“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Халқ қабулхоналарида

“МАҲАЛЛАБАЙ” ВА  “ХОНАДОНБАЙ”  ЁНДАШУВ — НАТИЖАДОР ВА САМАРАЛИ ТИЗИМ

Мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида ҳар куни янгидан-янги ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бермоқда. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган, юртимизни ҳар томонлама ривожлантириш, халқ билан очиқ-ошкора мулоқот қилишнинг янгича тизими — Халқ қабулхоналари институти ўтган вақт мобайнида бажарилган ишлардан кўра ҳал этилиши лозим бўлган вазифалар янада кўпроқ эканини аниқлаб берди.

Зотан, ҳақиқат холис ва шаффоф ёндашувларда,  ошкора мулоқотларда бўй кўрсатади. Президентнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари, Виртуал қабулхонаси халқнинг ҳақиқий ҳаётидан хабардор бўлиш, одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш, зарур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имкониятини яратди. Қисқача айтганда, халқ ичига кириб борилди. Одамларнинг юракларида йиғилиб қолган дардлари, аллақачон ҳал қилиниши мумкин бўлган-у, лекин тўрачилик, ўзибўларчилик, сансоларлик оқибатида йиллар давомида ечилмай келган муаммолар юзага чиқа бошлади. Энг муҳими, одамлар дардини айтиши, каттаю кичик идоралар раҳбарлари билан юзма-юз гаплашиши, ўзини қийнаётган масалаларига қисқа фурсатда ечим топиши учун қулай имконият юзага келди. Нафақат муаммолар, уларнинг талаб ва таклифлари ҳам йиғилиб, тегишли амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши йўлга қўйилди. Халқ  қабулхоналарида  фуқароларнинг ариза ва шикоятлари белгиланган тартибда, холислик тамойиллари асосида кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларига олий қадрият сифатида қаралаётганининг ёрқин ифодасидир.

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, шунингдек, жойларда ишларнинг ҳақиқий аҳволини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, халқ билан бевосита мулоқотнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали шаклларини жорий этиш, аҳоли дардини тинглаш, муаммоларини жойида ҳал этиш бўйича  янгича тизимда ишлаш тартиби жорий этилди. Ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати органлари раҳбарлари бошчилик қилаётган секторлар ўз ҳудудларида барча ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал этиш билан бир қаторда, ҳуқуқ-тартибот тарғиботи, қонунчиликни мустаҳкамлаш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда.  Бу борада доимий ҳаракатдаги, яхлит тизим яратилди. Тўғрисини айтиш керак, ҳар бир янгиликнинг яхши ва етилмаган жиҳатлари бўлади, албатта. Бу борадаги айрим объектив ва субъектив омиллар мазкур тизимни янада такомиллаштиришни тақозо қилади. Сектор раҳбарлари ўз ҳудудида  аниқланган муаммоларни ҳал этиш, сектор штаби фаолиятини тизимли асосда йўлга қўйиш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий ваколатларга эга эмас, уларнинг ҳал этилишини назорат қилиш бўйича шаффоф тизим йўқ эди. Давлатимиз раҳбари томонидан 2019 йил 8 январда қабул қилинган “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор шу каби камчиликларни бартараф этиш бўйича секторларнинг чинакамига фаолият юритишига йўл очиб берди. Секторлар фаолиятига “туман (шаҳар) — вилоят — республика” тамойили жорий этилди. Унга кўра, ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида секторлар бўйича вертикал бошқарув тизими йўлга қўйилди. Айни пайтда секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Секторлар ҳудудида “маҳаллабай” ва “хонадонбай” ишлаш жараёнида аниқланган масалалар бўйича Президентнинг Халқ қабулхонаси билан ахборот алмашуви тизими ўрнатилиши аҳоли муаммолари тез бартараф этилишига ҳамда амалга оширилган ишларни тизимли таҳлил қилишга, йўл қўйилган камчиликлар, бажарилмаган тадбирларнинг сабабларини ўрганиш ҳамда “йўл хариталари”ни шакллантириш, муаммолар ва уларни ҳал этиш натижалари юзасидан чора-тадбирлар тайёрлашга замин бўлмоқда.  Буларнинг барчаси Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарлари ҳамда аъзоларининг ўз вазифаларига виждонан ва масъулият билан ёндашишлари учун муҳим рағбатлантирувчи омил бўлмоқда. Бу тизим халқ ичига кириб бориш, уларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, ишончини қозонишда муҳим аҳамият касб этяпти. Иқтисодий, инвестициявий, қурилиш комплексларидаги лойиҳалар доирасида ҳамда расмий  ўзини ўзи банд қилиш ва бошқа фаолият турлари бўйича эҳтиёжманд оилаларнинг ишсиз аъзолари бандлиги таъминланмоқда. Халқ қабулхоналари ва секторларга қўйилаётган вазифалар кўлами кундан- кунга ўсиши эса уларнинг халқ манфаати йўлидаги фаолиятини янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Манзилли ва аниқ тизимли фаолият борасидаги ишлар Тошкент шаҳрида ҳам ўз самарасини бермоқда. Жумладан, Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосидаги ўрганишлар Чилонзор туманидаги “Дилобод” маҳалла фуқаролар йиғини муаммолар энг кўп учрайдиган ҳудуд эканини кўрсатди. Ички ишлар вазирлиги, туман ҳокимлиги ва Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида  кўрилган чора-тадбирлар натижасида эндиликда бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини амалга оширишга киришилди. Аниқланган муаммолар бартараф этилмоқда. Маҳалладаги кўп қаватли 31 та уйнинг атрофи тозаланди. Кўп қаватли 7 та уйнинг фасади таъмирдан чиқарилди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида кузатув камералари ўрнатилди. Ушбу уйлар оралиғида болалар учун спорт майдончалари, аҳоли учун кутубхона ва автотураргоҳ ҳамда дам олиш жойлари қурилишлари  якунига етказилмоқда.

— “Маҳаллабай” ва “хонадонбай” тизими тез фурсатларда ўз самарасини беряпти, — дейди “Дилобод” МФЙ раиси Муборак Бозорова. — Муаммоларимиз жойида ҳал қилиняпти. 34 ва 35-уйларимизда яшовчи фуқаролар мурожаати асосида амалга оширилган ишлар маҳалламиз чиройига-чирой қўшди. Бу уйлар олдида болалар  ўйингоҳи, автотураргоҳлар йўқ эди. Ҳозир аҳоли ва болажонлар ана шундай қулайликка эга бўлмоқда. Бу ишларнинг ижобий натижалари  “маҳаллабай” тизимининг нақадар тўғри ва муҳим эканини кўрсатмоқда. Зубайда Мадутова ўтган йили тиббиёт коллежини тамомлагач, олий ўқув юртига ўқишга киролмади. Беш кишилик оилада фақат отаси ишлаётганини кўриб, озгина ёрдам бўлсин, дея Халқ қабулхонасига мурожаат қилган Зубайданинг тумандаги оилавий поликлиникага ишга жойлашишига масъуллар яқиндан кўмаклашди.

Туманнинг “Новза” маҳалласида ўзи ёлғиз истиқомат қилувчи Саодат ая  Ниёзова бир неча йиллардан буён қанд касаллиги билан курашади. Бу ҳам етмагандек, юрак етишмовчилиги ҳам бор. Халқ қабулхонасига мурожаатидан сўнг шифокорлар Саодат аяни текширувдан ўтказди ва зарур дори-дармонлар берилди. “Энг муҳими, кўнгил сўраб келганлари менга шифо бўлди”, дейди Саодат ая.

— Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 19 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларга мурожаатлар билан ишлаш, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий мувофиқлаштириб бориш вазифаси Халқ қабулхоналарига юклатилган, — дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов. — Таъкидлаш жоизки, мурожаатларда кўтарилган масалаларни таҳлил қилиш асосида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти такомиллаштирилиб борилаётгани боис, юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг натижадорлиги ва самарадорлиги ўсиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, ўтган йили Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарига жами 15 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Бу эса 2019 йилдагига нисбатан 1717 та камдир. Йил якуни бўйича мурожаатларнинг 12 мингдан ортиғи қаноатлантирилди, шундан 8219 таси тўла ижобий ҳал қилинди. Шунингдек, айрим ташкилот ва идоралар томонидан фуқароларнинг мурожаатлари тўлиқ ва сифатли ўрганиб чиқилмаслиги, муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари аниқланмаслиги, кутилган ижобий натижа бўлмаётгани оқибатида Халқ қабулхоналарига такроран мурожаат қилишлар учраб турибди.  Энг ачинарлиси, туман миқёсидаги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳеч бир катта сарф-харажатсиз ечиш мумкин бўлган оддийгина масалалар ҳал этилмаётгани фуқароларнинг юқори идораларга мурожаат қилишига сабаб бўлмоқда. Ушбу масалалар Халқ қабулхонасининг аралашуви билан ижобий ечим топмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги “Асака” маҳалласида яшовчи Ш. Тоҳирий 2020 йилнинг 16 ноябрь куни Халқ қабулхонасига мурожаат қилиб, унга туман электр тармоқлари корхонаси томонидан уч миллион сўмдан ортиқ асоссиз қарздорлик ҳисоблангани, бир неча бор электр тармоқлари корхонасига мурожаат қилиб, тегишли тўлов хабарномаларини тақдим этишига қарамай, қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилинмаганини билдирди. Халқ қабулхонаси аралашуви билан фуқарога ҳисобланган асоссиз қарздорлик бартараф этилди. Яна бир мисол. Яшнобод тумани “Тузел” маҳалла фуқаролар йиғинида        яшовчи аҳоли томонидан Тузел-1 мавзесида жойлашган 557-мактабгача таълим ташкилоти орқа томонидан ўтган ички йўлнинг 130 метр қисми кўп йиллардан бери таъмирланмагани сабабли аянчли аҳволга келиб қолгани бўйича мурожаат Яшнобод тумани ҳокимлиги ва туман ободонлаштириш бўлими томонидан кўриб чиқилиб, фуқароларга тушунтириш мазмунидаги жавоб хатлари юборилган.

— Ушбу ҳудудда яшовчи фуқароларимиз масъул ташкилотлардан олинган жавоблардан қониқмагани сабаб Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлди, — дейди маҳалла раиси Содиқ Райимов. — Халқ қабулхонаси масъулларининг масалага жиддий ёндашуви ва ижросини назоратга олганидан сўнг муаммо барҳам топди. 130 метр ички йўл тўлиқ таъмирланди. Шунингдек, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган муддатда масъул ижрочилар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши таъминланмаслиги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси томонидан ижрога юборилган 47 та мурожаатнинг 30 кунлик ижро муддатлари бузилгани фикримизнинг яққол далилидир. Жумладан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида 14 та, Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқ армасида 9 та, “Тошкентшаҳарсувтаъминоти”  МЧЖда 8 та, Давлат санитария-э пидемиология назорати бошқармасида 5 та, Муниципал активларни бошқариш марказида 3 та ҳамда “Тошшаҳарнур” ДУК ва Халқ таълими бош бошқармасида 4 тадан мурожаатнинг ижро қилиш муддатлари бузилган. Тошкент шаҳрида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Халқ қабулхонаси томонидан бир қатор ўрганишлар ўтказилди. Жумладан, Халқ таълими бош бошқармаси ва унинг бўлимлари, “Ҳудудгаз пойтахт” АЖ газ таъминоти филиали ва туманлардаги бўлимлари, Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳри бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари, Бандлик бош бошқармаси ва туманлардаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент шаҳри бошқармаси ва унинг қуйи тизимлари, Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси, “Ҳудудгаз пойтахт” АЖ туман бўлинмаларида мурожаатлар билан ишлаш учун малакали мутахассислар жалб этилмагани, қабулга келган фуқаролар учун зарур қулайликлар яратилмагани, мурожаатларнинг аксарияти қонуний муддатлари бузилган ҳолда кўриб чиқилгани, уларга юзаки жавоб хатлари юборилиб, важлари тўлиқ текширилмасдан, асоссиз назоратдан олингани, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан келиб тушган мурожаатлар амалдаги қонун талабига зид равишда шикоят қилинган мансабдор шахсларнинг ўзларига юборилгани, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига тегишли муносабат билдирилмагани, мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилмагани аниқланди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича масъул ходимларни қайта тайёрлаш мақсадида келишилган тартибда ўқув семинарлар ташкил этилиб, тушунтиришлар берилди ҳамда бундай тадбирларни келгусида мунтазам ўтказиб бориш бўйича келишиб олинди. Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари томонидан туманлардаги тиббиёт бирлашмалари ва оилавий поликлиникаларнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган тадбирлари мувофиқлаштириб борилмоқда. Халқ қабулхонаси ташаббуси билан туманлардаги ижтимоий шароити оғир, тиббий ёрдамга эҳтиёжи юқори маҳаллаларда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, тиббий ёрдамга муҳтож кексаларга амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тизимли равишда тиббий кўриклар ва патронаж ишлари ўтказиб келинмоқда. 2020 йилда 4946 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 119 нафарига бепул даволаниш учун ордер берилди. Ётиб қолган 267 нафар касалманд фуқаронинг хонадонига бориб, патронаж кўриклари ўтказилди, 469 нафар фуқаронинг кўчма флюрография текширувидан ўтиши ташкиллаштирилди. Дори-дармонга муҳтож бўлган 1197 нафар эҳтиёжманд фуқаро 12 турдаги 148 миллион сўмлик зарурий дори-дармон воситалари билан бепул таъминланди. Жумладан, куни кеча Яшнобод туманидаги 29-оилавий поликлиника томонидан 495 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларнинг 4 нафарига бепул даволаниш учун ордер берилди, ётиб қолган 21 нафар касалманд фуқаронинг хонадонига бориб, патронаж кўриклари ўтказилди. Дори-дармонга муҳтож бўлган 238 нафар эҳтиёжманд фуқаро 14 турдаги зарурий дори-дармон воситалари билан бепул таъминланди. Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти, аввало, инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётгани билан аҳамиятлидир. Шунинг учун Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси, барча сектор раҳбарлари, маҳалла раислари ва тегишли идора ҳамда ташкилотлар вакиллари билан ҳамкорликда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор, якка-ёлғиз шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу тоифадаги фуқароларни “хонадонбай” тарзда доимий назорат остига олган. Секторлар ва ҳомийлар кўмагида бундай фуқароларга, жумладан, ногиронлиги бор болаларга рақамли эшитиш воситалари, замонавий протезлар, ортопедик воситаларнинг янги турлари, ортопедик пойабзал ва мослашувчан кийимлар ҳамда аравачалар бериб келинмоқда. Шунингдек, Халқ қабулхоналари ҳузурида “кўчма кутубхона”лар ташкил этилган. Масъул ходимлар томонидан ётоқдаги беморларга уларнинг истаги бўйича китоблар олиб бориб берилаётир. Психолог мутахассислар билан суҳбатлар ташкил этилмоқда. Ўша ҳудудда яшовчи санъаткор, шоир ва ёзувчилар уларнинг хонадонларига бориб кўнгилларини кўтармоқда. Шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан ўтказилаётган оммавий сайёр қабулларда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олиш, ташаббускорлик, шижоатлик руҳида тарбиялаш, жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, Олмазор туманидаги Бешқўрғон-4 даҳасида яшовчи, 2001 йилда туғилган Хуршида Қудратова тикувчилик соҳаси ва Бешқўрғон-2 даҳасида яшовчи, 2002 йилда туғилган Умар Расулов компьютер технологияси бўйича доимий ишга жойлашишда амалий ёрдам сўраган эди. Бу мурожаатлар туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ижобий ҳал этилиб, улар касб-ҳунарга қайта тайёрлаш курсларига жойлаштирилди. Янгиҳаёт туманида жойлашган “Ал-Фарғоний” маҳалласида 1 минг 945 хонадон мавжуд. Улардаги 2137 та оилада 6505 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишчи гуруҳ томонидан ўрганишлар жараёнида маҳаллада кам таъминланган 10 та, ижтимоий ҳимояга муҳтож 28 та, ногирон аъзоси бор 75 та оила мавжудлиги аниқланди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида “Темир дафтар”га киритилган, 535 нафар аъзоси бўлган оилаларнинг даромадлари тикланиб, иқтисодий аҳволи яхшилангани сабаб дафтардан чиқарилди. Бугунги кунда 38 нафар ёш “Ёшлар дафтари”га, 72 нафар аёл “Аёллар дафтари”га киритилиб, улар билан тизимли ишлар йўлга қўйилди. Жорий йилда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва уларни тизимли ўрганиш мақсадида бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгиланган. Жумладан, маҳаллаларда аҳолини қийнаб келаётган мавжуд муаммоларни аниқлаш бўйича сайёр қабуллар қамровини кенгайтириш, сектор раҳбарлари билан чекланиб қолмасдан, барча соҳалар раҳбарларининг қабулларини тизимли ўтказиб боришда ҳудудий округлардан сайланган депутатларнинг ҳамкорлигини таъминлаш режалаштирилган. Шу билан бирга, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш ишлари “маҳаллабай” ва “фуқаробай” тизим асосида ташкил этилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда Президентнинг Халқ қабулхоналари билан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар кенгашларининг ҳамкорлиги йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ўз вақтида қўлланилган чора-тадбирлар, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ташкил қилиниши, камбағал аҳоли рўйхати ва камбағалликдан чиқариш учун “темир дафтар”лар юритилиши, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли мурожаатлари учун Ягона ижтимоий реестр тизими жорий этилиши ижтимоий ҳимоя соҳасида янги ислоҳотлар узвийлигини таъминламоқда. Қайд этиш жоизки, жойлардаги Халқ қабулхоналари фуқароларнинг ишончли манзили, жамиятнинг ҳақиқий кўзгусига айланиб улгурди. Бу эса халқ ва давлат бирлигининг олий намунаси эканини амалда исботламоқда.

Бир сўз билан айтганда, очиқ мулоқот ва мурожаатлар билан ишлашнинг янгича тизими — Халқ қабулхоналари институти одамларнинг кўп йиллик муаммоларини, талаб ва эҳтиёжларини яқиндан ўрганиш, уларни жойида ҳал этиш учун зарур чора-тадбирларни белгилаб, ижтимоий адолатни таъминлаш имкониятини яратмоқда.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 54 (310), 2021 йил 17 март, чоршанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!