“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Обод манзиллар

САРДОБА ТАЖРИБАСИ: АҲИЛЛИК ВА БИРДАМЛИК ТАНТАНАСИ

Умумхалқ ташвиши инсонларни бирлаштириши бор гап. Халқимиз учун синовли келган бу йил ана шу ҳаётий ҳақиқатни намоён этди. Сардоба фожеаси… Сув тошқини юз берган кунларда сирдарёликларни чуқур қайғу босди. Нафақат улар, халқимиз қайғурди. Энди нима бўлади, деган савол барча ўзбекистонликларни ташвишга солгани ҳам рост.

Ўша куннинг ўзидаёқ Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳодиса жойига етиб борди, тошқиндан жабрланган, кўнгли чўкиб қолган аҳоли дардига шерик бўлди. “Сабр қилиб, оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”, деди Президент ўшанда. Яратганга шукр, шундай бўлди. Президентимиз вазиятни шахсан ўзи назоратга олгани бутун халқимизни оёққа турғизди, барча ёрдамга ошиқди. Буёғи ҳаммамизга ойдин. Орадан беш ой ўтди. Бугун ўша, сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар буткул янги қиёфа касб этди. Аввалги эски уйлар ўрнини замонавий турар жойлар эгаллади, уларга туташ ҳудудлар обод гўшага а йланди. Ҳафта бошида Президентимиз Сирдарё вилоятига навбатдаги ташрифи давомида кенг кўламли бунёдкорликлар билан танишди, аҳоли вакиллари билан учрашди. Таъкидлаш жоизки, зарар кўрган ҳудудларни қисқа муддатда таъмирлаб, аҳолига қулай шароит яратиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан юзлаб техникалар, пудратчи корхоналар, минглаб ишчилар жалб қилинди. Сирдарёликлар ҳам улар билан елкадош бўлди. Мақсад аниқ эди — талафот оқибатларини бартараф этиш, жабрдийда аҳолига аввалгидан ҳам яхши шароит яратиш. Зарар кўрган хонадонлар эгаларига пластик карточкалар очилиб, ҳар бирига 40 миллион сўмдан, хонадонлари кўп қаватли уйларнинг юқори қаватларида жойлашган фуқароларга эса 20 миллион сўмдан моддий ёрдам пуллари тўланди. Шунингдек, 7 турдаги маиший техника жиҳозлари олиб берилди. Сардоба тумани “Дўстлик“ маҳалла фуқаролар йиғинида қурилаётган янги уй­жойлар массивида 275 ўринли мактабгача таълим ва 660 ўринли умумтаълим мактаби биноси қурилиши якунига етказилмоқда. Бу ерда 4 минг 729 аҳоли, 715 та хонадон, 867 та оила мавжуд. Ўрганиш натижаларига кўра, яроқсиз ҳолга келган уй­жойлар сони 644 тани ташкил этган.

Ушбу хонадонлардаги 804 та оилада 4 минг 287 нафар аҳоли истиқомат қилган. Республика махсус ишчи гуруҳи томонидан мазкур маҳаллада талафот етган объектларни таъмирлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси маъсул этиб бириктирилди. Қорақалпоғистоннинг 88 та қурилиш ташкилоти ва мингдан зиёд қурувчиси томонидан “Дўстлик” маҳалласи Янгиҳаёт аҳоли яшаш пунктидаги яшашга яроқсиз 92 та уй­жой қайта тикланди. — Дарҳақиқат, талафот кўрган ҳудудларнинг тошқиндан олдинги кўринишини, инфратузилмасини билган, кўрган киши ҳозирги бунёдкорлик ишларини кўриб, халқимизнинг ҳамжиҳатлигига, бағрикенглигига тан беради, — дейди “Дўстлик“ МФЙ раиси Алишер Кинбоев. — Бу манзараю ўзгаришларни ҳис этган ҳар бир инсонда эртанги кунга бўлган ишонч ортиб бораверади. — Уй­жойларимизни таъмирлаш жараёнида, бизнинг таклиф ва талабларимиз ҳам эътиборга олинди, — дейди “Дўстлик” маҳалласида истиқомат қилувчи Жавлон бобо Жўраев. — Бу ерда нафақат уйларимиз, балки ичимлик сув, газ, электр тармоғи сифати тубдан яхшиланди. Ёшим саксонга яқинлашяпти. Лекин ҳеч замонда бундай ғамхўрликни кўрганим йўқ. Давлатимиз раҳбари талафот рўй берган куни етиб келиб, бизга далда бергани кучимизга куч, ишончимизга ишонч қўшди. Мана, бугун ана шу қўллаб­қувватлов рўёбини, роҳатини кўряпмиз. Барчаси учун миннатдормиз.

ТОШҚИН ВА ЎША ТОНГ УНУТИЛДИ, ТЎЙЛАР БОШЛАНДИ Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши Оқолтин туманидаги ҳозир “Янги Тошкент” деб номланган маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам катта зарар етказди. Маҳалла аҳолиси муайян вақт ўз уйидан олис манзилларда яшашга мажбур бўлди. Тошкент шаҳри ҳокимлиги буюртмасига асосан, Оқолтин туманидаги “Янги Тошкент” маҳалласида 130 та бетон­панелли уй­жойда таъмирлаш­тиклаш ишлари бажарилиб, 200 дан зиёд оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Маҳалланинг ҳар бир кўчасига Тошкент шаҳрининг туманлари номи берилди. Бу ерда маҳалла гузари, кутубхона, болалар майдончаси, спорт комплекси барпо этилган. Ички йўллар қурилиб, электр энергияси, табиий газ, ичимлик сув таъминоти тикланган. — Аввал бу ҳудудда маҳалла фуқаролар йиғини биноси бўлмаган. Маҳалла ходимлари ҳудуддаги 14­мактабнинг бир хонасида жойлашган эди, — дейди маҳалла раиси Абдурауф Шодмонов. — Бугунги кунда бир қаватли бино қурилиб, фойдаланишга топширилди ва ёшлар учун мусиқа, компьютер ҳамда бошқа хоналар ажратилди. Шунингдек, ҳудуддаги 130 ўринли 5­мактабгача таълим муассасаси, 150 ўринли мактаб биноси ҳам қайта таъмирланди. Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан олиб борилган кенг кўламли ишлар сабаб маҳалла янги қиёфага кирди. Маҳалла ҳақиқатан ҳам янги Тошкент бўлди. Ўйдим­чуқур кўчалар текис ва равон. Бугунги кунда барча аҳоли ўз уйига кўчиб келган. Тошқин ва ўша тонг унутилди, тўйлар бошланди.

Бу ҳудудда илгари кутубхона йўқ эди. Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та муҳим ташабб ус ижроси доирасида замонавий кутубхона қурилди. Мазкур маърифат маскани ўтган ой фаолиятини бошлади.

— Кутубхонамизда ўзбек ва жаҳон адабиётининг 1500 дона дурдона асари бор, — дейди “Янги Тошкент” МФЙ кутубхоначиси Шоира Орипова. — 4 та компьютер интернетга уланган, китобхонлар Алишер Навоий номидаги Ўзбекис тон Миллий кутубхонасининг электрон китобларидан тўғридан­тўғри фойдаланиши мумкин. 15 китобхон бир вақтда кутубхонага келиб мутолаа қилиши учун шароит бор. Уларнинг талабидан келиб чиқиб, китоблар уйда ўқиш учун ҳам берилади. Мақсадимиз ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишдан иборат. Маҳалла аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ташаббуси билан “Нафис либослар” тикувчилик корхонаси қурилди. Илгари маҳалла хотин­қизларининг кўпчилиги ишсиз эди. Эндиликда улар маҳалла ҳудудида бунёд этилган корхонада иш бошлайди.

— Тадбиркор сифатида газоблок ишлаб чиқариш билан шуғулланаман. Бундан ташқари, дераза ва эшик тайёрловчи корхонам бор, — дейди “Нафис либослар” тикувчилик корхонаси раҳбари Баҳром Тоштемиров. — Биринчи марта тўқимачилик соҳасига қўл уриб, тикув­трикотаж корхонасини очдик. Лойиҳа 500 миллион сўм ўз маблағимиз ва банкнинг 2 миллиард сўм кредити асосида амалга оширилди. Гулистон шаҳридаги ҳамкорларимиз хомашё етказиб беради, биз тайёр маҳсулот жўнатамиз. Бу ерда 100 киши иш билан таъминланди. Мақсадимиз аниқ — фаолиятимизни кенгайтирамиз, имкон қадар “аёллар дафтари” ҳамда “ёшлар дафтари”даги хотин­қизлар ва ёшларимизни ишли қиламиз. Корхонамиз жорий йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга тушади, 2021 йилдан 500 минг дона тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан ишчиларнинг кўпчилиги шу маҳалла хотин­қизларидан олинади. Кейинги йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 60 фоизи Россия, Тожикистон, Қозоғистонга экспорт қилинади. Сирдарё вилоятининг яна икки қишлоғида шу каби корхона қуриб, хотин­қизларни иш билан таъминлашни режалаштиряпмиз. Маҳалланинг “Янги Тошкент” деб номланишида ҳам гап бор. 5 кўчадан ташкил топган бу маҳалла 8 та файзли кўчали қилиб Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳомийлигида қурилди. Қурувчилар ҳам, қурилиш ашёлари ҳам Тошкентдан келди. Шу тариқа маҳаллада 135 та хонадон қайта қад ростлади. Ҳозир бу ерда 1200 дан зиёд аҳоли яшамоқда. Бундан ташқари, ҚВП, боғча, маҳалла гузари қурилди. Гузарда кутубхона, тикув цехи фаолият кўрсатмоқда. Аҳолининг таъкидлашича, маҳаллада табиий газ қувурлари бўлган, лекин газ берилмаган. Айни пайтда аҳолига табиий газ, шунингдек, шу вақтгача бир муддат бериб келинган электр токи ва ичимлик сув узлуксиз етказиб берилмоқда. Маҳалла ҳудудида 2004 йилда қурилган оилавий поликлиника ҳам қайта реконструкция қилинди. Поликлиникада янги тиббиёт ускуналари ўрнатилди. Болалар невропатологи, УТТ шифокори иш бошлади, дорихона ташкил этилди. Пировардида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати я хшиланди. Мирзаобод туманидаги “Янги Ўзбекистон” маҳалласида ҳам “White City Construction” МЧЖ пудратчи қурилиш ташкилоти томонидан 40 та беш қаватли, жами 800 хонадондан иборат уй­жой мажмуаси қурилди. Бу хонадонларга Мирзаобод ва Оқолтин туманларидан сув тошқини оқибатида уйлари зарар кўрган юзлаб оилалар кўчиб келмоқда. Уларга барча зарур шароитлар яратилган. Янги маҳалла гузарида новвойхона, сартарошхона, кутубхона фойдаланишга топширилди. Хотин­қизларни иш билан таъминлаш мақсадида тикувчилик цехи очилди. Янги боғча ҳам фаолият бошлади.

—  Авваламбор, биз бу ерни лойиҳалаштираётганимизда маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларини ўргандик, — дейди “White City Construction” МЧЖ раҳбари Исмоил Исроилов. — Янги уйлар ҳақиқий ўзбекона услубда қурилгани билан аҳамиятлидир. Хоналар алоҳида, уй эгалари меҳмон келса ҳам хижолат бўлмайди. Уйлар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши учун 7 сантиметрли махсус қоплама материаллардан фойдаланганмиз. Шунингдек, қурилишда ернинг зичлигини оширишда бетон қозиқлардан фойдаланганмиз. Бу эса уйларимиз узоқ вақт халққа хизмат қилади, деганидир. Шу билан бирга, ушбу кўп қаватли уйларнинг ҳар қавати ҳамда ертўласида аҳолининг зарур ускуналарини сақлашлари учун махсус хоналар ташкил этилган. Шунингдек, бу ерда маҳалла гузари, 6 та болалар майдончаси ва йўл қоидаси ўқув майдончаси каби маданий ҳордиқ объектлари ҳам аҳоли хизматида. Ҳа, бугун беш ой аввал кўнгли чўкиб қолган аҳолининг янги, мазмунли ҳаёти бошланди. Сирдарёлик ҳассос шоира Ҳалима Худойбердиева ёзганидек, дориломон кунлар келди.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 199 (199), 2020 йил 17 октябрь, шанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!