“Йилнинг энг фаол журналисти – 2021” танловига

Пахта–2020

ТАЙЁРГАРЛИК ПУХТА БЎЛСА, МАВСУМ САМАРАЛИ ЎТАДИ

Миришкор деҳқонларимизнинг эрта баҳордан қилган меҳнатлари самараси тарозига тортиладиган, пахта хирмонига қараб улар заҳматига баҳо бериладиган, бир сўз билан айтганда, ғалвирни сувдан кўтарадиган дамлар яқин.

Баҳорда ерга уруғ қадаган деҳқону фермерларимиз учун куз янада масъулиятли давр ҳисобланади. Зеро, катта машаққатлар эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва нест-нобуд қилмасдан сифатли йиғиб-териб олиш зарур. Мамлакатимизда пахта етиштиришда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг ҳиссаси катта. Бу йилги пахта йиғим-теримини уюшқоқлик билан ўтказиш ва унга муносиб тайёргарлик кўрилгани билан яқиндан танишиш мақсадида Қашқадарё вилоятининг  Миришкор туманида бўлдик. Мамлакатимизнинг барча ҳудуди сингари Қашқадарё вилоятида ҳам пахта йиғим-терими бошланди. Жорий йилда Қашқадарё вилоятида пахта етиштирилмаган ёки кам етиштирилган туманлардан 75 мингга яқин киши бошқа ҳудудларга бориб, пахта териш истагини билдирган. Жойларда улар учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Вилоятнинг Миришкор туманида бу йил 60 минг тонна пахта хомашёси тайёрлаш режалаштирилган. Йиғим-терим ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган “оқ олтин”ни нест-нобуд қилмасдан териб олиш мақсадида туманда 331та гуруҳ ташкил этилди. Шу билан бирга, асосий эътибор мавсумни мажбурий меҳнатга йўл қўймасдан ташкил этиш, теримчилар ва ҳудудлардан борган ҳашарчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиш, карантин қоидаларига қатъий риоя қилишга қаратилмоқда. Туманнинг “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган “Меҳнат-Роҳат” чодирли шаҳарчасида теримчилар учун 650 ўринли вақтинчалик яшаш жойлари ҳозирланган. Яна 350 ўринли ётоқхона тайёрлаш учун сўнгги тайёргарлик ишлари кўрилмоқда. — Жорий йил туманимиздаги 986 та фермер хўжалиги томонидан 19 минг гектардан зиёд майдонда мўл ҳосил етиштирилди, — дейди Миришкор тумани пахта терими мониторинги маркази раҳбари Хуршид Шаропов. — Туманимизда йиғим-терим мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, тез фурсатда йиғиштириб олиш мақсадида 32 минг ҳашарчи билан меҳнат шартномалари имзоланди. Айни пайтда туманда 10 та пахта териш машинаси бўлиб, яна ўнта терим машинаси олиб келиш режалаштирилган. Таъкидлаш жоизки, олдин пахта йиғим-терими, асосан, ҳашар йўли билан амалга оширилар ва бу ишга барча бирдек жалб этилар эди. Кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Энди пахта терими мавсумига ҳашар сифатида қаралмайди. Пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш манфаатдор корхона ва ташкилотларнинг ўз зиммасига юкланди. Жараёнга

шартнома асосида кўнгиллилар жалб қилинади. Бу йилги пахтани йиғиб-териб олиш учун эҳтиёжманд ва “темир дафтар”га киритилган оилалар вакиллари, уй бекалари, хориждан қайтган меҳнат мигрантларидан иборат терим гуруҳлари шакллантирилди. Улар таркибига киритилган ҳар бир теримчи билан шартномалар имзоланди. Яратилган шарт-шароитлар, теримчиларнинг

ҳуқуқлари жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат мониторинг маркази томонидан назорат қилиб борилади. Шунингдек, мавсумий ишчиларни йиғим-теримга жалб этишда меҳнат қонунчилигига, санита риягигиена талабларига қатъий риоя этишга алоҳида аҳамият берилмоқда.  — Ўтган йилги мавсумда ўн миллион сўмдан ортиқ даромад қилдим, — дейди туманнинг “Обод” маҳалласида истиқомат қилувчи уй бекаси Нодира Хўжаева. — Ана шу даромад эвазига уйимнинг кам-кўстларини тўғрилаб олдим.

Оилада 4 кишимиз. Пандемия шароитида ажратилган моддий ёрдам, “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун миннатдормиз. Боқувчимиз йўқлиги сабаб маҳалла томонидан “темир дафтар”га киритилганмиз. Барча зарурий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Лекин ишламасдан, давлатнинг пулини еб ўтириш ҳам ярамайди. Шунинг учун оилавий теримга чиқдик. Бу йилги даромадимга қишки мавсум учун кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари олмоқчиман, уйимни таъмирламоқчиман. Олим Жумаевнинг ҳам бу йилги терим мавсумидан умиди катта. Боиси, у шу орқали яхшигина даромад олиб, рўзғорининг кам-кўстини тўғриламоқчи. — Ўтган йили оиламиз билан терим мавсумида ўн миллион сўмга яқин даромад қилгандик. Бу йил 17 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаяпмиз. Пахта йиғим-терими мавсуми карантин пайтида мен каби ишсиз фуқаролар учун яхшигина даромад манбаи. Бу йилги даромадимдан иссиқхона қуриб, лимон, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқчиман. Энг асосийси, мавсум ҳар йилгидан бошқача бошланди. Иш берувчи билан қонуний шартнома имзоладик. Шартномада барча ҳуқуқ ва мажбуриятларимиз аниқ кўрсатилган. Жумладан, икки маҳал иссиқ овқат, терим пулларини ўз вақтида тўлаш, тиббий ёрдам масалалари белгиланган. Энди қўрқмасдан бор кучимиз билан йиғим-терим мавсумида иштирок этамиз. Тумандаги “Элбек” фермер хўжалигида ҳам 32 гектар майдонда мўл ҳосил етиштирилди. — 20 сентябрдан йиғим-теримни бош ламоқчимиз, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Муродулла Наширов. — Бу йил ҳосилнинг чўғи баланд. 40 центнердан ошириб ҳосил оламиз. Терим мавсумига 105 кишилик теримчилар гуруҳи билан шартнома имзоладик. Терим пулларини ўз вақтида бериш учун банк билан шартномамиз бор. Бу борада муаммо бўлмайди. Теримчиларнинг иссиқ овқати, тиббий ёрдам, карантин талабларига риоя қилиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилган. Авваллари қўлда терилган пахта учун жуда кам ҳақ белгиланар эди. Шу сабаб ишсиз фуқаролар теримда иштирок этиб, моддий да

ромад олишга қизиқмаган. Шунинг учун ҳам йиғим-терим мавсумига, асосан, бюджет ташкилотлари ходимлари, талабалар жалб этилган. Ҳозир эса вазият бутунлай бошқа. Иш билан банд бўлмаган аҳолининг теримда қатнашишга бўлган иштиёқи анча ошган. Бу, аввало, меҳнат учун муносиб ҳақ таклиф этилаётгани билан боғлиқ. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун биринчи теримда 1000 сўмдан, иккинчи теримда 1400 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланади. Бундан ташқари, мазкур қарорга мувофиқ, пахта-тўқимачилик кластерлари ва кооперациялари томонидан жалб этилган терим гуруҳи раҳбарларига 2 миллион сўмдан меҳнат ҳақи, йиғим-теримга теримчиларни жалб этиш мақсадида ҳар бир килограмм пахта хомашёси учун 200 сўмдан устама ҳақ тўлаш белгиланди. Айни пайтда Қашқадарё вилоятида умумий ҳисобда 2 минг 800 га яқин терим гуруҳи шакллантирилган. Ҳар бир гуруҳда 100 нафардан теримчи бор. Демак, мавсумда 280 минг атрофида теримчи иштирок этади. Ҳисоб-китобларга кўра, агар ҳар бир теримчи мавсум давомида ўртача бир ярим минг килограммдан пахта терганда ҳам ҳосилни ўз вақтида йиғиштириб олиш мумкин.

Лутфулла СУВОНОВ,

 “Янги Ўзбекистон” мухбири

“Янги Ўзбекистон” газетаси

№ 177 (177), 2020 йил 16 сентябрь, чоршанба

 

Baholang!

  • 1
  • 2
  • 3
  • 4
  • 5

O'rtacha baholar 0 / 5. Baholaganlar soni: 0

OAV nomi va parolini kiriting!