“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Сайёр қабул

АҲОЛИНИ ҚИЙНАЁТГАН МУАММОЛАРГА ЖОЙИДА ЕЧИМ ТОПИЛМОҚДА

Ўзбекистон Президентининг Виртуал ҳамда Халқ қабулхоналари аҳолининг мамлакат тараққиёти ҳамда фаровонлигига қаратилган таклифлари, айниқса, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишда кенг имкониятлар яратмоқда. Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш фуқароларнинг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Ҳудудларда бўлиб ўтаётган оммавий қабуллар фуқароларни қийнаётган иқтисодий, ижтимоий муаммоларга барҳам берилишида самарали восита бўлиб хизмат қилаётир.

Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли Президентнинг Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар назорати ва уларнинг ижроси алоҳида қатъий назоратга олинган. Тошкент вилоятида Президент администрацияси, вазирлик ва идоралар томонидан аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлаш уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ ва тезкор чоралар кўриш мақсадида оммавий қабулларнинг навбатдагиси якунига етди. Бекобод, Олмалиқ, Янгийўл, Ангрен, Оҳангарон, Чирчиқ, Нурафшон шаҳарлари ҳамда Зангиота, Бўстонлиқ туманларидаги оммавий қабулларда вилоятнинг барча ҳудудлари қамраб олинди. Оммавий қабулда давлат ҳокимияти ва бошқ аруви органларининг халқ билан мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишнинг самарали усули экани яна бир бор ўз тасдиғини топди. Мурожаатларнинг аксарияти суд­ҳуқуқ, уй­жой, моддий ёрдам, ижтимоий таъминот, ички йўлларни таъмирлаш, газ ва электр таъминотидаги узилишлар, прокуратура ва ички ишлар, меҳнат ва бандлик, тиббий хизмат фаолияти билан боғлиқ муаммоларга оид бўлди. Бўстонлиқ тумани ва Нурафшон шаҳридаги оммавий қабулларда ҳам қатор мурожаатлар бевосита жойига чиқиб ўрганилди. Хусусан, Бўстонлиқ туманидаги “Бўстон” маҳалласи Бирлик кўчасида жойлашган кўп қаватли 26­уй таъмирдан чиқарилмаган. Шифтдан чакка ўтар эди. Мурожаатдан кейин  мутасаддилар том ёпиш, фасад ва бошқа таъмирлаш ишларини амалга оширишди. Шунингдек, “Истиқлол” маҳалласидаги Беруний кўчасида жойлашган бир неча кўп қаватли уйларда ҳам ана шундай таъмирлаш ишлари бажарилди. Тумандаги “Даҳана” маҳалласи аҳолисининг электр таъминотидаги узилишлар бўйича мурожаатидан сўнг бир кун ичида янги трансформатор ўрнатилди. Мулоқотлар давомида аввалги оммавий қабуллардаги мурожаатлар бўйича   белгиланган вазифалар ижроси ҳам ўрганилди. Мисол учун, Нурафшон шаҳрида кўп қаватли 108 та уй, 27 та ижтимоий соҳа объекти ва 10 мингдан ортиқ хонадон мавжуд. Шаҳардаги асосий муаммо тоза ичимлик сув босими пастлиги билан боғлиқ. Бу муаммо атрофлича ўрганилган ва мурожаатлар таҳлили асосида тегишли дастурларга таклифлар киритилган эди. Айни кунларда Тошкент вилояти марказига 10,6 километр масофага ичимлик сув қувурлари тортилмоқда. Бу янги тармоқ орқали Нурафшон шаҳрига кунига 3,8 минг куб метр сув етказиб берилади. Халқ қабулхоналари ва сектор раҳбарларининг уйма­уй юриб ўрганишлари натижасида Нурафшон шаҳридаги “Обод” маҳалласи Бирлик кўчасида яшовчи, ижтимоий ҳимояга муҳтож Беҳзод Қодиров оиласига замонавий уй қуриб берилмоқда. Паркент туманидаги “Улуғбек” маҳалласида истиқомат қилувчи иккинчи гуруҳ ногирони Миравид Миржалилов ҳам неча йилдирки қишда совуқ, ёзда иссиқ хароба кулбада аёли ва уч фарзанди билан кун кечириб келган. Бу ҳам етмагандай, бир фарзанди ногирон. Фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, бу оилага уч хонали уй қуриб бериш ишлари б ошл анди. — Ҳақиқатда жуда қийналдик, — дейди  М.Миржалилов. — Тасаввур қилинг, бир хонали торгина уйда беш жон яшаймиз. Буни устига, фарзандим ва мен ногиронмиз. Иложим йўқлигидан мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Давлатимизга раҳмат. Мана, уч хонали ва бир айвонли уй қуриб бериляпти. Келажакда шу уйларда тўйлар қиламан, деб ният қилдим. Орзуларим амалга ошмоқда. Бунинг учун давлатимиздан, раҳбарларимиздан миннатдорман. 80 ёшли Нўъмон Отажонов кексайган чоғида бошига мушкул иш тушди. Йўл­транспорт ҳодисаси отахоннинг ўғли Неъматни бу ҳаётдан олиб кетди. Айбдор ҳайдовчи жабрланувчи оиласига тўлаб бериши лозим бўлган 20 миллион сўмнинг 12 миллион сўмини тўламай келаётган эди. Отахоннинг мурожаатидан сўнг унга ана шу маблағ ундириб берилди. Тошкент вилоятидаги оммавий қабулларда Олий суд масъулларига мурожаатлардан кейин сайёр суд мажлиси ташкил этилди. Унда 100 га яқин иш  қайта кўриб чиқилди. Натижада 41 нафар маҳкум жазони ўташдан шартли равишда, 16 нафари эса муддатидан олдин озод этилди. 39 нафар маҳкумнинг жазоси бош қа енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, озодликка чиқарилди. Бош прократура мутасаддиларига қилинган мурожаатлардан сўнг беш нафар   мурожаатчига уй­жойга эгалик ҳуқуқи олиб берилди. 4 та жиноят иши бўйича протест киритилди. Ички ишлар соҳаси бўйича келиб тушган мурожаатлар асосида фуқаролиги бўлмаган 12 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари берилди. 7 нафар фуқаро ички ишлар тизимига қабул қилинди, 2 нафарининг фуқаролик паспортлари янгилаб берилди ва бирининг йўқолган паспорти тикланди. Мулоқотлар давомида қатор ижтимоий, иқтисодий муаммоларга ҳам ечим топилди. Жумладан, Марказий банк масъуллари билан мулоқотдан сўнг 108 та тадбиркорлик субъектига 11 миллиард 682 миллион сўм кредит ажратилди. Маҳалла ва оилани қўллаб­қувватлаш вазирлиги масъуллари қабулларда уй­жойга муҳтож 48 нафар мурожаатчига субсидия ажратиш бўйича тақдимнома киритди. 34 нафар фуқарога моддий ёрдам, 17 нафарига нафақа тайинланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъулларига мурожаатлардан кейин Бўка туманининг “Дашобод” ва “Хўжақўрғон” маҳаллаларида тиббиёт пунктлари ташкил этиладиган бўлди. 20 нафардан ортиқ мурожаатчига даволаниш учун ордер, дори­дармон, ногиронлик аравачаси, сунъий нафас олдириш аппарати етказилди. Оммавий қабулларда олий таълим муассасаларини битирган 27 нафар йигит­қиз мактабларга ишга қабул қилинди. Иккита мактабнинг иситиш тизими таъмирланди. Умуман, Тошкент вилоятида ўтказилган оммавий қабуллар давомида 3 093 та мурожаат асосида  3 195 масала кўриб чиқилди. Қарийиб мингта масалага жо йида ечим топилган бўлса, 686 та мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилди.  1 510 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 193 (193), 2020 йил 9 октябрь, жума

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!