“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Ирригация

СУВГА МУНОСАБАТНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўлланган Мурожаатномада 2020 йилда эришилган натижалар сарҳисоб қилинди ва 2021 йилда мамлакатни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.

Мурожаатномада кўпгина соҳалар қатори сув хўжалиги тизими билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2021 йилда сувни тежайдиган технологиялар жорий этиладиган ер майдонларини 5 баробарга кўпайтириш ва экин майдонини 430 минг гектарга етказиш, 90 минг гектар янги ерларни ўзлаштириш вазифаси белгиланди. Бугунги кунда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 25 тани ташкил қилади. Уларнинг йиллик ишлаб чиқариш умумий қуввати 200 минг гектар майдонни ана шундай технологиялар билан таъминлайди. Жорий йилда қўшимча 30 та  янги маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил этилиб, йилига 300 минг гектар майдонни сув тежовчи технологиялар ва уларнинг бутловчи қисмлари билан таъминлаш имконияти яратилади.  Жумладан, 2021 йилнинг илк кунларида Қорақалпоғистон Республикасида “Аркавой мелиоратор” масъулияти чекланган жамияти қошида томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқаришга ихтисослашган биринчи корхона иш бошлади. Бу ерда томчилатиб суғориш тасмаларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Кейинги босқичларда  полиэтилен ва эгилувчан қувурлар,  уларнинг улагичлари, ёмғирлатиб суғориш технологиясининг махсус ускуналари ҳам тайёрланади. Бу йил Қорақалпоғистон Республикасида 14 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш режалаштирилган. Таннархни камайтириш мақсадида яна бир нечта ишлаб чиқариш корхоналари ишга тушириш мўлжалланмоқда. Сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни жадаллаштириш мақсадида вазирлик тизимида сервис хизмати кўрсатиш гуруҳлари ташкил қилинди. Улар томонидан технологиялар жорий этиладиган майдонларга сувни етказиб бериш, ҳовузлар қазиш, насос агрегатлари ва трансформаторларни монтаж қилиш йўлга қўйилади. Қурувчипудрат корхоналари томонидан фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларига технологияларни ўрнатиш ҳамда улардан фойдаланишда яқиндан амалий ёрдам кўрсатилади. Шу мақсадда 300 та қурилиш ва сервис хизматини амалга оширувчи гуруҳлар фаолияти такомиллаштирилади. — Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, нафақат сув хўжалиги, балки барча соҳалар учун ҳам дастуриламал вазифасини ўтайди. Унда белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш учун сув хўжалигининг барча ходимлари бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилмоқда, — дейди Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев. — Жумладан, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазер технологияси асосида текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан жами 10 миллиард метр куб сувни тежаш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, АКТни ривожлантириш орқали сувни самарали бошқариш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида, уч мингдан ортиқ “Ақлли”  сув қурилмаларини сув хўжалиги объектларига ўрнатиш бошланди. Йигирмата йирик гидротехника иншоотлари автоматлаштирилиши белгиланди. Бу йилдан бошлаб 327 та насос станцияларига сув истеъмолини ҳамда икки мингдан ортиқ мелиоратив кузатув қудуқларига сув сатҳи ва минераллашувини “онлайн” мониторинг қилиш қурилмалари ўрнатилади. Айни қиш мавсуми эканлигига қарамай, вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотлар ирригация ва мелиорация тадбирларини олиб бориш билан бирга, вилоят ва туманлар кесимида сувни тежовчи технологияларни жорий этишни кенгайтириш бўйича кўргазмали ўқув-амалий семинарлар ўтказмоқда. Жиззах вилоятида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни кенгайтириш бўйича ўтказилган ана шундай республика кўргазмали амалий семинарида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоят ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, соҳага тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда тижорат банклари раҳбарлари, сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи хорижий ва маҳаллий корхоналар, агрокластерлар, фермер хўжаликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигида иштирокчилар дастлаб Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги даласида лазер ускунаси ёрдамида ерни текислаш, дискрет усулида суғориш жараёни билан танишди. Шундан сўнг Шароф Рашидов туманидаги “Тилов бобо” ва “Бек” фермер хўжаликларида  томчилатиб ҳамда ёмғирлатиб суғориш  технологияларини жорий этиш натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Бу йил Жиззахда 27 минг 690 гектар пахта майдонида томчилатиб суғориш тизими жорий этилади. Ўқув-амалий семинарда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Тадбирда соҳа мутахассислари сувни тежайдиган технологияларни жорий этаётган фермер хўжаликлари давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, уларга субсидиялар ажратилиши ва бошқа имтиёзлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган сувни тежайдиган технологияларнинг бутловчи қисмлари намойиш қилинди. Андижон вилоятида ҳам 2021 йилда  44 минг 329 гектарда сувни тежовчи технологияларни жорий этиш мўлжалланмоқда. Жумладан, томчилатиб суғориш орқали  27 минг 110 гектар ерда пахта етиштирилади. Бундан ташқари, 16 минг 344 гектар экин майдони лазерли технология ёрдамида текисланади. Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида сувни тежовчи технологиялар жорий этишни кенгайтириш бўйича бўлиб ўтган семинарда бу ҳақда атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, сувни тежовчи технологиялар намойиш этилди, мутахассисларнинг тавсиялари тингланди, жорий йилда бу технологияларни қўллаган фермерларнинг тажрибалари билан ўртоқлашилди.  Худди шундай семинарларни январь ойи охиригача Тошкент, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ва февраль ойида республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиш режалаштирилган.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 6 (262), 2021 йил 9 январь, шанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!