. Қаерда меҳнат миграцияси тўғри ташкил этилган бўлса, бандлик, оилалар даромади, малакали мутахассислар кўпайган. Сир эмас, яқин йилларгача юртдошларимиз ўртасида ташқи меҳнат миграцияси фаолияти борасида турлича қарашлар мавжуд эди. Яъни бундан 3-4 йил олдин фуқароларимиз чет элда ишлаш истагида бўлса, кимга мурожаат қилишни билмас, натижада ноқонуний, айланма йўллар билан хорижга чиқишга мажбур бўларди. Бу эса уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ кўплаб кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқарарди.  Қувонарлиси, сўнгги йилларда тизим билан боғлиқ вазият тубдан ўзгарди. Бу — фуқароларимизнинг чет элда ишлаши учун шароитлар яратиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кафолатли меҳнат бозори билан таъминлаш, юртимизга қайтиб келгандан кейинги тақдирига бефарқ бўлмаслик каби саъй-ҳаракатларда намоён бўлади. Мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, бу борада фуқароларимизга яратилаётган енгиллик ва имтиёзлар, истиқболдаги вазифалар тўғрисида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Хайрулла УМАРОВ билан суҳбатда бўлдик. — Айтинг-чи, ташқи меҳнат миграцияси ҳар қандай мамлакат учун табиий жараёнми? Бу борада юртимиздаги вазиятга қандай баҳо берасиз?

— Ташқи меҳнат миграцияси кеча ёки бугун шаклланган жараён эмас. Бу турли даврларда турлича кўринишда намоён бўлиб келган. Бугунги замонавий даврда барча давлатларда асосий эътибор тартибли меҳнат миграциясига қаратилмоқда ва бу жараёнларда Ўзбекистон ҳам бевосита иштирокчи. Хорижий давлатлар амалиётига тўхталадиган бўлсак, Европа, Скандинавия ярим ороллари (Дания, Норвегия, Швеция), АҚШ, Жанубий Корея давлатларида саноат ва сервис соҳаси кескин ривож ланиб бориши натижасида ташқаридан ишчи кучига зарурат туғилгани сабабли, бу давлатлар миграцион рецепиент (қабул қилувчи) сифатида етакчи ҳисобланади. Мисол тариқасида, асосий ишчи кучини юборувчи экспортёр давлатлар сифатида Германияда Туркия, Польша, Буюк Британияда Покистон, Ҳиндистон, Францияда Жазоир, Марокаш, АҚШда Хитой ва Филиппин иштирок этади. БМТ маълумотига кўра, дунёдаги миг рантлар сони 272 миллион нафарни ташкил этади, бу дунё аҳолисининг 3,5 фоизи, дегани. Айни пайтда Ҳиндистоннинг 17,5 миллион фуқароси ташқи меҳнат миграцияси жараёнида иштирок этиб, аҳолиси энг кўп меҳнат мигранти ҳисобланган мамлакат бўлиб қолмоқда. Албатта, демографик, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ҳам меҳнат миграцияси соҳасига ўзининг у ёки бу даражада таъсирини кўрсатади. Ўзбекистонда ҳам аҳоли сонининг ўсиши, иқтисодиётдаги ривожланиш босқичлари меҳнат миграциясига талабни келтириб чиқармоқда. Юқоридаги таҳлиллардан ҳам кўриниб турибдики, меҳнат миграцияси ҳар қандай мамлакат учун табиий жараён  ҳисобланади. Тан олиш керакки, шу кунгача қанча фуқаромиз хорижий давлатларда меҳнат қилаётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмас эдик. Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда бошланган “фуқаробай”, “хонадонбай” ўрганишлар бизни ҳам маҳаллага тушиб ўрганишга, одамлар билан ишлашга ўргатди. Ўрганишлар жараёнида юртимиздаги меҳнат мигрантлари сони 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 1,5 миллион нафарни ташкил этаётгани аниқланди. Бу эса  Ўзбекистон аҳолисига нисбатан меҳнат мигрантларининг 4,4 фоизлик улуши мўътадил ёки нормал ҳолат ҳисобланади. Охирги 10-15 йиллик амалиёт давомида бу соҳада кўплаб камчиликлар қаторида меҳнат мигрантларини хорижда ҳуқуқий ва моддий ҳимоялаш, хориждан қайтганларни реинтеграция қилиш бўйича маълум бир тажриба тўпладик.

— Мамлакатимизда сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича қабул қилинган қонунчиликдаги ўзгаришлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар меҳнат мигрантлари учун қандай енгиллик ва имтиёзлар берди?

— 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича  Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, меҳнат миграцияси соҳасини комплекс таҳлил қилиш, хавфсиз, тартибли ва қонуний механизмларни жорий этиш, меҳнат миграциясини тартибга солиш, мигрантлар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг хорижда ишлаб топган даромадлари келгусида оиласи фаровонлигига, “ўз келажагига инвестор” тамойилига хизмат қилишига қаратилган ҳужжатларга зарурат борлигини кўрсатди. Таъкидлаш жоизки, 2018-2020 йилларда ташқи меҳнат миграцияси йўналишида жуда муҳим қадамлар қўйилди. Соҳага доир 12 та муҳим ҳужжат, жумладан, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 6 та қарори, 1 та фармон, Вазирлар Маҳкамасининг 4 та қарори қабул қилиниб, норматив-ҳуқуқий база яратилди. “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. 2018 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди. Президентимизнинг 2020 йил 11 август даги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 15 сентябрдаги “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб меҳнат шароити яратиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, хориждаги ватандошлар ва ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, касбий тайёргарлик ва чет тилларини ўргатиш, молиявий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган шахслар интеграцияси, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш борасида муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Банд лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг хорижий ваколатхоналарини очиш тўғрисида”ги қарорига кўра, агентликнинг Квангжу (Корея  Республикаси) ва Москва (Россия Федерацияси) шаҳарларида ваколатхоналари, шунингдек, Москва шаҳридаги ваколатхонанинг Санкт-Петербург, Новосибирск, Екатеринбург, Самара ва Уфа шаҳрида вакилликлари очилди. Юридик шахсларга Ўзбекистон фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш, уларнинг касбий малакасини ва хорижий тилларни билиш даражасини тасдиқлаш фаолиятлари билан шуғулланиш ҳуқуқи берилди. Бундан ташқари, ташкиллаштирилган тарзда ишлаш учун хорижга чиқиб кетаётган шахсларга 10 миллион сўмгача микроқарзлар бериш тартиби жорий қилинди. Мураккаб молия вий аҳволга тушган меҳнат мигрантларига бериладиган бир марталик моддий ёрдам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробаридан икки баробаригача  кўпайтирилди. Хорижда ишлаб қайтиб келган шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш мақсадида базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача субсидия ажратилиши белгиланди. 2019 йилдан меҳнат мигрантларига уйлар ажратиш, кетиш харажатларини қисман қоплаш учун 2 миллион сўмгача микроқарз бериш, улар ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш учун субсидия тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди. Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича республика комиссияси, Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти ташкил этилди. Яна бир муҳим жиҳат. Агентлик ҳудудий филиалларининг раҳбарлари — вилоят ҳокимларининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчилари этиб тайинланди ва уларга хорижий иш берувчи корхоналар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш, шартномалар имзолаш ваколати берилди. Кейинги тўрт йилда хорижий иш берувчилар билан олиб борилган музокаралар, истиқболли ҳамкорликка қаратилган келишувларда маълум бўлишича, ташқи меҳнат бозорида асосан умумқурилиш соҳаси усталари, ишлаб чиқариш, техник касблар, қишлоқ хўжалиги, сервис ва хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича кичик мутахассисларга талаб юқорилиги аниқланди. Шу асосда, меҳнат мигрантларини 20 дан ортиқ касбга, рус, инглиз, корейс ва япон тилларига ўқитиш  бўйича қисқа курслар йўлга қўйилди. Меҳнат мигрантларини нафақат Ўзбекистонда, балки хорижий давлатларда ҳам касб-ҳунарга ва чет тилларга ўқитиш тизими йўлга қўйилди, бундан ташқари, мамлакатимизда хорижий давлатларнинг ўқув марказлари ташкил этилди. Жумладан, Россия Халқлар дўстлиги университети (РХДУ) билан тузилган ҳамкорлик  шартномасига  мувофиқ  Банд лик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш бўйича 25 та марказда ҳамда Тошкент, Фарғонадаги мономарказда рус тилига ўқитиш курслари фаолият кўрсатмоқда. Ушбу йўналишда ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида РХДУнинг  Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилди. Россияда бўлган Ўзбекистон фуқароларини касб-ҳунар ва рус тилига ўқитиш мақсадида РХДУ ва “WorldSkills Russia” иттифоқи ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми асосида  Россиянинг 7 та ҳудудидаги 14 та таълим муассасасида ўқув курслари ташкил этилди. Хорижий ҳамкорлар билан олиб борилаётган истиқболли лойиҳалар натижасида Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Москва шаҳри Кўп тармоқли миграция марказининг филиали очилди. Хориждан қайтган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш ва ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш амалиёти йўлга қўйилди. — Тизимда коррупциянинг олдини олиш, юртдошларимизни хорижга жўнатишнинг шаффоф тизимини яратиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталсангиз. — Аввало, ушбу йўналишда очиқликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш ўринли. Бу борада Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ишлаб чиқилган “Ягона миллий меҳнат тизими” ахборот тизими доирасида яратилган “labor-migration” дастурий мажмуаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастурда хорижда ишга жойлашиш, мавжуд бўш иш ўринлари, иш берувчилар тўғрисидаги ва соҳага доир бошқа маълумотлар жойлаштириб борилмоқда. Бундан ташқари, хорижий давлатлар, хусусан, Корея Республикасида ишлаш учун бўладиган танловларни онлайн тартибда намойиш этиб бориш тизими жорий этилди. Бунда “Комплаенс” хизмати йўлга қўйилиб, доимий профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда. Амалга оширилган чоралар натижасида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқаролар мавжуд иш ўринлари ва уларга қўйилган талаблар билан танишиб бориш, иш берувчилар таклиф этган иш ўринлари бўйича танловларда эркин иштирок этиш имкониятига эга бўлаётир. Лекин охирги икки йилда тизимда хусусий бандлик агентликлари томонидан алдов йўли билан фуқаролар маблағларини ўзлаштириш, фирибгарлик ҳолатлари ҳам учраётгани жуда ачинарли. Жиноятга жазо муқаррар. Ушбу ноқонуний ишларни амалга оширган 11 та хусусий бандлик агентлигининг масъул раҳбар ва ходимлари фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилди. Мазкур ҳолатларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги қонунига ўзгартиришлар киритилиб, хусусий бандлик агентликлари томонидан фуқаролардан маблағ ундириш тақиқланди.

— Янги меҳнат бозорларини очиш бўйича нима ишлар қилинмоқда? Хорижий давлатларда асосан қандай касб эгаларига талаб бор?

— Меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ҳукуматлараро 8 та, идоралараро 7 та битим, МДҲ доирасида 1 та битим ва 1 та конвенция, шунингдек, 203 та иш берувчи ва рекрутинг компаниялар билан шартномалар имзоланган. Шу билан бирга, ташқи меҳнат бозоридаги 259 та салоҳиятли иш берувчилар ва рекрутинг агентликлари билан музокаралар ўтказилиб, улардаги 69 мингга яқин бўш иш ўрни аниқланди.

Хусусан, Германиянинг “GfM GmbH & Co. KG” ва “HR ARENA GmbH” компаниялари билан онлайн учрашувлар ўтказилиб, Ўзбекистон фуқароларини Германия ҳудудида “дуал тизими” асосида ишга жойлаштириш бўйича Битим имзоланди. Канададаги “Sobirovs Law Firm” фирмаси ва “Anori Management company” юридик фирмалари вакиллари билан онлайн форматда ўтказилган музокаралар натижасида келишувга эришилди, айни кунларда фуқароларимизни ушбу давлатга ишга юбориш жараёни бошланган. Ҳозирги кунда хорижий давлатларда асосан ишлаб чиқариш, қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларидаги касбларга талаб юқорилигича сақланиб қолмоқда ва уларнинг иш ҳақи бораётган давлатидаги ўртача иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб турлича бўлади. Жумладан, Кореяда 1700-2000 АҚШ доллари, Россия ва Туркияда 400-600 АҚШ доллари,  Қозоғистонда 300-500 АҚШ доллари. Иш берувчилар билан тузилган ҳамкорлик шартномаси асосида ташкиллаштирилган тартибда хорижда ишга жойлаштирилган фуқароларни ётоқ жойлари ва озиқ-овқатлар билан таъминлаш мажбуриятлари юклатилади ва улар томонидан барча шароитлар яратилиши доимий назорат қилиб борилади. Шунингдек, иш берувчилар томонидан меҳнат мигрантларига кетишдан олдин ўтказиладиган танлов жараёнларида ишнинг тури, ишчига қўйиладиган талаблар, иш ҳақи миқдори каби шартлар маълум қилинади ва ушбу талаб ларга розилик билдирган фуқаролар танловларда иштирок этиши мумкин бўлади. Таъкидлаш жоизки, сўнгги уч йилда 210,5 минг юртдошимиз манзилли миграция билан қамраб олинди. Шундан 28,9 минг фуқаро ташкилий тартибда хорижий давлатларда ишга жойлаштирилган бўлса, 181,6 минг хорижга кетаётган фуқароларга, миграция базасига рўйхатга олинган ҳолда, ахборот-маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Шунингдек, меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 176,7 минг имтиёзли авиа ва темирйўл чипталари сотилди, 77,1 минг меҳнат мигранти ҳаёти суғурта қилинди. Халқаро тажриба ва амалиётларни ўрганиш натижасида кузатилган асосий жиҳатлардан бири шуки, меҳнат миграциясида иштирок этувчи фуқаронинг касбий малакаси ва чет тилини билиш даражаси юқори бўлиши кафолатланган, илғор техника ва технологияга асос ланган, юқори иш ҳақига эга бўлган иш ўринларида меҳнат фаолиятини амалга оширишида муҳим омил ҳисобланади. Бу борада мамлакатимизда 15 та “Ишга марҳамат” мономаркази, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида 30 та касб-ҳунарга ўқитиш маркази ва 136 та маҳаллада касб-ҳунар масканлари, 252 та турли вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат таълим муассасалари имкониятларидан фойдаланган ҳолда фуқаролар чет тиллар ва турли касб-ҳунарларга ўргатилмоқда. Хусусан, юртимиздаги касб-ҳунар марказларида 41,2 минг, Россиядаги касб-ҳунар марказларида 552 юртдошимиз ўқишга жалб қилинди. Қайд этиш жоизки, кўпгина иш берувчилар ишга бораётган мигрантлардан касб йўналиши бўйича махсус ҳужжат сўрайди. Афсуски, кўпчиликда бундай ҳужжат мавжуд эмас. Жорий йилдан улар  учун яна бир қулайлик яратилди. Ҳужжати йўқ, лекин ўз касбини аъло даражада биладиган фуқаролар, касбга ўқитиш марказларида тузилган махсус комиссияга ўз йўналиши бўйича имтиҳон топшириб, муваффақиятли ўтса, унга махсус сертификат берилади. Бу эса, ўз навбатида, ойлаб ўқиш учун кетадиган вақтни тежайди ва ортиқча сарф-харажатнинг олди олинади. Унинг ўрнига шу касбни эгалламоқчи бўлган бошқа бир фуқаро касбга ўргатилади. Бу ҳар жиҳатдан фойдали бўлмоқда.

 — Меҳнат мигрантлари юртимизга қайтиб келгандан сўнг уларни иш билан таъминлаш ёки бошқа қандай ёрдам ва имтиёзлар кўрсатилади?

— Меҳнат бозорига киритилган янгиликлардан яна бири, бу — хориждан қайтган меҳнат мигрантлари бандлигини таъминлаш ва ички меҳнат бозорига реинтеграция қилиш амалиёти йўлга қўйилгани. Шу мақсадда, хориждан қайтган меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари билан “маҳалла — меҳнат органлари — сектор — Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиали” тизими асосида индивидуал ишлаш ташкил этилди. “Тадбиркор мигрант” лойиҳаси бўйича қисқа муддатли ўқув курсларида хориждан қайтган фуқароларни тадбиркорлик асосларига ўқитиш йўлга қўйилди. Мазкур лойиҳа бўйича мингга яқин фуқаро ўқитилди ва сертификатлар берилди. 4,9 минг нафарига  тадбиркорлик қилиши учун субсидия, 1,4 минг нафарига имтиёзли микрокредитлар ажратилди. Жорий этилган тадбирлар натижасида 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чорагида юртимизга қайтиб келган 541,6 минг меҳнат мигранти билан уйма-уй юрган ҳолда ўрганиш ўтказилиб, 364,3 минг нафарининг бандлиги таъминланди. Ўтган давр мобайнида хорижда ишлаб юртимизга қайтиб келган 1 миллион 334 мингдан ортиқ фуқаронинг қарийб  751 минг нафарининг банд лиги таъминланди, 14 мингдан зиёди касбга ва тадбиркорликка ўқитилди. Хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқаролар оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 мингдан ортиқ мигрантлар оилаларига турли йўналишда ёрдам кўрсатилди. Шу билан бирга, хорижда қийин аҳволга тушиб қолган 266  нафар, Россия Федерацияси ИИВнинг вақтинчалик сақлаш марказларидан 4 минг 177 фуқаро ватанга қайтарилди. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан 322 мингдан зиёд меҳнат мигрантига ҳуқуқий, ижтимоий, моддий ёрдам, маслаҳат хизматлари кўрсатилди. Меҳнат мигрантларининг иш берувчилар томонидан тўланмай турган 1,6 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги иш ҳақи ва пуллик компенсациялари ундириб берилди. 272 нафар юртдошимизга 543 миллион сўм миқдорида микроқарзлар ажратилиши таъминланди, 81 минг 193 нафар меҳнат мигранти суғурта хизматларидан фойдаланди. Уларга кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш учун субсидия тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилди. 2018 йилдан 2021 йилнинг биринчи чорагига қадар Ташқи меҳнат миграция си агентлиги томонидан Россия, Қозоғистон, Жанубий Корея, БАА, Туркия, Болгария, Польша ва бошқа давлатларга 27 минг 670 юртдошимиз ишга жойлаштирилди. Бугунги кунда соҳада амалга оширилаётган бундай муҳим чора-тадбирлар меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаат ларини ҳимоя қилиш, меҳнат миграциясини қонуний ва тартибли ташкил этишда муҳим омил бўлиб  хизмат қилади. Амалга оширилаётган ишлар билан бир қаторда соҳада муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий қўллаб-қувватлаш, чет элдан қайтган фуқароларга касби, малакаси ва режасидан келиб чиқиб, иш топишига кўмаклашиш, чет элда юртдошларимиз муносиб шароитларда меҳнат қилиши учун йирик иш берувчи компаниялар билан алоқаларни кенгайтириш муҳим. Лекин бунинг учун, аввало, ўша корхоналар талабига мос малакага эга ва тил биладиган мутахассислар тайёрлаш долзарб вазифа. Умуман айтганда, тизимда амалга оширилаётган муҳим чора-тадбирлар хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш, хорижда ишлаётган юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда ҳал қилиш бўйича янги тизим, янгича ёндашувларни жорий этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 95 (351), 2021 йил 11 май, сешанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!